Алишер Навоий ибрати (2019 йил, 27 сон)

65

Мир Алишер Навоий, шубҳасиз, жаҳон бадиий тафаккури тарихида ўзи­нинг муносиб ўрнига эга буюк сўз санъаткоридир. Унинг жаҳон адабиё­ти хазинасига муносиб ҳисса бґлиб қўшилган бебаҳо асарлари ва XV асрнинг иккинчи ярмида Темурийлар даври илм-фан, санъатини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси бутун дунё илмий жамоатчилиги томонидан якдиллик билан эътироф этилган.

Алишер Навоий ижоди ва фаолиятига оид барча маълумотлар унинг цивилизациямиз тарихида туркий тилнинг араб ва форс тилларидан устун томонларини ёритган ҳамда ўз она тилининг бой имкониятларини тўлиқ очиб берган буюк олим сифатида биз учун қадр­лидир. Мамлакатимизда адабий жамоатчиликнинг ушбу мавзуларга қайта-қайта мурожаат қилишининг боиси ҳам шунда.

Биламизки, ўша даврда форс тили шеърият тили, араб тили эса фан тили сифатида қабул қилинган деган тушунчалар мавжуд бўлган. Расмий ёзишмалар ҳам ушбу икки тил доирасида олиб борилар, туркий тилгаавом тили сифатида қараларди. Алишер Навоий шундай оғир шароитда туркий тил — эски ўзбек тилининг мақомини тиклашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. У давлатманд бўлиб, катта ер ва беҳисоб мол-мулкка эга эди. 1481 йили барча бойликларидан эҳтиёжмандлар фойдасига воз кечади. Вақф мулкини шакллантириб, Ҳирот ҳудудидаги бинолар, хусусан, 24 савдо дўкони, 3-4 ёпиқ бозор, катта ҳудудли боғлар(255,5 квадрат майдондаги узумзорлар ва мевали боғлар), экин майдонларининг бир қисми(545 жариб) ва улардан келадиган даромадларнинг барчаси таълим муассасалари, дарвишлар ва қаландарлар, камбағал ва муҳтожлар, бева ва етимларнинг эҳтиёжи учун сарфланди(“Вақфия”).

Навоийнинг бевосита моддий ва маънавий кўмаги остида ўнлаб олимлар турли фан соҳаларида тадқиқот олиб борганлар, айниқса, диний, тарихий, ада­биё­тшунослик ва тасвирий санъат асарларини яратишга алоҳида рағбат кўрсатилган. Бутун мамлакат бўйлаб Навоийнинг шахсий ташаббуси ва маб­лағлари ҳисобидан кўплаб ижтимоий йўналишдаги бинолар, хонақоҳлар, карвонсаройлар, работлар, шу жумладан, тўртта мадраса қурдирилди. Ихло­сия, Шифоия, Низомия каби мадрасалар Ҳиротда барпо этилди (“Макорим ул-ахлоқ”). Уларга машҳур олимлар таълим бериш учун жалб қилинди. Бу даврда математика, астрономия, геометрия, мантиқ, ҳуқуқ(фиқҳ илми), илоҳиётшунослик ва илмнинг бошқа йўналишларида кўплаб рисолалар дунё юзини кўрди.

Тарихчи Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асарида Навоийнинг моддий кўмаги билан яратилган йигирмага яқин илмий асарлар номи, уларнинг муаллифлари рўйхати, аллома ҳомийлигида ижод қилаётган шоир ва олимларнинг исмлари келтирилган. Навоийнинг илм-фан намояндаларини қўллаб-қувватлашдаги буюк хизмати ушбу даврнинг ўнлаб манбаларида қайд этилган. У мусулмон Шарқида илм-фан ва санъат вакилларининг ҳомийси бўлган афсонавий вазир сифатида ном қозонди. Кўплаб олимлар ўз асарлари дебочасида Навоийнинг маънавий ва моддий ёрдамини миннатдорлик билан эслаб ўтганлар.

Навоийнинг шахсига бўлган қизиқиш ўз давридан бошланган  ва бугунгача у асло сусаймади. Ҳатто бугунги кунда ҳам буюк сўз санъаткори ва давлат арбобининг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ турли ёндошув ва талқинларни учратиш мумкин. Айни шундай мунозараларга сабаб бўлаётган мавзулардан бири Алишер Навоийнинг ўзбек халқига тегишлилиги масаласидир. Мен мазкур мақолада ушбу масала бўйича ўз нуқтаи назаримни баён қилишга ҳаракат қилдим.

Навоий тили

ХIХ асрда ўарб шарқшунослигида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига қизиқиш шоир ва давлат арбобига бағишланган бир қанча асарларнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ (M.Quatremere, 1841; M. Belin, 1861; E.J. Gibb, 26; Е.Browne, 422, 423, 437, 453). Уларда, асосан, унинг ҳомийлик фаолиятига ҳамда туркий тил ва адабиёт ривожига қўшган муносиб ҳиссасига аҳамият берилади. Шарқ қўлёзмалари тавсифи билан шуғулланган кутубхоначилар Алишер Навоий қўлёзмаларига алоҳида эътибор қаратиб, шоирнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида шахсий қайдларини қолдирдилар (C.Rieu,273; И.Н.Березин, 14-22. Silvester de Sacy; П.Савельев,т.1). Энциклопедияларда Алишер Навоий учун алоҳида жой ажратишга киришилди. Рос­сия шарқшунослари орасида Навоийга қизиқиш пайдо бўлишига, Россиянинг Туркистон, яъни Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ҳудудни истило қилиш режаси бў­йи­ча сафарбар этилган миссионерларнинг маълумотлари сабаб бўлди. Зеро, маълумотларда тез-тез Алишер Навоий номи тилга олиниб, унинг  шахсияти ўзбеклар орасида юксак ҳурматга сазоворлиги ва машҳурлиги ҳақида сўз юритилган. Чет элликларни шаҳар ва қишлоқлардаги аҳолининг саводхонлик даражаси ҳайрон қолдирган. Чунки деярли ҳар икки хонадоннинг бирида Қуръон ва бошқа муқаддас китоб­лар билан бирга Навоий асарлари қўлёзмалари кўз қорачиғидек асраб-авайланган. Туркистон ўлкасининг барча шаҳару қишлоқларида “Навоийхонлик давралари” мавжуд эди. Бу давраларда аҳолининг саводхон қисми томонидан Навоий асарлари ўқилар, уларда дос­тонлар ва ғазаллар сатрлари орасида яширинган фалсафий маънолар шарҳланар эди.

Рус шарқшунослари орасида Амир Алишер феноменини чуқур тадқиқ қилган олим М.Никитс­кийдир. У ўзининг Навоий фаолиятига бағишланган магистрлик диссертациясида, ўзидан аввалги олим­лардан фарқли равишда, шоир замондошлари Давлатшоҳ Самарқандий, Сом мирзо, Мирхонд ва Ҳусайн Бойқароларнинг буюк шоир ҳақидаги маълумотларини келтиришга ҳаракат қилади. Унда Мовароуннаҳр аҳолисининг умумистеъмолдаги тили ҳисобланган чиғатой тили этномимининг пайдо бўлиш тарихи ҳақида изчил фикрлар билдирилган. Хусусан, Никитский шундай ёзади: “Туркистон қадим замонлардан бери ўзининг серҳосил водийлари, бой маъданлари, гўзал ўрмон ва дарёлари билан машҳур. Чингизийлар ва темурийларнинг севимли диёри ҳисобланган. Суронли юришлардан бир дам ором олиш имкони туғилганида улар, албатта, Сўғдиёнанинг гўзал водийларида дам олишни афзал деб билишган. Чингизхон ўз ўғилларидан бири бўлган Чиғатойга бу ҳудудни берди ва тақдир тақозоси билан мамлакат ва тил номи унинг номи билан боғланди. Темурий ҳукмдорларнинг буюк даҳога бўлган юксак эҳтироми чиғатой адабиётининг ривожланишига замин яратди. Чиғатой тилида Туркистон аҳолисининг жуда катта қисми гапиради”. М.Никитс­кий бу тил Алишер Навоий асарларида ўзи­нинг ёрқин ифодасини топганини  алоҳида таъкидлайди. У шоирнинг келиб чиқиши мазкур минтақага бориб тақалишига  шубҳа қилмайди ва чиғатой  тили  Самарқанд, Хива, Андижон, Шаҳрисабз ва Бухоро шаҳарларида темурийлардан ҳам анча асрлар олдин мавжуд бўлиб келган эски ўзбек тилидан бошқа нарса эмаслигини таъкид­лайди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам “Бобурнома”да  Андижон аҳолиси  Алишер Навоий ёзган тилда сўзлашганини қайд этар экан, Навоийнинг она тили  Андижон шевасига жуда яқинлигига  ишора этади.

Навоий ва Ўзбекистон

Навоий фақат ўзбекларга эмас, балки бутун туркий дунёга тегишлидир. ХХ асрнинг 20-йиллари В.Лениннинг Туркистон ва Кавказорти ўлкаларига автономия  ва мустақиллик бериш ҳақидаги  ёлғон ваъдаларидан илҳомланган туркий тилли халқлар  умумтуркий адабий тил асосчиси Алишер Навоий даҳосига ўз эҳтиромларини изҳор этиш ва буюк  шоир сиймосига ҳурмат бажо келтиришни бош вазифа деб билдилар. Мусулмон(ҳижрий) тақвими бўйича Алишер Навоийнинг 500 йиллигини нишонлаш мақсадида  1926 йили Бокуда “Алишер Навоий — буюк турк шоири” шиори остида Биринчи Туркология қурултойи ўтказилди. Унда Тошкентдан ҳам вакиллар қатнашди. Қурултойда асосий эътибор Навоийнинг туркий тилларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, давлат арбоби сифатидаги мақоми ва миллий ўзлик ғояларига қаратилди. Қурултойда ўша даврнинг етакчи туркийшунос олимлари томонидан Навоий ижоди ва ҳаёти юзасидан бир неча маърузалар қилинди, хусусан,  Исмоил Ҳикматнинг “Навоий ҳаёти ва адабий  тафаккури”,  Мирзо Жалол Юсуфзоданинг “Навоий ҳақида”,  Бакир Чўбанзоданинг “Навоий — тилшунос”, Мирзо Муҳсин Иброҳимнинг “Форс адабиётининг Навоий ижодига таъсири” мавзусидаги маърузалари барча туркий халқлар адабиётшунослари эътиборини ўзига тортди ҳамда Навоий асарларини ўрганишга илҳомлантирди. Қурултойнинг Ўзбекистонга ҳам таъсири кучли бўлди, хусусан, шу йилнинг ўзидаёқ Абдурауф Фитрат ва Вадуд Маҳмудийнинг Навоий ҳақидаги  мақолалари “Маориф ва ўқитғувчи” газетасида чоп этилди (1926). Қурултой руҳи коммунистик мустабид тузум пешволари учун кутилмаган муаммолар келтириб чиқариши табиий эди. Барча рус шарқшунослари вазиятни тўғрилаш учун зудлик билан сафарбар қилинди. Қурултой материалларида акс эттирилган Навоий ҳаёти ва ижоди талқини  давр мафкурасига зид деб топилди; уни тарғиб қилишга жиддий қаршилик кўрсатилди. Е.Э.Бертельс бу ҳақда шундай деб ёзганди: “Навоийшуносликнинг ушбу босқичи учун хос бўлган характерли хусусият шундаки, Навоий ҳақида илмий ишларни амалга ошираётганлар фақат  миллий буржуазиянинг вакилларидан иборат бўлиб, улар Навоий номидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишни кўзлашган. Шунинг учун  ўша даврда нашр этилган асарлар бефойда асарлар бўлиб, уларнинг кўпчилиги  ғайриилмий ва зарарли эди. Бокуда нашр этилган «Навоий» тўпламига кирган  кўплаб мақолалар эскирган материаллар асосида ёзилган  ва асосий масалалар бутунлай нотўғри ёритилган… Аммо СССР Фанлар академияси бу муваффақиятсиз ўтказилган юбилейга дарҳол жавоб қайтарди. Тезда коммунистларнинг таъбири билан айтганда, “социалистик платформа”га асосланган Навоий конференцияси ўтказилди. Мазкур илмий йиғилиш мақсади халқлар ўртасида Боку қурултойининг “пантур­кис­тик ғоялар”ини тарғиб этишга тўсқинлик қилиш, Навоийни феодаллар ва руҳонийларнинг ҳукмрон синфига қарши турган оддий халқ вакили сифатида кўрсатиш эди. Конференцияни ўтказиш жойи сифатида Тошкент шаҳри танланиши бежиз эмасди. Зеро, ҳеч бир мамлакатда Навоийни Ўзбекистондагидек яхши билишмас ва яхши кўришмас эди. Бунинг исботи сифатида ХIХ асрнинг охирги чораги — ХХ асрнинг бошларида кўчирилган Навоий асарларининг сақланиб қолган кичик қисмини мисол келтириш кифоя. Ўзбекистон Рес­пуб­ликаси Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида сақланаётган асарларнинг 254 тадан 200таси  ХIХ аср­да қайта кўчирилган (Ҳакимов). Ҳатто хонлар ҳам мақсадли равишда фармон асосида Алишер Навоий асарларини кўчиртирганлар ва туҳфа тариқасида тарқатганлар. 1709-сонли инвентар рақами ос­ти­да сақланаётган Навоий терма девони охирида келтирилишича, 1838 йили  Қўқон хони Муҳаммад Алихоннинг  фармони билан олти ой давомида шоирнинг “Чор девон”и 300 нусхада кўчирилган (Муродов). Тузум пешволари Навоийнинг юбилейи (гарчи “социалистик платформа”да бўлса ҳам) Тошкентда ўтказилиши туркий халқлар дунёсида ҳеч қандай эътироз уйғотмаслигини билар эдилар. Шу билан бирга, Тошкент конференцияси Навоий ҳақидаги тасаввурларни коммунистик тузум  мафкуравий ўзанига буриб беришга хизмат қилиши зарур эди. Биринчи қурултой  ғоялари ва миллий ғурур туйғулари билан йўғрилган материалларга қарши турадиган,  яъни уларга “пантуркизм”, “ўтмишни идеаллаштириш” каби ёрлиқларни ёпиштирадиган кучли назарий қарашларни ишлаб чиқиш конференция зиммасига юкланди. Бундай тадқиқотнинг энг яхши намунаси сифатида В.В.Бартольднинг “Мир Али Шер ва сиёсий ҳаёт” мавзусидаги фундаментал асарини кўрсатиш мумкин. В.В.Бартольд  Навоийнинг олдинги тадқиқотчилари ишлари билан яхши таниш эди. Аммо уларникидан фарқли ўлароқ, у мазкур  тадқиқотда омма тасаввуридан тубдан фарқ қиладиган Навоий образини яратди. Навоий меҳнаткаш халқнинг вакили, эксплуататорлар, подшоҳ тузумининг шафқатсиз душмани сифатида талқин этилди, айнан шунинг учун султон томонидан  кўплаб азобларга гирифтор бўлган шоир сифатида гавдалантирилди.

ХХ асрнинг 20-йиллари Алишер Навоийнинг ижтимоий келиб чиқиши ва мафкуравий дунёқараши юзасидан кечган  баҳс-мунозаралар ва муҳокамалар зўравон коммунистик мафкура ғалабаси билан якунланди. Бундай ёндашув, маълум маънода, Навоийнинг зиддиятларга тўла ҳаётини  нотўғри талқин қилишга, таржимаи ҳолини сохталаштиришга, ўқувчилар онгида подшоҳ тузумидан норози, исёнкор  ва атеист образининг тарғиб этилишига йўл очиб берди. Шу даврдан эътиборан В. Бартольд томонидан тақдим этилган Навоий ҳаёти сценарийси Ғарб ва совет навоийшунослари, жумладан, турк дунёси тадқиқотчиларига йўналтирувчи  вектор вазифасини ўтади.

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ, профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг