Ҳамнафаслик сурури (2019 йил, 26 сон)

74

Шу кунларда Қуйичирчиқ туманига йўли тушган одамнинг юзига мамнуният балқади. Ниҳоят Чирчиқ дарёсининг қуйи оқимида тармоқ бўлиб чуваланиб оқаётган узанлар аро ястанган бу кенг­­ликларда ҳам худди мамлакатимизнинг бошқа туманларидаги каби обод маҳаллалар барпо бўляпти. Эндиликда  фуқаролар кафтдек теп-­текис кўчалардан фарзандларини кўркам боғ­чаларга хурсандчилик билан етаклашиб бориш,  нурафшон мактаб­лар синфхонала­рида ўғил-қизлари қувнаб билим олиши, хотин-қизлар замонавий дизайнлар асосида қад ростлаётган маиший хизмат корхоналарида, тикувчилик цехларида, савдо ва озиқ-овқат муассасаларида худди шаҳар аҳолиси каби мароқ билан хизмат қилиш, яшаш, яратиш имкониятларига эга бўладилар.

Бу ерда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш  бўйича  сектор штаби ташкил этилган бўлиб, унинг ҳудудига Беруний, Бешкент, Хўжапискон, Чинобод, Кўксарой, Сурум, Сергели маҳалла фуқаролар йиғинлари  киради. Ҳудудларда ташкилий ишлар авжида. Агар халқ оғзаки ижодининг муболаға усулидан фойдаланиб таърифлайдиган бўлсак, адоғи уфққа туташиб кетган буғдойзорларда ғалла ўрими авжида, комбайнлар ўкригидан осмонга ўрлаган тутунлари нақд булутларга  бориб қоришмоқда. Ўримдан бўшаган далаларда аҳолининг қўй-қўзилари, қорамоллари пода-пода бўлиб, ёйилиб ўтлаб юрибди. Яғринлари ялтиллаган, қулун ва тойлари диркиллаган,  қўймичлари билқиллаган отлар суруви, уларнинг мастона кишновлари қулоқларга хуш ёқади, кўзларни қувонтиради. Сурурдан завқланиб, беихтиёр ўзингнинг ҳам қўшиқ айтворгинг келади.

– Ўҳу, – деворди сафардошларимиздан бири, – эшитяпсизларми, карнай-сурнайларнинг овози келяпти?!

Ҳақиқатан ҳам кўзланган манзилга етишимиз билан эътиборимизни тортгани – башанг кийинган аҳоли бола-бақрасини етаклаб, худди байрамга ошиқаётгандай Беруний МФЙ ҳудудидаги мактаб стадионига селдай оқаётган экан. Карнай-сурнайларнинг овози кўкка ўрлайди. Ерлик аҳолининг таърифлашича, экилганига 70-80 йил бўлган чинорлар кўланкасида кета-кетгунча Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тасарруфидаги нашриётлар томонидан чоп этилган китоб расталари жойлаштирилибди. Уларнинг атрофи  мухлислар билан гавжум. Бир томонда санъат мактабининг бўлғуси рассомлари, Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик дизайн институти  талабалари ва тажрибали ўқитувчилари иштирокида маҳорат дарслари ўтилмоқда ва  айни пайтда улар қишлоқда амалга оширилаётган бунёдкорлик жараёнларини матога муҳрлашга ҳаракат қилишмоқда. Ёш ижодкорлар орасида Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси, Бадиий ижодкорлар уюшмаси раҳбари Иброҳим Валихўжаев, таниқли рассом, ­Ўзбекистон ­Республикаси санъат арбоби, ­доцент Ортиқали Қозоқовларни учратиб қолдик ва табиийки, ­суҳбатга чорладик:

– Биласиз, давлатимиз раҳбари илгари сурган беш ташаббуснинг биринчи бандида ёшларнинг бўш вақтларидан самарали фойдаланиш, уларнинг рассомлик истеъдодини юзага чиқаришга эътибор қаратилган,– дейди О. Қозоқов. – Биз академиямиз раҳбарияти билан келишиб, бу ерга 17 нафар ёш талаба-рассомлар, тажрибали ўқитувчилар билан ташриф буюрдик. Кўриб турганингиздек, ижодкорларимиз қишлоқнинг ҳозирги манзараларини бор ҳолича чизишяпти. Ҳадемай, қурилиш-таъмирлаш  ишлари ниҳоялангач,  биноларнинг янги кўриниши билан аввалгиларини таққослаб, яна бир кўргазма ташкил этамиз. Рассомларимиз атрофини ўраб олган ёшларнинг кўзларига эътибор қилинг: ҳайрат тўла. Ахир, оддийгина буёқлар воситасида қишлоқ ман­заралари уларнинг кўз ўнгида расм­га айланмоқда. Тўғри, ёшлар бу каби расмларни китобларда, журналларда  авваллари ҳам кўрган бўлишлари мумкин. Аммо уни тенг­дош рассомлар чизаётганини кўришнинг зав­қи бўлакча. Психологик нуқтаи назаридан олиб қаралса, рассомликка иқтидори бор, санъатга иштиёқли фарзандларимизни аниқлашнинг энг осон  йўли ҳам мана шундай – улар билан бақамти ижод қилиш. Улар бераётган саволлар ҳам қизиқ. Рассомларимизнинг қўл ҳаракатларига маҳлиё бўлиб, умид билан тикилишларида ҳам бир ҳикмат яширин. Демак, уларнинг қалбида ҳам иштиёқ уйғонмоқда, энг асосий мақсад ҳам ана шу қобилиятни юзага чиқариш.

Нарироқда ҳарбий ансамбль томонидан ижро этилаётган марш қўшиқлари зарбидан қаддингиз беихтиёр тикланади, ғурур туя бошлайсиз. Ахир, бу  қўшиқлар Ватан, унинг шарафи, тинчликнинг барқарорлиги ҳақида.

Энг катта воқеа мактаб стадионида кечаётир. Суҳбатдошимиз “Бирлик” маҳалласи раиси Ҳанифа опа Ҳусанова ўз таассуротларини шундай ҳикоя қилиб берди:

– Бугунги тадбирдан фуқароларимиз жудаям хурсанд. Озодбек Назарбеков, Алишер Файз, ўиёс Бойтоев каби санъаткорлар, таниқли шоир ва ёзувчилар, рассомлар, жаҳонга донғи кетган машҳур спортчиларни бир жойда – Беруний номидаги маҳалла фуқаролар йиғини марказида кўриш биз учун орзу эди. Эрталабдан буён аҳоли ўртасида веломарафон, тикувчилик, китобхонлик, ижодкорлик, компьютер техникаларидан фойдаланиш бўйича мусобақалар, беллашувлар ўтказилди. Шеъру қўшиқлар оғушида дилларимиз яйради. ўолибларга турли қимматбаҳо совғалар улашилди. Мана, кўриб турибсизлар, иш шундай суръатда давом этса, ҳадемай обод бир маскан бунёд бўлади.  Ўшандаям келингизлар, хайми?!

– Албатта, – дедик опанинг қувончига шерик бўлиб. Ҳақиқатан ҳам, бу ерда эрта тонгданоқ Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, ЎзМТРК ва бошқа қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ташаббуси билан  давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида тарғиб этишга қаратилган тадбирлар ташкил этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тар­ғибот гуруҳи томонидан ўтказилган китоб­лар тақдимоти, айниқса, йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Уюшма раисининг биринчи ўринбосари, таниқли шоир Минҳожиддин Мирзо, раис ўринбосари, шоир Нодир Жонузоқ, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари – Рустам Мусурмон, Бобур Бобомурод ва бошқа шоир ва ёзувчиларнинг чиқишлари олқишланди. Тадбир сўнгида уюшма қошидаги “Ижод” фонди томонидан нашр этилган турли мавзудаги шеърий, насрий, бадиий-публицистик китоб­лар туман ҳокимлиги масъулларига ҳадя этилди.

Мана, тантана ниҳоясига етиб, ҳаммамиз ўз манзилларимизга қайтаяпмиз. Шоир Туроб Ниёз эътиборимни хонадонларига мамнун қайтаётган тадбир иштирокчиларига қаратди:

– Қаранг, қаранг, одамлар китоб қўлтиқлаб қайтишяпти…

Ҳақиқатан ҳам уларнинг қўлларида икки-учтадан китоблар бор эди. Қалбимизга ҳузурбахш илиқлик югурди. Бу ҳолат ҳаммамизнинг эътиборимизни торт­ди. Ахир китоблар тақдимоти ва тарғибот жараёнида куйиб-пишиб  қилган даъватларимиз самараси эди бу.

Ўктам Мирзаёров,

гуруҳ аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг