Жомий  билан  баҳслашган  шоир (2019 йил, 23 сон)

278

Темурийлар Уйғониш даврининг етук вакилаларидан бири, шайх ва шоира Бибичаи Мунажжима нафақат маҳоратли шоира, балки ўз замонининг фақиҳи, нужим илмининг билимдони, нотиқ, файласуф ҳамда йирик мулкдор бўлган. Унинг номини Ҳирот шаҳарсозлик маданиятида муҳим ўрин тутган малика Гавҳаршод Бегим каби бунёдкор аёллар қаторида кўрсатиш мумкин. Бибичаи Мунажжиманинг илмий ва ижодий салоҳиятини, ижтимоий-сиёсий жараёнларда дадил иштирок этгани ҳамда бунёдкорлик фаолиятини ўз даврида шоҳ ва шоир Султон Ҳусайн Бойқаро, шамс ул-миллат Алишер Навоий эътироф этишган.

Бибичаи Мунажжиманинг келиб чиқиши темурийлар давлати бошқарувида бўлган Кирмон (ҳозирги Эроннинг жануби-шар­қида) мулкидан бўлиб, акаси Хожа Алоуддин таниқли шоир, яқин қариндоши Хожа Афзал Муҳаммад эса Алишер Навоийнинг тарбияси ва таъсирида шаклланган давлат арбобларидан бўлиб, маълум муддат Султон Ҳусайн Бойқаро саро­йида вазир бўлган.

Истеъдодли шоира тўғрисида тарихий маълумотлар бизга, асосан, Алишер Навоий ва Фахрий Ҳиравий асарлари орқали етиб келган. У ҳақидаги дастлабки ишончли маълумотлар Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” ва “Насойим ул-муҳаббат” тазкираларида битилган. Ке­йин­ги тарихий маълумот эса Фахрий Ҳиравийнинг ўттиз бир нафар шоирага бағишлаб ёзилган “Жавоҳир ул-ажо­йиб” номли тазкирасидаги алоҳида фиқрада битилган. Навоий “Мажолис ун-нафоис”да шайх ва шоира ҳақида махсус зикрда эмас, балки китобнинг олтинчи мажлисида тилга олинган “Хожа Алоуддин” зикрида уни “Бибичаи Мунажжиманинг инисидур”, деб алоҳида таништирган.

Энди улуғ шоирнинг Бибичаи Мунажжима ҳақидаги иккинчи қимматли ва ҳасби ҳол характеридаги муҳим маълумотига диққат қилсак. Маълумки, “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасининг “Эркаклар мартабасига етган ориф аёллар зикри” номли фаслида ислом оламида маш­ҳур бўлган, мозийда яшаб ўтган ёки замондош бўлган жами ўттиз беш нафар орифа хотин-қизларнинг руҳияти, шариати, тариқати, ижодлари хусусида алоҳида фиқралар битилган. Шундай фиқраларнинг бири шоира Бибичага бағишлаб ёзилган ва ўзида бир қатор муҳим тарихий хабарларни жамлаган “Бибичаи Мунажжима р.т.” номли ажо­йиб фиқрадир. Чунончи: “Кирмон мулкидиндур. Мазкур бўлғон илмда ўз замонининг саромади (илғори) эрди, аммо майли дарвешлик (художўй) сари эрди. Замон подшоҳи илтифот ва таъзим кўп қилур эрди ва подшоҳ ҳарамлари Узмо хавотин бағоят ҳурмат тутарлар эрди. Оқибат барчанинг ихтилотин (аралашиш, борди-келди) тарк қилиб, хиёбон бошида ўз манзили жавори(яқин ер)да масжиди жомеъ ясади ва мулки асбобин анга вақф қилди, андоқким ҳоло равнақи бор ва касир(кўп) халойиқ анда намоз қилурлар ва ҳам анда ўзига гўрхона ясади… ёшида оламдин ўтди. Ва мақбараси ўз гўрхонасидадур.” Навоий ушбу фиқрада бизга шоиранинг нафақат руҳий оламини ёки ҳаётда эришган юксак диний ва дунёвий мав­қеини кўрсатиб берган, балки қайсидир даражада унинг тарихий сиймоси акс этган нурга чўмган портретини ҳам сўзлар воси­тасида санъаткорлик билан чизиб берганга ўхшайди.

Умуман, муаллиф фиқрани мазмун ва шакл жиҳатидан ҳикоят жанрида битган. Энди Навоий томонидан унинг тарихий сиймосини очиб берувчи фазилатларни изоҳлашга ҳаракат қилсак. Биринчидан, фиқрада истеъдодли, бунёдкор, тадбиркор шоира Бибичанинг келиб чиқиши Кирмон мулкиданлиги акаси Хожа Алоуддин зикрида айтилгандек тилга олинади; иккинчидан, бир қатор илмларда ўз даврининг илғор ижодкор аёлларидан эканлиги, лекин ўз ихтиёри билан тасаввуф аҳлига мойил бўлиб, дарвешона ҳаётни, фақирликни танлаш воқеаси айтилади; учинчидан, Султон Ҳусайн Бойқаро унга ихлос, эътироф кўрсатиб, унинг суҳбати ва зиёратида бўлиб туриши, ҳатто мамлакат ва саройнинг “катта хотин” даражасидаги Хадича Бегимнинг ҳам унинг ҳурматини баланд тутишига диққат қаратилади; тўртинчидан, Бибичаи Мунажжима ўз замони зайлида бир мўътабар аёл топиши, кўриши, эришиши мумкин бўлган барча эътирофу эъзозлардан, бор давлатидан воз кечиб, кундалик маиший ҳаётни тарк этиб, маънавий жасорат билан Хиёбон бошида ўз маблағи ҳисобидан масжид қурдириб ва қўлидаги бор мулкини қурдирган масжиди учун вақф қилгани ва у амалга оширган ободлик ишлари ажратилган вақф мулклари ҳисобига ҳамон бир маромда ривожланишда эканлиги алоҳида таъкидланади; бешинчидан, Хиёбон атрофидаги аҳолининг кўпчилиги у бино қилдирган жомеъ масжидида намоз ўқишларини ҳам Алишер Навоий махсус қайд этади; олтинчидан эса, хулоса ўрнида яна ўзи учун бир мақбара қурдирганини ва қабри ҳам ўз мақбарасида эканлигини айтиб ўтади.

Мазкур фиқранинг яна бир ўзига хос жиҳати муаллиф ўзининг қимматли тазкирасини Бибичаи Мунажжима зикри билан тугатганидадир. Фикримизча, Навоий ижодида унинг ўз асарларини якунлаш билан боғлиқ ўзига хос услуби шаклланган, яъни у кўп асарларини ихлоси ва ҳурмати баланд инсонлар номи ёки ўз яқинларига атаб битган таъсирли бадиий қисмлар билан якунлашга ҳаракат қилган. Демак, ушбу қадрли, олтин китобини у Бибичаи Мунажжима зикри билан якунлар экан, бу билан ўзининг шоира Бибичага улкан эътирофи ва чексиз ҳайратини ҳам намоён қилган.

Изланишларимиз давомида Бибичанинг яна бир ­шарафли замондоши, айрим адабий ёки сиёсий жараёнларда у билан дуч келган ва мунозарага киришган ­Абдураҳмон Жомийнинг “Нафоҳат ул-унс” тазкирасининг­ “Фи зикри ан-нисои ал-орифат ал-восилот ило мароти­­бар-­рижол (дар зикри занони орифу расида ба мартабаи мардон)” фасли билан яқиндан танишдик. Аммо ҳазрат мазкур фаслда ўттиз уч нафар шайх аёлга фиқра бағишлаган экану, бироқ замондоши шайх ва шоира Бибичаи Мунажжимани тилга олмаган, фиқра бағишламаганига амин бўлдик.

Навоийнинг истеъдодли шогирди Фахрий Ҳиравийнинг “Жавоҳир ул-ажойиб” тазкирасида Бибичаи Мунажжимага бағишлаб битилган фиқраси билан танишар эканмиз, у ёзган маълумотлар фақат шоира Бибичанинг ижоди, адабий мероси юзасидан айтилган эътирофлар ва шеърларидан келтирилган гўзал иқтибосдан иборат эканини, мазкур фиқра Навоий ёзган хабар ва фиқрадан бирмунча фарқ­ли эканини кузатдик. Аммо муаллиф фиқрасида унинг бунёдкорлик фаолиятига ҳам маълум даражада тўхталганки, унинг маълумотлари бу жиҳатдан Навоий маълумотлари билан ўзаро муштараклик касб этади.

Фахрий Ҳиравий шоира ҳақида битган фиқрасини “Бижа” деб номлаган. Тазкира муаллифи фиқрада уни диний ва дунёвий илм­ларни пухта билишини, кўп фазилатларни касб қилиб олганини таъкидлар экан, у бу хислатлари билан “Султон ва амирларга манзур бўлган эди”, деб изоҳ беради. Яна фиқрада баён қилинган муҳим маълумотлардан бири, Бибичанинг нома орқали Жомий билан қилган ўринли ва қизиқарли мунозарасидир. Тазкира муаллифининг ёзишича, шоира Бижа ўз маблағлари ҳисобидан жомеъ масжиди қурдиради. Жомеъ масжидининг очилиш маросимига Ҳиротдаги улуғларни таклиф қилади, бироқ мулла Абдураҳмон Жомий келмайди ва шоирага эътирозга сабаб бўлувчи мазмундаги бир қитаъсини форс тилида ёзиб юборади. Ушбу кутилмаган нохуш вазиятдан Бибича дастлаб изтиробга тушгандек бўлади, аммо тезда ўзини ўнглаб олиб, масалага ойдинлик киритиш учун Жомий билан дадил мунозарага киришади. Ушбу мунозаранинг биз учун қимматли томони шундаки, мунозарада айтилган гаплар, даъволар орқали шоира Бижанинг кўп қиррали фаолиятининг бир тури, жумладан, у ҳам Жомий каби жомеъ масжиди, ҳамм­ом бино қилганидан ва ижодидан, дадиллигидан, хақгўйлигидан, умуман, ибратли, адолатли ҳаёт йўлидан хабардор бўламиз. Чунончи: “… Улар нима буюрадилар? Улар нима қурган бўлсалар, мен ҳам қурдим. Уларда бор фазилатлар менда ҳам бор. Улар шеър ёзадилар, мен ҳам ёзаман. Уларда менда бўлмаган нима бор? Мулло дебдилар: бизда шундай нарса бўлиб, у нарса унда йўқ. У жавоб берибди: бизда бор нарса уларда йўқ. Балки уларда бизни кўриш эҳтиёжи бордир. Ҳазрати Махдумийга бу сўзлар жуда маъқул тушди ва унинг уйига ташриф буюрдилар. Ва ҳамма улуғлар ҳозир бўлдилар.” Агар шоира Бибичанинг Жомийга дадиллик билан қилган муомала маданиятига, даъвосига диққат қилсак, буни ислом ва замонавий ҳуқуқда баён қилинган аёлларга хос табиий ҳуқуқларни ифодалаган ҳамда ҳимоя қилган гўзал ва жонли ҳаётий лавҳа, дея баҳолаш мумкин.

Фахрий Ҳиравий фиқрада шоир Бибича шеърларидан намуна сифатида бир матлаъни келтиради. Аммо фиқрада шоиранинг: “Улар шеърлар ёзсалар, мен ҳам ёзаман”, деб айтишидан шуни англаш мумкинки, унинг адабий мероси ҳам салмоқли бўлган, чамаси. Аммо бизгача тўлиқ етиб келмаган. Қуйида Фахрий Ҳиравий келтирган Бижанинг айрилиқ ва ҳижрон мавзусида битган биргина матлаъсини келтирамиз: “Мана бу матлаъ уники бўлиб, эрининг вафоти муносабати билан ёзилган. Матлаъ:

Кавкаби бахтамки, буд аз вай мунаввар осмон,

Бингар эй моҳки, аз фироқат дар замин аст ин замон.

Яъни:

Бахтим юлдузи эди, ундан осмон мунаввар эди,

Эй ой, қара, фироқингдан бу замон ерга тушди”.

Шоир Бижанинг мазкур матлаъсини ҳам унинг истеъдодидан бир намуна сифатида баҳолар эканмиз, унда орифа шоиранинг сокин ноласи, унсиз оҳ-фарёди акс этганига амин бўламиз.

Навоийшунос Қ.Эргашев ҳам “Некоторые аспекты государственной деятельности Алишера Навои” номли рисоласида Бибичанинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги дадиллиги, холислиги ва адолатпарварлиги, ўзининг маслаги йўлида собитқадамлиги акс этган бир машҳур байтини тилга олиб ўтган.

Хулоса шуки, темурийлар Уйғониш даврининг етук намояндаси  Бибичаи Мунажжима тасаввуфда, ижтимоий-сиёсий ҳаётда, адабиёт оламида, бун­ёд­корликда ўз туғросига эга аёл ижодкордир. Бу эътирофни Навоий ва Фахрий Ҳиравий ўз тазкираларида ёзиб қолдирган  олтин битиклар исботлаб турибди. Мазкур олтин битиклардаги хабарларга кўра, у ўз даврининг муҳим ижтимоий-сиёсий масалаларига доир қарашлари ва фаол иштироки билан маълум маънода Навоийга ҳаммаслак эканлиги ҳам анг­лашилади.

Буробия РАЖАБОВА,

филология фанлари номзоди 

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг