Туркманистон сафари (2019 йил, 24 сон)

98

Туркманистон деганда менинг кўз ўнгимга даставвал беназир Махтумқули сиймоси келади. Юртимизда унинг шеър¬лари билан айтиладиган қўшиқлар кириб бормаган бирор хонадон, унинг қўшиқлари янграмаган бирор тўй-ҳашам йўқ. Қолаверса, бу донишманд шоирнинг шеър¬лари таржимасиз ҳам ҳар бир ўзбекка тушунарли, уни Навоий ёки Бобур, Машраб ёхуд Огаҳийлар сафидаги ўз мумтоз шоиридек қабул қилади ва ардоқлайди. Махтумқули юртида эса улуғларимизга бўлган ихлос, эҳтирому эътибор бизникидан кам эмас экан.

Яқинда Туркманистон сафарида бўлганимизда Давлат маданият марказидаги мусиқа асбоблари диққатимни тортди. Энг ҳайратланарлиси, туркман қардошларимиз дуторнинг энг юқори пардасини “Навоий” деб аташар экан. Тасаввур қилинг, дуторда чертиладиган куйнинг авж пардасига улуғ шоиримиз номи берилган. Бу Ҳазрат бобомиз эришган мақомнинг жуда ҳам юксак эканлигига ишора, ҳавас, буюк ҳурмат ва эҳтиром рамзи эмасми?! Биз Махтумқули ижодига қанчалар ихлосманд бўлсак, туркман қардошларимиз Мир Алишер Навоий ҳазратларини шу қадар улуғлаб, унга интилиб келишар экан.

* * *

Яқинда Ашхободда “Ҳамкорликнинг умумий гуманитар ҳудуди: маданият, фан ва таълим соҳасида мулоқот” мавзусида МДҲ давлатлари ижодкор ва илмий зиёлиларининг XIV форуми бўлиб ўтди. Бир гуруҳ юрт¬дошларим, жумладан, Ўзбе-кис¬тон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев, таниқли шоир ва таржимон Мирзо Кенжабек, ЎзР ФА Археологик тад¬қиқотлар инс¬титути раҳбари Фарҳод Мақсудов, таниқли ношир Музроб Бўронов ва бош¬қа¬лар қаторида менга ҳам мазкур нуфузли анжуманда иштирок этиш насиб этди.

Ашхобод мустақиллик йилларида таниб бўлмас даражада ўзгариб, яшариб кетибди. Ашхобод сўзи “ишқобод” деган маъно¬ни англатиши мени ҳайратга солди. Ишқобод… Шоирона ном. Ишқ, меҳр-муҳаббатдан обод бўлган маскан. Дарвоқе, дунёдаги бор гўзалликлар севги-муҳаббат ҳосиласи эмасми?!

Шарқона меъморчилик услубида барпо қилинган Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, Дўстмуҳаммад Озодий, Эртуғрул жомеъ масжидлари эътиборимизни торт¬ди. Маҳобатли меҳмонхоналар, турли муассаса бинолари, китоб ва савдо дўконлари – барчаси оппоқ (айтмоқчи, Ашхободни Оқ шаҳар ҳам деб аташар экан). Йўлларнинг озодалиги, атрофнинг гулу гулзорга буркангани, фаввораларнинг ажиб шовуллаб туриши киши баҳри дилини очади.

Эртаси куни Форум бошланиш аввалида МДҲ давлатлари ва Грузиядан келган икки юзга яқин анжуман қатнашчиларини Туркманистон давлат тарихи музе¬йи¬га бошлаб боришди. Осори атиқаларга тикиламану кўз ўнгимдан неча давлату салтанатларга асос солган боболаримиз, ўз истеъдоди билан илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг нурли сиймолари ўтмоқда. Айниқса, Туркманистоннинг шарқий минтақаси ўрта асрларга хос осори-атиқаларга бой. Марв¬даги Султон Санжар, Кўҳна Урганчдаги Наж¬миддин Кубро, Фахриддин Розий, Султон Такаш мақбаралари сиркорлик ва нақш¬корлик усулида сер¬ҳашам безатилган. Шунингдек, Алп Арслон, Тўрабек хоним, Остона бобо зиёратгоҳлари, Қутлуғ Темур минораси бу ерда маданият ва илм-фан ўз даврида нақадар гуллаб-яшнаганидан далолат беради.

Буюк Ипак йўли ривожи Бухорою Самар¬қанд билан қай даражада вобаста бўлса, Кўҳна Урганчу Марв билан ҳам шунчалик боғлиқдир. “Туркманистон Буюк Ипак йўлининг юраги” деган сўзларда ҳақиқат бор. Буюк Ипак йўли ҳар икки мамлакатнинг тарихи ва бугуни муштарак эканлигининг аломатидир…

Бу заминга қадам қўйган сайёҳ борки, албатта, Туркманистон Миллий гиламлар музейига ташриф буюради. Гиламлардаги оқ ранг йўлларнинг оқ бўлишига ишора бўлса, яшил ранг ҳаёт мазмунини ифода этади. Қизил ранг эса томирларда оқиб турган қон – тириклик белгисидир. Музейда неча-неча асрларни кўрган гиламлардан тортиб, бугунга қадар қўл меҳнати билан яратилган гиламлар ўрин олган.

Кейинги манзилимиз Туркманистон халқаро от спорти мажмуаси бўлди. Маш¬ҳур зотдор отга Ахалтекин номининг қўйилишида икки сўз асос бўлган – Ахал, бу Туркманистондаги тарихий вилоят ва теке эса туркман қабиласининг номи. Ўзига хос ифтихор рамзига айланган бу от, туркман халқи учун энг қадрли ва азиз бўлган кишиларгагина олий ҳадя сифатида берилади. Бизга ҳамроҳлик қилиб юрган Мардонбекнинг гап-сўзларидаги ифтихор оҳанги, кўзларининг қувончдан чақнаб туриши эътиборимни тортди: “Туркманлар уч жиҳат билан бошқа миллатлардан ажралиб туради, – дейди у. – Миллий либослар бизнинг ўзлигимизга бўлган ихлосу садоқатимиз, миллий гиламларимиз бизнинг қалбимиз, отлар бўлса оримиз, ғуруримиздир”.

Форумнинг очилиш маросимида Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг форум қатнашчиларига йўллаган табриклари ўқиб эшиттирилди. Форумда “Туркма¬нис¬тон – Буюк Ипак йўлининг юраги”, “Ҳам¬дўст¬лик маданияти: умумий мулоқот тили”, “МДҲда таълим ва фан: ҳамкорликнинг янгича кўринишлари” ва “2019 йил – МДҲда китоб йили” мавзуларида маърузалар тингланди.

Форум доирасида 2018 йил учун “Ҳамдўстлик юлдузлари” Давлатлараро мукофотини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Қозоғистон Республикаси томонидан “Чимкент шаҳри – Ҳамдўстликнинг 2020 йилдаги маданий пойтахти” тақдимоти ҳам ўтказилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон делегацияси Форум ишининг якуний Резолюцияси матни муҳокамасида фаол қатнашиб, “МДҲ ҳудудида рус тилини маданиятлараро мулоқот тили сифатида қўллаб-қувватлаш” иборасини Резолюция матнидан чиқариб ташлаш ҳамда “Улуғ Ватан урушининг 75 йиллиги” иборасини “Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги” шаклида ўзгартириш таклифи билан чиқди. Бу таклиф кўпчилик давлатлар вакиллари томонидан маъқулланиб, форумнинг якуний йиғилишида бир овоздан қабул қилинди.

Анжуман давомида Туркманистон Миллий кутубхонасида бўлиб, юртимизда сўнгги йилларда нашр этилган китоблардан совға қилдик.

* * *

Ўзбек ва туркман халқларининг та-рихи, маданияти ва қадриятлари муштарак. Орадаги танаффусларга қарамай адабий алоқалар муайян даражада давом этмоқда. Туркман китобхони Ойбекнинг “Навоий”, Асқад Мухторнинг “Опа-сингиллар”, Шароф Рашидовнинг “Бўрондан кучли” романларини, Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак” қиссаси ва бошқа адибу шоирларимиз асарларини ўз она тилларида ўқимоқдалар. Сўнгги икки-уч йил ичида Давлатмуҳаммад Озодий, Махтум¬қули, Мулла Нафас, Камина каби турк¬ман мумтоз адабиёти вакиллари асарларидан таш¬қари, Отажон Тоғоннинг “Бегона” романи, Ўроз Яғмурнинг “Махтумқулинома” роман-тадқиқоти, Қаюм Танг¬риқулиевнинг “Ёртиқулоқ” эртак-қиссаси, Тиркаш Жумагелдиевнинг “Ўтда ёнган келинлар” қиссаси, Беки Сайтақовнинг ҳикоялари, Керим Гурбаннапасов, Оман Кокилов, Тош¬қин каби шоирларнинг шеър¬лари ўзбек китобхонлари эътиборига ҳавола этилди.

Туркманистон сафаридан олган энг ёрқин таассуротларим таъсирида бўлса керак, қуйидаги сатрлар қоғозга тушдики, уларни мен сафар таассуротлари хулосаси ўрнида эътиборингизга ҳавола этишни истадим:

Қанча гул дамларни совурдим елга,
Бирор наф бўлгайми кўзим селидан.
Эсон бормоқ йўлин нурли манзилга,
Ўргандим устозим Махтумқулидан.

Неки яхшилик бор Ундан етмишдир,
Хатолик исёнкор, ноқис қулидан.
Ўтмас дам бўларми, бари ўтмишдир,
Ўргандим устозим Махтумқулидан.

Кўзимга кўрингай Одам ва Ҳавво,
Сўз очсам ўзбегу туркман элидан.
Дардманд юрагимга не дармон, даво,
Ўргандим устозим Махтумқулидан.

Тош қалбим эритган қутлуғ каломлар,
Мерос бари аҳли ошиқ дилидан.
Сарвари коинот сизга саломлар,
Ўргандим устозим Махтумқулидан.

Ёлғон умматларга хос эмас асло,
Мен сўзлар айтаман умрим йўлидан.
Бу йўл тугамайди маҳшаргача то,
Ўргандим устозим Махтумқулидан.

Дунё деганлари бечора, ночор,
Нима ҳам келарди унинг қўлидан.
Машаққат ортида фақат чаман бор,
Ўргандим устозим Махтумқулидан.

Билгум, шогирдликка муносибмасман,
Бол йиғгим келади сўзлар гулидан.
Нетай мен шайдоман, ошиқман, мастман,
Ўргандим устозим Махтумқулидан.

Ғайрат МАЖИД

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг