Осгар (2019 йил, 23 сон)

52

А.С.Пушкин

Қабр тошлари аро борар йўловчи танҳо,
Ҳушёр қадам ташлайди, зимзиё тун, қоп-қора,
Кимсасиз чор атрофда туманли зулмат аро
Қўнишга жой излайди, топилса дейди зора.
Қирғоқ ҳам яланг, бўм-бўш, ғор ҳам учрамас бирон,
Йўқ ҳатто балиқчининг кулбасидек хилват жой.
Қўрқинчли шовуллайди йироқда қалин ўрмон,
Тонг ухлайди денгизда, булутлар ортида ой…

Кўрар: кекса бир куйчи йўсин* босган қояда
Ўлтирар, айқирган ул кучли оқимга боқиб.
Куйчи ўтмишдан сўйлар куй гоҳи ҳикояда,
Хаёлан замонларнинг сас-садосида оқиб.
ўамгин толнинг шохида осиғлиқ ўткир қилич.
Мўйсафид йўловчига сокин ташлайди назар,
Ёт эллар ўғли эса қўрқар, дилда бир илинж:
“Тезроқ бундан даф бўлай, қочай, балодан ҳазар!”

“Тўхта, йўловчи! Тўхта! – куйчи чол нидо қилар, –
Бунда мардлар ётибди, таъзим айлагил бажо!
Қаҳрамонлар қабрини тавоф этар яхшилар!”
Йигит тиз чўкар қалбдан… шу он адирда гўё –
Бир неча арвоҳ қонли бошлари баланд ҳолда
Эгилдилар йўлчига, юзларида табассум…
“Кимнинг тобути ўша?” – йигит сўрайди чолдан,
Ҳассаси билан соҳил ёқни кўрсатиб шу зум.

Тик қояга михланган пўлат дубулға, садоқ
Ой нурида товланиб нур сочар эди хира.
“Эвоҳ! Бунда жон берди Осгар, ёш эди бироқ,
Бу қоялар, даралар уни унутмас сира!
Мен кўрдим, жасур Осгар жанговар сафда шодмон,
Ёвга биринчи ўқни отмоқни истар эди.
Ва олдинга ташланди! Ҳалок бўлди-да ўғлон…
“Қабрингда тинч ёт! Топдинг шарафли қисмат!” – дедим.

Сенга айтсам, севарди Малвинани шавқ ила,
Бирга кутиб олишар сирли оқшомлар аро
Водийга оқаётган ой нурини завқ ила
Ҳам қоялар соясин қилишарди тамошо.
Юраклари бир бўлиб ёнмоқ истарди гўё;
Нафас оларди Осгар Малвина билан фақат.
Аммо бахт, ишқ онлари ўтди бамисли рўё,
Йигит бошига тушди шоми ғам-андуҳ, кулфат.

Кунлардан бир кун, намхуш қиш кечаси, зимистон,
Ёш малакнинг эшигин қоқади жигарсўхта…
Шивирлайди: “Гулим, оч! Бўлай мен жонингга жон!”
Аммо кулбадан сас йўқ. Йигит лол, бир оз тўхтаб,
Эшикни урар. Сас йўқ… Шамол шувиллар ёлғиз.
“Ухладингму, Малвина?.. – паға-паға ёғар қор,
Совуқдан ошиқ йигит сочларини босар муз, –
Нега жимсан, бу – менман, менман, Малвина дилдор?”

У бот урар эшикни, эшик очилар мана,
Ичкари кирар. Шўрбахт йигит боқару… қотар!
Кўз олдин туман босар! Титраб-қақшар Малвина,
Малвинанинг қўйнида Звигнел деган ётар!..
ўазабдан ёнар Осгар, кўзлари қонга тўлар,
Қўрқувдан тили боғлиқ, дир-дир титрайди хуштор.
Шарт қиличин суғуриб Звигнел бошин олар,
Руҳи учар, йўқ бўлар тун-кечада шармисор!

Малвина қучар зор-зор бебахт хуштор тиззасин,
Юзин ўгириб дейди Осгар: “Майли, тирик қол!
Нафрат қилурман сендан! Ҳайф сенга ишқ иззаси,
Бевафонинг доғини унутарман эҳтимол!”
Аста чиқар жим, сокин остонадан ташқари,
Алам ичини ўртар, гаранг, юзида қон йўқ.
ўойиб бўлар ишқ сеҳри, оламнинг ҳам гаштлари,
У ёлғиздир, ёнида ҳеч ким, жонига жон йўқ…

Шўрлик йигитни кўрдим: бош эгганча асабий
Малвинанинг номини шивирларди дам-бадам;
Худди денгиз қаърини қоплаган зулмат каби
Дунё қоронғу эди, юрак тўла ғусса, ғам.
У болалик дўстига шошилиб қарар, аммо
Бир нуқтага боққанча дўстни танимас унча.
Базмларга бориш йўқ, танҳо ғам – саҳро аро,
Ёлғизликда ғамига ўзи эди овунчоқ.

Осгар бир йил дард чекди гумону армонларда…
Бирдан жанг садо берди! Оденнинг ўғли Фингал
Қилич тутиб мардларни бошлади майдонларга,
Осгарнинг ҳам қалбига ўтлар тушди шу маҳал!
Ярқ этганда қиличи, ўлим қочар бегумон;
У – ярадор, йиқилди мурдалар узра ногоҳ!
Йиқилди – лекин қўли қиличин излар ҳамон,
Ва асрлар уйқуси уни элитар, эвоҳ!

Душман зириллаб қочди – тинч ухла, эй қаҳрамон!
Адирдаги қабр ҳам сариштадир, шовқин ёт.
Фақат куз, намчил ҳаво, ойсиз тунда ногаҳон,
Тоғларнинг чўққисига қўнганида зулумот,
Қирмизи булутлар ҳам туманга ўралган чоғ,
Чўкар қабр тошига арвоҳ, дили тўла роз…
Жаранглаб учар ўқлар, шақиллар қилич-садоқ,
Заранг дарахти титраб сирли шовуллар холос…”

 

1814

Муҳаммад Али таржимаси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг