Афсонага айланган раққоса (2019 йил, 24 сон)

262

Тошкент шаҳрида бўлганимда таниқли раққоса, жаҳонга маш­ҳур “баҳор” рақс ансамбли асосчиси мукаррама турғунбоеванинг асл шогирдларидан бири, ўзбекистон халқ артисти гулнора маваева билан учрашиб, суҳбатлашишга мушарраф бўлдим. суҳбат менда жуда катта таассурот қолдирди. суҳбатимиз шаҳарнинг кўкаламзор, обод туманларидан бирида жойлашган файзли хонадонда, бир пиёла чой устида бўлиб ўтди.

Ёши тўқсонга бориб қолган ажо­йиб тақдирли бу аёлнинг ҳикоясини тинглар эканман, унинг саналарни, исм­лар, воқеаларни эслаб қолгани — ноёб хотирасидан ҳайратландим. Яна ҳам муҳими, санъаткор ҳозиргача ўзбек хореогра­фия­сида кечаётган воқеаларнинг барчасидан хабардор экан. Чунки уни ардоқлайдиган шогирдлари тез-тез йўқлаб туришади, ундан маслаҳат сўрайдиган, янгиликлардан хабардор қилиб, хабар олиб туришади.

Ўзининг ҳикоя қилишича, бошида болалиги беғубор ва бахтли кечган. Ота-онаси ва синглиси билан Самар­қанддаги “Обухово” кўчасида истиқомат қилишган, у ерда ўша даврнинг сара ўзбек зиёлилари, Туркистонга император Александр томонидан сургун қилинган рус князи Романовларнинг авлодлари яшашган. Айнан улардан Гулнора рус алифбоси ва адабиётини ўрганган. Шундай бахт­ли болалик 1937 йили Сталин сиёсатининг шафқатсиз қатағони туфайли бир зумда барбод бўлади. Ўшанда унинг отаси, партиянинг масъул ходими бўлган Низомиддин Маво, одатдагидек, ишга кетиб қайтиб келмайди. Кейинроқ эса маш­ҳур уйғур инқилобчиси Абдулла Рўзибақиевнинг қариндоши, маълумоти юрист бўлган онаси Сония Рўзибоқиевани ҳам олиб кетишади. Гулнора болалар уйига жойлаштирилади, синглиси Эльмара бувиси Ҳожар Рўзибоқиева келгунича татар энага қўлида қолади. Афсуски, ота-онаси қамоқда соғликларига жиддий путур етгани сабабли у ердан чиққач, бир йилдан сўнг оламдан ўтишади.

Гулноранинг профессионал раққоса ва балерина бўлиб етишишида Мукаррама Тур­ғунбоева, уста Олим Комилов ва Тамарахонимнинг хизмати катта бўлди. Отасининг яқин дўсти Низом Холдоров 1939 йили Гулнорани болалар уйидан олиб, Тамарахоним номидаги балет мактабига ўқишга жойлаштиради. Қизча бу даргоҳда Петербургдаги Мариинский театридан келган рус педагогларидан классик балет санъати сирларини ўрганади. Бу ерда Гулнора билан бирга болалар уйида яшайдиган, қатағон қилинган оилаларнинг саккиз нафар қизи ҳам таълим оларди. Уста Олим Комилов ва Мукаррама Турғунбоева ўзбек рақс санъатидан дарс беришарди. Г.Маваева ҳамон уларни катта ҳурмат ва меҳр-муҳаббат билан ёдга олади. Кейинчалик М.Тур­ғунбоева Гулнора учун махсус бир неча ўзбек миллий рақсларини саҳналаштирди. Бу рақс­лар унинг энг сара рақслари қаторидан жой олди. Ўзининг айтишича, у, айниқса, Фар­ғона мактабига хос майин лирик рақсларни яхши ижро этарди.

1949 йили Гулнорани “Большой театр” қошидаги Москва хореографик билим юртига малака оширишга юборишади. У ерда маҳоратини ошириш ҳамда рақс тарихи ва назариясига оид билимини янада бойитиш имкониятига эга бўлади. Сўнгра унинг Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида ажойиб саёҳат ва гастролларга бой, кўплаб концертлардан иборат раққосалик фаолияти бошланади. Г.Маваева “Дон Кихот”, “Боғчасарой фонтани”, “Маскарад”, “Балерина”, “Бахт қирғоғи”, “Уйқудаги гўзал”, “Эсмеральда”, “Фауст”, “Дон Жуан”, “Етти гўзал” каби балетлар ва бошқа кўплаб концерт номерларида етакчи партияларни ижро этади. Беҳисоб гастроллар, саё­ҳатлар туфайли (Маваева дунё­нинг 42 давлатида бўлган) Гулнора Вивьен Ли, Хачатурян, Давид Ойст­рах, Галина Уланова, Игорь Моисеев, Рашид Бейбутов, Марсель Марсо каби дунёга танилган санъаткорлар билан яқиндан танишиш бахтига муяссар бўлди. Инглиз тилини яхши ўзлаштирган Гулнора хорижий давлатларга қилган гастроль ва саёҳатларида таржимонга муҳтожлик сезмасди. У, ҳатто бир неча бадиий фильмларда суратга тушиб, ўзини актрисалик фаолиятида ҳам синаб кўрди.

Г.Маваева 1963 йилдан ўша пайтдаги Тошкент хореография билим юртида дарс беришни бошлади. 1968 йилдан 1970 йилгача Ленинграддаги Ваганов номидаги билим юртида тажриба орттирди. У ерда Эрмитажга тегишли мусиқий, балетмейстерлик архивини чуқурроқ ўрганиш имкониятига эга бўлди. Бу нарса кейинчалик янги рақс ғояларининг туғилишига омил бўл­ди. 1975 йили Тошкент хореография билим юртига бадиий раҳбар қилиб тайинланган Гулнора Низомовна билим юрти педагогларининг савиясини янада ошириш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида Россия ва бошқа хориж давлатларидан таниқли балетмейстер, хореограф ва рақс педагогларини таклиф қилди. Бундай тадбирлар миллий балет санъати ривожида муҳим аҳамият касб этди.

Санъаткордан раққосалик фаолиятида етакчи омил нима бўлганини сўраганимда, бу чин дилдан, завқ билан рақс тушиш имкониятидир, деб жавоб берди. “Ҳар бир ҳаракатда қалб туғён уриши лозим”, дейди Г.Маваева. Бетакрор раққоса ўзбек миллий рақс санъати ва балет санъатида нимагаки эришган бўлса, бунинг бари, шуб­ҳасиз, Мукаррама Турғунбоеванинг устозлиги билан чамбарчас боғлиқ эканини айтди. Ўзи аллақачон афсонага айланган санъаткорнинг улуғ устозига эҳтироми ёшларга сабоқ бўлгуликдир.

Роза ВЕРКО, англиялик санъат журналисти.

Мақолани К.Эгамбердиева тайёрлади.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг