“Шахматни шеър билан қиёс айладим” (2019 йил, 23 сон)

194

Шарқ мамлакатларида шахмат (шатранж) ўйини муҳим қадрият сифатида эъзозланган. Буюк бобокалонларимиз шахмат ўйинига жиддий қизиқиш баробарида ўзлари ҳам маҳорат билан дона сурганлар. Тарихчи Ибн Арабшоҳ “Амир Темур ўз тафаккурини пешлаш мақсадида муттасил шатранж ўйнарди” деб ёзган. Ҳазрат Алишер Навоий ҳам уста шахматчи бўлган, ўз асарларида шатранж мавзусига ҳам тўхталган. Мўъжизакор бу ўйин ижод аҳлига битмас – туганмас илҳом, завқ-шавқ бағишлаган. Хуллас, шахмат қадимдан ижод аҳлининг ҳамроҳи ва яқин дўсти бўлиб келган.
Халқимизнинг суюкли шоири Эркин Воҳидов фақат шоирлиги билан эмас, балки шахматга ишқибозлиги билан ҳам маълум ва машҳур эди. Устоз ёзувчиларнинг Чорвоқдаги дала ҳовлисида ўтказилган анъанавий шахмат мусобақасида кетма-кет икки марта биринчи ўринни олган. Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиалида ўтказилган шахмат мусобақасида ҳам ғолиб бўлган.
Эркин аканинг шахматга ишқибозлиги билан боғлиқ ҳангомалар жуда кўп. Уларнинг айримларини “Дўрмон ҳангомалари” китобимда ёзганман.
Кунлардан бир кун водийдан Эркин Воҳидовнинг мухлислари келиб, шоир суҳбатидан баҳраманд бўлиш учун чойхонада жам бўлишади. Шоирни бошлаб келиш унинг яқин мухлиси, ҳаваскор қаламкаш ва моҳир жарроҳ Иброҳим Мусаевга топширилади. Эркин ака ўта муҳим ишлари борлигини айтиб, узр сўрайди.
— Меҳмонлар узоқдан, атай сизни деб келишган, лоақал беш дақиқага бориб, салом-алик қилиб қўйинг ҳеч бўлмаса, — дейди Иброҳим ака илтижо қилиб.
Шоир ноилож йўлга чиқади. Чойхонада меҳмонлар билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, узр айтиб, кетмоққа чоғланаётганда шундоқ кўрпачанинг бир четида сочилиб ётган шахмат доналарига кўзи тушиб қолади.
— Ие, шахмат бор экан-ку! — дейди шоир жонланиб.
— Ҳа энди, ўзимизча эрмак қилиб ўтирувдик-да, — дейди меҳмонлардан бири ийманибгина.
— Қани, биз ҳам бир эрмак қилайлик-чи, — дейди шоир шахмат доналарини аста олдига суриб.
Рақиб ҳам тайёр экан, жанг қизиб кетади. Шу ўтиришганча беш дақиқа эмас, беш соатдан зиёд вақтнинг қандай ўтиб кетгани сезилмайди. Оқшом чўкиб, чироқ ёқилади. Уйига кетолмаётган чойхоначи безовталанади. Шоирнинг зарур иши ҳам аллақачон эсидан чиқиб кетади. Ишқибозлик шу даражада эди-да!…
…Эркин ака ўша қадрдони Иброҳим аканинг шахмат ўйнашини билмас экан, ногоҳ бир куни ўзаро дона суришиб қолади-ю ютқазиб қўяди. Табиатан ўта назокатли бўлган Иброҳим ака узоқ вақтгача Эркин аканинг кўзига кўринолмай юради. Ахийри бир куни телефонда гаплашиб қолишади.
— Иброҳимжон, нега кўринмайсиз? — деб сўрайди шоир.
— Ҳа энди, ўша оламшумул воқеадан кейин… хижолатдаман-да, Эркин ака, — дея жавоб қилади Иброҳим ака.
— Ўтмас пичоқ қўл кесар деб шуни айтадилар-да! — дейди аламзада шоир. Икковлон самимий кулишади.
Эркин ака билан шахмат тахтаси узра дона суриш асноси яна шунга амин бўлдимки, шахмат у киши учун шунчаки вақтни хуш ўтказиш ёки мияни озгина чал¬ғитиш воситаси эмас экан. Бир суҳбатимизда устоздан “Шахматни нима учун бу қадар яхши кўрасиз?” деб сўраб қолдим. Устоз шундай жавоб қилди: “Мен шахматни фақат спорт ёки илм, ё санъат деб эмас, балки жуда катта тарбиячи деб ҳисоблайман. Шахмат, биринчи навбатда, инсондаги курашчанлик ва ғалабага ишонч руҳини тарбиялайди. Хатони кечирмайди. Шахматни инсон тафаккури яратган мўъжиза деб биламан. Шахмат менга кўп нарса берган. Аввало, ижодий ишда. Каттароқ бир асар ёзганда, таржима қилганда мия худди тоққа чиққан мошинанинг моторидек қизиб кетади. Шунда на дам олиб бўлади, на кўзга уйқу келади. Ана шунақа вақтда бошни чалғитиш керак. Шунда менга шахмат ёрдам беради”.
Эркин ака юртимиздан чиққан биринчи шахмат устаси Мамажон Муҳиддинов, биринчи гроссмейстеримиз Георгий Аъзамов ва унинг хонадони билан яқиндан мулоқотда бўлган. Истиқлол шарофати туфайли шахматчиларимиз Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида иккинчи ўринни олганидан, Рустам Қосимжонов, Нодирбек Абдусатторов, Нафиса Мўминова, ака-ука Синдоровлар каби ёш шахматчиларнинг оламшумул ютуқларидан астойдил қувонганига гувоҳман.
Ўрта Осиёдан етишиб чиққан биринчи гроссмейстер Георгий Аъзамов журналист шахматчилар билан сеанс ўйнаганда Эркин ака машҳур гроссмейстерни ютиб қўйишига бир баҳя қолган. Гроссмейстернинг маҳоратигина уни мағлубиятдан қутқарган. Ўзбеклардан етишиб чиққан биринчи шахмат устаси Мамажон Муҳиддинов ушбу тарихий воқеа ҳақида матбуотда ҳаяжонланиб ёзиб чиққан эди.
Шахматда ғалати бир руҳий ҳолат мавжуд. Кўпинча ўзинг одатланган, ўйин услуби ўзингга яхши маълум бўлган ва кучлар нисбати ҳам деярли тенг рақибинг билан ўйнагинг келаверади. Мабодо шундай рақибингдан устун келсанг, худди жаҳон чемпионини ютгандек завқланасан. Бунинг сабабини изоҳлаш қийин. Эркин ака яқин дўсти, адабиётшунос олим Раҳматилла Иноғомов билан кўп йиллар мириқиб дона суришган. Дўстига совға қилган шахмат тахтасига шундай ҳазил дастхат битган.
Шахматни билган Раҳматга шахмат,
Бизни дўст қилган шахматга раҳмат.
Шахмат ҳақида кўп ва хўп ёзилган. Дарвоқе, шахмат ҳақидаги энг гўзал шеър ҳам Эркин Воҳидов қаламига мансуб, десак хато бўлмайди. Мана, ўша шеър:

ШЕЪР ВА ШАХМАТ

Катак қоғоздаги тўрт йўл шеър каби
Шахмат доналари саф чеккан қатор.
Найзадор филию шаҳсувор аспи,
Туғбардор фарзинга ҳужумга тайёр.

Шахматни шеър билан қиёс айладим,
Билимдон ўқувчим, қилма эътироз.
Шеър ахир эмасми шахматдек қадим
Шахматда йўқми ё шеърий эҳтирос.

Гўзаллик, нафосат, кураш ва санъат
Шеър ила шахматга азалий удум.
Минг йиллик умрида улар бешафқат
Доимо шоҳларга бошлаган ҳужум.

Ўйин, эрмак эмас, шеър ҳам, шахмат ҳам –
Ақллар кураши, туйғулар жанги.
Бу жангда қўйилган ҳар битта қадам
Фақат тўғри бўлсин, гўзал ва янги.

Шахмат кўп ўйналган, шеър кўп ёзилган,
Одатий юришлар ҳаммамизга ёд.
Боболар ўйнаган ўйинлар билан
Улар набирасин қилиб бўлмас мот.

Мен орзу қиламан тўрт йўл шеър битиб,
Элга манзур қилсам ақалли бир бор.
Шахматни илк бора ихтиро этиб,
Қувонган ҳиндудек эдим бахтиёр.

Шахмат абадийдир, шеър ҳам абадий
Юриш тугамасу сўз бўлмас тамом.
Шахмат тахтасида, шеър майдонида
ўоялар кураши этади давом.

Эркин ака астойдил жаҳд қилсалар, шахматда анча-мунча рақибга бўш келмасдилар. Ўйин пайтида рақибларига эҳтиром билан муносабатда бўлар, ўзидан кучсизроқ ўйинчиларни аяброқ дона сурар, айримлар каби ҳеч қачон ютганини пеш қилмас, юксак ички маданияти ҳар жабҳада намоён бўлар эди. Шахмат ўйинидан завқланишни Эркин акадан ўрганганмиз. Устоз билан шахмат тахтаси узра дона суриш ва шу асно гурунглашиш бахти биз — мухлисларга насиб этгани ширин хотира бўлиб қолди.

Шодмон ОТАБЕК,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг