Бир булоқдан сув ичиб (2019 йил, 24 сон)

266

Ўзбек – афғон адабий алоқалари тарихидан

Бу йил Афғонистон Республикаси мустақилликка эришганига юз йил тўлади. Шу муносабат билан қадимдан ягона адабий-маданий муҳитдан озиқланган, суви ва замини муштарак ўзбек ва афғон халқларининг адабий алоқалари ҳақида икки оғиз фикр айтиш эҳтиёжи юзага келди.

Икки мамлакат  ўзаро адабий алоқаларининг ҳозирги кўриниши илк бор йирик маърифатпарвар, шоир, адиб ва жамоат арбоби Муҳаммадшариф Сўфизоданинг Кобулда “Сиро­ж ул-ахбор” газетасида босилиб чиққан шеър ва маърифий  мақолаларидан бош­ланади. ХХ аср аввалидаги Афғонис­тон маъ­рифатпарварлик адабиётининг асосчиси Маҳмуд Тарзий асос солган “Сирож ул-ахбор” га­зе­таси ўз вақтида Самарқанд, Бухоро сингари йирик маданий ва маърифий марказларида ҳам тарқалар эди.

Ўтган асрнинг  20-30 йилларидан бошлаб  зиёли юртдош­ларимиз мустамлака ва зулм исканжасидан қочиб, қўшни афғон тупроғидан қўним топди. Улар орасида Ўзбекистондан Афғонистонга бориб қолган атоқли шоир Шарофиддин Шарафни (1894-1973) эслаш ўринлидир. Афғонистон ўзбеклари орасида “домла Бедил Тошкандий” номи билан машҳур бўлган бу зот Тошкентда туғилиб,  Бухоро мадрасасида таҳсил олган. Маърифатпарвар адиб ва жамоат арбоблари Беҳбудий ва Мунаввар Қори билан яқин муносабатда бўлган. Шоирнинг ғазал, мухаммас, рубоий ва шеърлари ўзбек мумтоз шеърияти анъаналарига ҳамоҳангдир.

Бошқа бир таниқли ўзбек шоири Мир Муҳаммад Амин Қурбат Тошкентда туғилиб, Бухорода таҳсил олиб, 22 ёшида Афғонистоннинг Андхўй шаҳрига келиб қолган, икки тилда бирдек ажойиб ғазаллар ёзган соҳиби девондир. У  бир ғазалида:

Бухоро маърифатнинг кони эрди ондин айрилдим,

Жаҳон тор ўлғуси зарра дилим бахти сиёҳимдан,

Муродим Ўзбекистон гар Бухоро ёдини истасам,

Узоқ қилди фалак устоди дониши дастгоҳимдин —

деб ёзган эди.

Қўқонда туғилган, асли чустлик  Абдурашид Маҳдум Чустий (1908—1983) ҳам ХХ асрнинг 20 йилларида Кобулга кўчиб келган ва таҳсил олиб, шифокор-жарроҳ мутахассислигини эгаллаган бўлса-да, юксак бадиий савиядаги ғазаллар битган. Унинг кўплаб ғазалларида “ватан доғи” тинчлик бермаганини  кўрамиз:

Чустий кўз ёши бирлан ғурбат ерин боғ айлаган,

Қон юрак розин билурға ғунча яфроғини кўр.

Бу пайтга келиб Ўзбекистонда ҳам Афғонистон адабиёти ҳақида  илмий таҳлиллар, кузатувлар юзага чиқа  бошлаган. Чунончи, ёзувчи ва афғоншунос Азиз Ниалло (Станишевский) 1946 йили “Звезда Востока” журналининг 3-сонида “Афғон адабиёти ҳақида мулоҳазалар” мақоласини чоп эттирди. 50-60 йилларда республикамизнинг турли газета ва журналларида Осиё ва Африка халқлари адабиётларидан намуналар жамланган  алоҳида тўпламларда афғон адабиёти, фольклори ҳақида кўплаб илмий мақолалар ва таржималар, қўшни мамлакат ҳақида шеър ва бадиий асарлар чоп этила бошланди. Жумладан, Т.Г.Абаеванинг “Афғон халқ оғзаки ижоди ҳақида” (“Звезда Востока” журнали, 1958 йил, 10-сон) мақоласи, тараққийпарвар  афғон шоир ва ёзувчиларидан Маҳмуд Тарзий, Абдурауф Бенаво, Нур Муҳаммад Таракий, Гул Почо Улфат ва бошқаларнинг рус ва ўзбек тилларида чиққан шеър ва ҳикоялари, шунингдек, “Афғон эртаклари” (1956), “Афғон прозасидан” (1958), “Бегуноҳ маҳбус” (1963) сингари  тўпламлар ўзбек тилида кўп минг нусхада чоп этилди.

60-йиллар  ўрталаридан Афғонистонга адабий-маърифий ташрифлар ҳам амалга оширила бошланди. Хусусан, 1964 йили атоқли ўзбек шоири ўафур ўулом Кобулда бўлиб ўтган Абдураҳмон Жомий таваллудининг 550 йиллигида  иштирок этиб, Жомий ва Навоийнинг дўстлиги ва адабий ҳамкорлиги, адабиётларимиз алоқалари ҳақида мазмунли нутқ сўзлади. 1966 йил февралида Алишер Навоий таваллудининг 525 йиллиги  муносабати билан  атоқли олимларимиз Иброҳим Мўминов, Қори Ниёзий, Воҳид Зоҳидов ва Ҳамид Сулаймон Афғонистонда  бўлиб, афғон адиблари, олимлари билан фикр алмашишди.

 1969 йили Темурийлар даври санъати бўйича Самарқандда ўтказилган халқаро симпозиумда таниқли  афғон адабиётшуноси Абдулҳай Ҳабибий маъруза  билан қатнашди. 1973 йили атоқли  навоийшунос олим Абдуқодир Ҳайитметов Афғонистонга илмий сафар қилиб, Афғонистон илмий жамоатчилигини ўзбек мумтоз адабиёти, Ўзбекистонда навоийшунослик борасида олиб борилаётган тад­қиқотлар билан таништирди.

1978 йил апрелда мамлакатда рўй берган Савр инқилобидан сўнг Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги адабий алоқалар янги босқичга кўтарилди.

Бу кезларда республикамизда  турли тилларда ижод қилувчи  афғон адиблари асарларини саралаб таржима қилиш ва оммалаштириш кенг йўлга қўйилди. С.Лойиқнинг “Тонг қўшиғи”, Д.Панжширийнинг “Зиндон элчиси”  номли шеърлар тўплами, таниқли носир А.Ҳабибнинг “Ойдин” номли қиссаси ва ҳикоялари,  “Афғон халқ эртаклари” тўплами босилиб чиқди. Файзулла Аймоқ томонидан афғонистонлик ўзбеклар халқ оғзаки ижоди намуналари жамланган “Халқ дурдоналари” тўпламининг чоп этилиши  адабий-маданий алоқаларимиз тарихида алоҳида саҳифа очди.

 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида 1984 йили  ташкил этилган Афғонистон адабиётини республикамизда тарғиб қилиш гуруҳи томонидан  “Савр шабадалари” номли  замонавий Афғон адабиётининг антологияси тайёрланди. Унга  Афғонис­тоннинг ўзбек, пашту, дарий, балуж, туркман ва бошқа тилларда ижод қилувчи адиблари асарларидан намуналар киритилди.

Айни  пайтда Афғонистондаги нотинч  вазиятга қарамасдан адабий-маданий алоқалар ривожи  йўлида муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2017 йили С. Қорабоевнинг “Амир Ҳамза Шинворий шеърияти ва Ҳайбар адабий мактаби” мавзусидаги илмий иши ёқланди. А.Манноновнинг “Ҳозирги замон Афғонистон адабиёти”, Раҳмонхўжа Иномхўжаевнинг “Афғонистон дарийзабон адабиёти (XVIII-XIX асрлар)” сингари китоблари чиқди.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида олиб бораётган очиқ ташқи сиёсати натижасида  ўзаро адабий алоқалар ривожига  Афғонистоннинг ўзида ҳам сезиларли аҳамият берилмоқда. Бу борада, энг аввало, бу мамлакатда истиқомат қилаётган ўзбек адибларининг саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаш лозим. Улар, асосан, ўзбек мумтоз адабиёти анъаналари йўлида ижод қилиб келишмоқда.

 Афғонистонда ўзбек мумтоз адабиётини ўрганиш, хусусан, 1980 йилда улуғ шоир Алишер Навоий ижодини тадқик этиш, таржима килиш ва оммалаштиришнинг ўн йиллиги деб эълон қилиниши, қисқа вақт ичида Навоий ва унинг адабий муҳити ҳақида кўплаб илмий мақолалар чоп этилишига турт­ки бўлди. 1981 йили  Кобулда пашту тилида Навоий ва унинг асарлари ҳақида “Амир Алишер Навоий” номли мақолалар тўплами, 1982 йили  Бобур Мирзо шеърларининг илмий-танқидий девони чоп этилди. Девонни истеъдодли адабиётшунос Шафиқа Ёрқин тайёрлади. Девон Ўзбекистон ва Афғонистон илмий-адабий жамоатчилиги томонидан бобуршуносликка қўшилган катта ҳисса сифатида юқори баҳоланди.

Афғонистонда Ўзбекистон мавзусига бағишланган асарлар орасида паштузабон ёзувчи Муҳаммаддин Живокнинг “Ўзбекистонлик дўстларимга” асари, айниқса, туркман тилида ижод қилувчи шоир Раҳимқул оға Чўлоқнинг “Ўзбекистонга салом” достони  алоҳида ажралиб туради.

Умуман, Ўзбекистон  мавзуси ва ўзбекистонлик адибларимизнинг кўплаб асарлари Кобул радиосининг ўзбек ва туркман тилларидаги  эшиттиришларида бериб борилди.

Кейинги пайтда Афғонистонда Алишер Навоий ва  Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди кунлари муносабати билан деярли ҳар йили халқаро ёки мамлакат миқёсида илмий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Хусусан, 2016 йили Навоий ҳазратлари таваллудининг 573 йиллиги муносабати билан  Кобулда ўтказилган халқаро илмий анжуманда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф ўани  бобомиз хотирасига атаб катта маъруза қилди. Анжуманда дунёнинг кўплаб  шарқшунослари қатори Ўзбекистондан ҳам навоийшунослар иштирок этишди.

Афғонистон олимлари томонидан сўнгги ўн йилликда учта муҳим ишга қўл урилди. 2011 йилда таниқли адабиётшунос ва таржимон Бурҳониддин Номиқ Натан Маллаевнинг “Ўзбек адабиёти тарихи” номли салмоқли асарини дарий тилига таржима қилиб,  илмий шарҳлар билан чоп эттирди. 2015 йили бу  олим академик Воҳид Абдуллаев қаламига мансуб “Ўзбек адабиёти тарихи”нинг иккинчи жилдини дарий тилига таржима қилиб, бир минг нусхада чоп эттирди. Шунингдек, афғонистонлик таниқли адиб, адабиётшунос олим Абдулла Руин Навоийнинг деярли барча асарлари матнларини тад­қиқ қилиб, уларни бир қатор қўлёзмалари билан қиёслаб, эски ўзбек алифбосида 16 та китоб, 27 жилдда чоп этди. Ушбу фундаментал тадқиқот охирги йилларда дунё навоийшунослигида яратилган энг сара ишлар қаторидан жой олди.

2018 йилдан эътиборан Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, илмий, таълимий, маданий ва адабий алоқалар тарихида янги саҳифа очилди. Айниқса, Афғонистон Ислом Республикасининг Президенти Ашраф ўанининг юртимизга ташрифи ҳамда Тошкентда Афғонистон бўйича тинчлик конференцияси  ўтказгани  икки қўшни халқ  маданий ва адабий алоқаларини янги босқичга кўтарди. Ҳозир Афғонистонда Ўзбекистонни янги қиёфада қайта  кашф қилишмоқда. Ўзбек адабиётига қизиқиш ҳар қачонгидан ҳам юқори даражага чиқмоқда.

Абдураҳим МАННОНОВ,

Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори, филология фанлари доктори, профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг