Оқ сукунат ялтирар (шеърлар) 2019 йил, 23 сон

280

Нева соҳилида

1
Сокин оқаётир Нева дарёси.
Гавжум соҳилдаман чағалай каби,
Ўтмишга етаклар хаёл дунёси,
Ҳайратларга чулғар шоирнинг қалби…

Шеърият даҳоси – навқирон Пушкин,
Соҳилда тиклаган мангулик – ошиён1
Гоҳида ҳайқириб, гоҳида сокин,
Юрагида жўш урган тўлқинлар ҳар ён.

Бу кун дунё узра таралгай жўшқин,
Пушкин шеърияти Невадек бетин.

2
Петербург осмони қоп-қора чиммат
“Қоронғу ва ғамгин Невага боқар”.
Қирғоқда кезаман ўйчан бир фурсат,
Хаёлларим сувдай тўлғанар, оқар…

Нева соҳилида мен ёлғиз эмас,
Шовқин…Чағалайлар билмайди тиним,
Кемалар, қайиқлар тинмас бир нафас,
Фақат мен.
Фақат мен юрибман жим… Жим.

Пушкин сатрлари юрагимда жо,
У Невани севган, куйлаган қониб,
Тунлари дарёга этган илтижо,
Гўзал Наталья2нинг ишқида ёниб.

Бу кун икки юрак яшаган макон,
Шеърият, муҳаббат қасри бўлган у.
Энди тош суратда Пушкин беимкон –
Икки дунё узра тикилур мағрур?..


Пабло Нерудадан ўқир эдим шеър.
Ой парда тортганди,
Юлдузлар нурсиз.
Дарахтлар баргини тўкарди бир-бир.
Куз боғлар қўйнида кезар аёвсиз.
Дераза зиҳидан инарди совуқ.
Кўзларимда қотган мунғайган сукут.
Ҳавонинг авзойи кўнглимдай бузуқ,
Юрагим осмони қоп-қора булут.

Пабло Нерудадан ўқир эдим шеър.
“Бугун танҳо ҳасрат.
Шоир ва дунё”,
Пабло жасадини олган Она-ер
Қаъридан тингладим мунгли бир садо.

Пабло Нерудадан ўқир эдим шеър,
Томчилар китобга, оҳ, илиқ ёмғир.
Эй қариётган куз,
Кел, қўлингни бер,
Серғалаён дунё бунчалар оғир?!.


Узун тун қўйнида ёзолмадим шеър,
Руҳим осмонида чатнади юлдуз.
Худодан сўрадим биргина сатр,
Вақт карвонлари бўш ўтди, эсиз.

Юрагим қаърида уйғонмай туйғу,
Кўкларга учирдим умрим қанотин.
Изтироб жандасин киюрман, ёҳу
Заминдан изламай илҳомим отин.


Чорпоядаги аёл

Мусаввир Дилором Мамедованинг
“Сокинлик” суратига ёзув.

Поёнсиз дала…
Оқ кўйлакда сукунат ялтирар,
Туялардан улкан дарахтлар соясида
Ҳувиллаган чорпояда ёлғиз аёл —
Бошида булутдек рўмол.
Аёлни ютади бесарҳад хаёл,
Қайда қолди чоли?
Узоқларга чопар аёл кўзлари.
Ўт-ўланларни титкилар хиёл,
Ҳув, қайдасиз?
Сўфитўрғай каби
Ҳавода муаллақ сўзлари.
Балки, ухлаб қолган уватда
Офтоб нафасини кўтаролмай беҳол?
Шарқираган ариқда
Даласига сув тўсаётир, эҳтимол?
Улоқдаги отдек ёз ҳансирар,
Бир тутам шабада тутолмай.
Сокин чорпояда
Ёлғиз аёл,
Ёнида муштидан катта тугунча.
Бунча узун ёлғизоёқ йўл.
Аёлни етаклар олачалпоқ хаёл.


 

Тушлар

1
Бу кеча
ғалати туш кўрдим мен.
Воҳ, қушлардек,
дарахтлардан
дарахтларга учар эмишман.
Ажабо,
дарахтлар қоп-қора
булутлардан эмиш юксак.
ўалати туш кўрдим мен бу кеча.

2
Асқад Мухтор кирар тушларимга,
бир эмас,
икки эмас,
кўп бор.
Бир тушимда поезд бекати эмиш,
кўл балиғидек тирбанд эмиш одамлар.
Қўшиқдек янгрармиш қадамлар.
Асқад Мухтор менга ўйчан тикилиб:
нимадир тутқазди қўлимга.
Оловмиди, билмадим, оловмиди?
Вужудим ловуллаб ёнди-ку,
қафасда талпинган қушчадек.
кўксимга сиғмасди юрагим.

3
Дардчил хаёл оғушида
мен ухлаб қолибман.
Воҳ, раҳматли онамнинг
маъюс товуши
уйқудан уйғотди мени.


Қишлоқда авж олган пичан ўрими,
Офтоб кўзгусида нур тарар ўроқлар.
Кишнаб қўяди отлар соя-сояда.


Ҳассага таяниб йўл юрар
сочлари оппоқ чол.
Тобора
кичрайиб бормоқда Улкан йўл.


Наҳот, овозингни эшитдим,
юрагим жарига қулаган
оҳудек ҳуркак севгилим.


Жуда узун кечди ёмғирли кун.
Умримдан узун
кипригимга қўнди рутубат томчилар.


Қизариб бормоқда осмон.
Ҳозир қулар толиққан офтоб.
Мен эса кўнглингга излайман йўл.


Руҳим қуши кетар уйғониб,
мавжланиб оққанда мовий булутлар.


Кеча узун, кеча қисқа,
Товушимни тун ютар жим-жим.
Кетаяпман, сен қаёққа,
Ичимдаги эй, севинчим.
Жовдирайди, о, аллаким,
Кўринмайди тонг ҳам ҳали.
Юлдузлар оралаб, балки
Кетиб борар Турсун Али.

Турсун АЛИ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг