“Мавзуни ҳаётнинг ўзи айтиб турарди” (2019 йил, 26 сон)

365

Барча замонларда тўғри сўз қадр топган, унга доимо эҳтиёж бўлган.  Илгари тўғри сўз айтишга чекловлар кўп эди. Аммо ўшанда ҳам оқни оқ  дея оладиган, халқ манфаатларига зид иш қилинаётган ҳолатларни кўриб, жим туролмайдиган журналистлар бўлган. Улар қийин вазиятларда ҳам ўзларидан кўра кўпроқ одамлар манфаатини кўзлаб, рост сўзни айтишга ўзларида куч топа олганлар. Бугунги суҳбатдошимиз узоқ йиллар телевидениеда «Ахборот» дастурининг Фарғона водийси бўйича махсус мухбири бўлиб фаолият юритган, бугунги кунда Фарғона вилоят журналистлар ижодий уюшмаси раҳбари лавозимида ишлаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов.

— Муҳаммаджон ака, сиз «Ахборот» кўрсатувида кўп йиллар ишладингиз. Ўша жамоада ўзига буюрилган вазифаларни бажариб юрган журналистлар ҳам кўп эди. Аммо сиз нуқул “портловчи” материаллар тайёрлаб келардингиз. Бу лавҳалар эфирга кетмасиданоқ ижодий гуруҳ хавотирга тушарди. Қизиқ, бундай материалларни тайёрлаш керакмиди, сизга?

— Журналистлик фаолиятим давомида ўзим ҳеч қачон мавзу танламаганман. Мавзуни ҳаётнинг ўзи айтиб турарди. Журналистнинг кўриб кўрмасликка, эшитиб эшитмасликка эса ҳаққи йўқ, деб ҳисоблайман. Агар ишим давомида жиддий, сиз айтгандек, “портловчи” кўрсатувлар, лавҳалар тайёрлаган бўлсам, бу менинг замондошларимни қийнаётган ташвишлар, муаммолар, айрим коррупционер корчалонларнинг ўз манфаатлари йўлида мансабларини суиистеъмол қилиб, бошқалар ҳисобига бойишга ҳаракат қилаётганларни кўриб, журналист сифатида бефарқ қарай олмаганимдандир. Бундай материалларнинг қанчалик машаққат билан тайёрланишидан ўзингизнинг хабарингиз бор. Уларни эфирга берганимиздан кейин, давлат раҳбарлари, соҳа мутахассислари жиддий эътибор қаратишарди. Муаммога ечим топиш чоралари ишлаб чиқилар, бартараф этилар,  хуллас адолат тикланарди.

— Ўшандай лавҳалар эфирга кетгандан кейин кўнглингиздан қандай  кечинмалар ўтган?

— Албатта, бундай материаллар намо­йиш қилинганидан кейин кўрилган чоралар, оддий одамларга етган наф мен учун муҳим бўлган. Режиссёрнинг хонасида, бир бурчакда жимгина, дикторлар репортажимни ўқиб, эфирга узатиб бўлингунича кутиб ўтирардим. Шундан ке­йин­гина ойлаб материал тўплаш, ҳужжатлар йиғиш, фактларни қўлга киритиш йўлида чекилган машаққатлар унутилгандай бўларди. Журналист сифатида ўз бурчимни бажара олганим мен учун энг катта бахт эди.

— «Журналист суриштируви» номли китобингиздан ўзим гувоҳи бўлган,  муаммо ва кўзбўямачиликлар ёритилган бир нечта репортаж ҳам ўрин олган. Тўғриси, ўшанда сизга қилинган тазйиқларни ўйлаб, ачинган пайтларим ҳам бўлган. Журналист кўп нарсани ўзи олдиндан сезиб туради. Шундай мавзуларни қаламга олаётганингизда чўчимаганмисиз ҳеч?

— Ўша пайтда Фарғонадаги йирик-йирик корхоналар бир кишининг назоратида эди. Буни ҳамма биларди. Аммо ҳамма жим эди. Мен эса билиб туриб жим юрганим боис ич-этимни еб юрардим. Бир-икки бор шу мавзуларни ёритишга бел боғлаганимда «Ҳозирмас, қўя турайлик», деган қатъи жавоблар бўлган. Лекин Фарғона вилоятига янги прокурор тайинлангач, бир куни у ҳамма журналистларни бир ерга тўплади. Танишув, биргалашиб ҳаракат қилишга таклифлар бўлди. Бу менга эриш туюлди. Чунки бунақа гаплардан бир иш чиқиши қийин, бу ҳам шунчаки протокол учун айтилган гаплар, деб ўйладим. Аммо учрашув тугаб, тарқалаётган пайтимизда мен унга: «Сизда бир оғиз гапим бор эди», дедим. «Сиз биз журналистлар билан ҳамкорлик қилиш ҳақида гапирдингиз. Аммо журна­лист­ларнинг бирортаси ҳеч бир гап айтмади. Аслида уларнинг ичи дард­га тўла. Вазият эса ёмон. Масалан, Фар­ғона нефт­ни қайта ишлаш заводи(ФНҚИЗ)да бундай ишлар бўляпти, «Кварц» ойна заводида эса бунақа товламачиликлар бор. Ёғ-мой комбинати маҳсулоти – кунжаранинг комбинатдан чиқиш нархи 11 сўму  кўчада сотилаётган нархи 65-70 сўм! Салкам етти-саккиз баравар фарқ қилади», деб айрим мисолларни келтирдим. «Буни ҳамма, шу қатори сиздан аввал ишлаган прокурор ҳам кўриб, билиб турган. Энди сиз ҳам кўриб, индай олмасангиз керак», дедим. Шунда у одам ўрнидан туриб кетди. «Муҳаммаджон, қонунийликни таъминлаш йўлида биз ҳамфикр эканмиз, бирлашиб ишлаймиз», деди. Менга вилоят прокурорининг мана шу гапи катта туртки бўлди. Шу ишонч билан мен «Ёғ-мой комбинати»нинг сир сақланган ҳужжатларигача кириб бордим. Бу жуда қийин бўлди. Турли усулларни қўллашга тўғри келди. Ахир, кимдир биров: «Мана бу рақамларни, бу ахборотларни олиб ишлатинг», демайди-ку. Роса уч ой вақт фақат мана шунинг ўзига сарф бўлган. Материал тайёр бўлиб, эфирга узатиш фурсати келганида, айрим катталаримиз турли важ-корсонлар келтириб, «Бу муам­мони биз яхшилаб ўрганиб чиқмагунча эфирга бермай турамиз», дейишган. Мен ҳам бўш келмадим:

— Бу материални бериш, бермаслик сизларнинг ваколатингизда. Мен уни тайёрлаб келдим, холос. Агар бугун шу материал эфирга кетмаса, биринчи имконият бўлди дегунча, унинг видеонусхасини шахсан Президентга етказаман, бу ерда бўлган гапни ҳам шундайлигича айтаман, — дедим.

Эфирга қўйишди. Ўша куни ҳамма ёқда шов-шув, мени юқорига чақиришди. Мутасаддилар тўпланди, эҳтирослар жунбушга келди… Хуллас, эртасидан бошлаб одамларга, фермерларга, хўжаликларга ёғ, кунжара ва шулха ўз нархида берила бошланди. Ўз ҳақларини қўлга киритган қанчадан-қанча одамларда адолатга, ҳаётга ишонч ортди.

— Шубҳасиз. Сизнинг бу шижоатингиз, журъатингиз биз ҳамкасбларда ҳам кўтаринки кайфият уйғотган эди. Келинг, шу ўринда устозларни ҳам бир эслаб ўтайлик.

— Мен телевидениега келганимда бир яхши инсоннинг қўлига тушганман. Бу Ўзбекистон санъат арбоби, жуда кўплаб тележурналистларнинг устози Элбек Мусаев эди. 1968 йили, биринчи босқич талабаси эканимда, ўқишнинг биринчи куни дарслар тугагач, телестудияга келганман. У пайтда Элбек ака «Ёшлик» студия­сида ишларди. «Мен келажакда тележурналист бўлмоқчиман, бугун, дарсларни ўтказиб, тўғри сизнинг олдингизга келавердим», дедим.

— Ўғлим, бу жуда мураккаб касб, яна ўқиш билан баробар олиб боришга тўғри келса, қийин бўлади. Ишлаб кета олармикансиз, — деди.

— Бу менинг қатъи қарорим. Ишлаб кетаман, — дедим.

Хуллас, Элбек ака мени қанотлари остига олди. У киши нафақат раҳбар, устоз, балки отам каби эди. Кези келганда, пулсиз қолганимни, оч-наҳор юрганимни ҳам сезиб, камзулимнинг чўнтагига беш-ўн сум пул ҳам солиб қўярди. Учинчи курсга ўтганимда чақиртириб, ишга қабул қилиш тўғрисида ариза ёздирди.

— Қатнаб юрганим яхшимиди, ишга кирсам мажбуриятим кўпайиб кетади, Элбек ака, — дедим.

— Талаба бўла туриб ҳам қилаётган ишларингиз бу ерда ишлаётганларникидан кам эмас. Эплайсиз, — деди.

Ростанам ўша йилларда «Студентлик олтин даврим», «Интернационал дўстлик клуби» сингари кўрсатувларни ташкил қилган эдим. Булардан ташқари, тайёрлаган очерк­ларим, лавҳаларимни кўриб-кузатиб юраркан-да. Мен бу инсоннинг номи олдида доимо бошимни эгиб таъзим қиламан.

— Муҳаммаджон ака, китобларингиз ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз.

— Телевидениеда айтолмаган, унинг форматларига тўғри келмайдиган фикрларимни китобларимга киритганман. «Мен кўрган дунё» номли китобимда мамлакатимизнинг иқтисодий, сиёсий воқеаларига бағишланган, ўзимизда ва хорижий омма­вий ахборот воситаларида ёритилган таҳлилий мақолаларим киритилган. «Фар­ғона журналистикаси» китобимда эса ўтган аср бошларидан то шу кунларгача Фарғона вилояти газета ва журналларида, радио ва телевидениесида фаолият олиб борган журналистларимиз, нашрлар ҳақидаги маълумотлар тўпланган. «Журналистлик суриштирув. Тажриба ва таҳлил» китобимни ёш журналистлар ўқишларини истар эдим. Фаолиятим давомида тўплаган тажрибаларим ёритилган бу каби китобларим ҳаётини шу соҳага бағишлаш истагида бўлган ёшлар учун бир қўлланма ўрнини ўтаса, деб умид қиламан.

— Муҳаммаджон ака, ҳамкасб сифатида соҳага оид суҳбатимизни давом эттирадиган мавзулар кўп. Сизни жамоатчилик яхши танийди. Ҳурматлашади. Касб байрами арафасида фурсат топиб суҳбатлашганингиз учун Сизга раҳмат. Соғ бўлинг.

Муслимбек Йўлдошев

суҳбатлашди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг