Ватанга қайтиш (2019 йил, 24 сон)

850

Ҳаётда шундай воқеалар содир бўладики, ёдингга тушганида аъзои баданингда титроқ туради.

Бундан роса ўттиз йил аввал бир гуруҳ ҳамкасблар билан Шри Ланкада ижодий сафарда бўлганмиз. Ҳинд океани соҳилида мириқиб чўмилаётган эдик. Океанда салобат билан сузиб бораётган ҳайбатли юк кемалари эътиборимизни ўзига тортарди. Кутилмаганда Мурод исмли ҳамкасбимиз кўзлари қинидан чиққудек бўлиб олдимизга чопиб келди-да, “Паспортимни йўқотиб қўйдим, кеча автобусда пулим, ҳужжатларим, самолёт билетим қолиб кетибди, энди нима қиламан?” деб  ўтакамизни ёрай деди. Дунёнинг нақ нариги чеккасида, нотаниш одамлар орасида пулсиз, ҳужжатсиз, қайтиш чиптасисиз қолган кишини тасаввур қилоласизми?

Муродни қандай юпатишни, ўзимиз нима қилишни билмай турганимизда, меҳмонхона ходимларидан бири олдимизга келиб, минг бор узр сўраб, унинг қўлига кеча автобусда унутиб қолдирган сумкачасини тутқазди. Автобус ҳайдовчиси олиб келибди. Хурсанд бўлиб кетдик.

Ўшанда мен худди ўзимнинг билетим йўқолганидай қўрқиб кетгандим.  Ватанга қайтиш чиптаси-я!

Дунё кезиб кимларни  кўрмадим: бойлиги беҳисоб, дасти узун, гап-сўзи бутун, аммо… ёнларида қайтиш билетлари йўқ одамлар қанча. “Олтин, кумуш тош бўлди, бир кафт буғдой ош бўлди” деганларидек, ҳеч қандай бойлик, зеб-зийнат Ватан соғинчини боса олмайди.

Сафарларим чоғи турли сабабларга кўра ўзга юртларда қолиб кетган миллатдошлар билан ҳамсуҳбат бўлдим, афсус-надоматли хотираларини тингладим. Дили пок, қўли пок,  покиза ниятли одамлар учун юрт эшиклари ҳамиша очиқлигини қайта-қайта тушунтираман. “Яшанг ватандор, насиб қилса борамиз, албатта” дейишади, “Ватандош” дейишга ич-ичларидан келаётган хўрсиниқ  изн бермайди, чоғи.

 Болшевойларнинг зуғумидан қочиб, Туркияда муқим яшаб қолган чустлик ватандошимизнинг фарзандлари савдо-сотиқ билан шуғулланиб, бой-бадавлат бўлиб кетишибди. Муҳожирлар бир-бирлариникига меҳмонга бориб туришар экан. Шундай зиёфатга ўғилларини қаторига олиб кекса отахон ҳам борибди. Отанинг бошидаги эски, ҳилвираб кетган дўппини кўриб, ўғиллар хижолат тортишибди.

— Дада, бу нима қилганингиз, яп-янги дўппингиз бор-ку, нега уни киймадингиз? — деб сўрабди катта ўғил норози оҳангда.

— Менда Ватанимни эслатувчи шу эски дўппидан бошқа ҳеч нарса қолмади, болам. Онам ўз қўли билан тикиб берган эдилар, — дебди ота чуқур хўрсиниб.

Шу отахон умрининг сўнгги кунлари қўлини Ватан томонга узатиб, “Чуст, Чуст, Чуст” дея омонатини топширган экан…

2004 йилги сайловда кузатувчилик қилиш учун Америкадан “Туркис­тон-Америка” уюшмаси президенти Абдулла Хўжа билан таниқли тадбиркор Лутфулла Тўра Ўзбекистонга келишди. Меҳмонларга  ҳамроҳлик қилдим. Навоий вилоятидаги Зарафшон шаҳрига бордик. Ер остидан олтин қазиб олаётган кончилар билан учрашдик. Олти юз метр чуқурликдан руда ташиётган баҳайбат машиналар ишини кузатдик.

Қайтаётганимизда комбинат ходимлари бир бўлак усти ялтироқ тошни Ватандан сизларга эсдалик бўлсин, дея меҳмонларга совға қилишди. Сайлов ўтгач, Лутфулла Тўра телекўрсатувда иштирок этиб, томошабинларга ўша тошни кўрсатди ва “Ватаннинг бир бўлак тоши тугул, зарра қумини ҳам олиб кетишга ҳаққим йўқ, бу тош шу ерда қолсин, ўзга юртнинг тошига айланмасин”, дея совғани бир четга суриб қўйди ва… йиғлаб юборди.

1989 йили “Баҳор” ансамбли санъаткорлари билан Белгияга сафар қилиб, у ерда қашқадарёлик собиқ ватандошимиз Ботир Абдураҳмоновни учратиб қолдик. Иккинчи жаҳон урушида оғир яраланиб, контузия ҳолатида асирликка тушган, шу ердаги ерости шахталарида ишлашга жўнатилган бу киши она тилини деярли унутган,  аммо бошимиздаги дўппини кўриб, юм-юм йиғлашдан ўзини тия олмади. Биз унга дўппи совға қилдик. Ботир ака совғани бошидан олиб, аввал уни обдан томоша қилди, гулларига суқланиб қаради, бармоқлари билан сийпалади, кўзларига суртди, сўнг қўйнига яширди-ю, ҳўнграб юборди. Бу ҳолатда бизнинг кўзларимизга ҳам ёш келди.

Шоир Муҳаммад Юсуфнинг шеърият мухлислари билан учрашувларидан бирида ёш қизча унга “Сиз учун Ватан нима?” деган савол бергани ёдимда. Шоир тўхтовсиз жавоб қайтарди: “Синг­лим, Ватан бу — жон, жонингни фидо қилишинг мумкин бўлган яккаю ягона тупроқ”.

 Тарих шоҳидки, халқимиз асрлар давомида ўз фарзандларини ор-номус, одоб-ахлоқ, сабр-қаноат, ҳалоллик-поклик, илм-маърифатга интилиш  каби  фазилатлар билан бирга киндик қони тўкилган тупроқни азиз билиш, унга чексиз садоқат руҳида тарбиялаб келган. Ватанга хиёнат оғир гуноҳ ҳисобланган, эл-юрт манфаати ҳаммадан устун қўйилган. Истиқлол йилларида бу тарбия янада тиниқлашди. Бош ғояси озод ва обод Ватан барпо этиш бўлган Конституциямиз ва миллий мафкурамизда оила, маҳалла, Ватан, эл-юрт тушунчаларининг муқаддаслиги, миллатнинг ўлмас руҳи бўлган она тилига муҳаббат, ҳаёт абадийлигининг рамзи бўлмиш аёл зотига эҳтиром, сабр-бардош,  меҳнатсеварлик каби фазилатлар ўз аксини топди, инсон ҳақ-ҳуқуқлари, турли миллат ва  элат вакилларининг  миллий туйғулари ва диний эътиқодига ҳурмат каби умуминсоний қадриятлар  расман эътироф этилди.

ХVIII аср фиқҳ намояндаси Сўфи Оллоёр, диний қарашлари ва бошқа тафовутларидан қатъи назар, барча инсонларни ўзаро меҳр-оқибатга чақириб:

Кел, эй мўмин, ҳамиша хуш инсон бўл,

Ки инсон бўлса ҳар ким, меҳрибон бўл —

 деганида халқимизнинг бағрикенглик, кечиримлилик, саховатпешалик каби гўзал хулқларини, жаҳолатга жаҳолат билан жавоб қайтармасликни  назарда тутган. Инсон ҳаёти ҳамиша ҳам бир хилда равон, ташвишсиз, паст-баландликсиз кечмайди. Турмуш дегани камчиликлардан, қийинчиликлардан холи эмас, боз устига, ҳаёт яхшилангани сари, ҳою ҳавас тўхтовсиз ошиб боради. Кутилган, кутилмаган одамлар дўст-қадрдонга, маслаҳатчига, холис “жонкуяр”га айланади. Шундай экан, ҳаётнинг мураккаб чорраҳаларида юз берадиган ғайриодатий ҳолатларда янглишиб қолиш, хатога йўл қўйишдан ҳеч ким мустасно эмас. Аммо… янглишишда ҳам янглишиш бор. Изланаётган, бир нималарни режа қилаётган одам баъзан  тўғри ечимни топишда адашади. Бундай хатони тузатиш осон. Бошқа биров кўра-била туриб текис йўлда, зим-зиё тунда эмас, куппа-кундузи, ота-онаси, яқинлари ёнида турса ҳам қоқилади, кимлиги номаълум, нияти ғаразли кимсаларнинг алдовига учиб, нонкўрлик қилади ва  шу ҳаётнинг ўзида дўзах азоби янглиғ қийноқларга дучор бўлади. Мўмай пул топаман, бойиб кетаман, дину диёнатга хизмат қиламан, жаннат боғларида сайр қиламан деб хаёл қилади, аммо суви қуриган қудуқ, ёниб кул бўлган иморат ёнига, қовжирама биёбонга бориб қолганини билмай қолади, алдоқчи саробга дуч келади. Оқибатда хиёнат, сотқинлик, одамкушлик йўлига киради, савобу гуноҳни, ҳалол билан ҳаромни фарқламай қўяди. Бундан-да ёмони, унинг соддалиги, ишонувчанлиги, ақл-идрок борасидаги ноқислиги ёки билиб туриб ўзини оловга уриши, туғилиб ўсган  юртига хиёнати  оила ҳаётини издан чиқаради, сулола, қариндош-уруғ шаънига доғ туширади, ота-онанинг, фарзандларнинг юзини ерга қаратади. Бемор тузалиши, дард чекиниши, омад қайтиши мумкин, аммо бундай доғни ювиб  бўлмайди.

Бундай янглишишлар нечоғли оғир бўлмасин, халқимиз азалдан кечиримли, раҳм-шафқатли бўлган. Соҳибқирон Амир Темур ўзига неча марта душманлик қилган, қилич кўтарган, жанг майдонини ташлаб қочиб, ёғийга қўшилган, сир-синоатни сотган, кейинчалик эса ҳузурига бош уриб келиб, чин дилдан тавба-тазарру қилганларнинг гуноҳидан ўтган, хизматига олиб, меҳр-мурувват кўрсатган. Қуръони каримда келганидек, “Агар сизлар (уларни) авф этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14).

Бугун биз жаҳон ҳамжамиятининг илғор сафлари сари дадил қадам ташлаётган эканмиз, халқимизга хос меҳр-мурувват, оқибатлилик, сабр-қаноат, ҳамжиҳатлилик ва кечиримлилик каби фазилатлар янада яққол намоён бўлмоқда. Эндиликда дунёни Шимолий муз океанида сузиб юрган ҳайбатли айсбергларни эслатувчи ҳарбий кемалар, замонавий қурол-яроғ  билан ҳайратга солиб бўлмайди, аммо қалдирғочнинг боласини ўз фарзандидай кўрадиган муштипар оналаримиз, тандирдан эндигина узилган иссиқ нонни қўшнилар билан бирга баҳам кўришимиз, болажонлигимиз, бировнинг кўзида ёш кўрсак, ёғдай эриб кетишимиз, эртакларимиздаги девлар ҳам қуюқ саломни эшитиб, кўнгиллари бўшаб кетиши, эгилган бошга таъна қилмай, уни бағримизга босишимиз, муқаддас динимизда иззанинг ҳаромлиги аниқ-равшан айтиб қўйилгани билан дунёни ҳайратга соламиз.

  Шундай халқмиз биз. Ҳар йили Рамазон ойида бутун мамлакат саховат, мурувват ва бағрикенглик шукуҳи билан яшайди. Бу йил ҳам шундай бўлди. Термизда Ҳаким Термизий, Тошкентда Сузук ота ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф каби уламоларимизнинг номлари билан аталган диний-маърифий мажмуалар, жоме масжидлари бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. Юртимиз бағрида туғилган “Жаҳолатга қарши маърифат”  тамойили асосида фақат бир мамлакатда эмас, бутун дунёда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, виждон эркинлиги ва динлараро ҳурмат-эҳтиром, ислом динининг маънавий-маърифий асосларини халқимизга ва дунё аҳлиги етказиш борасидаги саховатли амалий ҳаракатларимиз халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётган бир пайтда, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан 156 нафар фуқаронинг юртимизга омон-эсон қайтарилиши, Президент Фармонига мувофиқ, содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган, тавба-тазарру қилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 575 нафар фуқаронинг афв этилиши халқаро ҳамжамиятнинг юксак эътирофига сазовор бўлди.  Саудия Арабистонининг “Saudi Gazette” нашри бу ташаббусни “Меҳр” операцияси деб атади. Бошқа бир нашрнинг  хабарида “мисли кўрилмаган одамийлик” деган жумлага дуч келамиз.

Дарҳақиқат, мисли кўрилмаган одамийлик, жасорат. Уруш ҳаракатлари фақат   Сурияда эмас,  бошқа жойларда ҳам бор. Снарядлар, бомбалар кўп жойларда портламоқда, уй-жойлар, мактаб ва боғчалар, касалхоналар, кўприклар, қадим иморатлар, ноёб обидалар вайрон бўлмоқда. Уй-жойидан, ота-онаси, яқинларидан, демакки, бор-будидан жудо бўлган майиб-мажруҳ болаларнинг, фарзандларидан жудо бўлган оналарнинг сони қанчалигини ҳеч ким билмайди. Уларнинг “бошини силашга бир меҳрибон қўл, бир оғиз ширин сўз нондек арзанда” (Ғафур Ғулом) бўлиб турган бир пайтда, Ўзбекистон раҳбарининг бу одамохунлик ташаббуси, жабрдийдаларга кўрсатилаётган меҳр-мурувват оламга татигулик, ибрат олса арзигулик десак, муболаға бўлмас.

Инсоният тарихида келгуси авлодлар эътибор бериши ва қатъий амал қилиши зарур бўлган сабоқлар кўп. Улардан бири шуки, ёш авлод тарбиясини бир зум бўлсин ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди. Бир кунлик эътиборсизлик кейинчалик минг кунлик ташвишга сабаб бўлиши мумкин. Бу сабоқ, айниқса, бугун — ёшлар онги ва қалбини эгаллаш учун кураш дунё миқёсида давом этаётган пайтда янада муҳим аҳамиятга эга.  Тарбия иши ҳар бир ота-онанинг, устоз ва мураб­бийларнинг, ўзини жамиятнинг фаол аъзоси деб ҳисоблайдиган ҳар бир кишининг,  давлат ва жамоат ташкилотлари, ижодий уюшмалар, зиёлилар, маҳалла фаоллари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг муштарак ва доимий вазифаси, бурчи  ҳисобланади. Социолог олимлар жиноий хатти-ҳаракатлар маънавий илдизлар заифлашган, миллий анъаналарга риоя қилиш сустлашган, она тилининг қўлланилиши нисбатан камайган ҳудудларда кўпроқ содир бўлишини аллақачон исботлаб берганлар. Бу исботни маънавий инқироздан дарак берувчи огоҳлик қўнғироғи дейиш мумкин. Бунга қўшимча, маънавий айниш, хиёнатнинг турлича йўлларига оёқ қўйиш каби жиноятлар асосан маҳаллада, жамоада эътиборсиз қолган, муаммолари ёғига қоврилиб, нажот йўлини топишга қийналаётган кишиларда учрайди. Давлатимиз раҳбарининг  янги сиёсати мағзида жамиятнинг ҳар бир қатлами, ҳар бир касб эгаси, ҳар бир ўсмир, ҳар бир нуроний, кам таъминланган ҳар бир оила, моддий ёрдамга муҳтож ҳар бир ногирон доимий эътиборда бўлсин, ҳаммани бирдек кўрайлик деган улуғ ният ётади. Бой-бадавлат бўлиб кетиб, бошқаларни менсимай қўйганларга ҳам, масъул лавозимга келиб, оёғи ердан узилганларга ҳам тегишлича эътибор қилиш,  хатоларини  тузатиш зарур.

Абу Наср Форобий ўз асарларида тарбия таълимдан устун турадиган ва таълимга нисбатан эрта бошланадиган жараён эканини таъкидлайди.  Буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бош­қаларга поймол бўлур“, деганида қанчалик ҳақ эканини бугунги ёш авлоднинг халқаро майдонда эришаётган ютуқларидан билиб турибмиз. Исмоил Сомоний ўтмиш аждодлари шуҳратига маҳлиё бўлиб, ўзи бир ишнинг этагидан тутмаган, аллома  қариндошлари номларини пеш қилиб, обрў-эътибор топмоқчи бўлган,  улар билан фахрланиб юраверган, умрини шу тариқа ўтказадиган кишини ўлик, унинг улуғ аждодларини эса тирик деб ҳисоблаган. Бу  насиҳатни тўғри тушунган ёшлар ўтмиш аждодлар билан фахрланиш баробарида, уларнинг миллат шаънини баланд тутиш борасидаги яратувчанлик ишларини муносиб равишда давом эттиришга астойдил бел боғлаганлари ҳам таҳсинга лойиқ.

Маънавий таҳдидларнинг барчаси ғайриинсоний моҳиятга эга. Чунончи, онгимизга, турмуш тарзимизга нопок йўллар билан тиқиштирилаётган ахлоқий бузуқлик, зўравонлик, тажовузкорлик, индивидуализм, эгоцентризм ғоялари ортида ўзга халқларнинг шахсий ҳаётига, турмуш тарзига  аралашиш, уларга ўз “қадрият”ларини сингдириш мақсади   ётади. Бу дунёда ҳар бир халқ ўзи танлаган йўлдан юришга,  тарих синовларидан ўтган урф-одатлари, миллий-маънавий қадриятларини келажак авлодларига мерос қилиб қолдиришга ҳақли. Бу ҳуқуқни инкор қилиш ёки  сохталаштиришга уриниш маънавий тажовуздан ўзга нарса эмас. Аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя“ асарида одамлар ўртасидаги муносабатларга раҳна солиш, диний бетартибликни келтириб чиқариш энг оғир жиноят эканлиги айтилган.

Ўзбекистон бағрини дунёга кенг очаётган мамлакатдир. Ватанга қайтиш нияти, Ватан боғларида пишиб етилган бир шингил узумни ўз қўли билан узиш, Ватан булоқларига оғиз қўйиб симириш, Ватан тўйларида қулочни кенг ёзиб ўртага чиқиш, Ватан ҳавосидан нафас олиш, бугунги Ўзбекистонни, унинг навқирон янги авлодини кўриш орзусида бўлганлар, юраги тош қотмаганлар учун эшигимиз, бағримиз ҳамиша очиқ. Негаки, Ўзбекистон битта, у биз учун Ватан, сиз учун ҳам Ватан, шоир Сирожиддин Саййид ёзганидек, “Ватан бўлмас Ватандан ташқарида…”.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг