Буюк саркарда қиёфаси (2019 йил, 22 сон)

250

Мақсуд Шайхзода таваллудининг 110 йиллиги
“Жалолиддин Мангуберди” драмасининг сўнмас шуҳрати

Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки йилларидаёқ К.Яшиннинг “Ўлим босқинчиларга”, С.Абдулланинг “Даврон ота”, “Қўчқор Турдиев”, Уйғуннинг “Она”, Ҳ.Олимжоннинг “Муқанна”, Уйғун ва И.Султоннинг “Алишер Навоий” драмалари саҳна юзини кўрди. Адиб Мақсуд Шайхзода ҳам бу мавзудан четда қолмай, ватанпарварлик, душманга нафрат туйғуси билан суғорилган “Кураш нечун?”, “Берлинда суд бўлғуси”, “Капитан Гастелло”, “Қуёш Шарқдан чиқади”, “Йўқ, мен ўлган эмасман” каби ўнлаб шеълар ёзди, аммо бу ижодий ишларидан кўнгли тўлмасди. Шу аснода Жалолиддин Мангуберди тимсоли кўз ўнгида гавдаланди. Ҳамид Олимжоннинг Янгийўл театрида саҳналаштирилган “Муқанна” драмаси кўригидан Тошкентга қайтаркан, кўз ўнгида ёзилажак асарининг айрим саҳна ва кўринишлари ўта бошлайди. Ўша кезлари Шайхзода домла жуда қисқа — қарийб уч ойда уч минг мисрадан иборат тарихий драмани ёзиб тугатди ва қўшниси Маннон Уйғурнинг эшиги бўсағасида ҳозир бўлди.
Асар билан танишиб чиққан М.Уйғур: “Булоқдай қайнабсиз, домла. Лекин бу ёзганларингиз поэмага кетади. Саҳнада чўкка тушиб достон айтиб бўлмайди. Бизга хатти-ҳаракат керак. Ҳар бир сўз ҳаракатдан келиб чиқиши, сўз ҳам султон Жалолиддиндек жанг қилиши керак. Бизга Жалолиддин каби учадиган, осмонга парвоз қиладиган қанотли сўз керак”, дейди. Табиийки, Шайхзода тарвузи қўлтиғидан тушиб, умидсизланади. Шунда М.Уйғур: “Шошилманг, домла, қани мундоғ ўтиринг, асарни бир бошдан ўқинг”, деди. Шу зайл драматург ва режиссёр ҳамкорлиги бошланади. Қарийб бир ой баҳс-мунозаралар билан ўтади. “Мана, — дейди Маннон Уйғур бир куни, — энди Шукур Бурхон кўламига мос асар тайёр бўлди. Эртага асарни театрда ўзингиз ўқиб берасиз”

Манбаларда қайд этилишича, асарни саҳналаштириш ишлари ноябрь ойида бошланган бўлса, 1944 йил 26 декабрь куни собиқ Ҳамза номидаги Ўзбек давлат академик драма театрида “Жалолиддин Мангуберди” спектаклининг тақдимоти бўлиб ўтади. Ҳукумат раҳбари Усмон Юсуповнинг тавсиясига кўра фронтга жўнатилаётган йигитлар сафар олдидан “Жалолиддин Мангуберди” спектаклини кўриб кетишлари шарт эди.

Аммо асар саҳнага қўйилганидан бир йил ўтиб ВКП(б) Марказий қўмитасининг “Драматик театрларнинг репертуари ва уни яхшилаш чоралари” номли қарори чиқди. А.Еголин ва А.Лебедов “Драматик театрларнинг репертуари” номли мақола ёзиб, “Совет воқелигини астойдил ва пухта ўрганиш, воқеаларнинг ичида бўлиш, халқимизнинг хоҳиш-ўйлари билан яшаш, янги замонавий пьесалар устида тинимсиз ишлаш ўрнига, кўп драматурглар тарихий пьесалар ижод қиладилар. Уларда шоҳлар, аслзодалар, хонларни идеаллаштирадилар. Эдигей ва Жалолиддин каби пьесалар шунақа асарлардир”, деган айбномани спектаклга тақаб қўйдилар. Мазкур мақола 1946 йили “Культура и жизнь” газетасида босилиб чиққанидан озгина вақт ўтиб, пьеса муаллифи Мақсуд Шайхзода қамоққа олинади ва узоқ муддатга ҳукм қилинади.

Адибнинг гуноҳи нима эди? Чингизхон тўдаларининг Мовароуннаҳр тупроғидаги ваҳшийликлари, бу ёвузликларга қарши бош кўтарган Жалолиддин, Темур Малик каби қаҳрамонлар сиймосини саҳнада гавдалантиришга журъат этганидами? Ахир, Жалолиддин уйдирма образ эмас, мўғул истилосига қарши курашда қудратли куч бўлгани тарихий манбаларда тасдиғини топган шахс эди.

…Саҳналаштирувчи режиссёр Маннон Уйғур моддий танглик аҳволида яшаб, сиёсий таъқиб, руҳий эрксизликка учраганига қарамай, саҳнада актёрлар билан машқ қилар экан, Хоразм ва бош¬қа вилоятлардан ўша даврга оид китоблар, қўлёзмаларни топдириб, ўрганади. Тарихий ашёлар, қурол-яроғлар, кийим-кечакларни Хоразмдан келтиради. Спектаклнинг мусиқий партитурасини яратиш учун Манас Левиевни ҳамкорликка чорлайди. Зеро, спектаклнинг умумий руҳини мусиқа орқали томошабинга етказишни режиссёр муҳим деб ҳисоблаган.

…Асар тўй шодиёналари билан бошланади. Жалолиддиннинг суюкли синглиси Султонбегим узатилаётир. Шўх яллалар, куй-қўшиқлар, Хоразм¬нинг машҳур “Лазги”си янграйди. Асарнинг шу тарз¬да бошланишида бу рамзий саҳна тинч-осо¬йишта мамлакатга шодлик-хуррамлик ярашади, деган мазмунни англатарди. Қўшиқ авжида саҳнага Жалолиддин билан Насавий кириб келади. Халқ ўз қаҳрамонини олқишлайди. Лекин саҳнада ҳукм сурган бу шодлик узоқ чўзилмайди. Саройга Чингизхон элчилари кириб келади.

Улуғ хоқон Чингизхон
Юбормишлар бир фармон:
Хоқон биру жаҳон бир,
Хоқонимиз жаҳонгир.
Таслим бўлиб хоқонга,
Бож тўланг Чингизхонга!
Бўлмаса жангу жадал
Бошланади шу маҳал!

Драматик асарнинг тугуни, зиддиятлар нуқтаси шу ердан, яъни спектакль ибтидосидан бошланади. Хоразмшоҳни қўрқув босади. Аммо валиаҳд Жалолиддин вазиятни англаган ҳолда, отасини бос¬қинчиларга қарши курашга даъват этади. Ўғлининг бу жасоратидан ҳадиксираган Хоразм ҳукмдори уни шу ернинг ўзида тож-тахтга эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилиб, катта давлатнинг тақдирини бешикдаги чақалоққа топширади. Жалолиддин отасининг бу ғайри анъанавий қароридан изтиробга тушмайди, душманга қарши кураш йўлидан қайтмайди.

Шайхзода ўз қаҳрамони тимсолини асарнинг бошидан охирига қадар эрк ишқи билан тасвирлайди. Ватан, эл эрки учун курашда уни даҳшатли жанглар гирдобидан олиб ўтади.

Спектаклда халқ оммасига кенг ўрин берилган бўлиб, халқ қаҳрамонлари Элбарс паҳлавон, Она, Имом Шаҳобиддин, муаррих Муҳаммад Насавий, Хўжанд ҳокими Темур Малик тимсоли бадиий яхлитлик касб этган. Шу тариқа драматург ва режиссёр тарихий жараённинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини бадиий шаклда тасвирлашга эришадилар.

Ҳар бир халқ тарихида учрагани каби, улкан Хоразм салтанатида ҳам эл-юрт манфаатини мансабга, молу мулкка алмаштирган мунофиқлар бўлган. Драматург ана шундай кимсаларнинг умумлашма образини Бадриддин қиёфасида тасвирлайди. Асардаги энг мураккаб образ Чингизхон образидир. Драматург уни бор-йўғи бир кўринишда саҳнага олиб чиқади. Зеро, унинг қандай шахс эканини хон монологидан билиб олиш мумкин:

Адолат ё инсоф нима деган у?
Тупурдим буларга, минг карра тфу!
Бу дунё бир жангал, мен уста қоплон,
Итимни алишмам юз инсон билан.
Рангларда ширин ранг-ранги хунундир,
Ким нола тингласа уники ҳузур.
Бирдан ўлдирмасам дейман кишини,
Дарҳол битирмасам санъат ишини.
Даставвал кессаму олмасам жонин,
Менга ёлворсаю мен ичсам қонин.

Драматург ва режиссёр томонидан Чингизхоннинг бу тарзда тасвирланиши фақат ўрта аср фотиҳининг қиёфасига тааллуқли бўлмай, балки ха묬қимизнинг тинч ҳаётига хавф солиб, миллионлаб бегуноҳ одамларнинг қонини тўккан фашист¬¬лар, уларнинг раҳнамолари қиёфасини очишга ҳам хизмат қилган. Буни фронтга жўнатилаётган жанг¬чиларга кўрсатиш орқали бўлғуси аскарларда душманга нафрат қўзғатиш мақсад қилинган.

М.Шайхзода пьесани Шекспир трагедияларига қиёсан ёзгани Жалолиддин Мангуберди ва Мирзо Улуғбек ҳақидаги асарларида яққол кўзга ташланади. Шекспирнинг барча драматик асарлари беш пардадан иборат бўлиб, уларни “драматик роман”, дейиш мумкин. Ҳар икки драматург пьесаларидаги воқеалар маълум бир макон ва замонда қаҳрамонлар тақдири, тарихий жараёнлар келтириб чиқарган вазиятлар билан боғлиқ.
Мазкур асар қисқа муддат намойиш этилганига қарамай, томошабин юрагида чуқур из қолдирганининг сабаби, аввало, драматург режиссёр Маннон Уйғур билан асар устида узоқ ва пухта ишлаган. Маннон Уйғур тарихий шахс ҳақидаги асарни саҳнага қўяр экан, ижрочилардан роллари матнини яхши тушунибгина қолмай, уларнинг ички куч-қувватини, ҳаракатини очишни талаб қиларди. Уйғур образнинг руҳияти унинг жисмоний хатти-ҳаракатларига монанд келишини таъминлаш билан чекланмай, пьеса матни, қаҳрамон нутқининг ички куч-қудратини ишга солишга, уни очишга алоҳида эътибор берган. Бу Уйғур мактаби, режиссурасининг асосий хусусиятларидан бири бўлиб, миллий ижрочилик санъатининг ифода воситаси эди.

“Жалолиддин Мангуберди” Мақсуд Шайхзоданинг драматургия соҳасидаги илк қадами бўлишига қарамай, XIII асрда Ватан ҳимояси учун ҳаёт-мамот жангига кирган буюк саркарда қиёфасини юксак профессионал даражада яратган. Маннон Уйғур эса спектаклдаги образларнинг (Жалолиддин — Шукур Бурхонов, Темур Малик — Аброр Ҳидоятов, Султонбегим — Сора Эшонтўраева, Чингизхон — Амин Турдиев) психологик жиҳатдан серқирра ва пухта ишланиши асосида сўзни, матнни чуқур идрок этиш, сўз ва унинг қудратини ҳар бир қаҳрамоннинг ташқи қиёфаси ва ички руҳий ҳолатига мужассам ҳолда намоён қилишга эътибор қаратади. Шунинг учун ҳам Уйғур саҳналаштирган спектаклларда психологик ечимлар, поэтик реализм чуқур миллий хусусиятга эга бўлган. Бу эса унинг ўзбек халқ маданий мероси, сўз санъати анъаналарини мукаммал билгани, чуқур ҳис этганини кўрсатади.

“Жалолиддин Мангуберди” драмасининг саҳна умри қисқа бўлганига қарамай, спектаклнинг довруғи, ундан кейин ёзилган шу мавзудаги асарларни ортда қолдириб, ҳамон халқ тилидан, томошабин эътиборидан тушмай келаётир. Мақсуд Шайхзоданинг ёзувчилик маҳоратига ва Маннон Уйғурнинг режиссёрлик санъатига мухлислар ҳали кўп замонлар таҳсинлар ўқийди.

Жўра МАҲМУДОВ,
режиссёр

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг