Ҳеч ким истеъдодсиз туғилмайди (2019 йил, 27 сон)

58

Ёш ижодкорларнинг мустақил Ватан адабиётига Жиззах диёридан қўяётган қадамлари қутлуғ бўлсин.

Ш.Мирзиёев

Давлатимиз томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор уларнинг ўз истеъдодларини намоён этиши, орзу-умидларининг рўёби, бир сўз билан айтганда, ҳар томонлама етук ва комил инсонлар бўлиб вояга етишлари учун мустаҳкам замин яратаётир.

Дарҳақиқат, Президентимиз томонидан олға сурилган беш ташаббуснинг замирига назар ташласак ҳам бунга амин бўламиз. Бинобарин, беш ташаббус орқали қамраб олинган ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқиш­ларини ошириш, уларни жисмоний чиниқтириш, спортга қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишини ташкил этиш, шунингдек, ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни китобхонликка тарғиб этиш, хуллас, буларнинг барча-барчаси келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизнинг интеллектуал жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишларини кўзда тутади.

Зотан, шу эътибор туфайли ҳам бугун ёшларимиз илм-фан, спорт, ахборот технологиялари, адабиёт ва санъат, қолаверса, бошқа соҳаларда ҳам ўз қобилиятларини намойиш этишга ҳаракат қилишмоқда, интилишмоқда.

Яқинда мамлакатимизда Ёшлар куни катта тантаналар билан нишонланганига гувоҳ бўлдик.

3 июль куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Жиззах вилояти ҳамкорлигида Зоминнинг хушманзара ва баҳаво гўшаси бўлмиш “Ўриклисой” оромгоҳида анъанавий Ёш ижодкорлар республика семинари ўз ишини ­бошлагани айни Ёшлар куни байрамига ­ҳамоҳанг тарзда уланиб кетди.

Тошкент шаҳридан Зомин ­сари кўркам автобусларда йўл олган мамлакатимизнинг атоқли адиблари ва ёш ижодкорлари аввал Жиззах шаҳрига кириб, адиб ва жамоат арбоби ­Шароф Рашидов, атоқли шоирлар ­Ҳамид Олим­жон ва Зулфия ҳайкаллари пойига гулдасталар қўйишиб, уларнинг хотирасини ёд этдилар. Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳаёти, ижодига бағишлаб очилган музейга ташриф ижод майдонида эндигина тетапоя бўлаётган ёш йигит, қизларда унутилмас тассурот қолдирди.

Шундан сўнг Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири­ ­Сиро­жид­дин Саййид бошчилигида ­Зомин семинари иштирокчилари ­Ҳамид Олим­жон ва Зулфия номидаги ижод мактабида бўлишди. Мактаб ўқувчилари билан ўтказилган қизғин мулоқотдан сўнг, “Ижод” фонди кўмагида нашр этил­ган мамлакатимиз адиблари қаламига мансуб китоблар мактаб кутубхонасига туҳфа қилинди.

Автобуслар карвони яна йўлга тушди. Шу куни туш пайтида ёш ижодкорлар катта ҳаяжон ва завқу шавқ билан Зомин шаҳрига етиб келишди. Очиғи, анчадан буён Зоминда бўлмагандим, дабдурустдан шаҳарни таний олмадим: бунёд этилган замонавий кўп қаватли уйлар, савдо-маиший ва спорт иншоотлари ҳамда ниҳоятда кўркам қаёфада қад кўтарган масжид Зоминнинг ҳуснига янада зеб берибди. Илоҳим, кўз тегмасин, дедим тўлқинланганимдан ҳамроҳларимга қарата. Улар­нинг ҳам нигоҳи шаҳарнинг кўркам манзилларида, қалбларида олам-олам қувонч зоҳир эди.

Ниҳоят, сўлим Зомин шаҳри, бепоён қир-адирлар ва иланг-биланг чўзилган даралар оша кўзланган манзил — Ўриклисойга ҳам етиб келдик. Кўккача туташиб кетган тоғлардаги арчалар, турли-туман ўт-ўланларнинг анвойи ҳидлари, сойда шарқираб оқаётган зилол сув кишининг баҳри дилини очиб, илҳом булоқларини жўштириб юбори­ши ҳеч гап эмас. Ҳамма белгиланган манзилларига жойлашиб бўлгач, семинарнинг тантанали очилиш маросими бошланди.

Тадбир мутасаддилари Ёш ижодкорлар республика семинари очилишига бағишланган тантанали маросимни очаркан, аввало, эътибор юртимизда адиб ва шоирлар, қолаверса, энди ада­биёт майдонига кириб келаётган ёш ижодкорларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашга қаратилди. Жумладан, яқин йилларда пойтахт­да барпо этилган Адиблар хиёбони ва Ёзувчилар уюшмаси биноси, Зомин ва Паркентда қурилган сиҳатгоҳлар
ижод аҳлини ниҳоятда қувонтириш билан бирга уларни янги ижодий марралар сари ундаётгани аниқ. Ўтган қисқа муддатда “Ижод” фонди ҳомийлигида кўплаб атоқли адиблар ва шоирларнинг китоблари “Адиб ва жамият” рукнида нашр этилиб, китобхонлар эътиборига ҳавола қилинди.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ёш ижодкорларнинг мустақил Ватан адабиётига Жиззах диёридан қўяётган қадамлари қутлуғ бўлсин” деган ҳикматли сўзлари Зомин семинарининг бош шиорига айлангани жуда ўринли бўлди. Ўтган семинарларда иштирок этиб, устозлар эътирофига тушган кўплаб ёшларнинг илк китоблари “Ижод” фонди томонидан 20 минг нусхада чоп этилди. Бу гал ҳам шундай эътирофга лойиқ кўрилган олти нафар ёш ижодкорнинг илк китоблари тақдимоти бўлди. Айни шу кунгача уларнинг сони юз нафарга етиб қолди. Ушбу китоблар кутубхоналар ва мактаб­ларга тарқатилди. Уюшма раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид келгусида Зомин семинари мақомини янада кенгайтириб, бу сўлим даргоҳга қўшни рес­пуб­ликаларнинг ёш ижодкорларини ҳам таклиф этиш режалари кўзда тутилаётганини таъкидлади.

Семинарда сўзга чиққан Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев меҳмонларни Зомин заминида қутлар экан, аввало, юртимизнинг бу гўшасидан кўплаб атоқли ижодкорлар етишиб чиққанини эътироф этди. Шароф Рашидов, Назир Сафаров, Оқилжон Ҳусанов сингари ижодкорлар номларини бугун ҳар бир ўзбекистонлик яхши билишини ифтихор билан таъкидлади. Энг қувончлиси, вилоятда бугунги кунда уларнинг муносиб издошлари камолга етмоқда. Албатта, бу борада Зомин семинарининг аҳамияти катта. Хусусан, Президентимизнинг шу йил 28-июндаги Фармони билан ўтган йилги Зомин семинарининг иштирокчиси Сайфиддин Оконовнинг «Мард ўғлон» давлат мукофотига сазовор бўлгани ҳаммамизни қувонтирди. Шунингдек, вилоят ҳокими ёшлар эътиборини юртимизнинг барча ҳудудлари қатори Жиззах вилоятида амалга оширилаётган туб ўзгаришларга, улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишларига, қолаверса, одамлар онги ва қарашларидаги янгиланишларга қаратди. Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбой Каримов ёшларни бугунги байрам билан қутлаб, уларга ижодий муваффақият тилади.

Бу йилги семинарга Қора­қал­по­ғис­тон Республикаси,Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 86 нафар, шунингдек, Намангандаги Ибрат, Қашқадарёдаги Абдулла Орипов, Фарғонадаги Эркин Воҳидов, Қорақалпоғистондаги Ибройим Юсупов, Жиззахдаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Андижондаги Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларидан 15 нафар ёш ташриф буюрди.

Семинарнинг илк оқшомида Ўзбекистон халқ шоирлари Анвар Обиджон, Маҳмуд Тоир , таниқли шоирлар Азим Суюн, Абдували Қутбиддин, Нодир Жонузоқ ва бошқалар иштирокида мушоира кечаси ўтказилди. Кеча сўнгида “Қақнус” театр гуруҳининг саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Семинар давомида ёш ижодкорлар бадиий адабиётнинг назм, наср, драматургия, публицистика, бадиий таржима, болалар адабиёти, адабий танқид йўналишлари бўйича шўъбаларга бўлиниб, устоз адиб ва шоирлардан маҳорат сирларини ўрганишади.

Иштирокчиларнинг асарларини саралаш ва улар учун маҳорат сабоқларини ташкил этишга эллик нафар таниқли ижодкор, адабиётшунос олим жалб этилган.

Ўзбекистон халқ шоирлари Анвар Обиджон, Маҳмуд Тоир, Энахон Сиддиқова, таниқли шоирлар Азим Суюн, Саъдулла Ҳаким, Абдували Қутбиддин, Азиз Саид, Зебо Мирзо, Рустам Мусурмон, Сирожиддин Рауф, Хосият Рустамова , Нодир Жонузоқ, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, таниқли адиблар Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдош, Зулфия Қуролбой қизи, Собир Ўнар, Луқмон Бўрихон, адиб ва публицист Аҳмаджон Мелибоев, шоир ва публицист Норқобил Жалил, олимлардан Баҳодир Карим ва Нурбой Жабборовлар ҳар бири тегишли шўъбаларда ёшларнинг ижод намуналарини таҳлил қилишади, уларга йўл-йўриқлар беришди.

Семинар давомида назм, наср, публицистика йўналишларида яқиндагина чоп этилган йигирма нафар ёш ижодкорнинг илк китоблари тақдимоти ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, адабиётда устоз ва шогирдлик мақоми ва анъанаси бошқа ҳунар ва соҳалардан мутлақо фарқ қилади. Инчунин, бошқа соҳаларда устоз шогирдга маълум бир муддат давомида ўз ҳунарини ўргатиб бўлгач, оқ фотиҳа бериб, уни мустақил ҳаётга йўллайди. Адабиётда эса устоз шогирди ижодини бир умр кузатиб боради, унинг доимий ҳамроҳига айланади.

Ажабмаски, бу ёшлар ҳам мана шу анжуманда ўзларини доимо кузатиб борадиган, уларни ижодий камолот чўққилари сари илҳомлантириб турадиган устозлар эришган мақсадларга эришса…

Абдумажид АЗИМОВ

 

Зомин ёшлари

Ҳар кўнгил бир дарё, оқмоқ истаса,
Ҳар дилда бир чўғ бор, ёқмоқ истаса,
Истаса, шеър отлиқ чақмоқ истаса,
Дилбар дил аҳлининг биз дилдошлари,
Хуш кўрдик, хуш кўрдик, Зомин ёшлари.

Нима бор демангиз Зомин тоғида,
Поклик қайнаб ётур ҳар булоғида,
Қуёш қалам йўнар ой ўроғида,
Шеър битса дафтардир ҳатто тошлари,
Қалам қўлингизда, Зомин ёшлари.

Мажнунтол тагида Миртемир гувоҳ,
Баъзан шеър бўларкан биттагина оҳ,
Абдулла Орифнинг изида ирмоқ,
Соғу омон бўлсин олтин бошлари,
Ватан чироғидир Зомин ёшлари.

Ой доғин терарлар ойдин тунлари,
Зулфия момонинг оппоқ гуллари,
Эй назм боғининг хуш булбуллари,
Ҳамид Олимжоннинг дил қуёшлари,
Қувонч қўнғироғи Зомин ёшлари.

Ҳар ким ҳўплолмагай кўнгил чашмасин,
Шундай шеър ўқингки, тошлар гулласин,
Муҳаммад Юсуфнинг руҳи қўлласин,
Ўзбакий рангдадир кўзу қошлари,
Зомин ёшлари бу, Зомин ёшлари!

Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг