Пеле (Қатра) (2019 йил, 26 сон)

168

Машҳур  футболчига ҳавас билан чақалоққа Пеле деб исм қўйдилар. Унинг футболчи бўлишини ният қилдилар. Бешигига ҳам коптокчалар илиб қўйдилар. Чақалоқ кўргани келганлар унинг исмини эшитгач, кулимсираб қўйишар, отасининг футбол ишқибози эканини билишса-да, бу қандайдир эриш туюларди. Отасини танимаганлар боланинг исмини эшитганда, ўз қулоқларига ишонмай, яна қайта сўрашарди: “Чиндан Пелеми? Ўзбекча исм қўймабсизлар-да!.. Майли, умри билан берган бўлсин!”. Аммо бу исмни юракдан маъ­қуллаган бирорта одам топилмади.  Ҳай, майли ўз боласи – нима  қўйса, ўзи билади, деди одамлар.

Бола мактабга борди. Биринчи дарс танишув… Алишер, Мардон, Мафтуна… Маҳмудов Пеле! Ўқитувчининг ҳам беихтиёр кулгиси келдию ўзини тутди. Бу ғалати исм эгасини кўп хижолат қиларди. Бошланғич синф­ларда билинмади, лекин ўсмирлик пайтида Пелега минг бир лақаб ёпишиб қоларди: пела, негр, пўли… Баъзи қитмирлар эса: сени лўлилар ташлаб кетган, шунинг учун исминг шунақа, қара, ҳаммани исми ўзбекча, битта сенинг исминг Пеле дейишарди. Буниси ҳам ҳолва экан, асосий муаммо отасининг ишқибозлиги бўлди. Отасининг севимли жамоаси ғалаба қозонган куни кўзлари порлаб ҳаммага ўз меҳрини икки ҳиссалаб сочар, агар ютқазса борми, бу ҳақиқий фожеа бўлиб, ҳамма ундан безилларди.

Отаси Пеленинг футболчи бўлишини,  футболни севишини, Пеле даражасига чиқишини хоҳларди, кечалари ухлатмай футбол кўрсатиб чиқарди. Бечора Пеле бўлса, қизарган кўзини ишқаб телевизорга бемаъно тикилиб ўтирарди. Айниқса, ўша жамоа мағлубиятга учраганда бесабаб калтак еган онаси, полда чил-чил синган пиёла, синглисининг чир­қиллаб йиғлаши Пеленинг футболдан наф­ратланишига сабаб бўлди. Отаси уни ҳар кун машқ қилдирар, ҳовлидаги дарвозага копток тептирар, Пеле эса, юраги қалтираб, гол уриш эмас, отаси уни сўкмаслиги учунгина ҳаракат қиларди. Шу тариқа Пеле ва футбол ўртасида улкан жарлик – нафрат пайдо бўлди.

Дадасининг дўсти, футбол мактабининг директори уни сўзсиз футбол мактабига қабул қилди. Дадасининг орзуси – футбол қироли номини кўтариб юрган бола учун футбол мактаби эшиги ланг очиқ эди. Мураббийлар Пеледа на иқтидор, на қизиқиш йўқлигини дарров пайқашди, аммо директор ошнасининг боласига бир нарса деб бўлармиди?! У ниҳоят футбол мактабини битирди…

 Ҳув, янги стадионга кираверишдаги майдончада гулларнинг тагини юмшатаётган, эгнида эскириб кетган футболка кийган одамни кўраяпсизми? Ҳа, худди ўзи, мана шу Пеле бўлади! Бошқа ҳунари йўқлигидан стадионга қоровул бўлди. Бу ўша, футбол ўйинларига чиптасиз кириш ҳуқуқи бўлса ҳам кирмайдиган, футболдан нафратланувчи Пеле…

Футболни ёмон кўрса стадионда бало борми, деяпсизми? Дўстим, бу бечоранинг футбол мактабида ўқиган синфдоши ҳозир стадион директори! Бўйнидан боғланган ит овга ярамайди дейишади-ку!

Балки бу одам ҳозир қайсидир касбнинг устаси бўлармиди? Ўринсиз тақлид қурбони! Азиз дўстим, атрофга қаранг, Пелелар бисёр! Уларнинг исми Пеле бўлмаса ҳам кимгадир тақлид қилиб қўйилган, уларни кимдир бўлишга мажбур қилишган.

Фақат ўзи эмас!

Элбек  ОҚБЎТАЕВ

Сирдарё вилояти

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг