Олис юлдузлар товуши (2019 йил, 24 сон)

1289

Суҳбат

Оқарсув бўйида, оқшом чоғида,
Қари тол бошида ой порлаган пайт.
Озурда туйғулар қўналгоҳида
Менга сув тилида сирларингни айт.

Илкис тун сайрига шамол чақирса,
Шовқинли шаҳарни айлансанг секин.
Чор тарафда тинмай севинч бақирса,
Сен соғинч тилида бир нарса дегин.

Не кечар дунёнинг ўнгу сўлида
Туйғулар кўзёшдай қалқиб турган пайт.
Ҳамма лақилласа бозор тилида
Сен кўнгил тилида бирор жумла айт.

Қандай тушунтирай ҳолимни сенга
Эгик бошим узра ойдай ёғду соч…
Барини бир четга қўйгин-да, менга
Сукунат тилида юрагингни оч.

Буюк чилла

Қирқ кеча-кундузда бийдай саҳрони
Ялангоёқ юриб ўтди бу дарвеш.

Қирқ минг томиридан қирқта дарёни
Қумлар узра бунёд этди бу дарвеш.

Қирқ томчи теридан қирқта шаҳарни
Харобалар узра қурди бу дарвеш.

Қирқ кун саҳро бўйлаб қирқта баҳорни
Шамолдай етаклаб юрди бу дарвеш.

Тупроқдай хокисор хоки танидан
Бир тунда қирқ булоқ очди бу дарвеш.

Ҳазрат Сулаймоннинг ўтиб ёнидан
Бир кунда қирқ йилни ошди бу дарвеш.

Ўтдан ялангоёқ, ялангбош ўтган,
Қирқ кунга қирқ ҳикмат битди бу дарвеш.

Қирқ минг йилдан бери уйқуда ётган
Саҳрони уйғотиб кетди бу дарвеш.

Кечки сайрдаги кузатишлар

Эски бир дўконда бир жанда одам
Шайтон билан “гаҳ”лашиб ўтирарди.

Ташландиқ бир боғда маъюс бир киши
Виждон билан гаплашиб ўтирарди.

Бир хотин бурқсиган қаҳвахонада
Ҳайвон билан наҳслашиб ўтирарди.

Бир кас танглайида қурбақа сайраб,
“Қуръон” билан баҳслашиб ўтирарди.

Кимдир замонига замбарак отиб,
Макон билан чаплашиб ўтирарди.

Сарғайган бир китоб ичра бир Одам
Имон билан гаплашиб ўтирарди.

Тунги далада ёлғиз

…Тунги дала…

Ойнинг ёруғида оқариб турар
Ёлғизоёқ сўқмоқ.
Соямга эргашиб бормоқдаман жим,
Манзилим йироқ.

…Тунги дала…
Овози тинмайди чирилдоқларнинг –
Мусиқа тинмас.
Олисдан юлдузлар товуши келар,
Кўнглим ҳам жиммас.

…Тунги дала…
Пишган гиёҳларнинг иси анқийди
Тун салқинида.
Мангулик китобин ўқий бошлайман
Ой талқинида.

Эй тун, менга ҳикматингни оч,
Эй тун, менга ҳикматингни оч!

Хуан Рамон Хименес китобига ёзув

Ёнимдан шошилиб ўтади шамол,
Шарқираб қаёққа чопади сувлар?

Шошилиб қай сори учиб борар Ер?
Шошилиб тарк этар мени туйғулар.

Туну кун қайгадир шошади ҳаёт,
Хайр ҳам демасдан мангу кетдинг сен.

Буюк залвор билан шошар коинот,
Қайгадир шошилиб бораяпман мен.

Қаёққа, билмайман, эвоҳ, қаёққа?..
Бобур айтганидай, юз оҳ, қаёққа?

 

Энг қадим, энг янги

Қадимги битикда ўқидим:
“Тангри кимга хайрихоҳ бўлмаса,
Унга хотини хайрихоҳ бўлсин!”.
Энг қадим, энг янги битик бу.
Сўнгра ўзимча бир савол тўқидим:
Агар хотини ҳам хайрихоҳ бўлмаса,
Нима қилсин?.. Нима қилсин? Нима қилсин?!
Энг қадим, энг янги сўроқ шу.

* * *
Кимсасиз адирда… Ёз кечасида…
Қорайиб ҳурпаяр ёлғиз бир ўтов.
Ерга тушиб қолган кун парчасидай
Ўчоқда тўлғонар бир тутам олов.

Чўпон, бу тунингга мени қўноқ эт,
Адирлар сеники, сеники осмон.
Бир кеча кўнглингга мени ҳамроҳ эт,
Бахши шамоллардан тинглайин достон.

Кимсасиз адирда… Ёз кечасида…
Ҳурпайган ўтовга тушганда йўлим,
Ўчоқнинг бир тутам алангасида
Йўқотган дўстини топганди кўнглим.

Кибру ҳаво

Қўлингни узатсанг юлдузга етар,
Пойингда неча мулк, қанча салламно.
Қовоғинг остида қирқ бир қиш ётар,
Беш кунлик даврон деб мунча таманно.

Ахир бир каллага минг салла нечун,
Қўлдан шамол кетар, тилдан бол кетар.
Зарур бўлганида яшамоқ учун
Одамга қултум сув, парча нон етар.

Бир бешикка сиққан дунёга сиғмас,
Бир йўргакдан чиққан сиғмас осмонга.
Бир кафан, бир қабр сўнг улуши бас,
Шунда ҳам осмон тор, ер тор инсонга.

Кафтингни очсанг бас, сийму зар қўнар,
Пойингни безайди кибру тасанно.
Қовоғинг остида қирқ қилич ўйнар,
Беш кунлик даврон деб шунча таманно.

Қари қарға

У ёшин пеш-пешлаб вайсар доимо
Қари қарға каби назари кўп оч.
Оқ сочларин сотиб яшару, аммо
Бир кун тентакда ҳам оқаради соч.

Кўриб-кечирмаган сира эл бўлмас,
Ҳамон юрт оралаб юрар бир мақол:
Ҳар мўйи оқарган оқсоқол бўлмас,
Ахир эчкида ҳам оқарар соқол.

Жавзо

Шамолда чайқалган терак бошида
Порлаб кўринади ўн тўрт кунлик ой.
Фусункор Жавзо балоғат ёшида
Сенинг ёшлигингдай очади чирой.

Кўкда ой, пастда мен бирга борардик,
Майин ёғдуларга кўмилган борлиқ.
Сенинг ёшлигингга тумор сўрардик,
Кибор чоғларингга тилардик соғлиқ.

Афсуски, бу тун ҳам ўтару кетар,
Ой ҳам қолиб кетмас терак бошида.
Шаббодалар ҳар кун менга эслатар
Сени ўн тўрт кунлик Жавзо ёшида.

1943 йил. Урушдан хат келди

Ҳарф танимас эди бу аёл…
Савод чиқармаган, мактаб кўрмаган.

Хатни шомда ўғли унга тутқазди.
Почтачи келганда уйда бўлмаган…

Титроқ қўлларида бир энлик қоғоз
Оқ қалдирғоч каби потирлар эди.

Аёлнинг лабида дуои салом
Жон шамоли каби шитирлар эди.

Хатми бу, хатмми, ё хатми Ҳаёт,
Қоғозга айланиб борарди Аёл.

Жонажон ҳарфларни ўқишни истаб
Бир парча хат узра қадди, руҳи дол.

Ҳарф танимас эди бу Аёл…
Лекин сирлар бордир муҳаббатга хос.

Ўша кун эридан келган хатни у
Ҳарфма-ҳарф, сўзма-сўз ўқигани рост.

* * *
Азал дафтарида не ғам, не тараб,
Қандай ажр бордир ё қандай жазо?
Мунча безовтасан, эй булбули таъб,
Қара, пойингга гул тўшамиш жавзо.

Гарчи бир бош узра минг битта савол,
Ҳукмлар забтида жонлару шонлар.
Лекин сен титрама, эй қизғалдоқҳол,
Сенга деб шудринглар йиғмоқда тонглар.

Шафақларга боқиб чекмагил андуҳ,
Умрим беш кунлик деб кўтарма фарёд.
Шу беш кун ҳаққига, эй капалакруҳ,
Сенга деб бир боғни тиклабди ҳаёт.

Эшқобил ШУКУР

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг