“Tashkent  city”: келажакка юз тутган пойтахт (2019 йил, 24 сон)

384

“Тошкентнинг тариғини еган чумчуқ Маккадан ҳам қайтиб келади”, деган ҳикматни кўп марта эшитганмиз, бироқ мағзини чақишга уриниб ҳам кўрмаган бўлсак керак. Унинг замирида эса улкан маъно мужассам. Зеро, “Нон шаҳри”, “Дўстлик шаҳри” номларини олган Тошкенти азимнинг меҳмондўстлиги, файзу тароватининг таърифи етти иқлимга таралган бўлиб, бир бор ташриф буюрган кишини ўзига оҳанрабодек қайта-қайта тортавериши сир эмас. Қадим-қадимдан Шош, Шошкент, Чоч, Чочистон, Банокат, Тарканд, Бинкент, Тошканд номлари билан аталиб келган Тошкентнинг фахрланса арзийдиган ўзига хос қадимий тарихи, муборак қадамжолари, бетакрор обидалари, олиму фузалолари бор. Чунончи, Шайх Ҳованд Тоҳур, Зангиота Ҳимматий, Шайх Зайниддин Бабо, Хожа Аҳрор Валий, Қаффол Шоший, Шайх Умар Боғистоний, Абу Бакр Шоший, Абу Сулаймон Банокатий, Ҳофиз Кўҳакий каби улуғ тарихий сиймолар миллатимиз учун маънавий-маърифий ибрат мактабини ўтаган десак муболаға бўлмайди.

Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида ҳукм сурган очарчилик ва қаҳатчилик оқибатида қанчадан-қанча одамлар нон шаҳрида жон сақлаганини, Иккинчи жаҳон уруши пайтида Россия, Украина ва Белоруссиядан эвакуация қилинган юз минглаб болажонларни тошкентликлар бутун меҳру муруввати билан оқ ювиб, оқ тараб ўстирганликларини кексаларимиз яхши эслашади. Бу борада темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва Бахри Акрамованинг жами 16 нафар болани асраб олиб, ўз фарзандларидан аъло даражада тарбия­лаб, катта қилганлик­ларини айтиб ўтиш ки­фоя­дир.

Халқимизнинг азалий орзулари рўёбга чиқиб, Мустақилликка юз тутганимиздан кейин 2200 йилдан ортиқ тарихга эга Тошкент янгидан чирой очиб,  том маънода “Шарқ дарвозаси”га айланди. Мустақиллик Тошкент тарихида ҳам янгича даврни бошлаб берди. Истиқлол йилларида шаҳар қиёфасини таниб бўлмас даражада ўзгартириб юборган бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Тошкентнинг йирик саноат, маданият, илм-фан ва сиёсий маркази сифатидаги нуфузи янада ошди. Бу ерда кўплаб мамлакатларнинг элчихоналари ва ваколатхоналари очилган. Бошқа дипломатик миссиялар, обрўли халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари ишлаб турибди.

2007 йилда халқаро ­Ислом конференцияси­ ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйи­ча муассасаси (АЙСЕКО) Тошкентни ­Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилди.

2009 йилнинг апрель ойида ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига бағишланган юбилей тантаналари бўлиб ўтди. Шу йил 26-27 майда “Тошкентнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги тутган ўрни” мавзуида халқаро илмий-конференция ўтказилди. 2009 йил октябрь ойида эса
ЮНЕСКО иштирокида Тошкентнинг 2200 йиллиги кенг нишонланди. Юқоридагиларнинг барчаси пойтахтимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътиборининг эътирофидир.

Шоир айтганидек:

Бугунги Тошкент – бу порлаган офтоб,

Оламни бағрига чорлаган офтоб.

У кўзгу бўлолди, ҳа, Осиёга,

Маърифат мезбони бутун дунёга.

Халқаро анжуман ўтмаган кун йўқ,

Келиб кетгувчилар кўзларида чўғ.

Агар У хазина – кафтда дурдек тут,

Уни қурганларнинг номин нурдек тут!

Бугунги кунда Юртбошимиз раҳнамолигида Тошкент шаҳрини янги давр руҳига мос замонавий мегаполисга айлантириш борасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 апрелдаги “Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бунёдкорликнинг мустаҳкам пойдевори вазифасини ўтади. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июлдаги “Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса Тошкент шаҳри марказида “Tashkent Сity” халқаро ишбилармонлик маркази янги замонавий комплексининг қад ростлашига асос  бўлди. Қурилиш ишларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида иншоотларнинг қурилиши ва фойдаланишга топширилиши бўйича дирекция ташкил этилди.

Улкан қурилиш лойиҳасини амалга ошириш учун “Tashkent City” дирек­ция­си танлов асосида энг кучли экспертлар жамоасини жамлади. Бунда ARUP (Буюк Британия) – архитектура концепциясини ишлаб чиқувчи, Cushman and Wakefield (АҚШ) – тижорат концеп­ция­сини ишлаб чиқувчи, SF Landscape Architecture (Италия) – ландшафт концепциясини ишлаб чиқувчи, Prime Tower Group (Ўзбекистон) – бош лойиҳачи, Disckover Invest  (Ўзбекистон) – бош пуд­ратчи сифатида танлаб олинди. Эътиборга лойиқ томони шундаки, турар жой ва маъмурий бино ҳамда иншоотлар дигитал архитектура, деконструктивизм ва хай-тек замонавий йўналишлари бў­йи­ча қад ростламоқда. Шу билан бирга бу ерда миллий меъморчилик анъаналари ҳам илғор концепциялар ила ажиб уйғунликда мужассам бўлади.

Қурилиш ишлари бир зум бўлса-да тўхтамайди. Саксон гектарли ҳудуддаги “Шаҳар ичидаги шаҳар” келгусида Тошкентнинг ташриф қоғозига айланиши кутилмоқда.

Барча қулайликларга эга “кичик шаҳар”ни бунёд этиш учун “Ўқчи” ҳамда “Олмазор” маҳаллалари танлангани бежиз эмас. Ўтмишда Тупроққўрғон қалъасига туташган қадимий “Ўқчи” маҳалласи ҳудудида Тошкентдаги 12 дарвозасининг биттаси – Қўймас жойлашган эди. Анҳорнинг чап қирғоғидаги Толи Қўймас қўрғони ва дарвозасини ўқчи сарбозлар қўриқлаган. Шу боис маҳалла “Ўқчи” номи билан юритилган. Маълумотларга кўра, 1797 йили Тошкент ҳокими Юнусхўжа қўшинларида йигирмага яқин тўп ҳам бўлган. Тўп ўқлари асосан “Ўқчи” маҳалласида қуйилган. Қадимда бу ерда бутун Шарқда “Камони Шоший” номи билан машҳур бўлган, узоққа отиладиган ва нишонга бехато урадиган ўқ-ёйлар ҳам тайёрланганлиги ҳақида маълумотлар бор. Шўролар замонида республикага бир неча йил раҳбарлик қилган  Акмал Икромов ҳам шу маҳаллада  истиқомат қилган, унинг ўғли, ёзувчи Комил Икромов “Ўқчи кўчаси” тарихий романини ёзган.

“Олмазор” маҳалласи ҳам қадимий гўшалардан ҳисобланади. Бу маҳалла муҳташам мачитлари билан ажралиб турган, учта карвонсаройи бўлган. Ке­йинги йилларда ҳар иккала маҳалладаги уй-жойлар ва иншоотлар эскириб, фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Ҳатто ушбу маҳаллалардаги уй-жойларнинг бузилиши ҳақида гап-сўзлар ўтган асрнинг 50-йилларидан бошланган эди.

“Tashkent Сity”да жаҳон андозаларига мос замонавий бизнес-офислар, меҳмонхоналар, савдо-кўнгилочар маркази, дам олиш масканлари, барча қулайликларга эга боғ, кўп қаватли шинам турар жойлар қурилиши кўзда тутилган. Метронинг “Алишер Навоий” бекати қайта қурилиб, унинг чиқиш йўлларидан бири бевосита “Tashkent Сity”га уланиб кетади.

“Tashkent Сity” лойиҳаси маҳаллий ва хорижий инвесторлар маблағлари ҳисобига молиялаштирилмоқда. Улар 12 та компаниядан иборат бўлиб, учтаси Германия, Англия ва Корея Республикасига тегишли.

“Tashkent Сity” саккизта лотдан ташкил топган бўлиб, биринчиси тегишли инфратузилмадан иборат турар жой комплексини ўз ичига олади. Иккинчи лотни учта ўн саккиз қаватли турар жой ва иккита йигирма икки қаватли иншоот (меҳмонхона, бизнес маркази), ижтимоий объектлар болалар боғчаси,  тиббиёт мажмуаси,  учинчисини эса мамлакатимиздаги энг йирик савдо-кўнгилочар маркази ташкил қилади. Унинг таркибидаги учта улкан миноранинг иккитаси 30 қаватли меҳмонхоналар, учинчиси эса 25 қаватли бизнес маркази бўлади. Баландлиги 200 метрли, 45 қаватли бино Ўзбекистондаги дастлабки осмонўпар иншоот (ундан шинам хонадонлар ва офислар жой олади) – тўртинчи лотга тегишли бўлади. Бешинчи лот конгресс-холл ва йигирма бир қаватли беш юлдузли “Hilton” меҳмонхонаси, олтинчи лот йирик компаниялар, банклар ва молия-кредит институтларининг бош офислари жойлашадиган замонавий ишбилармонлик марказини ўзида ифода этади. Еттинчи лотда – мумтоз европа услубида бунёд этилган икки қатор уйлар ва уларнинг ўртасида кенг савдо хиёбони (шопинг авенью) чирой очади. Ниҳоят саккизинчи лотдан Grand Park  замонавий истироҳат боғи жой олади.

Бунёдкорлик ишларида 4500 дан ортиқ ишчи-хизматчилар фаолият кўрсатаётир. “Tashkent Сity”нинг экологик ечими ва замонавий дизайни ҳам ўзига хос. Масалан, биринчи лот(8 гектар)даги Gardens Ressidence 9 та кўп хонадонли, “А” тоифа­­даги турар жой мажмуасининг қурилишида Буюк Британиянинг ARUP  архитектура бюроси, Туркиянинг “Ozquven” лойиҳалаш ҳамда “Мaven” консалтинг компаниялари мутахассислари иш олиб бормоқда.

Иншоотларнинг зилзилабардошлилигини таъминлаш учун Сан-Франциско, Истанбул ва Токио каби шаҳарларнинг тажрибаси ўрганилди. “Hilton” меҳмонхонаси 258 та номердан ташкил топади, уларнинг 8 таси юқори мартабали меҳмонларга мўлжалланган. Унда шунинг­дек, халқаро учрашувлар ўтказиладиган заллар, ресторан ва барлар жойлашади. Тўртинчи қаватда ҳавода муаллақ турган аквариумни эслатувчи бетакрор ҳовуз жойлашади. Меҳмонхона ёнидаги 33 минг квадрат метрли конгресс-холл давлат раҳбарлари ва юқори мартабали меҳмонларнинг учрашувлари учун мўлжалланади. Энг сўнгги техника ва технологиялар билан жиҳозланган конгресс-холлнинг пастки қисмида ерости автотураржойлари бўлади.

11 гектарли ҳудудда бунёд этилаётган “Boulevard” турар жой мажмуаси бутунлай мустақил ва автоном ҳудуддир. Унда қулай ҳаёт, шарқона бағрикенглик ва файз мужассам. “Boulevard” лойиҳасида қурилишнинг Европа услублари, шунинг­дек, нозик ва латофатли шарқона услуб бирлашган, бинолар лойиҳасини яратишда Испания ва Италиянинг гавжум кварталларидан андоза олинган. Бу ерда ҳар бир турар жой блокининг ёпиқ ички ҳовлиси бор.

Хушманзара хиёбонлар ва нафис архитектура пойтахтнинг ўзига хос шинамлигини яратади. 3000 дан ортиқ ўринга эга, ер усти ва ер ости автотураргоҳи автоулов эгасини шахсий, қўриқланувчи жой билан таъминлайди.

Ҳашаматли бульварда сайр қилиш, оилангиз билан очиқ ҳаводаги обод ва шинам жойларда вақт ўтказиш, бир пиёла чой ёки қаҳва устида янгиликларни муҳокама қилиш, бутикдан янги костюмни сотиб олиб,  ўзингиз яшайдиган уйнинг ёнидаги ресторанга учрашувга бориш… Бу ерда ҳаётингиз ёқимли ва хотиржам ўтади.

Европа сайилгоҳи номини олган шопинг-авеню кўчаларида бутун “Tashkent City” аҳолиси ва меҳмонлари ўз вақтларини мароқли ўтказишлари мумкин.

“Boulevard”да жойлашган  155та бино машҳур брендлар кийим бутиклари, шинам кафе ва ресторанлар, кенг шоу-румлар, банклар, супермаркетлар ва бошқаларни ўз ичига олади…

“Tashkent City”да ўтмиш тарихий ёдгорликларини сақлаб қолиш, уларни қайта тиклаш ҳамда маданий-маърифий иншоотлар қурилишига ҳам эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, ҳудуддаги ХХ аср бошларида қурилган ва узоқ йиллардан буён фойдаланилмаётганлиги боис қаровсиз ҳолга келган Орифжонбой мачити Маданий мерос объектларини сақлаш бўйича рес­публика илмий кенгаши мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди. Мачитнинг яхлит мажмуавий кўриниши сақланган ҳолда уни қайта тиклаб, келажак авлод учун қолдириш зарур, деган тўхтамга келинди.

Ўзбекистон Фанлар академияси архитектор-реставраторлари томонидан бу борада дастлабки режа тузилган. Ҳозир ушбу йўналиш бўйича мутахассислар томонидан иш чизмалари тайёрланмоқда.

Ҳудуддаги яна бир тарихий ёдгорлик Эшонзодалар сағанасидир. Маълумотларга кўра, унда эшон Аҳмад Маҳмуд Қоратоший ва унинг авлодларига тегиш­ли тўртта сағана жойлашган. XIX-XX  асрларга тааллуқли ушбу мақбаранинг тарихий қиёфасини тиклаш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилади.

Саккизинчи лотдан ўрин олган 18,6 гектарли яшил боғ “Tashkent City” ло­йи­ҳасининг юрагига айланади. Боғда ўзига хос ландшафт дизайни татбиқ этилади ва унинг ичида турли маданий-маърифий ва кўнгилочар иншоотлар қад ростлайди. Масалан, боғдан бир нечта кўргазма заллари бўлган планетарий жой олади, Ўзбекистондаги дастлабки FLY Theatre кинотеатри мухлислар учун ўз эшикларини очади. Ушбу кинотеатрда намойиш чоғида ўриндиқлар ҳавога кўтарилиб, гўёки парвоз пайтидаги томоша манзараси юзага келади. Шунингдек, ушбу мажмуадан Лондондаги дунёга донғи кетган Тюссо хоним мум ҳайкаллари музейига ўхшаш музейнинг қурилиши ҳам бошлаб юборилди. Машҳур давлат раҳбарлари, сиё­сатдонлар, эстрада ва кино юлдузлари, энг кучли спортчиларнинг аслига жуда мослаб ишланган ҳайкаллари музейдан ўрин олади. Планетарийда эса юлдузлар, сайёралар, кометалар ва метеорлар билан тўлиқ осмонни кузатиш мумкин бўлади. Бунинг учун зарур анжом ва технологиялар олиб келинган.

Боғ марказидаги майдонда сунъий кўл ва унинг мусиқали фаввораси мавжланиб, дам олувчиларни ўзига чорлайди.

Очиқ амфитеатрлар, кафе, ошхона, музқаймоқхоналар, турли кўнгилочар муассасалар ва дам олиш жойлари келгусида нафақат “Tashkent City”, балки барча ҳамшаҳарларимиз ва пойтахтимиз меҳмонларининг ҳам энг севимли ҳордиқ чиқарадиган масканларидан бирига айланиши шубҳасиз.

Бир тасаввур қилиб кўринг-а, катта йўлда йўлчироқ ва йўл белгилари бўлмаса-да, машиналар муаммосиз ҳаракатланади. Буюк Британия, Франция ва Япония йўлларида қўлланилаётган Shared Spase  концепцияси “Tashkent City”да ҳам татбиқ этилади. Ушбу тизим йўл ҳаракати қатнашчиларининг хавфсиз йўлдан фойдаланишларини таъминлайди.

Ҳозирга қадар қурилиш-тиклаш ишларининг 55 фоизга яқини ниҳоясига етказилган. Чунончи, 5-, 8-лотлар ҳамда 7- ва 1-лотнинг катта қисми 2019 йилнинг сентябрь ойига қадар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Умуман олганда, 2021 йилнинг охирларида тўла-тўкис қуриб битказилиши мўлжалланаётган “Tashkent Сity”да яшил зоналар, савдо-дам олиш-кўнгилочар марказлар, ҳар хил хизматлар кўрсатадиган объектлар, ўқув масканлари ва мактабгача таълим муассасалари жой олади.

Бугунги кунда пойтахтнинг Олмазор, Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларида ҳам бизнес-ситиларни бунёд этиш ишлари бошлаб юборилди. Бундай замонавий лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши “Шарқ дарвозаси” ҳисобланмиш Тошкенти азимнинг янада обод ва гўзал бўлиши, замонавий мегаполисга айланиши, қолаверса, сайёҳлар оқимининг кўпайиши ва хорижий инвестицияларнинг жалб этилишига муҳим замин яратади.

Давлатимиз раҳбарининг яқинда Андижон вилоятига ташрифидан сўнг Андижонда ҳам “бизнес-сити” бунёд этиладиган бўлди.

Демак, хайрли ташаббус мамлакатимиз бўйлаб ҳам давом этади.

Дилшод ИСРОИЛОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг