Ёш ижодкорлар анжумани: Зомин истеъдодларни чорлайди (шеърлар)

186

Тароватли Ўриклисой боғларида ёш ижодкорларнинг анъанавий анжумани бошланишига саноқли кунлар қолди. Зомин тоғлари бағрида устозлар ҳамда тенгдошлар даврасида илк бор шеър ўқиган ёшлар орасидан келгусида адабиётимизнинг забардаст вакиллари етишиб чиқишига умид қиламиз.

Бундан салкам чорак аср аввал Жиззах вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан асос солинган ва ҳозирга келиб кўплаб ёш истеъдодларни кашф этган анжуман бу йил ўзгача, кўтаринки руҳда, адабиётимизнинг катта байрамидай кутиб олинмоқда.

Мамлакатимизнинг олти вилояти ва Тошкент шаҳрида ўтказилган ҳудудий босқичларда иштирок этган юзлаб ёшлар орасидан ҳар бир вилоятдан беш нафардан ёш қаламкашнинг назм, наср, бадиий публицистика, бадиий таржима, болалар адабиёти, адабий тан­қид, драматургия йўналишидаги машқлари устоз ҳакамлар томонидан синчиклаб ўрганилиб, саралаб олинди. Кузатишимизча, йилдан-йилга китобхонлик маданиятига, адабиётга ва  ижодкорга эътибор кучаяётгани, ёш қаламкашлар сони кўпа­йиб бораётгани натижасида семинарга тақдим этилган машқларга бўлган талаб ҳам ортмоқда. Бу табиий ва  давомли жараёндир.

Анжуман арафасидаёқ унинг шукуҳи қалбларга кўчди, янги истеъдодлар билан танишув, ҳаяжонли дақиқалар яқин. Демакки, сафларимиз кенгаяди. Зеро, бугунги ёш ижодкор — эртанги адабиётимиз яратувчисидир.

Зомин анжуманида муваффақиятли иштирок этиб, машқ­лари таниқли устозлар томонидан эътироф этилган ёшларнинг ижодий фаолиятида том маънода янги давр бошланади: шеърлари матбуотда эълон қилинади, илк китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ижод” фонди ҳисобидан чоп этилади. Бир сўз билан ­айтганда, улар ижодкор сифатида адабий жамоатчилик назарига тушади. Қолганлари эса, юртимиздаги ижодкор тенгдошлари билан бевосита танишади, дўстлар орттиради, ижод олами сирларидан огоҳ бўлиб, ўзига муносиб йўл танлайди.

Ҳазрат Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг ўн  олтинчи  фасли – “Назм  гулис­тонининг  хушнағма  қушлари зикрида” тўхталар экан, уларнинг “Ишлари маоний хазоинидин маърифат жавҳарин термак ва эл файзи учун вазн силкида назм термак” эканини таъкидлайди. Улуғ бобомизнинг дурдона асарларида назм аҳли, ижод сирлари, сўз ва маъно борасида бебаҳо сабоқлар муфассалки, буни англаган ижодкорга мақсад сари тўғри ва нурафшон йўл очилади. 

Назм гулистони сари интилгувчи ёшларга анжуманда муваффақиятли иштирок этишини тилаймиз ва анжуман арафасида мамлакатимизнинг турли кентларида яшаб, қалам тебратаётган ёш ижодкорлардан айримларининг машқларидан намуналар бериб, барча иштирокчиларга ижодий ютуқлар тилаймиз.

Таҳририят


 

Она тилим

Ҳар бир сўзи яшнаб кетар айтсам алёр,
Фахрлансам, ўзгача бир сурури бор,
Кўҳна тарих ва келажак ғурури бор,
Ватан ишқин ўз тилингда куйла, элим,
Номус-орим, беғуборим – она тилим.

Навоийдан қолган наво янграган соз,
Шоҳ Бобурнинг паноҳида топган эъзоз,
Юрагимда имон каби ёқут, ихлос,
Хизматингга отланарман боғлаб белим,
Боболардан мерос қолган она тилим.

Сен бўлмасанг, бўлармидим элда шоир,
Ёзганларим бир девона дилга доир,
Ўзбекларни ўзбек қилган ўзинг, ахир,
Сендайин соф бўлсин менинг юрган йўлим,
Сен буюк халқ юрагисан, она тилим.

Рашид ХЎЖАМОВ
Сирдарё вилояти


 

Саратон

Ҳарорати ошди қуёшнинг,
Ой юзидан ювилди пардоз.
Капалаклар учаётган пайт,
Бунча секин келаяпсан, ёз!
Даласига боққан деҳқоннинг,
Манглайига ажин тушибди.
Бизда шотут тугамай туриб,
Қай ҳудудда тарвуз пишибди.
Учиб кетган варрагим излаб,
Югураман дала, қир оша.
Комбайнни кўрмаган қизга,
Буғдой ўрими ҳам томоша.
Зардолига таъм кирди бирдан,
Боғлар аро руҳим кезарди.
Илк бор совчи келганин кўриб,
Олчаларнинг юзи қизарди.
Девор оша кузатар ҳар кун,
Қўшни қизни соғинган терак.
Мураббони тугатиб тушда,
Муздай сувга чўмилар кўйлак.
Нур теккандай ҳазин юзига,
Кун кўзида униқар айвон.
Ҳаммасини бошлаб қўйиб, сўнг
Хуррак отиб ухлар Саратон!

 

Ўша пайтлар…

Ўша пайтлар,
афсун эди бари умрим,
Ҳайрат бўлиб кўринарди турфа тараф.
Ўн саккизга етиб-етмай юрган ёшда,
Севмоқ шарафмиди, севилмоқ шараф.

Ўша пайтлар,
олов эди нигоҳларим,
Тоза эди нафасларим, ҳавасларим.
Ҳали парвоз этолмаган орзуларнинг
Қанотларин боғлаб қўйиб қафасларим.

Ўша пайтлар,
баҳормиди ё ёзмиди,
Армонларга отилмаган бир ўқ эдим.
Ўша пайтлар Сен бор эдинг,
Сен бор эдинг,
Ўша пайтлар ишқ бор эди, мен йўқ эдим!

Кумуш ЎСАРОВА
Cамарқанд вилояти


 

Кўнглим

Ўйимга енг кўнглим-а,
Бўйимга тенг кўнглим-а,
Ҳеч сўли йўқ ўнглим-а,
Кел, гўзал дил бўламиз!

Табиат бир тилсим-ай,
ўуборларни тилсин-ай,
Бўронларни менсимай,
Ёқимли ел бўламиз.

Юлдуз тунга асирми?
Тилда ёлғон, чин бирми?
Тоғ билдилар кибрни,
Биз эса сел бўламиз.

Ўйимга енг кўнглим-а,
Бўйимга тенг кўнглим-а.
Ҳеч сўли йўқ ўнглим-а,
Кел, гўзал дил бўламиз!

 

Киприк

Куюнчагим – опажоним,
Айтай десам… шу… ҳалиги,
Ўйлатади сизни бунча,
Кипригим калталиги.

Қалаштирдим баҳоналар,
Узун киприк яхши, бироқ,
Нурга илҳақ дунёмизни
Кўрсам дейман-да порлоқ.

Яширмасин бирор тўсиқ
Ўтдан ўткир нигоҳимни.
Англасинлар бир қарашда
Гоҳ севинч, гоҳ оҳимни.

Камчиликка йўйманг, опа,
Улар бизга ўринсизлар.
Қайдан билсин нуқсонини
Киприги узун қизлар!

Муниса АЪЗАМОВА
Навоий вилояти


 

Хайрли тонг

Хайрли тонг, қуюқ киприк, қош,
Ҳаловатда, айт, олдингми тин?
Турасанми чиққанда қуёш?
Гўдак тонгни томоша қилгин.

Эй, кўзларим янги лаҳзанинг
Либосига гуллар қадагин.
Тунларингни ғафлатга сотдинг,
Тонгларингни менга атагин!

Кўз олдида турган борлиқни
Кимдир ҳали англаб етмаган.
Қара, боғнинг кўк чойшабидан
Ҳали тонгнинг ҳиди кетмаган…

Қулоқларга чалинса азон,
Кўзлар эмас, уйғонади дил.
Кўзларингда уйғонган шу тонг,
Аввал қалбда уйғонади бил!

 

Сен билан

Ҳеч ҳам тугамаса йўл,
Йўлакни сайр этсак.
Иккимиз ушлашиб қўл,
Юракни сайр этсак.

Сен билан юрсак бирга,
Бўлмаса йўл охири.
Ҳамроҳ бўлсалар бизга,
Баҳору куз ёмғири…

Орзулар тўлиб дилга,
Етишсак шу йўл билан.
Етажакмиз манзилга,
Йўлга чиқсак дил билан!

Наргиза УСМОНОВА
Қашқадарё вилояти


 

Йўл

Мен шаҳарни кўрган эмасдим,
Кўчаларни чангитиб ўсдим.
Мол ҳайдадим, экинлар экиб,
Эгатларда ўйнаб лой кечдим.
Мен қизларга гап отиб эмас,
Кесак отиб, тош отиб ўсдим.
Тўпорилик бордир қонимда,
Қишлоқданман, бу бир бахт, дўстим.
Гулзорлардан гуллар юлмадим,
Камолини кўриб кўнглим шод.
Анҳорларнинг бўйида ётиб,
Ҳаёт куйин олган эдим ёд.
Озроқ хату савод чиқариб,
Ихлос қўйдим улуғ бир зотга.
Юрагимга орзулар солиб,
Йўл олдим мен адабиётга.

Жаҳонгир НОРМАТОВ
Хоразм вилояти


 

Онажон

Тушларимга киради сизнинг,
Аҳён-аҳён йиғлаганингиз.
Қадоқ қўлни юзимга босиб,
Паришонҳол мудраганингиз.

Сизни қандай рози қилайин,
Жавоб беринг, айтинг, онажон.
Бағрингизда мудом кулайин,
Бахтли бўлинг, жоним, онажон.

Умид билан боқинг кўзимга,
Шаҳдамликни кўрасиз унда.
Майли, мени тергасангиз ҳам
Рози бўлмай қўйманг, онажон.

Сарвиноз ТУЛИЕВА
Қорақалпоғистон Республикаси


 

Шукрона

Қара, рангинкамонлар бизга муштоқ,
Муаттар бўстонлар бизга муштоқ.

Муҳаббат юртида билсанг яшаш бахт,
Қувонгин, меҳрибонлар бизга муштоқ.

Ватан ободдир, шукрона қилгин,
Саодатли замонлар бизга муштоқ.

Бугун ёшлар учун имконият кўп,
Ўқи, илм ол, шонлар бизга муштоқ.

Фақат меҳнат ила роҳат топарсан,
Фароғат тўла онлар бизга муштоқ.

Қанот ёзгин, баланд учмоққа шай бўл,
Алишер, осмонлар бизга муштоқ.

 

Бахт

Қалбимиз ичра зиё бўлса, шу бахт,
Ҳар нафас дилда вафо бўлса, шу бахт.

Эй диёрим, сен саодат масканим,
Доимо сулҳу сафо бўлса, шу бахт.

Ҳар нафас фарзандга бахт истаган
Онамиз биздан ризо бўлса, шу бахт.

ўамга ботган чоғимизда биз билан
Ўн эмас, бир ошно бўлса, шу бахт.

Майли зебо бўлмасин дилдоримиз,
Борлиғи номус, ибо бўлса, шу бахт.

Эй Алишер, бизга олқиш шарт эмас,
Шеъримиз дилларга жо бўлса, шу бахт.

Алишер МУҚИМОВ
Сурхондарё вилояти


 

Келдим

Сен – дўст, юрагимнинг яқин одами,
Қалбингни зиёрат қилгани келдим,
Кўнгил томонларга хавотир тушди,
Жон-танинг омонми, билгали келдим.

Сўзингни, кўзингни, ўзингни, эй дўст!
Кечикиб, ичикиб кўргани келдим.
Дилим булоқ, аммо меҳрга ташна,
Тўкилгали келдим, тўлгали келдим.

Анордай ёрилиб, алвон бўлар қалб,
Дийдор малҳамини сургани келдим.
Ҳаёт – бешафқат жанг бошларкан, қўрқма,
Бир умр ёнингда тургани келдим.

Бир бошга минг савдо солади тақдир,
Елкангга бош қўйиб кўнгани келдим.
Неки дард бермасин, қайғу бўлмасин
Ахир, мен борман-ку, дегали келдим.

 

Ишқ

Бу тонг бир ишқ туғилмиш
биродар,
Бир ширин,
Бир тоза,
Бир озод,
Руҳимни элтади Ўзига
Ишқ – қанот!
Елларнинг сочларин тортқилаб
Қушчалар салавот айтади.
Соғинчранг кўйлакда кўнглингга
Бахт қайтади!
Лабимдан тошади
сўзларим
Мен айтсам
юз айтим,
минг айтим,
Сарсари йилларнинг бағрига
Шеър бўлиб қайтдим!

Хонзодабегим ЖАМОЛОВА
Тошкент вилояти


 

Осмоннинг эртаги

Кўкда юлдуз маржонлари
Живир-живир.
Чўпчак айтар бир-бирига
Шивир-шивир.
Ойнинг нури таралади
Жимир-жимир.
Мен-чи Ойнинг эртагини
Тинглаб ётдим.
Кўзларимга уйқу келиб
Тошдек қотдим.
Эртакдаги паҳлавондек
Хуррак отдим.
Меҳмонда
Олапар бир меҳмон чорлаб,
Ялоғин суяб қўйди.
Олмахонни кутиб олгач,
Ҳурмат деб суяк қўйди.

Меҳмон қуруқ келгани йўқ,
Совғаси ортиқ бўлди.
Қўзиқорин, сара ёнғоқ
Муносиб тортиқ бўлди.

– Қани-қани, олинг, – дея,
Бир-бирга саза қилди.
Аммо қайдан Ҳакка келиб,
Ёнғоқдан маза қилди…

Ўткир ТОТЛИБОЕВ
Жиззах вилояти

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг