Театр: репертуар сиёсати қониқарлими? (2019 йил, 23 сон)

83

Бугунги кунда театрларимизда спектакллар саҳналаштирилиб, томошабинларга тақдим этиляпти. Бир қарашда ҳаммаси кўнгилдагидек. Бироқ шундай савол туғилади: хўш, бу пьесалар бадиий жиҳатдан талабга жавоб бераяптими, амалий натижалар қандай? Зеро, бу каби саволларга жавоб топиш, шунингдек, ечим ҳақида ўйлаб кўриш зарур бўлган муаммолар бор. Репертуар, режиссура, кадрлар масаласини кўриб чиқиш жараёнида муаммолар ойдинлашади, деб ўйлаймиз. Негаки, мазкур учта масала ўзаро боғлиқ, уларни бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Театр фаолияти жараёни, театрнинг табиати шуни тақозо этади.

Аввало, шуни айтиш керакки, бугун аксарият театрларда бош режиссёр йўқ. Бу ҳол мазкур театрларда узоққа мўлжалланган аниқ репертуар режанинг йўқлигини, ижодий йўналиш ноаниқлигини кўрсатади. Яъни бу даргоҳларда ижодий жараён ўз ҳолича кечаётир. Айтайлик, кутилмаганда театрда қандайдир муҳим сана ёки юбилейга бағишланган спектакль устида иш бошланади. Кўпинча театрлар репертуаридан тез тушиб кетадиган спектакллар худди шу тариқа пайдо бўлади. Яна ҳам аниқроғи, кўпгина театрларда қатъий репертуар сиёсати йўқ. Аслида театрда ижодий тизим репертуар танлаш асосига қурилади. Яъни репертуарда замонавий пьеса, жаҳон ва миллий мумтоз, замонавий чет эл асарлари бўлиши керак.

Шу ўринда пойтахтимиздаги иккита театр — Миллий академик ва Рус академик театридаги вазиятга бир назар ташлайлик. Яқингача ҳар икки театрда бош режиссёр йўқ эди. Айни пайтда Санъат ва маданият институтида педагог сифатида фаолият кўрсатган Александр Кудрявцев Рус театрига бош режиссёр қилиб тайинланди. Шунга қарамай, ҳамон ҳар икки театрда аниқ, тартибли репертуар мавжуд эмас. Эҳтимол, театрларнинг бадиий кенгаши нима қиляпти, деган савол туғилар. Албатта, бу ўринли савол. Бироқ унга жавоб йўқ. Аниқроғи, аксарият бадиий кенгашлар ишламаяпти. Бу ҳолатга, юмшоқ қилиб айтганда, театрдаги ички мунозаралар, труппанинг гуруҳларга бўлиниб кетиши, ўзаро тушунмовчилик ва ҳоказолар сабаб бўляпти. Тўғри, Маданият вазирлиги мавжуд масалаларни ҳал қилиш, келишмовчиликларни бартараф этиш юзасидан иш олиб бораяпти. Бироқ бу мураккаб ва узоқ вақт­ни талаб қилувчи жараёндир. Албатта, бундай труппаларни тарқатиб юбориб, янгисини тузиш ҳам мумкин. Лекин бунинг учун кадрлар борми? Яна ҳам муҳими, мушоҳадали, ақлли, талант­ли ташкилотчини топиш муаммо.

Айни пайтда пойтахтда кучли раҳбарга эга театрлар ҳам бор. Бу жамоаларда театр ҳаёти муваффақиятли кечмоқда. Масалан, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри жамоаси аниқ, жиддий режа асосида ижод қилиб келяпти. Бу машҳур театр саҳнасида янги опера ва балет спектакллари муваффақият билан саҳналаштириляпти. Баҳодир Йўлдошев раҳбарлик қилаётган “Дийдор” театр-студияси репертуари ўзига хослиги билан диққатни тортади. Труппанинг ҳар бир премьераси пойтахт театр ҳаётида воқеа бўляпти. Олимжон Салимов раҳбарлигидаги Ўзбек давлат драма театри фаолияти ҳам эътиборга молик. Бу театр саҳнасида замонавий мавзудаги Ш.Бошбеков асари ҳам, Ч.Айтматовнинг “Жамила” асари асосидаги спектакль ҳам, жаҳон драматургиясидан К.Гольдонининг “Икки бойга бир малай”, Ж.Коктонинг “Сенга интизорман”, А.Несиннинг “Жонимни ол, азизим” каби асарлари ҳам томошабинларни ўзига жалб қиляпти. Чунки О.Салимов янги репертуар йўлида тинмай изланади, ёш режиссёрларни театрга жалб этади, таваккал қилади ва ютади. Муқимий номидаги мусиқий театрда, Ёш томошабинлар, Ёшлар ва Сатира театр­ларида ҳам ижодий жараён яхши кеч­япти. Бунда театр раҳбарларининг моҳир бошқарувчи, ташкилотчи экани, бадиий кенгашнинг фаолияти, талантли режиссуранинг, ва, албатта, кучли актёрлар труппасининг мавжудлиги муҳим аҳамият касб этяпти.

Театр раҳбарияти мисолида ҳамфикр тополмаган, ёрдам ололмаган режиссёрнинг ниманидир ўзгартиришга, яратишга, труппа билан ижодкорона ишлашга кучи етмайди. Шу билан бирга, режиссура ақлли, бошқара оладиган, ўз позициясини, ижодий режаларини ҳимоя қилишга қодир, талабчан бўлиши керак.

Ваҳоланки, сўнгги вақтларда аксарият театрлар репертуарида бадиий жиҳатдан ожиз, ифодавийликдан йироқ спектакллар кўпайиб боряпти. Уларда режиссёрнинг пьесага, асарда ўртага ташланган муаммога шахсий қараши йўқ. Бу каби спектаклларда ахборотнамолик, драматургик материалнинг юзакилиги, характерларни, конфликтни, ўзаро муносабатларни шакллантиришда чуқур тафаккурнинг етишмаслиги, асосийси, ҳаётий ҳақиқатни саҳнада жонлантиришнинг оддий қонун-қоидаларидан, “юксак вазифа”, “оралиқ воқелик” каби тушунчалардан бехабарлик яққол кўзга ташланиб туради. Табиийки, буларнинг бари режиссёрларнинг профессионал савияси пастлиги, режиссёр кадрлар тайёрлашдаги нуқсонлар натижасидир. Аслида режиссёрни тарбиялаб етиштириб бўлмайди. Фақат ёшларда режиссёрлик касбига қизиқиш уйғотиш мумкин. Бу азалдан ўқув жараёнининг мағзи ҳисобланади. Тўғрисини айт­ган­да, бугун талабаларни ўқишга қабул қилиш йўлларини ўзгартириш керак. Имтиҳоннинг янгича усулларини қўллаш, асосий эътиборни (80 фоиз) суҳбатга қаратиш лозим. Президентимиз ҳам бу ҳақда айтиб ўтганди. Албатта, театр тарихи, санъат турларидан саволлар бўлиши зарур. Ўқишга кираётган ҳар бир ёш замонавий театр жараёнидан хабардор бўлиши, санъатнинг кино, телевидение, тасвирий санъат, мусиқа, эстрада йўналишларида нималар кечаётганини билиши шарт. Айнан суҳбат жараёнида абитуриентнинг танлаган касбига муносабати, қизиқишлари, нима қилмоқчи экани ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Ниҳоятда муҳим бу нарса. Ва, албатта, ўқув режалари қайтадан кўриб чиқилиши, асосий эътибор махсус предметларга қаратилиши, бу йўналишлар бўйича соатлар аёвсиз қисқартирилмаслиги керак.

Муҳаббат ТЎЛАХЎЖАЕВА,

санъатшунослик фанлари доктори, профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг