Ҳожи Булбул чамани (2019 йил, 26 сон)

71

Ҳожи Абдулазизнинг отаси Абдурасул бобо ёшлигида иниси Абулфайз билан Қоратоғдан Самарқандга келиб, кекса косибга шогирд тушади ва унинг қизига уйланади. Ёш Абдурасул косибчиликдан орттирган пулига Регистон майдони яқинидаги Кўкмасжид маҳалласидан мўъжазгина ҳовли сотиб олади. Шу ҳовлида 1852 йили тўнғич ўғли Абдулазиз дунёга келади.

Абдурасул ўта зийрак ва кучли хотирага эга бўлган бош фарзандини олти ёшида бошланғич мактабга, сўнгра мадраса таълимига беради. Отасининг вафотидан сўнг Абдулазиз Самарқанднинг Хаймар мавзесида жойлашган солиқ маҳкамасига ҳужжатларни кўчирувчи мирза бўлиб ишга киради. Санъатга қизиққан мирза маърака ва йиғинларда хонанда-созандалар билан яқиндан мулоқотда бўлиб, улардан куй чалиш, қўшиқ куйлаш сирларини ўрганишга ҳаракат қилади. Шундай маъракаларнинг бирида ҳофизларга ошно бўлиб юрадиган Нор­қул самоварчи билан танишади. Самоварчи уни Самарқанднинг машҳур дуторчи ва танбурчиси Ҳожи Раҳимбердига рўпара қилади. Кейинчалик у Ҳожи Раҳимбердига шогирд тушади ва танбурда “Шашмақом” чалишнинг кўпгина усулларини ўрганади. Орадан йиллар ўтиб Ҳожи Раҳимберди шогирдига оқ фотиҳа бергач, бўлғуси ҳофиз мустақил ижрочиликни бошлайди. Дастлабки қадамини халқ оғзаки ижоди, сўнгра мумтоз мусиқа санъати ҳамда Бухоро “Шашмақом”идан бошлаган ҳофиз ҳаёти давомида камалак жилосидек шу гўзал меросни чуқур ўрганиб, уни бойитади.

Мақом санъати бўйича фавқулодда қобилият ва ширали овозга эга Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов Бухоро “Шашмақом”ини дутор жўрлигида ижро этиб, ушбу санъат йўналишида катта янгилик яратиш билан бирга, мақом ижрочилигида ҳам мисли кўрилмаган ўзгаришлар қилади.

Кунларнинг бирида бухоролик атоқли ҳофиз ва созандалар Самарқандда уюштирилган халқ сайлларида санъатларини намойиш этадилар. Ушбу тадбирнинг фаол иштирокчиси бўлган Ҳожи Абдулазиз мумтоз куй ва мақомларнинг ҳали ўзига нотаниш қирралари кўп эканини англайди. Шунгача у “Шашмақом”нинг савти ва уфорларини, “Мушкулот”нинг чолғу бўлимида кенг тарқалган қисмларини, йигирмага яқин халқ қўшиқларини ижро этарди. Чинакам санъаткор бўлишни кўнглига туккан Ҳожи Абдулазиз “Шашмақом”ни мукаммал ўрганишга қатъий бел боғлади. Шундай эзгу ният билан Бухорога жўнайди. Бир даврада машҳур ҳофиз Ота Жалол билан танишиб, унга шогирд тушади ва қунт билан таҳсил ола бошлайди. Ота Жалол шогирдига мақом йўлларини тўла-тўкис ўргатибгина қолмай, “Шашмақом”нинг тарихи ва бугуни ҳақида тушунчалар беради.

Ҳожи Абдулазиз Бухоро “Шашмақом”ининг бир неча қисмини мукаммал билса-да, ижрочиликдаги бундай текис усулни кутилмаган жойда “гулпартав” қилишни, яъни “зебопари”, “чоргоҳ мухаййар”, “авжи турк” сингари қўшимча авжлар киритилишини, ғоят баланд пардаларнинг зўриқмасдан силлиқ ва ёқимли айтилишини эшитиб, ҳайратда қолади. Хуллас, Ҳожи Абдулазиз Самарқанд­га қайтишига қадар олти ой мобайнида Ота Жалолдан мақом санъатидан таълиму таҳсил олади. Шу тариқа “Шашмақом”нинг кетма-кет келадиган турли шохобчаларини тўла шаклда, қатъий усул билан ижро этишга қурби етадиган санъаткор сифатида машҳурликка эришади. “Шашмақом”нинг қотиб қолган санъат эмаслигини билган ҳофиз ўша вақтларда “Ироқ”, “Чапандози Ироқ”, “Насруллойи”, “Мустаҳзод” каби ашулаларни янгича авж ва уфорлар билан безаб, ижро этади. Ҳожи Абдулазиз ашулаларни бўлиб айтганларни ёмон кўрар, айниқса, талаффузга катта эътибор берар, ҳар бир сўзнинг бурро эшитилишини талаб қиларди.

Ҳофиз ҳаётда камтар инсон бўлган ва шогирдларига ҳам шуни ўргатган. Бир даврада шогирдларига қарата: “Халқни ҳурмат қилинг­лар, болаларим. Агар бирор йиғинда, фалон ашулани ижро этинг десалар, дарров бажо келтиринглар. Халқ назаридан қолиш ёмон нарса”, дея насиҳат қилган. У киши чиндан ҳам халққа жуда яқин, халқ куйларига ҳурмат билан қарайдиган, доим томошабиннинг фикри билан ҳисоблашадиган буюк санъаткор бўлган.

Устоз ҳофиз 1891 — 1892 йилларда чет мамлакатларга сафар қилган. Орадан салкам йигирма йил ўтгач, 1907 — 1908 йилларда яна сафарга чиққан. Ҳожи Абдулазизнинг мазкур сафарлардан кузатган мақсади фақат зиёрат эмас, балки бошқа халқларнинг маданияти билан танишиш, лозим бўлган жойларда ўша ерлик аҳолида ўзбек халқининг мусиқа санъати ҳақида ёқимли таассурот қолдириш бўлган. Иккала сафари давомида Эрон, Арабистон, Ҳиндистон ва Афғонистоннинг машҳур қўшиқчи ва созандаларидан кўплаб куй-қўшиқлар тинглаган, ўзи эса ана шу мамлакатларнинг санъат мухлисларига репертуаридан яхши куй ва ашулалардан ижро этиб берган. Бу саёҳатлар унинг ижоди кўламини янада кенгайтирди. Айтишларича, ҳофиз “Жазоир” куйини дастлаб жазоирлик чўпондан эшитган экан. Кенг тепаликда қўй боқиб юрган чўпон саёҳатчи Абдулазизнинг илтимосига кўра ўзи чалаётган куйни найда бир неча марта такрорлаган ва бу куй ҳофизга ёд бўлиб қолган. Саё­ҳат­дан қайтгач, ҳофиз уни ўзбек тинг­ловчиларига мослаб қайта ишлаган. Ҳожи Абдулазиз билан суҳбатдош бўлган кишиларнинг эслашича, Маккага қилган дастлабки сафари пайтида у шоир Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат билан учрашган. Ҳикояларга қараганда, иккала ватандош кемада танишиб, худди эски қадрдонлардек суҳбатлашганлар.

Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов 1936 йил 9 январда вафот этган. Ҳофиздан улкан маданий мерос қолди. Устоз яратган “Дўст худойим”, “Бебокча”, “Бозургоний”, “Эшвой”, “Чорзарб”, “Сўлим”, “Гуллар боғи”, “Шаҳнози Гулёр уфори”, “Самарқанд ушшоғи”, “Қўқон ушшоғи”, “Чапандози Ироқ”, “Гадойи”, “Жазоир”, “Қурбон ўлам”, “Чапандози Наво”, “Чапандози ушшоқ”, “Абдураҳмонбеги”, “Мисрий”, “Дала куйлари”, “Ажам тароналари”, “Даромади ушшоқ”, “Уфори Бебокча” сингари куй-қўшиқлар ўзбек мақом санъатининг бойлигига айланди.

Ҳожи Абдулазиз Абдурасуловнинг миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш борасидаги улкан хизматлари юксак қадрланди. Ҳофиз Мустақиллигимиз шарофати билан “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

Яқинда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Ҳожи Абдулазиз Абдурасуловнинг Самарқанд шаҳридаги уйи­ни уй-музейга айлантириш йўлида қўйилган қадам улуғ, савобли ишлардан бўлди.

Аслиддин СИРОЖЕВ,

Самарқанд шаҳридаги 22-мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси, меҳнат фахрийси

 

* * *

Ҳожи Абдулазизнинг ижодий фаолияти ўзбек халқ мусиқаси тарихида алоҳида ўрин тутади. Унинг ижодига баҳо бериш учун фақат “ҳофиз” деган сўзнинг ўзи кифоя қилмайди. У киши истеъдодли ҳофиз бўлиш билан бирга, нозик пардаларда қалбни титратувчи оҳанглар ижро этадиган созанда, халққа яқин дилрабо куйлар яратувчи бастакор ҳам эди. Ҳожи Абдулазиз шахсан менга ва менинг тенгдошларимга мусиқа илмидан таълим берган устозларнинг энг зуккоси бўлган.

Ҳожи Абдулазиз халқ куйларини ёрқин бўёқ ва жилвалар билан бойитишга уста эди. У кўпинча халқ орасида оғиздан-оғизга ўтиб юрган кичик бир куйни “Намуди уззол”, “Намуди ушшоқ”, “Мухаййар”, “Турк” сингари намудлар билан бойитиб, катта ашулага айлантириб юборарди. Устоз ҳофизнинг куйлар учун мазмундор шеърлар танлаши, ўзи ҳам шеърлар машқ қилгани кўпчиликка маълум. Ниҳоятда нозик дидли, хушчақчақ ҳофиз Абдулазиз якка ўзи ҳар қандай даврада томошабинни санъатига маҳлиё қилиш қувватига эга эди.

Қисқаси, Ҳожи Абдулазиз мусиқа санъати учун туғилган одам эди.

Юнус РАЖАБИЙ,

академик

* * *

Самарқандда ишлаб юрган пайтимизда биз бўш вақтимизни кўпроқ Ҳожи бобонинг уйида ўтказардик. Санъатга бўлган иштиёқимизни кўрган ҳофиз бизларга маҳорат сирларини тинмай ўргатишга киришди. Устоздан “Бузрук мақоми”, “Гуллар боғи”, “Гулузорим”, “Ажам”, “Бебокча”, “Каримқулибеги” каби куйларни ўрганганман. Илгаридан чалиб юрган куйларимни ҳам у кишига эшиттириб, мукаммаллаштириб олган эдим.

Ҳожи Абдулазиз ниҳоятда билимдон одам эди. Устозимизнинг зукко ва зийраклигидан фахрланардик. Сўз ва куйни давраларга мослаб ижро этишда у кишига тенг келадиган одам камдан-кам топилса керак. Агар тингловчилар орасида ёшлар кўпроқ бўлса, ўйноқи қўшиқ ва куйлардан ижро этарди. Бордию ёши ўтган тингловчилар кўпчиликни ташкил қилса, вазмин куй ва ашула бошлаб, ҳаммани ўзига ром қилиб оларди. У кишининг мусиқа усулидаги маҳорати бениҳоя зўр эди.

Ҳожи бобо қатъий сўзли, мустаҳкам иродали одам эди. Айрим санъаткорлар мансабдорларни, бой ва эшонларни кўрганда икки букилиб таъзим қиларди, такаллуфни ҳаддан ошириб юборарди. Ҳожи Абдулазиз эса бундай нуқсонлардан холи эди. Умуман, у киши санъаткорнинг обрўсини туширадиган иш қилмасди.

Рисқи РАЖАБИЙ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист

* * *

Ҳожи Абдулазизнинг ёнида тўрт йил юриб, ундан таълим олганман. Менинг мусиқа санъатига меҳр-муҳаббат билан қарашимга, бастакор бўлиб етишишимга ҳам шу улуғ инсон сабабчидир.

Ҳожи Абдулазиз қиёс қилиб бўлмайдиган даражада зўр санъаткор эди. У ҳар гал ашула айтганида унга оригинал ранглар киритар, ашула унинг овозида янгидан туғилаётгандек туюлар эди. У кўпинча юқори пардаларда куйлаб туриб, овозини бирданига бир ярим октава, баъзан икки октава пастга тушириб юборар ва яна усталик билан ҳалиги баланд пардага кўтарарди. Бундай маҳорат билан ашула айтиш манаман деган ҳофизларга ҳам насиб этмайди. Ҳожи бобо ашула айтганида Леви Бобохонов, Домла Ҳалим Ибодовлар ҳам унга чин юракдан тан бериб: “Ҳожи жуда замонавий санъатчи, серқочириқ ҳофиз, унга тенглашиш қийин”, дер эдилар.

Имомжон ИКРОМОВ,

Ўзбекистон халқ артисти

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг