Навбаҳор фасли аро (2019 йил, 22 сон)

172

Гул Ватанда

Гул Ватанда яйрангиз дўст-ёр ила,
Қалбида меҳру мурувват бор ила.

Очилиб боргай кўнгил кошонаси
Диллашиб турсанг сиру асрор ила.

Давралар файзу барокатли бўлар
Қаҳқаҳа, суҳбат, гурунг, изҳор ила.

Ҳар кунинг руҳингга нур бахш айлагай
Тонгга чиқсанг шеър ила, ашъор ила.

Маънию мазмун топар гулгун ҳаёт
Элу юрт ичра кезиб сайёр ила.

Асло йўл берма ғаму андуҳлара
Юрмасин оламда жон озор ила.

Навбаҳор фасли аро, Чоршамъ, не бахт
Умримиз ўтса ширин дийдор ила.

Ҳаёт

Вафога боғлиқ ҳаёт,
Жафога боғлиқ ҳаёт.
Бу тўрт кунлик дунёда
Сафога боғлиқ ҳаёт.

Емак, ичмак бир томон,
Жондан кечмак бир томон,
Аксар дилингга дармон
Навога боғлиқ ҳаёт.

Гарчи қутлуғ бу Ватан,
Яшарсан унда ҳарчанд,
Умрдан чиқадиган
Маънога боғлиқ ҳаёт.

Бўлсанг агар дўст, жўра,
Келиб ҳолимни сўра,
Гоҳида шоҳдан кўра
Гадога боғлиқ ҳаёт.

Қарайман – ҳар томон сир,
Топмай бўламан дилгир.
Оқибати барибир
Худога боғлиқ ҳаёт.
Кўнгил
Икки тарафда икки ёр,
Муҳаббатдан чекар озор,
Бир-бирига доим хумор
Сенинг кўнглинг – менинг кўнглим.

Намозшомдан тонг отгунча,
Ошиқлик қийнади мунча,
Ҳали очилмаган ғунча
Сенинг кўнглинг – менинг кўнглим.

Юракда ишқ наво бўлгай,
ўанимлардан жафо бўлгай,
Ҳижронларда адо бўлгай
Сенинг кўнглинг – менинг кўнглим.

Жонга тегди нозу фироқ,
Кел, кўнгилга кўнгил муштоқ,
Бир-бирига бўлсин маёқ
Сенинг кўнглинг – менинг кўнглим.

Қаримайин дунёи дун,
Висолларга бўлиб мафтун,
Шодон бўлармикин бир кун
Сенинг кўнглинг – менинг кўнглим.

Хаёлий меҳмон

Нечун келдинг бесўроқ
Шинам хонам тўрига?
Сендан қочай деб ногоҳ
Чиқдим дарё бўйига.

У ерда ҳам турардинг
Ўлтиришинг бир маъюс.
Ахир бир пайт кулардинг,
Қувнаб кулардинг… афсус.

Энди эса нигоҳинг
Мени этади таъқиб.
Алам тўла ҳижронлар
Бағримга кирар босиб.

Изғиринли елдирим
Ҳувиллайди тун аро.
Тонгдан висол ахтариб
Энтикар кўнглим роса.

***

Ҳузурингга еладирман довон ошиб,
Соғинчларга тўладирман довон ошиб.

Кутгил мени Кумушбиби кутган каби,
Отабегинг бўладирман, довон ошиб.

Ҳижрон ўти куйдирди кўп юрагимни,
Бағрим қонга тўладирман довон ошиб.

Садоқатим гувоҳидир ой-юлдузлар,
Ишқ дардини туядирман довон ошиб.

Машаққатлар билинмас бир қиё боқсанг,
Лолалардай куладирман довон ошиб.

Висол насиб этгай дея жондан кечиб,
Жоним, сени суядирман довон ошиб.

Аҳдидан ҳеч қайтмас Чоршамъ, сўзларим чин,
Севмасанг ёр, ўладирман довон ошиб.

Тўхтамас

Мен тўхтайман баъзи-баъзида,
Тин оламан бир зум, бир нафас.
Атрофимга қарайман зимдан,
Ҳаёт эса сира тўхтамас.

Учқур бўлиб кетди кўп замон,
Англамоғинг гоҳида гумон,
“Тўхта, – дейман, – тўхтагин бир он”,
Замон эса сира тўхтамас.

Осмонларга қарайман узоқ,
Дунё – гўё муаллақ тузоқ,
Ҳайқираман “дод” дея, бироқ
Дунё эса сира тўхтамас.

Она замин, шу муқаддас ер
Ҳаммамизнинг паноҳимиздир,
Ёлвораман – “меҳварингни бер”,
Замин эса сира тўхтамас.

Одамзодга фароғат керак,
Роҳат керак, саодат керак,
“Мени тушун, – дейман, – эй, юрак”,
Юрак эса сира тўхтамас.

***

Қарашлардан қариди кўнгил,
Озор чекиб ўртанар ёмон.
Кел, бир бора раъйимга кўнгил,
Бир озгина бўлгин меҳрибон.

Ахир, ҳижрон азоби қаттиқ
Жонни қийнаб яшайди доим.
Билиб қўйгин, сен энг камида
Мени севиб яшашинг лозим.

Сабабини айтаман озод,
Тафт истайди энди бу бағир.
Сабабини билмассан наҳот,
Ахир, бу – ишқ, ахир, бу – меҳр!

***

Ақлим ва кўнглим сира
Муросага келмайди.
Ўртада жоним ҳалак
Сира тиним билмайди.

Яна руҳим безовта,
Қалбим ҳам беҳаловат.
Билмадим, бу дунёда
Менга ҳеч борми роҳат?

Тинчгина яшолмайман
Умрим бўйи ҳеч, сабил.
Нетай, келишолмаса
Кўнгил, руҳ, жону ақл?!.

 

Чоршмать

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг