Кино ва реклама (2019 йил, 25 сон)

245

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги “Dono production” киностудияси билан ҳамкорликда ўзбек киносининг дурдоналаридан бири — “Мафтунингман” мусиқали комедиясининг янги талқинини яратди. “Мафтун бўлдим” фильмининг сценарий муаллифи  таниқли ёзувчи  Назар Эшонқул. Режиссёр Абдувоҳид ўаниев суратга олган ушбу асарда франциялик тадқиқотчи Франсуа Ўзбекистонга ташриф буюради ва юртимизга мафтун бўлиб қолади.

— Ушбу фильм мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини кўрсатиб беришга йўналтирилган, — дейди режиссёр Абдувоҳид ўаниев. — Қолаверса, жаҳон аҳлининг юртимиз ҳақидаги тасаввурини янада бойитишга хизмат қилади, деб ўйлаймиз. Суратга олиш жараёнида вилоятда яшаб, ижод қилаётган бир қатор истеъдод эгаларини кашф қилдик. Улар ижросидаги қўшиқ ва рақслар фильмнинг жозибали бўлишига кўмаклашди.

Картина аввалида студия бошлиғи икки ёш режиссёрни фильмни замонавий тарзда олиш учун танловга қўяди. Қаршисида рақиби бўлган режиссёр, албатта, фильми энг зўр бўлишини истайди. Мурод сюжетга содиқ қолган ҳолда, вилоятлардан истеъдодлиларни кашф этишни мақсад қилади. Унинг “рақиби” (актёр Рустам Расулов) эса, Тош­кент­нинг ўзида кас­тинг ўтказишини айтади. Аммо кастинг жараёни фильмда кўр­сатилмаган. Асосий эътибор, назаримизда, Мурод ва унинг дўстининг саёҳатига қаратилган. Мурод тасодифан франциялик тадқиқотчи билан видео алоқада гаплашадию унинг Ўзбекистонга келмоқчилигини, унга ҳамроҳлик қилиб, баҳонада илмий асар ёзмоқчи эканини билади. Шу тариқа Мурод тадқиқотчини ўзи билан сафарга олиб боради. Тарихчининг юртимизга келиши кутилмаган ҳол бўлиб, Муроднинг уни саёҳатга олиб боришдан бошқа иложи қолмаганида, назаримизда, ишонарлироқ ва қизиқарлироқ бўларди.

Фильмда ўзига хос юмор ҳам бор. Масалан, наҳорги ошга таклиф қилинган меҳмонлар орасида Франсуанинг ўзини тутиши, ошни қўлда еяётганларга ҳайрат билан қараши, овқат учун ҳақ тўламоқчи бўлгани, “Олинг” дейилмаса, дастурхонга қўл узатмаслиги… Чет эл фуқаросининг ҳайратлари акс этган бу саҳналар томошабинда беихтиёр кулги уйғотади. Аҳиллик билан саёҳат қилаётган дўстлар кутилмаганда хафалашиб қолишади. Франсуа обидаларнинг суратини чизишга кўп вақт сарфлаётганини, берилган муддатгача актёрларнинг тайёр бўлиши кераклигини ўйлаган Мурод француз дўстини шоширади. Улар шу йўсинда айрилишадию Франсуа Хива шаҳрида бир ўзи қолиб, Мурод сафарини давом эттиради. Бу чет эл фуқаросига ҳурматсизлик эмасмикан, деб ўйлаб қолдик. Ахир йўлни, одамларни билмайди, юртимизга меҳмон бўлса… Майли, ўзи истаб қолибди ҳам дейлик. Француз йигит қаерга боришини билмай боши қотган бир вақтда, ёнига келган 7-10 яшар болакай унга француз тилида мурожаат қилади. Бола, шубҳасиз, чет тилида бемалол сўзлайди, шаҳарни таништиради. Бу ўзбек фарзандларининг иқтидорли, зеҳни ўткирлигини англатади. Аммо муаммо шундаки, томошабин бунга ишонмайди. Негаки, боланинг сўзлашаётгандаги юз ифодаси йирик планда кўрсатилмайди. У Франсуа билан экранга орқа ўтириб сўзлашади. Бу эпизод фақат умумий планда кўрсатилади.

Икки дўст  қачон топишиб олишди билмадигу, лекин Франсуа ва Мурод Бойсуннинг тоғ ёнбағирларида бир машинада пайдо бўлиб қолгани бизни ҳайрон қолдирди. “Улар қачон, қаерда учрашиб, йўлга чиқишди?” Балки монтаж жараёнида ноаниқликка йўл қўйилгандир…

Суратга олиш ишлари Ўзбекистон бўйлаб амалга оширилгани ва аҳолининг ўзига хос ҳаёт тарзи, характери, рақслари кўрсатилгани фильм­нинг катта ютуғи. Фильм Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Жиззах, Сурхондарё каби вилоятларнинг биз билган ва билмаган “об-ҳавоси”ни бизга ҳамда чет эл фуқароларига тасвир орқали таништиради. Лекин не машаққатлар билан истеъдодларни топган Мурод — актёр Шоҳруҳ Ҳамдамовнинг шу истеъдодларга муносабати бирор кадрда кўринмайди. Шунингдек, сурхондарёлик кишининг Муроднинг машинаси олдига келиб қўполлик қилиши, Мурод ва французнинг қўрқиши бироз бўрттирилган. “Актёрнинг кўзи гапириши керак”, дейди Станиславский “Актёрнинг ўз устида ишлаши” китобида. Аммо бу фильмда актёрлар ижросига эмас, “реклама”га урғу берилгани кўриниб турибди.

Туризмни ривожлантириш мақсадида суратга олинган бу фильмда унга эргашувчи ғоя ҳам мавжуд. Яъни, инсондаги қобилиятни Аллоҳ берган, у ўша соҳа бўйича ўқиганми-йўқми, бу қобилияти интилгани сари ривожланаверади. Фильм сўнгида фаррош қиз аслида ра—барнинг қизи бўлиб чиқиши, отаси унинг номидан фойдаланиб, “юлдуз” бўлишига қаршилик қилгани, қиз эса, ўзининг ҳаракати билан кастингдан ўтгани шу ғояга хизмат қилувчи ҳаракатлардан бири. Тошкентда қолган ёш режиссёр фаррошга беписанд­лик билан муомала қилади, уни менсимайди. Мурод эса, унинг иқтидорини юқори баҳолайди.

Биз фильмдан чиқарган хулоса шуки, санъаткор бўлиш учун унинг оиласида кимдир шу касбда бўлиши шарт эмас. Иқтидор одамнинг ўзи билан туғилади. Шу билан бирга, кино, аввало, санъат экан, уни “реклама” бозорига олиб чиқиб, актёрларни шунчаки ўйнатиш билан иш битмайди. Бадиий фильмда ижро ҳам бадиий мукаммал бўлиши керак.

Наргиза САИДБОЕВА,

Санъат ва маданият институти талабаси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг