Фиделдан салом. Ҳикоя (2019 йил, 23 сон)

356

Хабар келдики, бобомиз чорлаётганмиш. Ҳаммани: ўғилларини, қизларини, невара-чевараю бошқа-бош­қа­ларни. (Биз охиргисига кирамиз.) Икки-уч ойдан бери шифтга тикилиб ётган банда бошига одам тўпладими, билаверинг, масала ҳал – рози-ризолик!

Бемор дегандек бўлдигу лекин шу чоққача бобонинг боши ёстиққа тегмаган-да. Ҳув, ишлаб юрган йиллари завод қошидаги омонат шифохонада икки кунгина ётиб чиққани бор. Қовун ёқмай қорни оғриб қолган. Ўшанда ёстиғи остидан бир ҳовуч ҳапдори топилган экан. Ана шундай, у киши на дорининг таъмини билади, на шилинган билагига “зелёнка” суртиб кўрган. Укол деса-ку бир чақирим нарига қочади. “Юзга кирмаган – номард!” дея чапаничасига кериларди чол яқин-ёвуқларига.

Тўқсонларни писанд билмай ҳатлаган шу одам бугун энди барчани қошига чорлаётир. Парвона бўлиб бошида ўтирган меҳрибон кенжасининг (ҳаммани хабарлаган шу) айтишича, “Дунёсидан зерикиб кетдим, қизим! – деганмиш ёта-ёта. – Етмишдан кейингисининг қизиғи йўқ экан ўзи. (Шу гап фарзандга андак ботибди, “Ойингдан кейинги умр­нинг” дейилишини кутган-да у. Бобомиз эса хийла эррайим: умр масаласига хотин-халажни аралаштиргиси келмайди.) Мен-ку мен, ана, Фиделдай одам кетди-ку дунёдан!..”

Бобо яқинда оламдан ўтган Фидель Кастрони назарда тутган. “Озодлик ороли”нинг умрзоқ доҳийсини. Бунинг тарихи бор, албатта. Бобомизнинг тўнғич ўғли бир вақтлар ҳарбий хизматни ўша олис орол томонларда ўтаган. Қисм командирининг машинасини ҳайдаган. Ўша кезлар чолу кампир телевизорнинг тагида ўтириб олганча халқаро аҳволга доир дийдиёларни тинглайвериб, унча-мунча жайдари шарҳгўйга “кишт” дейдиган бўлиб қолишган эди. Аксига денг, уруш-жанжал ҳам, тўфону тўзонлар ҳам негадир ўша оролнинг теварагида кечарди. “Время”даги ваҳималардан сўнг кўпинча кампирнинг қон босими кўтарилиб кетар, “адельфан” дегич арзандани қидириб қолишар эди.

Ул безовта оролни гирд-атрофдаги нодўстлардан муҳофаза этиб юрган йиллари бир кун Бахтиёрни машинада қолдириб, полковник хўжайини аллақайси муассасага кириб кетади. Бахтиёримиз тушиб йўл четида сигара тутатиб турса, бир маҳал тўртта қора машина қаторлашиб келиб ёнгинасида тўхтайди. Уларнинг биридан ким тушибди денг? Тополмайсиз, тополмаймиз – команданте Фиделнинг шахсан ўзи! Шошиб қолган аскар йигит сигараси чўғини бошмалдоғи билан эзиб ўчирадию чўнтагига тиқиб, тик қотади. Оташин инқилобчи ҳамиша ҳарбий либосда юрмасмиди, йигитимиз беихтиёр кафтини чаккасига тираб “салом” беради. Уч-тўрт мулозими қуршовида яқинлашган Кастро ҳам саломга “алик” қилиб қўяди ва ёнидаги ҳаваскор таржимон орқали совет солдатидан қаерлик эканини сўрайди. Аммо жавобдан қониқмай, “Йўқ, СССРнинг қайси республикасидансан?” дейди. “Ўзбекистон”ни эшитгач, келиб уни икки кифтидан қучади-да, сўнг қулочини кенг ёзиб, “А-а, Ташкент, Ташкент! Рашидов!” дейди хушвақтлик ила. Кейин эса Тошкентга келганида кўрган-билганини таърифлай кетади. Бу тафсилотлар довдираб турган Бахтиёримизнинг қулоғига кирмайди, албатта. Хизмат муддати қачон битажагигача қизиққан доҳий дабдурустдан “Оилада неча фарзандсизлар, отанг нима иш қилади, у неча ёшда?” дея савол ёғдиради. Отасининг таваллуд санасини айтганида, “О! О!” деб таажжубли хитоб қилади. Маълум бўлишича, отаси у билан тенгдош, бир йилда туғилган экан. Кетар чоғи команданте ёнидагиларнинг биридан олган сиртида ўзининг дунёга машҳур сумбати акс этган зарҳал боғичли сигара қутисини Бахтиёрга тутқазаркан, “Отангга салом айтиб қўй! Албатта!” дейдию мулозимларини эргаштириб нарироқдаги бино ортига ўтиб кетади.

Кутилмаган бу учрашувдан тахта бўлиб қолган Бахтиёр хўжайини олдига келганини ҳам сезмайди.

Чап чўнтагининг чўғдан ўйилган тешигини-ку амал-тақал кўклаб олди, бироқ куйган бошмалдоғи неча кун жизиллаб азоб берди. Полковникники булардан ошиб тушди, неча кун тергаб юрди: у нима деб сўради, сен нима деб жавоб бердинг?

Шу-шу, бобомиз Фидель Кастрога тенгдошгина эмас, баайни сафдош бўлди-қолди. Унча-мунча омироқ одам дуч келганида, “Анув Кубанинг подшоси бор-ку, соқолли, зўр, ўша билан бир кунда (“бир йилда”си қолиб) туғилганмиз! – дея шишиниб кетарди. – Бизга салом ҳам юбориб туради. Ишонмасангиз, ана, Бахтидан сўранг”. Шу гап билан йўқ гувоҳни топмоқчидек ён-верига қидириниб ҳам қарарди.

Бир сафар йўқлаб борсак, озиб-тўзиб қоқ суякка айланган беморимиз бошяланг, ёқасиз енгил оқ кўйлакда худди анови жонсараки жаҳон Маҳатма Гандига ўхшаб ўтирган экан. Айтмоқчи бўлдигу телба ўққа учиб қурбон бўлган тағин бир доҳий қиёфадошини эслатиб, кекса кишининг кўнглини бузгимиз келмади.

Худолиғини айтганда, чол ёмон яшамади. Ўша кўпирма қон босимлари касрига кампири андак барвақт қайтиш қилганини айтмаса, ўғиллар жой-жойида, қизлар жой-жойида. Бешаловидан тўртови аллақачон нафақа ёшига етган. Аммо кўтарасавдони хуш кўрадиган бобомиз ҳали олтмишдан берироқдаги кенжасини ҳам қўшиб, “Бешаласиям пенсионер!” деб юбораверарди тап торт­май.

Умуман, у кишининг мақтовга суяги йўқроқ эди. Баобрў бир заводнинг томир-томирларидан саналиб топган иззат-эътибори камлик қилиб қолармиди, гоҳ “йўлдан қўшилган” тенгдоши Фиделнинг номини тутиб, гоҳ тўқсон яшар мўйсафид, қўлида капгир, невара-чевараларига палов ясаб бериб, эвазига мақтов кутиб ўтирар эди. Неваралардан бирортаси сўроқсиз Тўйтепага бориб келганини эшитса борми, “Нега бувасидан дуо олмай кетади!” дея беш кун ғалва қиладиган иззатталаб одам тантиликка қолганда танти, мардлик десангиз чин мард эди. Фарзандлар ардоғида талтайиб, йиққан-терганини дуч келган жойда сарфлаб юбораверарди. Яқин-атрофда қурдоши қолмаган, мачитга қатнаб орттирган ёш-яланг билан баб-баравар улфатчилик қилар, улар бир бор чўнтак кавлаганда чолнинг ҳамёни доим ўртада эди. “Зўрсиз, отахон!” дейилса бас!

Ана шундай давру даврон суриб юрган киши дунёнинг нариги буржидаги доҳий тенгдошининг абадиятга қулаганини эшитдию дабдурустдан кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди. Юзни кўзлаб юрган пиримард! “Ҳа, қандай бурга чақди, отахон?” дегудек бўлсангиз, жавоби тайёр: “Фиделдай одамки!..”

Чорланган барча: ўғиллар, қизлар, невара-чевараю бошқалар (шу жумладан биз ҳам) қаторлашиб рози-ризолик маросимига бордик. Табиийки, бундай чоғда ҳамма ғамгин, мотамсаро, ҳар ҳолатга тайёр, кийим-бош ҳам шунга мос сипороқ – айтиб бўладими?! Табиийки, бундай чоғда одамнинг хаёлига бир хил манзара келади: ҳовли тумонат, йиғи-сиғи…

Кириб борсак – ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит, кимса кўринмайди. Буниси баттар ваҳимали туюлар экан. Ҳайтовур, тўрдаги иморатдан беморнинг бошида ўтирган пешонабоғли меҳрибон қиз чиқиб келди. Биз билан хижолатомуз илжайиб кўришди.

Ия, нега тинчлик?

Бобомиз ҳалигина мачитга чиқиб кетганмиш!

Меҳрибоннинг айтишича, рози-ризоликнинг каттароғини олмоқ бўлибми, ҳаммадан аввал тўнғич ўғил Бахтиёр келибди. Отанинг оғзидан ҳамишаги “Фиделдай одамки…” деган гап чиқиши билан дафъатан бошмалдоғи чўққа теккандек, ловуллаб кетибди у.

“Дада! – деганмиш. – Фидель, Фидель дейсиз, уни сиз эмас, мен кўрганман-ку! Фиделдан саломни мен олиб келганман-ку сизга! Фидель ўлган бўлса ўлгандир. У ахир инқилоб қилди, халқини озодликка олиб чиқди, ҳамманг­ни бахтли қиламан деб лақиллатиб эллик йил қимирламай тахтда ўтирди! Оқибати мана – халқи қақшаб, қашшоқликда ётибди! Шунча савдодан кейин ўлмай нима қилсин одам?! Лекин сизга нима экан?!”

Чол ётган жойида бир нафас унга тикилиб қарабди-да, “Ҳе, пад-дарингга!..” дея аста тўшагидан қўзғалибди, девордаги қизи дазмоллаб қўйган оҳорли яктакни эгнига илиб, чиқиб кетибди. Бахтиёр изидан пойлаб борса, мачитга кириб кетганмиш…

Шундан сўнг бобомиз тағин икки йил соғ-омон юрди.

“Анув касофат серсоқол яна уч-тўрт йил туриб берганида дадам аниқ юзга кирардилар-а!” деб қўяди Бахтиёр гоҳида ўкиниб.

 

Эркин АЪЗАМ

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг