Икки дарё оралиғида қолиб кетмас менинг овозим (2019 йил, 23 сон)

353

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида адабиёт ва бадиий ижодни янада тараққий топтиришга оид бир қатор ташкилий ва амалий
чора-тадбирлар билан биргаликда дунё адабиётининг энг яхши намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш, мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг энг сара намуналарини хорижий тилларга ўгириш ва чет элларда тарғиб этиш тизимини яратиш; мумтоз адабиётимизни, хусусан, Алишер Навоий асарларини халқимизга янада яқинлаштириш, бу ноёб меросни маънавиятимизнинг ҳаётбахш манбаи ва таркибий қисмига айлантириш бўйича ҳам бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Ҳозирги адабий жараённинг долзарб масалалари ечимига алоқадор ушбу вазифалар ижроси бўйича Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ибратли ишлар амалга ошириб келинаётгани барчага яхши маълум. Хусусан, 2018 йилнинг 7-8 август кунлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюш­маси томонидан “Ўзбек мумтоз адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференция муваффақиятли ўтди. Президентимизнинг “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” шиорининг нечоғли ҳаётий ва долзарб эканлиги ўтган йили улуғ қозоқ шоири Абай ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш, шунинг­дек буюк қирғиз адиби ва давлат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини нишонлаш бўйича ўтказилган халқаро миқёсдаги тадбирлар мисолида ўз тасдиғини топди.
Миллий адабиётимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада ошириш юзасидан бу йил ҳам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Мус­тақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида Китоб йилига бағишланган тадбирларнинг ўтказилиши” бўйича “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Халқаро адабий алоқалар ва бадиий таржима бўлими бош мутахассиси Рисолат Ҳайдарова 2019 йил 6-9 февраль кунлари Белорус Республикасида “МДҲда Китоб йили” ло­йиҳасига бағишланган тадбирларда иштирок этди.
Шу йил 17-18 апрель кунлари Ўзбекистондаги Рус маданияти марказининг 25 йиллигига бағиш­ланган тадбирлар доирасида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Рус адабиёти дурдоналари”нинг 100 жилдлигини ўзбек тилида нашр этиш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида 2019 йил 24-26 апрель кунлари таниқли ўзбек болалар шоири Турсунбой Адашбоев таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий тадбирларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид бошчилигида бир гуруҳ ўзбек адиблари иштирок этди.
Шу йилнинг 18-19 апрель кунлари Қозоғистон Республикасининг Алма Ати шаҳрида 20 нафар ёш ўзбек шоирининг шеърлари қозоқ тилига таржима қилиб нашр этилган “100 ўлан” китоби тақдимоти доирасида бўлиб ўтган тадбирларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари ­Нодир Жонузоқ бошчилигида 6 нафар ёш ижодкор муваффақиятли қатнашди.
Шу йил 2 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмасида Тожикистон халқининг атоқли шоири Мирзо Турсунзода таваллудининг 108 йиллигига бағишланган адабий-бадиий тадбир, давра суҳбати ва Мусиқа саройида маданий анжуман бўлиб ўтди. Унда Тожикистон Республикаси Ёзувчилар иттифоқининг раиси Низом Қосим бошчилигидаги делегация аъзолари, тожик ва ўзбек ижодкорларининг мароқли адабий гурунглари бўлди.
Шу йил 12-17 май кунлари Туркманистон Рес­публикасида ўтказилган адабий ҳамкорлик ва китобхонликка бағишланган тадбирда Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли шоир Мирзо Кенжабек ўзбек адибларининг вакили сифатида қатнашдилар.
Мана бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини хорижий тилларга таржима қилиш ва уларнинг адабий меросининг жаҳонда ўрганилиши масалалари” мавзусида бўлиб ўтаётган рес­публика адабий анжумани ҳам моҳиятан миллий адабиётимизни халқаро миқёсда тарғиб этишни янада ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизнинг амалий ифодасидир. Конференция кун тартибида мумтоз адабиётимиз, хусусан, Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг хорижий тилларга таржима қилиниши ва жаҳонга тарғиб этилиши мавзусидаги илмий маърузалар тингланади, бу борада эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар сарҳисоб қилинади, шунинг­дек келажакда бажарилиши зарур бўлган ижодий ишлар белгилаб олинади. Шўро даврининг таз­йиқ­лари остида ижод қилган устоз Абдулла Орипов ўзбек адабиёти намуналарининг, шунинг­дек ўз асарларининг чет тилларга таржимаси кўнгилдагидек эмаслиги ҳақида армон билан: “Икки дарё оралиғида Қолиб кетди менинг ўшал овозим” дея фарёд чеккан эди. Бугунги янги даврда миллий адабиётимиз тарғиботи, халқаро адабий алоқалар ва бадиий таржима ривожи учун барча шароитлар ва имкониятлар яратиб берилган. Таъбир жоиз бўлса, мен устознинг шеърини бугун қуйидагича ўзгартириб айтган бўлардим: “Икки дарё оралиғида Қолиб кетмас менинг овозим”.
Атоқли шоирларимиз, адабиётшунос олимларимиз ва заҳматкаш таржимонларимиз иштирок этаётган ушбу ижодий тадбир бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган бешта ташаббус талабларига жавоб берадиган амалий ишларимиздан бири бўлади.

Ким тилни билур – элни билур

Гар ушбу Ватан бизга азал ота макондур,
Султонларидин шаъни анинг рўйи жаҳондур.
Ким тилни билур — элни билур, шонига шондур,
Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур,
Тил воситаи робитаи оламиёндур1.

То ёғмасалар бошингиза таънаю тошлар,
Тошдин ҳам қаттиқ бўлгусидир илм ила бошлар,
Эй сиз, қоракўзу қорасочу қорақошлар,
Ғайри тилини саъй қилинг билгали ёшлар,
Ким илму ҳунарлар билаки андин аёндур.

Бўлмас кишига кўрку ҳусн сўзни гулидек,
Ҳар тилни билув — дилни билув, дилни — элидек,
Тилни йўли ҳам шоҳ жаҳонгирни йўлидек,
Лозим сиза ҳар тилни билув она тилидек,
Билмакка они ғайрат этинг, фоида кондур.

Ҳақ сизга берибмиш сувингиз ҳам далангизни,
Ўз боғингизу, қир-адирингиз, лолангизни,
Тенг айлаб жаҳон аҳлига куч-ҳафсалангизни,
Илму фан уйига юборинглар болангизни,
Онда ўқуғонлар бори яктойи замондур.

Умр ўтгусидур сув каби ё сувдаги хасдек,
Дилбандларингизнинг бари дарёйи ҳавасдек,
Илм олмасалар умр бўлур тийра қафасдек,
Зор ўлмасун онлар дағи тил билмай Аваздек,
Тил билмаганидан они бағри тўла қондур.

 

Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг