Ҳамкорлик кенгаймоқда (2019 йил, 22 сон)

86

Ҳафта давомидаги энг муҳим воқеалардан бири Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг мамлакатимизга расмий ташрифи бўлди. Ташриф доирасида икки томонлама манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир қатор масалалар ҳал этилди. Мазкур ташриф тафсилотлари немис оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилди.

Куни кеча Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган “Ўзбекистон – Германия: кўпқиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш йўлида” мавзусидаги тадбир ҳам адабий алоқаларни янада мустаҳкамлашга бағиш­ланди. Ўзбек ва немис тилларига таржима қилинган китоблар кўргазмаси ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгай­ти­риш­га ба­ғиш­ланган мазкур тадбирда таниқли таржимонлар, немис тили ўқитувчилари, талабалар ва пойтахт­да жойлашган Гёте номидаги 60-ихтисослашган мактаб ўқувчилари, адабий нашрлар вакиллари иштирок этишди.

– Маълумки, ўзбек тилидан немис тилига илк таржима венгриялик шарқшунос, сайёҳ Вамбери қаламига мансуб, – дейди тадбир ташкилотчиларидан бири, профессор Хуррам Раҳимов адабий ҳамкорлик ҳақидаги маърузасида. – Ўзбек халқ оғзаки ижодини ўрганган Вамбери “Юсуф ва Аҳмад” достони ва бир неча ўзбек халқ эртакларини немис тилига таржима қилиб, 1863-1880 йилларда Европада чоп эттирган. Турли даврларда немис тилидан ўзбек тилига кўплаб асарлар таржима қилинди. Бугунги кунга келиб, ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари, Абдулла ­Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи, Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак” қиссаси сингари ўндан ортиқ асарларимиз немис тилига таржима этилиб, адабий ҳамкорлигимиз йилдан йилга куча­йиб бормоқда.

Тадбирда “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва адабиётшунос олим Ваҳоб Раҳмонов таржима жараёнлари, юртимизда немис адабиёти тарғиботи, бу борада эълон қилинаётган асарлар ҳақида сўзладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ходими, шоир ва таржимон  Муҳиддин Омон “Ўзбекистон” нашриётида немис тилида янги нашр этилган “Ўзбекистон – Германия: стратегик шерикликнинг янги саҳифаси”, “Ўзбекистоннинг немис рассомлари” китоб-альбомларини йиғилганларга тақдим этаркан, икки халқ адабиёти тарғиботи йўлида амалга оширилаётган ҳамкорлик халқлар дўстлигини янада мус­таҳкамлашини таъкидлади.

Тадбир сўнгида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ва Гёте номидаги 60-ихтисослашган мактабга ташкилотчилар томонидан немис тилига таржима этилган китоб­лар совға қилинди.

            Ўз мухбиримиз.

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг