Олий таълим: ечими кутилаётган муаммолар (2019 йил, 23 сон)

379

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг илм-фан ва олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган бир гуруҳ олимлар билан учрашуви мамлакат ҳаётида муҳим сиёсий воқеа бўлди.

Мулоқот сабоқлари

Бу мулоқот олий таълимдаги бугунги муаммолар муҳокамасидан бош­лангани соҳа учун масъ­ул бўлган барчамизни сергаклантириши лозим. Дарҳақиқат, асрлар давомида Марказий Осиёнинг нафақат етакчи сиёсий-иқтисодий, ундан-да муҳимроғи, асосий илмий-маданий маркази мақомини ўз қўлида сақлаб келган ва тарихга “Мовароуннаҳри шариф” деган фахрли ном билан кирган улуғ юртнинг вориси – бугунги Ўзбекистон қандай қилиб илму ирфонда нафақат ривож­ланган Ғарб, балки айрим ҳолларда яқин қўшнилардан ҳам ортда қолаётир, деган савол бугуннинг аччиқ воқелигига айлангани – бор гап. Бунинг шахсан Президент томонидан таъкидлангани ҳаммамиз учун ибратлидир. Зеро, ҳақиқат, нечоғли оғриқли бўлмасин, тан олинмас экан, хатоларни ислоҳ этиш амри маҳол бўлиб қолаверади.

Олий таълим муассасаларининг мазмун-моҳияти ўзгариб бормоқда. Бу – давр тақозоси. Ўтмишда уларнинг вазифаси, асосан, тегишли йўналишда мутахассислар тайёрлаш билан чекланган бўлса, рақамли иқтисодиёт тобора устувор бўлиб бораётган бугунги замонда бу камлик қилмоқда. Энди олий маълумотли ҳар бир мутахассисдан бир вақтнинг ўзида тадқиқотчи бўлиш ҳам талаб этилмоқда. Бунга ривожланган Ғарб дунёсининг етакчи олий ўқув юртлари фаолияти мисолида амин бўлиш мумкин: улар тобора кўпроқ ўқув-тадқиқот муассасаларига айланиб бормоқда. Президентнинг олий ўқув юртлари фаолиятидаги илмий тадқиқотлар йўналиши сифатини тубдан яхшилаш лозимлиги ҳақидаги талаблари негизида айнан шу ҳақиқат мужассам.

Ушбу юксак мақсадга эришишнинг асосий механизми нима бўлиши мумкин, деган принципиал саволга ҳам мамлакат раҳбарининг мулоҳазаларида аниқ жавоб бор. Бу механизм “кафед­ра” деб номланиб, у дунёдаги барча етакчи олий таълим муассасаларининг том маънодаги умуртқа суягини ташкил этади.

Мазкур воқелик юз йилликлар давомида халқаро амалиётда тобланган тажрибадан келиб чиқадиган яна бир ҳақиқатдир. Чинданам, олдинги даврларда, масалан, бундан бир аср муқаддам, мустақил илмий-тадқиқот марказлари ва институтлари ҳақидаги тушунча ҳали шаклланиб улгурмаган пайтларда, айнан кафедра ҳам мутахассисларни тайёрлаш, ҳам оламшумул кашфиётларни амалга оширишнинг ҳақиқий ўчоғи бўлган. Дунёнинг энг кўҳна ва нуфузли олий ўқув юртларида бу анъана ҳамон давом этмоқда. Бугун олдимизда кўндаланг бўлиб турган иқтидорли тадқиқотчи-мутахассисларни тай­ёрлаш ҳамда уларни ватанпарвар фуқаро қилиб тарбиялаш вазифаси биздан ана шундай рет­роинновацион ёндашувларни, яъни тажриба билан тобланган ҳақиқатни янгича шаклларда жонлантиришни талаб этмоқда. Шахсан мен Президент мулоҳазаларидан шундай хулосаларга келдим.

Олим кадрлар танқислиги муаммоси

Яхши мутахассисни тарбиялаш мураккаб жараён экани ҳаммага маълум. Шунинг учун ҳам бундай мутахассисга эҳтиёж барча замонларда катта бўлган. Бугун ушбу зарурат ҳар қачонгидан-да улканроқдир. Чунки тарихимизда кузатилмаган шиддат билан мунтазам чуқурлашиб ва кенгайиб бораётган ислоҳотларни маҳорат билан бошқариш кун тартибининг энг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Халқимизнинг “Ўн қўшчига – бир бошчи” деган улуғ ҳикмати ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Замонавий “бошчи”, яъни бошқарувчи-менежер юксак касбий маҳорат эгаси бўлишдан ташқари, иқтидорли тадқиқотчи-олим ҳам бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам Президент мулоҳазаларида “Сифат ва яна сифат!” ҳамда “Илм-илм-илм!” деган ундовлар тез-тез янграб турди. Иқтидорли кадрлар танқислиги такрор ва такрор зикр этилгани ҳам, назаримда, шу билан изоҳланади.

Албатта, бундан ўтган даврда замон талаблари даражасидаги мутахассислар етиштирилмаган, деган жўн хулоса чиқмайди. Аксинча, биламизки, бундай мутахассислар кўплаб етиштирилган. Афсуски, охирги ўн йилликларда уларнинг аксариятини бой бериб қўйдик: бунёдкор тафаккур соҳибларининг каттагина қисми хорижга чиқиб кетди. Ватанда қолганларининг ҳам анча-мунчаси суюкли касбини тарк этишга мажбур бўлди. Бунинг сабаблари барчага маълум: уларга алоҳида тўхталишга эҳтиёж йўқ. Мазкур воқеликнинг Президент таҳлилидаги талқини менда чуқур таассурот қолдирди. Ўз моҳиятига кўра кўп тармоқли  бундай таҳлил масаланинг ҳам илмий-маънавий, ҳам иқтисодий-ижтимоий жиҳатларини бирдек қамраб олгани билан қимматлидир.

Мамлакат раҳбари томонидан олий таълим тизими олдига қўйилаётган вазифаларнинг тўлақонли ижроси, аввало, олий таълим муассасаларининг ўзини халқаро мезонларга жавоб берадиган кадрлар билан таъминлашни тақозо этаётгани кундек аён. Бунинг учун зарур шароит ва имкониятларни яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларга гувоҳ бўлиб турибмиз. Бундай имкониятлар қаторига мен охирги йил­ларда олий таълим муассасалари моддий-техник базасини замонавийлаш­тириш, про­фессор-ўқитувчилар­нинг касбий ма­ла­касини оши­риш, жумладан, “Эл-­юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан уларни етакчи хорижий илмий марказлар ва олий ўқув юртларига юбориш, профессор-ўқитувчиларнинг мод­­дий манфаатдорлигини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўшган бўлардим. Айнан ана шу уч йўналиш олий таълим савиясини тубдан ўзгартиришга қодирлигига шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам илмий тадқиқотларга йўналтирилаётган маблағларнинг охирги йилларда мунтазам ошиб бораётгани, чунончи 2017 йилда улар бюджетнинг бор-йўғи 0,2 фоизини ташкил этган бўлса, 2018 йилда 0,8 фоизгача кўтарилгани, 2020 йилда эса 1 фоизга етказилиши, яъни тўрт йилда беш баробарга кўпайтирилаётгани, шунингдек, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб илмий тадқиқот ва олий таълим йўналишида маошларнинг яна 25 фоизга оширилаётгани, қолаверса, 1 сентябрдан давлат идорасида ишлаб туриб, айни вақтда олий ўқув юртларида меҳнат қилаётган фан номзодлари маошига 30 фоиз, фан докторлариникига 60 фоиз устама ҳақ тўланишининг расман эълон қилингани олий маълумотли кадрларни тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқотларнинг сифат ва самарасини оширишга қаратилаётган улкан эътиборнинг амалий исботларидир.

Айтиш жоизки, олий ўқув юртлари, шунингдек, илмий тадқиқот муассасалари тизимида амалга оширилаётган бундай хайрли ҳаракатларнинг суръатини пасайтираётган тўсиқлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг айримлари, айниқса, тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчиларни асосий фаолиятдан чалғитаётган адоғи йўқ ҳисоботлар, маълумотномалар ва бошқа назорат “ҳужжатлари”ни тайёрлаш билан боғлиқ бюрократик зуғум ҳақида олимларнинг чиқишларида зикр этилди. Мазкур контекстда Президент томонидан “Менга ҳисобот эмас, натижа керак!” дея бир неча марта таъкидлангани бениҳоя ибратлидир.

Олимларга қулоқ тутмоқ фазилати

Амир Темур “Тузуклар”ида фозил-олимлар билан машварат ҳақида ҳам сўз юритилади. Унинг моҳиятини Соҳибқироннинг салтанат тақдирига дахлдор масалаларда илм аҳли билан маслаҳат қилгани ва уларнинг тавсияларини эътиборга олгани ташкил этади.

Давлат раҳбари билан мулоқот тарихий илдизларга эга. Ушбу миллий анъананинг замонавий кўриниши, унда кўтарилган масалалар кўлами, бир қарашда, асосан, олий таълим ва илмий тадқиқотларга тааллуқли бўлса-да, аслида, ҳаётнинг деярли барча соҳаларига тегишлидир. Бўлиб ўтган мазкур мулоқотнинг ибратли жиҳати шундаки, унда Президентнинг олимлар томонидан кўтарилган муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган таклифларга муносабати ўзига хос бўлди.

Биринчиси, мулоқот давомида так­лиф ва маслаҳатлар учун самимий очиқлик ва эркинлик муҳитининг яратилганидир. Раҳбаримизнинг юрт рав­­­нақи ва эл фаровонлигига хизмат қилувчи, жумладан, илму фан юксалиши ва кадрлар тайёрлашга оид ҳар қандай яратувчан таклифни эшитишга тайёр экани, бундан-да муҳими, ушбу улуғвор мақсадлар йўлида тўғаноқ бўлаётган муаммолар ҳақида очиқ гапириш талаби йиғилганлар томонидан мамнуният билан қабул қилинди. Натижада, бир қанча йирик муаммолар ошкора муҳокама қилинди. Бундай соғлом мулоқотнинг самараси яқин истиқболда юзага чиқиши  муқаррар.

Иккинчиси, кўтарилган масалалар ечимига, улар қанчалик мураккаб бўлмасин, Президент томонидан билдирилган тезкор ва ишчан муносабатдир. Масалан, олимлар томонидан таклиф этилган чиқинди рудаларда қолиб кетаётган қимматбаҳо металларни чиқариб олиш, онкологик ва қанд касалликларига қарши муолажанинг замонавий усулларини ҳаётга жорий этишни тезлаштириш йўллари, етакчи олий ўқув юртлари, айниқса, Марказий Осиё минтақасидаги олий таълимнинг ҳақиқий алма-матери – Ўзбекистон Миллий университетининг лаборатория фондини замонавийлаштиришдан бошлаб, халқимиз миллий, маънавий ўзлигининг энг қадимий манбалари бўлган археологик изланиш­ларни ривожлантиришгача бўлган, умуммиллий манфаатларни ўзида мужассам этган кўплаб таклифлар мажлиснинг ўзидаёқ ечимини топганидан барча чуқур қониқиш ҳосил қилди.

Олий таълим муассасаси раҳбари қандай инсон бўлмоғи лозим?

Мулоқот давомида замонавий олий таълим муассасаларининг раҳбарлари қандай бўлиши лозимлиги ҳақидаги муҳим масалага Президент бир неча марта тўхталгани диққатга сазовордир. Давлатимиз раҳбарининг фикрича, ректор серқирра шахс бўлиши, яъни донишманд инсон, ватанпарвар фуқаро, йирик тадқиқотчи олим ва маърузачи-педагог бўлишдан ташқари, талабаларнинг меҳрибон отаси мақомидаги мураббий бўлиши талаб этилмоқда.

Дарҳақиқат, барча замонларда олий таълим муассасаси раҳбари зиммасида нафақат муассасага оид муаммоларни билиш (бу ҳамма қила оладиган иш!), энг муҳими, уларнинг ечимини топадиган тадбиркор шахс бўлиши талаб этилган. Шундай ректорларнинг саъй-­ҳаракати ва олимона нуфузи туфайли Ўзбекистоннинг тегишли олий ўқув юртлари нафақат собиқ иттифоқда, балки ундан ташқарида ҳам машҳур бўлгани айни ҳақиқат. Турли даврларда Ўзбе­кис­тон Миллий университетига раҳбарлик қилган С.Ҳ.Сирожиддинов ва Т.А.Саримсоқов, Тошкент давлат ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институтини бошқарган О.У.Салимовни том маънодаги ректорлар қаторига киритиш мумкин. Демак, бугунги ректорлар учун ибрат намунасини йироқдан қидиришнинг ҳожати йўқ: улар миллий таълим тизимида ҳам кўплаб топилади.

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг мақсади

Мулоқот давомида миллий-маънавий ўзлик масаласи ва унинг сарчашмалари ҳақида ҳам сўз юритилди. Зеро, олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот муассасалари маърифат тарқатишнинг энг таъсирчан механизмини ташкил этиши сир эмас, албатта. Мамлакат раҳбарининг ташаббуси билан Тошкентнинг марказида бунёд этилаётган Ўзбекис­тон Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шундай муассасалардан бўлади. У нафақат юртимиз, балки ундан-да кенг­роқ кўламларда илму ирфон нурини тарқатиш билан шуғулланувчи зиё масканига айланиши муқаррар. Президентимиз бу ҳақда тўхталиб, тарихимизга доир билимларимиздаги кемтик ўринлар ва уларнинг нохуш оқибатлари билан боғлиқ қимматли фикрларни билдирди. Жумладан, ЎИЦМ бировлар олдида мақтаниш учун эмас, балки, аввало, том маънодаги ўзлигини англаш учун халқимизга хизмат қиладиган муассаса сифатида барпо этилаётганига урғу берилди.

Ўрни келганда айтиш лозимки, ЎИЦМ нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасида ўхшаши йўқ кўп профилли илмий-маданий-маърифий муассаса шаклида бунёд этилмоқда. ЎИЦМнинг бош вазифаси эса Ислом таълимоти ва у билан боғлиқ қадриятлар устуворлиги шароитида Марказий Осиё заминида, айниқса, Мовароуннаҳрда шаклланган кенг маънодаги серқирра исломий маданиятнинг моҳия­тини халқимизга етказишдан иборат бўлиши аниқ.

Президент хавотирлари

Учрашувда Президент томонидан куюниб айтилган баъзи муаммоларни эсламасликнинг иложи йўқ. Улар нафақат мамлакат ичидаги, балки, айрим ҳолларда, унинг ташқарисидаги жараёнлар билан боғлиқдир. Жумладан, охирги ўн йилликларнинг аччиқ ҳақиқатларидан бири, оз сонли бўлса-да, миллатимизга мансуб шахсларнинг Ислом номи билан ниқобланган турли экстремистик ва террористик ҳаракатларга қўшилиб кетганидир. Бундай кимсаларнинг бир қисми Сурия ва Ироқ ҳудудида “Ироқ ва Шом ислом давлати” (ИШИД) номи остида фаолият кўрсатган терро­рис­тик ҳаракат аъзоларига айланиб қол­­гани бугун сир эмас. Ҳатто уларнинг айримлари турли ноқонуний йўл­лар билан ўз оила аъзоларини ҳам қирғинбарот авжига чиққан ўлкаларга олиб кетишган, ўша оғир шароитларда фарзандли бўлишга ҳам улгуришган. ИШИДнинг зикр этилган ҳудудлардаги ҳукмронлигига амалда барҳам берилган бугунги шароитда халқаро ҳамжамият олдида яна бир долзарб муаммо кўндаланг бўлди. У ҳам бўлса, мазкур ҳудудлардаги турли давлатлар, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ва улардан дунёга келган норасида гўдаклар тақдири нима бўлади, деган масаладир.

ОАВ хабарларидан маълум бўлаётганидек, кўпчилик давлатлар ўзларига тегишли ушбу тоифага мансуб фуқароларни, қанчалик оғир ва хатарли бўлмасин, қайтариб олиш йўлини танламоқда. Улар орасида Марказий Осиё давлатлари ҳам бор. Ахир, нима бўлганда ҳам, улар миллатнинг бир қисми-да!.. Барибир, жонинг ачийди… Ушбу маънода мулоқот пайтида эълон қилинган Президентнинг Ўзбекис­тон фуқаролари, жумладан, аёллар ва бо­ла­ларни Ватанга қайтариб олиб келиш ҳақидаги қарори юксак олқиш ва эъзозга муносиб! Куни кеча қарорнинг ижросига ҳам киришилганини жамоатчилик яхши билади, яъни Сурия ҳудудида жамланиб қолган Ўзбекистон фуқароларининг 156 кишидан иборат биринчи гуруҳи Ватанга олиб келинди. Бундай фаолият келажакда давом эттирилиши ва ўзининг мантиқий якунига етказилишига шубҳа йўқ.

Президентнинг ушбу қароридан келиб чиқадиган вазифа, яъни Ватанга қайтарилаётган адашганлар билан ишлаш, айниқса, маъсум норасидаларни илмли, маърифатли инсон ва ватанпарвар фуқаро қилиб вояга етказиш – илм аҳли, биринчи навбатда, ўқув юртларида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар зиммасидаги масъулият эканини ёдда тутиш зарур. Ушбу масалага доир Президент мулоҳазаларидан ана шундай маъноларни уқдим.

Юртимиз илму ирфон бешиги

Юртимиз жойлашган жуғрофий ҳудуд – Марказий Осиё умумбашарий цивилизациянинг қадимий ўчоқларидан бири экани исбот талаб этмайдиган ҳақиқат. Ушбу факт тегишли тадқиқотлар, энг аввало, археологик қазилмаларнинг натижалари билан исботланган. Жумладан, бугунги Ўзбекистон ҳудудида шаклланган илк давлатлар – Бақтрия, Суғд, Хоразм ва Фарғонанинг юксак ривожланган серқирра маданияти ёки бошқача айтганда, милоддан аввалги II асрдан бошлаб инсоният тарихининг янги давригача амалда бўлган Буюк Ипак йўли  чорраҳасида жойлашган бугунги Ўзбекистон ҳудуди асрлар оша илму ирфон, оламшумул кашфиётлар, инсонийлик таълимотлар бешиги бўлиб келгани яхши маълум. Ушбу воқеликнинг исботларини топишга Я.Ғуломов, М. Массон, Г.Пугаченкова, Э.Ртвеладзе каби олимлар алоҳида ҳисса қўшганини нафақат биз, балки халқаро илмий жамоатчилик ҳам яхши билади. Аммо ҳозиргача амалга оширилган археологик тадқиқотлар, юртимиз ҳудудудида сақланиб қолган қадимий маданият қолдиқлари умумий ҳажмидан келиб чиқилганда, уммондан бир томчи. Президентимизнинг археология фанининг бугунги ҳолати ва истиқболдаги вазифалари ҳақидаги мулоҳазаларида мазкур воқеликнинг инъикосини кўриш мумкин.

Дарҳақиқат, ўтиш даврининг мурак­каб­ликлари туфайли илм-фаннинг кўпгина соҳалари, жумладан, археологияга бўлган эътибор пасайди, археологик қазилмалар ҳажми кескин қисқарди, шўро давридан қолган археологик ускуналар эскириб, охирги йилларда археология соҳасига кириб келаётган инновацион тадқиқотлар талабларига мутлақо жавоб бермай қолди. Ушбу йўналишнинг вакили бўлган олимнинг таклифларига Президент томонидан кўрсатилган алоҳида эътибор негизида ана шу ҳақиқат мужассамдир.

Мен мулоқот якунларининг энг эътиборли жиҳатлари қаторига Ўзбекис­тонда фаолият кўрсатаётган археология муассасалари моддий-техник базасини тубдан яхшилаш, уларда меҳнат қилаётган илмий ходимлар сонини ошириш, мазкур ташкилотлар иши самарадорлигини кўтаришда алоҳида ўрин тутадиган замонавий технология­лар ва ускуналар билан таъминлаш бўйича эришилган ама­лий натижаларни киритган бўлар эдим. Археологик тадқиқотларнинг юртимиз обрў-эътиборини таъминлашдаги ўрнига Президент томонидан берилган муносиб баҳога ҳар қанча тасанно айтса арзийди.

Ёшларга эътибор

“Ёшлар – келажагимиз!” деган ибора кундалик шиорга айланиб кетган. Аммо уларга эътибор ҳар доим ҳам талаб даражасида бўлиб келган деб айтиш қийин. Шу маънода мулоқот давомида ёшларга қаратилган эътибор, айниқса, ибратли бўлди. Ўзбекистон Миллий университети математика факультети бакалавриати талабаси Сардор Бозорбоевнинг нафақат шахсан ўзи эришган ютуқлар, балки мазкур соҳанинг ривожи ва иқтидорли ёшларнинг профессионал ўсиши учун зарур шароитларни янада такомиллаштириш йўллари ҳақидаги конструктив позициясига мамлакат раҳбари томонидан кўрсатилган эътибор, яъни унга “Кобалт” русумли автомобил ҳадя этилгани ёки Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети магистратураси талабаси Беҳзод Тўхтамуродов бошчилигидаги бир гуруҳ ёшлар томонидан амалга оширилаётган 3D принтер билан боғлиқ инновацион лойиҳанинг қўллаб-қувватланиши, бу ишнинг давом этишини кафолатлаш мақсадида 1 миллиард сўм маблағ ажратилгани ҳақидаги қарор фикримизга далилдир. Хўш, қайси замонда олий ўқув юрти талабасига давлат раҳбари томонидан бундай эътибор кўрсатилган?..

Шунингдек, учрашув чоғида Олий ва ўрта махсус таълим вазирига бу икки ёшни вазирлик фаолиятига жалб этиш, яъни уларни ишга олиш ҳақида кўрсатма берилгани юртимиз ёшларига қанот бағишлаган бўлса, ажаб эмас. Ўйлайманки, уларнинг ҳар бири хаёлан ўзини ана шу иқтидорли тенгдоши ўрнига қўйиб кўрди, улардек бўлишни ният қилди. Бу – улуғ иш! Зеро, ҳадиси шарифда таъкидланганидек, барча ишларнинг натижаси ниятларга яраша бўлади. Президентнинг бу икки талаба ва юртимизнинг барча иқтидорли ёшларига қарата айтган, “Сизларга ўхшаган ёшлар бўлса – юртимиз келажаги порлоқдир” деган маънодаги эътирофи ёшларимиз шижоатини янада кучайтиришига аминман.

Транзит йўллар — порлоқ келажагимиз кафолатларидан бири

Албатта, ҳаёт фақат маънавиятдан иборат эмас. Маънавият юксак бўлиши, илм-фан тараққий этиши учун ривожланган иқтисодиёт зарур. Мулоқотда кўтарилган бу мавзуга доир фикрлар ҳам фойдали бўлди.

Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ло­йи­ҳаси бугун дунёда қизғин тортишувларга сабаб бўлаётгани айни ҳақиқат. Яқинда Шанхайда унга бағишланган халқаро анжуман ҳам бўлиб ўт­ди. Анжуманда Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев ҳам иш­­тирок этди. “Бир ­макон, бир йўл” лойиҳаси мамлакатимиз жамоатчилигида ҳам катта қизиқиш уйғотаётгани табиий, албатта. Мазкур ло­йи­ҳа тарихий Буюк Ипак йўлининг янги шароитларда ўзига хос ретроинновацион кўринишда қай­та­­дан жонлантирилиши мазмунида талқин этилаётгани ҳам бунга сабаб бўлмоқда. Нима бўлганда ҳам, бугунги Хитойдек қудратли давлат бундай улкан ва том маънодаги оламшумул ло­йи­ҳани амалга оширишга киришган экан, унинг рўёбга чиқишига шубҳа йўқ. Модомики шундай экан, тегишли мамлакатлар олдида ушбу лойиҳа харитасида ўз ўрнини топиш масаласи кўндаланг турибди. Ўзбекистоннинг стратегик манфаатларига мос бундай ўрин Президентимиз томонидан келтирилган биттагина мисолдаёқ ўзининг ишончли ифодасини топди. Хитойнинг янги ташқи стратегияси доирасида барпо этилаётган Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон — Афғонистон темир йўлини раҳбаримиз “Бу – бизнинг келажагимиз!” дея баҳолади. Дарҳақиқат, жуғрофий жойлашуви сабабли дунё океанига чиқиш учун икки қатор давлатлар ҳудудини кесиб ўтишга мажбур бўлаётган Ўзбекис­тон учун унинг ҳудудидан ўтадиган ҳар қандай транзит йўли – улуғ неъмат. Зеро, улар товарларнинг бизгача етиб келишини тезлаштирибгина қолмасдан, балки уларнинг таннархини пасайтиради, қўшимча ишчи ўринларини яратади, янги ҳудудларни фаол иқтисодий зоналарга айлантиради.

Давлат раҳбари томонидан баён этилган мамлакат иқтисодий стратегиясининг янги уфқлари ҳақидаги мулоҳазалар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Яқин ўтмишда мутлақо махфий ҳисоб­ланган, масалан, асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулоти саналадиган пахта экспортидан олинадиган даромаднинг энг баланд даражаси 1,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этгани, ваҳоланки, охирги йилларда мунтазам кенгайиб бораётган мева-сабзавот сектори ҳозирнинг ўзидаёқ хазинага йилига 2,5 млрд. АҚШ долларини келтираётгани, бу соҳадаги салоҳият эса 10 млрд. АҚШ долларини ташкил этиши мумкинлигини кўрсатувчи рақамлар ҳар қандай фуқарони ҳам чуқур ўйлантириши, ҳам келажакка ишончини ошириши аниқ. Шунингдек, Президентнинг “Энди четга бир кило ҳам пахта сотмаймиз!” деган гаплари замирида халқимизнинг оғир меҳнати эвазига етиштириладиган қимматбаҳо хомашёни чуқур қайта ишлашдан келадиган катта миқдордаги қўшимча даромадни мамлакатда олиб қолиш истаги мужассам экани диққатга сазовордир.

Хотима ўрнида

Тарих – энг буюк муаллим. Унинг дарс­лари асрлар тажрибаси билан тоб­ланган. Дунё тарихининг ибратли сабоқларидан бири шуки, турли даврлар ва юртларда кузатилган юксалишлар бошида ҳамиша муайян шахслар турган. Бутун-бутун халқларнинг фаровон турмуши ва ўлкаларнинг оламшумул шуҳратини таъ­мин­лаган омиллар замирида шундай бахт­га мушарраф бўлган халқларнинг ўз раҳбарлари атрофида жипслаша олгани шубҳасиз. Ушбу ҳақиқат халқимизнинг “Бирлашган – ўзар” деган ҳикматига ҳам ҳамоҳанг.

Таъкидлаш жоизки, биз тарихий Мовароуннаҳрга хос бўлган юксак илмий-маданий мақомни янгидан тиклаш, мамлакатимиз олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларини дунёнинг шу каби пешқадам муассасалари сафларига қўшишни таъминлаш, қадимий илдизларимиз сарчашмаларини тадқиқ этиш усулларини замонавийлаштириш ва такомиллаштириш, истеъдодли ёшларнинг ривожланиш жараёнларидаги бунёдкор иштирокини кучайтириш, юрт равнақи ва халқ фаровонлигига хизмат қилишга қаратилган улкан ишлар амалга оширилаётган даврда яшаш бахтига мушарраф бўлиб турибмиз. Бундан чиқадиган мантиқий хулоса мамлакатимиз тақдирини унинг шонли тарихи ва умидбахш келажагига мувофиқ тарзда ўзгартириб бораётган бунёдкор ислоҳотлар етакчиси атрофида мус­таҳ­камроқ жипслашиш умуммиллий заруратга айланганидир.

Зоҳидулло МУНАВВАРОВ,

Сиёсий фанлар доктори, профессор, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро муносабатлар кафедраси мудири

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг