Биз билган ва билмаган Остроумов (2019 йил, 24 сон)

199

Эҳтирос, ўрни билан, кўп ҳолларда ижод аҳлига зарур. Аммо илм одамларининг эҳтиросга берилиши мантиқдан ташқари  ҳолатларни ҳам келтириб чиқаради – ҳақиқий воқеалар ва далиллар эҳтирослар заминига кўмилиб қолади. Мустақилликдан кейин ўтмишга ростакамига баҳо бериш мақсадида, тарихни тафтиш қилиб, айрим ҳолларда хатолар, камчиликлар қидиришга шунчалик берилдикки, бунинг оқибатида Ўрта Осиё илм-фанига катта ҳисса қўшган баъзи бир рус ва европа олимлари ҳақида бир ёқлама фикрлар ҳам айтилди.

Жумладан, Туркистон мустақиллигини тал­қин ва таҳлил қилиш асносида ислом илмини Россия ва унинг қўл остидаги ўлкаларга ёйишда катта хизмат қилган, Ўрта Осиё фольклорини ёзиб олиш, тўплаш каби ишларда фидойилик кўрсатган Николай Петрович Остроумовнинг номи ҳам унутилди. Ваҳоланки, унинг илм, маърифат йўлидаги хизматлари атоқли шарқшунослар томонидан эътироф этилган. Чунончи маш­ҳур турколог олим А.Н.Самойлович 1906 йил декабрь ойида В.В.Бартольдга ёзган мактубида Н.П.Остроумов “Равнақ ул-ислом” асарини биринчи марта чоп эттирганини ёзган. Шарқшунос К.К.Юдахин ўз хотираларида ёзишича, Н.Остроумов ҳеч қачон ерли халқ­қа беписанд муносабатда бўлган эмас. Шунинг­дек, Н.Ос­т­роумовнинг  илмий фаолиятида “Исломшунослик”, “Шариат”, “Қуръон ва прогресс” каби ўнга яқин асарлари асосий ўрин эгаллагани маълум.

Ўзбекистон Марказий архивида Н.Остроумов фонди бор. Архив анча бой, турли мавзулардаги материаллар жамланган. Бу ҳужжатлардан англашиладики, Н.Остроумовнинг мақсади миссионерликдан кўра, Туркистон халқларининг маърифий оламини ўрганишга қаратилган архив ҳужжатлари бунга далил бўла олади. Бир мисол. Агар Н.Ост­роумовнинг мақсади Туркис­тон халқлари орасида миссионерлик ишларини олиб боришдангина иборат бўлганда у асосий урғуни шунга қаратган бўларди. Остроумов фондидаги материалларни кўздан кечириб шунга амин бўлдикки, у, эҳтимол, Туркистонга миссионерлик мақсади билан келгандир, аммо бу ўлкада ислом динининг мустаҳкам илдиз отганини кўриб, маҳаллий халқнинг бой ёзма адабиёт ва халқ оғзаки ижоди билан танишишга, уларни ўрганишга киришган. Фаолияти кўпроқ Туркистон халқларининг салоҳиятини — халқ оғзаки ижодини, ёзма адабиётини русийзабон халқларга ёйишдан иборат бўлган.

Ўзбекистон Марказий архивининг Н.Остроумов фондидаги ўнлаб йиғма жилдда жамланган ҳужжатларни кузатганда унинг ўзбек ва бош­қа туркий халқлар оғзаки ижодини ўрганиш ва тўплаш ишларини сидқидилдан олиб боргани эътиборимизни тортди. Бу материаллар халқ оғзаки ижодининг турли жанрларига, этнографияга, адабий танқидга доирдир. Уларнинг аксариятини Остроумовнинг ўзи ёзган, бош­қалари бизга таниш ва нотаниш муаллифларники бўлиб, материаллар турли газеталарда чоп этилган ва уларни Остроумов қирқиб олиб тўплаган. Тўпланган материаллар рус тилида, шунингдек, араб имлосида ўзбек ва қозоқ тилларида чоп этилган бўлиб, уларни эртаклар, афсона ва ривоятлар, этнографик материаллар, адабий-танқидий мақолалар ташкил этади. Шу билан бирга, ўзбек тилидаги шеърлар, мактублар ҳам бор. Бизнинг Н.Остроумов фондида жамланган материалларга алоҳида урғу беришимиздан мақсад — бу зиёли инсоннинг шахсини улуғлаш эмас, балки унинг ерли аҳолининг интеллектуал салоҳиятига кўрсатган ҳурмат ва эҳтиромини алоҳида таъкидлаш. Зотан, ҳақ гапни ҳужжатлар айтади.

 “Туркистон вилоятининг газети”, “Киргизы”, “Окраина” каби газеталардан ва кўплаб оммавий нашрлардан Н.Остроумов қирқиб олиб тўплаган материаллар унинг қизиқиш ва билим доираси кенглигини кўрсатади. Намуна сифатида “Фан ва маориф” (“Наука и просвещение”) газетасининг 1896 йил биринчи сонидан олинган материалларга эътибор берайлик. Газетанинг шу биргина сонида В.Бартольднинг “Ўрта аср шеъриятидан” (“Из средневековой поэзии”), П. Фалёвнинг “Қора қирғиз билиналари қандай тузилади” (“Как строится кара киргизская былина”) номли катта ҳажмли мақолалари, яна П.Фалёвнинг татар ёзувчиси Галимжон Ибрагимовнинг “Кунларимиз” (“Наши дни”) романига бағишланган  “Татар инқилобий романи” (“Татарский революционный роман”) номли тақризи, Абубакир Диваевнинг “Авлиё Қўрқут отанинг қабри ҳақида бир неча сўз” (“Нес­колько слов о могиле святого Хорхут ата”) мақоласи, йиғи-йўқловларга оид муаллифи номаълум бир мақола ўрин олган. Бу мақолалар бошқа миллатга мансуб зиёлилар ХIХ асрда қадимги туркий адабиёт ва фольклорга, Туркис­тон халқларининг удумлари ва урф-одатларига, умуман, маънавиятига шунчалик эътибор берганини, ўз навбатида, Н.Остроумов ҳам бу ишларга жиддий қараганини кўрсатади.

Н.Остроумовнинг маҳаллий аҳоли зиёлилари билан ўзбек тилидаги ёзишмалари ХIХ аср охиридаги Туркистон адабий ва маданий муҳити ҳақида, қолаверса, Н.Остроумов шахсини ва салоҳиятини, қизиқиш доирасини кўрсатадиган далиллар сифатида қимматлидир. Жумладан, 143-йиғма жилдда араб ёзувида ва кириллча ҳарфларда  турли мавзудаги мактублар жой олган. Шулардан бири Аваз Муҳаммад Мирзо Умид ўғлининг Остроумовга ёзган “Босмаи олий” сарлав­ҳали мактуби “Азизу мукаррам бўлғучи улуғ давлат ойоси, Туркистон мамлакатининг ахборномаси(яъни газетхонаси)нинг сардори Остроумов ҳазратларина…”,  деб бошланган. Мактублар шундан далолат берадики, Н. Остроумов ҳам, бошқа рус зиёлилари ҳам ўзбек тилини шунчаки ўрганиб бу тилда ёзиш билан чекланишмаган, балки улар шарқона мактубот услубини жуда яхши ўзлаштирганлар. Хусусан, Н.Остроумов Қозон диний семинария­сида шарқ тиллари бўйича олган билимлари натижасида “миссионерлик фаолиятидан” кўра, Шарқ дунёвий илмига муҳаббат қўйди ва Шарқ илмини пухта ўзлаштирди.

Буни унинг Абубакир Диваевга чексиз ҳурмати акс этган мақолаларида кўриш мумкин. Зотан, А.Диваев Туркистон ўлкаси халқларининг этнографияси ҳақида рус тилида кўплаб мақолалар ёзган ва “Туркистон вилоятининг газети”да, “Окраина”, “Таржумон” газеталарида муттасил чоп эттириб борган. Н.Остроумовнинг архивидаги А.Диваевнинг “Бахши” (“Бақси”), “Причитание” (“Аза қўшиқлари”) ва Ўрта Осиё туркий халқларида болаларга исм қўйишга доир кузатувларига бағишланган ва бошқа мавзулардаги мақолаларини ҳам мисол сифатида келтириш мумкин.

Остроумов фондидан жой олган “Адабий илова” (“Литературное приложение”) ҳам эътиборга молик. Бу илова эллик саҳифадан ортиқ. Ҳар бир саҳифанинг ярми араб ёзувида, ярми матн­нинг рус тилига таржимаси. Материалларнинг араб ёзувидаги нусхаси, асосан, қозоқ тилида. “Адабий илова” қозоқ тилидаги “Ўлук кўмув  ҳам ош берув” номли мақола билан бошланади. Бу мақоладан ке­йин туркий халқлар оғзаки ижодига оид ривоятлар, афсоналар ўрин олган. “Луқмони ҳаким”, “Қарға билан  лочин”, “Избости бой” каби афсоналар шулар жумласидандир. Ҳар бир ривоят маълум бир дидактик мазмунни ифодалайди. Жумладан, Юсуф Купеев чоп эттирган “Қарға билан лочин” масалида ҳар иккала қушнинг муносабатларига оид бир воқеа ҳикоя қилинган.  Қарға ҳам Лочин сингари яшашни орзу қилиб, унга ўхшаб кўп егуликлар йиғади ва ўзини намо­йиш қилиб қағиллайверади. Унинг атрофига кўплаб қушлар йиғилиб, қарғани роса мақтайдилар. Уларнинг шовқин-суронидан безор бўлган Лочин баланд­га учиб чиқиб, қарғани ва унинг ҳамтовоқларини қўрқитиш учун шиддат билан пастга шўнғийди. Қарғанинг атрофидаги қўриқчи ва маддоҳ қушлар ўша заҳотиёқ ҳар томонга учиб ғойиб бўлади. Қарға хатосини англаб етади. Масал сўнгида шундай хулоса чиқарилади: “Қарғанинг азоб-уқубат тортишига  тўплаган егуликларидан фойдаланишни билмагани ва  калта ўйлагани сабаб бўлди. Агар қарға мақтанчоқлик қилмасдан, йиғиб-терган егуликларига маҳлиё бўлмасдан улардан расамади билан фойдаланганда эди, атрофига уни талтайтириб юборган бир талай қушларни тўпламаган бўларди”. “Адабий илова”даги “Луқмони ҳаким” номли ривоят ҳам юқоридагидай панд-насиҳат мазмунидадир.

143-йиғма жилддаги архив ҳужжатлари орасида 1889 йил 25 июль санаси қайд этилган ва “Собственное произведение Шимкентского уезда Кыдыр Али” деган ном битилган бир шеър учради. Бу шеър қозоқ тилида битилган  бўлиб, бадиияти юксак бўлмаса ҳам, илм-маърифатни тарғиб қилгани, халқни илм-маърифатли қилиш учун амалдорларга даъват этилганидан англашиладики, шоир жадидчиликка ҳурмат билан қараган.

Мана ўша шеърдан икки мисра:

Тошкентда таълим бердинг кўп одамға,

ўилимда фитир берурда қилиб тамом.

Остроумов фондидаги материаллар орасида “Гўрўғлининг қиссаси бу турур” деган жумла билан бошланадиган достоннинг, фарзандсиз сайёд ҳақида яна бир достоннинг ва “Чўлак ботир” сарлавҳали эртакнинг қўлёзмалари ҳам бор. Қўлёзмалар чиройли настаълиқ хатида кўчирилган. Мазкур йиғма жилддаги достон ва эртаклар қўлёзмаларини кўздан кечириб шунга амин бўлдикки, улар Остроумовнинг дастхатларидир. Қолаверса, қўлёзмалар саводли, хатосиз ва ХVIII – XIX аср ўзбек тилининг қонун-қоидаларини сақлаган ҳолда ёзилган. Бошқа миллатга мансуб одамнинг араб имлосидаги ўзбек ёзувини ва эски ўзбек тилининг тарихий қонуниятларини шунчалик пухта эгаллагани таҳсинга сазовордир.

Остроумов фонди тўғрисида кўп гапириш мумкин. Биз фақат 143-йиғма жилддаги айрим материаллар ҳақида фикр юритдик. Келгусида Остроумовнинг Туркистон халқлари маънавиятига фидойилик билан қўшган ҳиссаси тўғрисида яна кўп гаплар айтилиши та­йин.

Насимхон РАҲМОНОВ,

филология фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг