АРАЗ (Ҳикоя) 2019 йил, 22 сон

206

Укам Давронбекнинг хотирасига бағишлайман.

Болалик хотиралари тиниқ бўлади. Ўшандаги ширин орзулар, бошдан кечирганларинг ёшинг улғайгач, оддий туюлиб қолса-да, гоҳо ёдга тушганда энтиктириб юборади.

 Бизнинг қишлоғимизни Қўштегирмон де­йи­шади, Чимкент шаҳрининг шундоқ биқинида жойлашган, бу ердан шаҳаргача уч-тўрт чақирим келади. Қишлоқ серсув, тупроғи унумдор бўлганидан кўпчилик деҳқончилик қилар, чорваси ҳам ўзига етарли эди. Қўштегирмоннинг жанубидан ўтадиган, ёзда суви тортилиб қоладиган Бодом дарёси бўйида бир замонлар тўқай бўлган ўтлоқ чорвабоп, қулай яйловга айланган. Мактаб болаларининг ёзги таътили шу кенгликда ўтарди. Кимдир бир-икки бош сигирини, кимдир беш-ўнта қўйини шу ерга ҳайдаб келарди. Болалар мол-қўйини ҳайдаб солиб, ўзлари ўйинга берилиб кетарди. Кўпчилик ўртоқларим кучугини эргаштириб келишни яхши кўрарди. Кимнинг кучуги бақувват ёки чиройли бўлса, унга ҳамма ҳавас қиларди. Мен ҳам болалар кўрса, кўзини ўйнатадиган кучугим бўлишини жуда-жуда хоҳлардим.

Сигир боқадиган ҳамқишлоқларнинг аксарияти шаҳарга бориб, сут сотарди. Бизникида ҳам иккита сигирдан соғилган сут тўла идишларни эшакда шаҳарга олиб бориб берар, раҳматли онам доимий мижозларимизга тарқатарди. Харидорларнинг аксарияти рус кампирлар, улар билан ҳар куни кўришавериб қадрдон бўлиб қолгандик. Айниқса, Шура холанинг уйида уч-тўртта ити, ҳатто мушуклари бор эди. Кейинчалик ўйлаб кўрсам, бу ёлғиз кампир учун эрмак бўлган экан.

Олтмишинчи йилларда осмонга учган Лайка лақабли ит болалар ўртасида жуда машҳур бўлган. Лайканинг расми барча газеталарда чиққан, чунки бу фазони забт этган биринчи жонзот-да! Шура холанинг кучуклари ўша Лайкага қуйиб қўйгандай ўхшарди. Унга ҳавасим келса-да, Шура хола кучугини ҳеч қачон бировга бермаслигини билганим учун сўрашга ботина олмасдим.

 Бир куни Шура холанинг ҳовлисида уч-тўртта кучукчага кўзим тушди. Билдимки, холанинг ити болалабди. Сал каттароқ бўлса, биттасини олишни  кўнглимга тугиб қўйдим. Орадан бир ойча ўтгач, онамни ҳол-жонига қўймай Шура  холанинг кучукчасини олиб берасиз, деб туриб олдим.

“Майли, бир ҳафта текинга сут берарканмиз-да”, – деди онам раҳматли.

Ниҳоят, ниятимга етдим, энди менинг чиройли кучугим бор: кулранг, кўзлари мунчоқдай ялтирайди, худди журнал муқовасидаги қўғирчоқ кучукка ўхшайди. Жимитдеккина бўлгани учун унга Жимми деб от қўйдим. Энди мен ҳам қўй боқишга кучугимни эргаштириб борардим. Жимми қўйларнинг кетидан югуришни, болалар копток ўйнаса, ўйинга қўшилмоқчидек оёқ остида ўралашишни яхши кўрарди. Ҳеч ким ўргатмаган бўлса-да, узоққа таёқ отсангиз, уни бир зумда оёғингиз остига келтириб ташлайди. Бу қилиқни қаердан ўрганганини билмасам-да, менга ёқарди. Бош­қа болалар ўз кучуклари билан уриштиришни хоҳлаб гиж-гижласа, уришмасди. Аксинча, рақибини ҳидлаб, думини дўстона ликиллатар, шунда рақиби мулойим тортиб, бирга қувалашиб кетарди. Бу ҳолат, назаримда, жаҳли чиқиб турган одамга табассум қи­лишга ўхшарди. Кузга бориб Жимми росмана вояга етди. Аммо бўйи икки ярим қаричдан ошмади, пахмоққина, шалпангқулоқ ит бўлди. Зоти шунақа экан-да! Уйи­мизга қўшнилар кирса ҳам ҳурмайди, аммо мушук зотини яқин-атрофга йўлатмайди. Гоҳида ҳовлида донлаб юрган мусичаларни қувиб юрганига қараб Жимми эрмак учун яратилгандек, биз кинода кўрган, шаҳарларда боқиладиган кучуклардан бўлса керак, деган хаёлга бордим. Эмин-эркин катта бўлган Жиммини бир-икки марта занжирлаб қўйгандим, ғингшиб безор қилди. Доим эркинликни истаган Жиммининг бировга ҳеч зарари тегмайди. Мен мактабга кетаётганимда муюлишгача кузатиб қўяр, уйга яқинлашганда  ҳуштак чалсам чопиб чиқиб қарши оларди. Пешиндан кейин тўқайга бориб, молдан хабар олиб келардик. Хуллас, ажойиб йўлдошга айланган эди.

Жимми жуда зийрак, кўзингиздан кайфия­тингизни сезади. Назаримда, у гапира олмасди, холос. Қовоқ солиб қарасангиз, индамасдан узоқлашади, кулиб боқсангиз, эркаланиб, ерга юмалаб ялтоқланади. Энди атак-чечак юраётган укам Давронбек кучукнинг қулоғидан тортса, кўзини юмиб тураверади. Жиммининг ялоғига мен ва Рихси аммам овқат солардик, холос. Шунданми, бошқаларга қараганда бизга яқинлигини сездирмоқчи бўлиб, ҳовлига чиқсак, нима хизмат бор, дегандек думини ликиллатиб югуриб келарди.

Раҳматли дадажоним ҳам отга, ҳам итга ишқибоз эди. Бир куни уйга катта, урушқоқ кўппак олиб келишди.

Дадам ишдан келгач:

– Кўрдингми, мана бу бўрибосар сенга! Энди маҳалладаги энг зўр ит сеники  бўлади. Оти Орлон, яхшилаб боқ, – деди.

Албатта, хурсандлигимнинг чеки йўқ. Энди иккита итим бор. Бири уришқоқ, бири чиройли, ақлли. Бирини уриштираман, бири пасонга.

Кейинчалик Орлоннинг ялоғига овқат солганим Жиммига ёқмаётганини сезиб қолдим. Занжирбанд Орлонни айлантириб келсам, Жимми ёнимга келмай ғашланарди. Назаримда, у бўрибосар вақтинчалик келган, яқинда кетади, деб кутаётгандек эди.

Орадан бирор ой ўтгач, бир куни мактабдан келсам, Жиммининг қулоғи қон. Ҳайрон қолдим. Аммамнинг айтишича, Орлон билан олишибди. Қизиқ! Ўзим зўрлаб уриштиролмаган, рақибининг ярмича келадиган Жимми Орлонга ташланибдими?!

Аммам бу иккинчи олишув эканини қўшиб қўйди. Тағин, мен йўғимда-я!

– Ажратмадингизми, – дедим аммамга гина қилиб.

– Билмай қолдим, бир вақт биғиллаган товуши келди, қарасам… – деди аммам.

Мактаб кийимимни алмаштирмасданоқ Жиммининг олдига келиб, ётган жойида қулоқларини отқулоқ барглари билан артдим. Ялоғига овқат солдим.

– Нега ўзингдан катталар билан олишасан, – дея эркаладим. Унинг қарашида сал илиқлик сезилди. Орлонга эса, ўқрайиб қўйдим. Кўзларимга ўзидан кичкинани урган барзангидек хунук кўриниб кетди.

 Бир куни эрталаб мактабга кетаётсам Жимми одатдагидан узоқроқ жойгача ортимдан эргашиб борди ва охири негадир туфлимни я­­­лаб қўйди. Мен бироз юргач, ортимга қарасам, ҳали ҳам ўша жойда чўнқайиб ўтирибди. Парво қилмай, мактабга кетавердим.

Ўқишдан қайтгач, яйловга отлансам ҳамки Жимми кўринмади. Яна эътибор  бермабман. Кечқурун ялоғига овқат солиб, чақирсам ҳам йўқ. Қайта-қайта чақирдим, дом-дараксиз. Шу пайт аммам Жимми бугун учинчи марта Орлонга ҳужум қилганини, бор кучи билан олишиб, чоғи етмай чекинганини айтиб берди. Уларнинг уришганини ўзимча тасаввур қилдим. Нега мен бўлмаган пайтда уришади? Аммам­нинг айтишича “жанг” тугагач, Жимми анчагача боғдаги зах ариқда чўзилиб ётибди. Кейин келиб ошхонада куйманаётган аммамга термилиб қарабди-да, қаёққадир кетибди. Шунда мен Жиммининг рақибини ўзидан кучлилигини сезса-да, ўз қадри учун мардона майдонга чиқиб Орлонга ташланганини, ғурури баландлигини, ўз қадрини билишини ҳис қилдим. Ит бўлса-да, ҳамиятли экан, қизғанаркан. Беихтиёр кўзимга ёш келди. Энди кучугимнинг қайтмаслигини ҳис қилдим.

Ўртоқларим билан Жиммини излаб бутун қишлоқни, ён-атрофдаги овлоқларни кезиб чиқдик. Сўраб-суриштирдим, бироқ Жимми дом-дараксиз ғойиб бўлганди. Шундан сўнг Орлонни ёмон кўриб қолдим. Дадамга айтиб, чўпонларга бериб юбордик. Жимгина кетган Жиммини  эслаганда, ҳанузгача қандайдир маъюс бўлиб қоламан.

Адҳамбек АЛИМБЕКОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг