Ватан равнақи, халқ манфаати йўлида (2019 йил, 26 сон)

123

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг матбуот ва ­оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табриги, бир гуруҳ ҳамкасбларимизга давлат мукофотларининг топширилиши соҳа ходимлари  қувончига қувонч қўшди. Самимий ва сермазмун табрик камтарин фаолиятимизга берилган юксак  эътибор, шубҳасиз,  биз журналистларни янада фаолроқ бўлишга ундайди.

Албатта, мамлакатимизнинг барча турдаги оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётган барча журналистлар жамоаси табрикда билдирилган ҳар бир фикр ва ҳар бир ғояни чуқур ўрганиб, улардан ташкилий ва ижодий фаолиятида дастуруламал сифатида фойдаланади. Бугун, ахборот майдонидаги  турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қо­нун ва одоб қоидалари доирасида  бўлиши, шахсий ғараз  ва хусуматга, сох­та обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа майдонимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги керак.

Ҳаётга доимо сергак кўз билан қарайдиган, халқ ва Ватан манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган матбуот аҳли бу ҳақиқатни ҳар томонлама чуқур ­англаши даркор.

 Мен буни шундай англадимки, ҳаётга сергак кўз билан назар солган одам бугунги кунда тобора обод бўлиб бораётган шаҳару қишлоқлар, маҳаллалар кўнгилларда нураб бораётган  эскича қарашлар ўрнида янгича, тоза дунёқараш пайдо қилаётганини илғамаслиги асло мумкин эмас.

Президентимиз томонидан Сирдарё вилоятида илгари сурилган, бутун халқимиз қалбида яратувчилик завқини уйғотаётган Беш ташаббус ғояси ҳам моҳиятан ҳар бир инсоннинг, пировард натижада  бутун миллатнинг жисмоний, маънавий, маърифий ва руҳий оламини поклашга, иродасини мустаҳкамлашга, ҳаётини фаровон этишга қаратилган.

Бугун биз шундай замонда яшаяпмизки, одамларнинг дарду ташвишлари, орзу-интилишларига дахлдор бўлмаган сўз заррача қадр-қимматга эга эмас. Бугун одамийлик, бағрикенглик,  кечиримлилик, фидойилик каби сўзлар чинакамига ҳаётий маъно-мазмун касб этмоқда.

Матбуот жамият  томир уришини  белгилайди. Яъни шу юрт барчамизники, шу заминдаги ютуқ ва ўзгаришлар ҳам барчамизники, шундай экан тобора шиддатли тус олиб бораётган тараққиётимиз йўлидаги ғовларни бартараф этишга, биринчи навбатда, мен дахлдор ва масъулман, деган эзгу интилиш ҳар биримизнинг фаолиятимиз мезони бўлиши лозим.

Ишончим комилки, Президентимиз илгари сураётган барча ҳаётий ғоялар биз матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини Ватанимиз равнақи ва халқимиз манфаатлари йўлида дилни дилга, қўлни қўлга бериб, бир жону бир тан бўлиб,  қалб даъвати ва виждон амри билан яшаш ва ижод қилишга даъват этади.

Садулла ҲАКИМОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг