Беғубор ёшликнинг жўшқин чоғлари (2019 йил, 26 сон)

197

Ёш ижодкорлар анжумани: Зомин истеъдодларни чорлайди

Тароватли Ўриклисой боғларида ёш ижодкорларнинг анъанавий анжумани бошланишига саноқли кунлар қолди. Зомин тоғлари бағрида устозлар ҳамда тенгдошлар даврасида илк бор шеър ўқиган ёшлар орасидан келгусида адабиётимизнинг забардаст вакиллари етишиб чиқишига умид қиламиз.

Бундан салкам чорак аср аввал Жиззах вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан асос солинган ва ҳозирга келиб кўплаб ёш истеъдодларни кашф этган анжуман бу йил ўзгача, кўтаринки руҳда, адабиётимизнинг катта байрамидай кутиб олинмоқда.

Мамлакатимизнинг олти вилояти ва Тошкент шаҳрида ўтказилган ҳудудий босқичларда иштирок этган юзлаб ёшлар орасидан ҳар бир вилоятдан беш нафардан ёш қаламкашнинг назм, наср, бадиий публицистика, бадиий таржима, болалар адабиёти, адабий тан­қид, драматургия йўналишидаги машқлари устоз ҳакамлар томонидан синчиклаб ўрганилиб, саралаб олинди. Кузатишимизча, йилдан-йилга китобхонлик маданиятига, адабиётга ва  ижодкорга эътибор кучаяётгани, ёш қаламкашлар сони кўпа­йиб бораётгани натижасида семинарга тақдим этилган машқларга бўлган талаб ҳам ортмоқда. Бу табиий ва  давомли жараёндир.

Анжуман арафасидаёқ унинг шукуҳи қалбларга кўчди, янги истеъдодлар билан танишув, ҳаяжонли дақиқалар яқин. Демакки, сафларимиз кенгаяди. Зеро, бугунги ёш ижодкор — эртанги адабиётимиз яратувчисидир.

Зомин анжуманида муваффақиятли иштирок этиб, машқ­лари таниқли устозлар томонидан эътироф этилган ёшларнинг ижодий фаолиятида том маънода янги давр бошланади: шеърлари матбуотда эълон қилинади, илк китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ижод” фонди ҳисобидан чоп этилади. Бир сўз билан ­айтганда, улар ижодкор сифатида адабий жамоатчилик назарига тушади. Қолганлари эса, юртимиздаги ижодкор тенгдошлари билан бевосита танишади, дўстлар орттиради, ижод олами сирларидан огоҳ бўлиб, ўзига муносиб йўл танлайди.

Ҳазрат Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг ўн  олтинчи  фасли – “Назм  гулис­тонининг  хушнағма  қушлари зикрида” тўхталар экан, уларнинг “Ишлари маоний хазоинидин маърифат жавҳарин термак ва эл файзи учун вазн силкида назм термак” эканини таъкидлайди. Улуғ бобомизнинг дурдона асарларида назм аҳли, ижод сирлари, сўз ва маъно борасида бебаҳо сабоқлар муфассалки, буни англаган ижодкорга мақсад сари тўғри ва нурафшон йўл очилади.

Назм гулистони сари интилгувчи ёшларга анжуманда муваффақиятли иштирок этишини тилаймиз ва анжуман арафасида мамлакатимизнинг турли кентларида яшаб, қалам тебратаётган ёш ижодкорлардан айримларининг машқларидан намуналар бериб, барча иштирокчиларга ижодий ютуқлар тилаймиз.

Таҳририят


 

Аниқ мақсад, кўтаринки руҳ ва порлоқ истиқбол

Мамлакатимизда эртанги кун эгалари – ёш авлод­нинг камол топишига, иқтидор ва қобилиятини юзага чиқаришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш ташаббус бу борадаги ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқди. Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан беш ташаббус доирасида амалга оширилаётган тадбирлар ёшларнинг ёзги таътил кунлари жўшқин ва қизиқарли ўтишига хизмат қилмоқда.

БИРИНЧИ ТАШАББУС. Чортоқ туманидаги 54 та умумтаълим мактабида ташаббус доирасидаги устувор йўналишларни қамраб олган 410 та тўгарак фаолият кўрсатмоқда, уларга 8200 нафар ўқувчи қамраб олинган. Короскон қишлоғидаги 3-умумтаълим мактабида бу борадаги ишлар намунали йўлга қўйилган. Мактабда мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг қатор йўналишлари бўйича ўндан зиёд тўгараклар ёзги таътил пайтида ёшларнинг севимли масканига айланган. Ташаббус асосида туман халқ таълими ва маданият бўлимлари ҳамкорлиги янада кучайди ва  натижада мазкур мактабдаги ўнга яқин тўгарак қаторига тасвирий санъат, рақс, доирачилик, ҳатто қўғирчоқ театри каби янги йўналишлар қўшилди. Ҳозир уларнинг сони 15 дан ошди. Мактаб “Қўғирчоқ театри”нинг кичик иқтидор эгалари эртаклар асосида яратган саҳна асарларини нафақат тенгдошлари, устоз-муаллимлар, шунингдек, ота-оналар, меҳмонлар ва жамоатчилик вакиллари ҳам олқишлар билан қарши олмоқда. Табиийки, яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар ёшларни иштиёқ ва шижоатга ундамоқда.

ИККИНЧИ ТАШАББУС. Ёшлар таълим-тарбиясида, аввало, уларнинг бўш вақтини тўғри ташкил қилиш жуда муҳим.  Бу борада Уйчи туманида 5 ташаббус асосида амалга оширилаётган ишлар ибратлидир. Бир ярим минг нафардан зиёд ўқувчи таълим олаётган 6-умумтаълим мактаби жамоаси ўқув йили мобайнида мунтазам фаолият олиб борган мактабдаги спортнинг теннис, волейбол, баскетбол, шахмат-шашка, мини-футбол каби ўндан зиёд турлари бўйича машғулотлар айни ёз кунларида ҳам қизғин давом этаётгани фикримиз тасдиғи бўла олади. Айни йўналишда тумандаги бошқа умумтаълим мактаблари­да амалга оширилаётган ишлар ҳам эътиборга лойиқ. Тумандаги 44 та мактабнинг 39 та спорт зали ёшлар ихтиё­рида. Улар замонавий спорт жиҳоз­лари ва инвентарлар билан таъминланган. Ҳар бир илм масканида фаолият олиб бораётган ўндан зиёд спорт тўгаракларига 17 мингдан зиёд ўқув­чи жалб этилган. Уларнинг 8465 нафари қизлардир. Мунтазамлик касб этган беллашув­лар, спорт мусобақаларида улар ҳар жиҳатдан чиниқаётир. Ёш спортчилар нафақат юртимиз, балки халқаро миқёсдаги мусобақаларда ҳам ўз қобилиятини намоён этиб, юртимиз байроғини баланд кўтармоқдалар.

УЧИНЧИ ТАШАББУС. Спорт тўгаракларида жисмонан чиниққан ўқувчилар учинчи ташаббус — компью­тер технологиялари борасида ҳам билимларини ошириш, Интернетдан оқилона ва самарали фойдаланишда ҳам етарли кўникмага эга бўлмоқдалар. Тумандаги мактабларнинг барчаси компьютер техникаси билан таъминланган. Илм масканларида “Зиёнет” тармоғига уланган 915 та компьютер ва ахборот коммуникация технологиялари мавжуд. Устоз-муаллимлар ёшларни камолот сари етаклашга бор билим ва салоҳиятларини сафарбар этмоқдалар.

ТЎРТИНЧИ ТАШАББУС. Ёшларни китобхонликка жалб этиш борасида Чортоқ туманидаги ишлар самарали бўлмоқда. Жумладан, тумандаги умумтаълим мактаблари, ахборот-ресурс марказларига 16802 турдаги 140 миллион сўм маблағ ҳисобига 2108 та аудиокитоблар, электрон адабиётлар тақдим этилди. Айни пайтда 37845 нафар ўқув­чи-ёш тумандаги ахборот-ресурс марказлари ва мактаб кутубхоналарида улардан баҳраманд бўлмоқда. Шоир ва ёзувчилар, маънавият ходимлари билан ижодий учрашувлар синф хонаси ва кутубхоналардан ташқари “Библио­бус”да ҳам ташкил қилинаётгани ўқувчиларга бир олам завқ бағишламоқда. Ижодкорлар, турли соҳа вакиллари билан бўлиб ўтаётган учрашув­лар ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол бўлишга ундамоқда.

БЕШИНЧИ ТАШАББУС. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ташаббусларнинг ҳар бири муҳим ва долзарб. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бешинчи ташаббус этиб белгиланганки, келажагимиз эгалари, айниқса, ўсиб келаётган қизлари­мизнинг ҳаётда, жамиятда, оилада ўз ўрнини топишида ўзлари қизиққан касб-ҳунарни мукаммал эгаллашлари муҳим. Айни пайтда Уйчи туманидаги 7 та касб-ҳунар коллежида ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқа­риш мажмуаларида 51 йўналишда маш­ғулотлар олиб борилмоқда. Уларга тумандаги мактабларнинг 3975 нафар   10-, 11-синф ўқувчилари жалб этилган бўлиб, шундан 2023 нафарини қизлар ташкил этади. Ўқув­чи қизлар устозлар кўмагида ошпазлик, пазандачилик, сартарошлик, тикув­чилик, тўқувчилик, зардўзлик, қан­долатчилик каби замонавий йўналишлар бўйича касб-ҳунар сирларини ўрганмоқдалар. Бугунги саъй-ҳаракатлар эртанги келажакка мустаҳкам пойдевор, тамал тоши бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз. Шундай экан, ёшларни истиқбол сари етаклаётган беш ташаббус доирасидаги саъй-ҳаракатлар янада кенг қулоч ёзаверади.

Мафтуна РЕЖАББОЕВА

Наманган вилояти

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг