Улуғ ниятлар ижобати (2019 йил, 22 сон)

94

Ҳақиқатан ҳам, қисқа вақт оралиғида Тошкент шаҳрида сўлим Адиблар хиёбони бунёд этилиб, хиёбонда адабиётимизнинг буюк намояндалари хотирасига ёдгорлик мажмуалари ўрнатилди. Шунингдек, Наманган вилоятида улкан маърифатпарвар Ибрат домла, Жиззах шаҳрида атоқли ижодкорлар Ҳамид Олимжон, Зулфия ва Шароф Рашидов, Нукус шаҳрида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Ибройим Юсупов, Фарғона, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф хотираларини абадийлаштириш ишлари амалга оширилди, қатор ижод мактаблари ташкил этилди. Айни пайтда бу каби ибратли ишлар давом эттирилмоқда. Чунончи, Тошкентда Адиблар хиёбони ҳудудида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун алоҳида бино қурилиб фойдаланишга топширилди. Эндиликда бу муҳташам кошонада ижод аҳлини моддий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашга сафарбар этилган “Ижод”, “Илҳом” жамоат фондлари, шунингдек, уюшма муассислигидаги “Шарқ юлдузи”, “Звезда Востока”, “Ёшлик” ҳамда “Жаҳон адабиёти” журналлари таҳририяти жойлаштирилди. Яна бир қувончли мужда: Президентимиз ташаббуси билан Ёзувчилар уюшмаси аъзолари учун имтиёзли ипотека кредити асосида 2 та кўп қаватли уй барпо этилиб, яқин кунларда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўша учрашувда келгусида Зомин ва Паркент туманларининг сўлим ва хушманзара, илҳомбахш ҳудудларида ижодкор зиёлиларимиз учун замонавий ижод уйлари — коттежлар қурилиши режалаштирилганини таъкидлаган эдилар. Улар ижодкорларга ўз асарларини яратиш учун маълум муддатга ижарага берилиши, бу ерга йўлланма билан борган адибларимиз ҳам ижод қилиши, ҳам ёшларга маҳорат сирларидан сабоқ бериши назарда тутилганди.

Мамлакатимизда, мурувват ва саховат ойи — қутлуғ Рамазон кунларида, аниқроғи, 25 май куни Жиззах вилоятининг сўлим гўшаси – Зомин туманида “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси томонидан барпо этилган “НКМК” санаториясининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Табиийки, 150 ўринли, олти қаватли, бинокорликнинг энг сўнгги талаблари даражасида барпо этилган бу муҳташам бинонинг 50 ўрни, таъкидланганидек, Ўз­бекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига туҳфа бўлди.

Тантананинг очилиш маросими давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, жиззахлик бир гуруҳ ижодкорлар иштирокида шаҳардаги Зулфия ва Ҳамид Олимжон ёдгорлиги пойига гуллар қўйишдан бошланди. Юксак савияда бошланган тантана руҳи Ўриклисойда давом этди.

Мазкур қурилиш жараёнлари якунланаётган бир пайтда, яъни жорий йилнинг февраль ойида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририяти бўлим мудири, ҳозиржавоб журналист Мурод Абдуллаев ушбу сиҳатгоҳнинг барпо этилишини матбуотда ёритиш мақсадида ижодий сафарга юборилганди. Раҳматли Мурод ака, сафардан қайтгач, ўз таассуротларини қуйидагича сўзлаб берганди:

“Зомин тоғларидаги баҳаво Ўриклисой истиқлол даври миллий адабиётимиз сардафтарида янги саҳифа очганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Бундан йигирма йиллар муқаддам Жиззах вилояти ҳокими бўлиб ишлаган муҳтарам Шавкат Мирзиёев ҳамда ўша йилларда Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилган севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг хайрли ташаббуси билан ташкил этилган ёш ижодкорлар анжумани эндиликда истеъдодли ёшларнинг нуфузли маҳорат мактабига айланди.

Давлатимиз раҳбарининг адабиёт аҳлига кўрсатаётган беқиёс ғамхўрлиги туфайли Ўриклисойда қад кўтарган муҳташам сиҳатгоҳ – ижодкорлар маскани сари борар эканмиз, Зомин тоғларига ёғаётган оппоқ қор баҳри дилимизни очиб юборган эди. Тоғ тўшидаги асрий арчалар гўё оқ ҳарир кўйлак кийиб, гул-гул очилган келинчаклардай табассум қилаётганга ўхшайди. Она табиатнинг бу қадар фусункорлигини ­таърифлашга сўз ожиз.

Ана шу гўзал маъвога саёҳатимизни юксак тоғлар этагидаги Зомин шаҳридан бошладик. “Афросиёб” поездлари гувиллаб ўтаётган Даштобод қўрғонидан Зоминга олиб борадиган йўл Ялта ва Симферополь оралиғидаги трассадан ҳам кўра равон ва обод бўлибди. Туман маркази янги боғ ва хиёбонлар, меҳмонхона ва супермаркетлар, санатория ва болалар дам олиш мас­канлари билан янада гўзаллашгани кўзни қувонтиради. Шаҳардан ўтиб, тоғ йўли бўйлаб юқорилаганингиз са­йин Миллий табиат боғи манзаралари завқингизга завқ қўшади. Юксак тоғлар тўшидаги Супа расадхонаси ҳамда Бахмал кенгликларига туташ довонгача чўзилган йўлнинг ҳар икки тарафида қад кўтарган меҳмонхона ва сайёҳлик манзиллари, дам олиш ва спорт маж­муалари, халқаро туризм объектлари, замонавий лойи­ҳадаги қишлоқлар чиройини кўриб, мазкур ҳудуд жаҳонга довруғи кетган машҳур курортлардан қолишмайдиган дилтортар масканга айланиб бораётганини ҳис этасиз.

Ўриклисойда, асрий арчазорлар бағрида барпо этилган кўркам сиҳатгоҳ — ижод маскани эса она табиатнинг ноёб дурдонаси – Зомин тоғлари жамолини янада очиб юборган. Ложувард осмон, кўм-кўк арчалар, мусаффо ҳаво илҳомингизга илҳом қўшади. Сиҳатгоҳнинг лойиҳа-тархи очиқ китоб­га ўхшатиб яратилгани ва айнан Ўрик­лисойда қурилгани ҳам бежиз эмас. Бунда катта рамзий маъно бор. Илк бор 1997 йили ана шу манзилда фаолият бошлаган ёш ижодкорларнинг Зомин семинари жуда кўплаб истеъдодларни кашф этди, адабиёт майдонига навқирон авлод вакиллари дадил кириб кела бошладилар. Зомин ижод мактаби 2017 йилдан бошлаб яна ўз фаолиятини давом эттираётгани ҳам давлатимиз раҳбарининг адабиёт аҳлига, айниқса, ёш истеъдодларга бағрини кенг очиб, ҳар жиҳатдан ғамхўрлик кўрсатаётганидан далолатдир. Ана шу ғамхўрликнинг шарофати билан Ўриклисойда ёзувчи ва шоирлар қишин-ёзин муайян муддат яшаб ижод қиладиган, саломатлигини тиклайдиган мажмуа қад ростлади. Бу вазифани Навоий кон-металлургия комбинати ўз зиммасига олди”.

…Ҳақиқатан ҳам ҳамкасбимизнинг тўлиб-тошиб тасвирлаганича бор экан. Санатория замонавий мебеллар, тиббий ускуналар ва спорт анжомлари, тезкор алоқа-коммуникация воситалари билан жиҳозланган.

Сиҳатгоҳда ижодкорлар билан бир вақтда тоғ ва саҳролар бағридан нодир маъданлар қазиб олаётган ноёб касб эгалари ҳам ўз соғликларини тиклайдилар. Бир сўз билан айтганда, ёзувчи ва шоирлар шу ернинг ўзидаёқ қайноқ ҳаётнинг ичида бўлишади. Замон қаҳрамонлари билан бевосита мулоқот қилиб, уларнинг ютуқ ва муаммолари билан танишадилар, кончилик жараёнларига оид тасаввурларини бойитадилар. Адабий прототиплар билан учрашув ва мулоқотларда ҳикмат кўп. Дарҳақиқат, муҳташам сиҳатгоҳнинг бир юз эллик ўринли шинам анжуманлар зали ҳам ижодий кечалар, шеърхонлик, китоб мутолаасига доир гурунглар, истеъдодли ёшларнинг Зомин семинари машғулотлари учун файзли маскан бўлиб хизмат қилади.

Ўриклисойдаги арчазор тоғ ёнбағри – катта йўл ёқасидаги баланд шоҳсупа узра оппоқ қуш мисол қанот ёзган сиҳатгоҳнинг гўзаллиги бу ерга қадами теккан ҳар қандай одамни мафтун этмай қолмайди.

Қурилиш жараёнининг бевосита иш­тирокчиси Исомиддин Эшқуловнинг ҳикоя қилишича, Ўриклисой сиҳатгоҳининг тархи дастлаб Навоий шаҳридаги лойиҳалаш институтида яратилибди. Меъморлар маҳоратига қойил қолмай иложингиз йўқ. Шу манзилда яна бир нечта кўп қаватли замонавий сиҳатгоҳ ва туризм иншоотлари қурилишига тараддуд кўрилаётган экан. Унинг айтишича, Зомин тоғлари тез орада халқаро туризм ва саломатликни тиклаш марказига айланиши шубҳасиз.

– Қурилиш жараёнларини 2017 йил март ойида бошлаган эдик, – дейди Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Зарафшон қурилиш бош­қармаси участка раҳбари Шуҳрат Исканов. – Бир ярим йилдан ортиқ вақт мобайнида катта ҳажмдаги қурилиш-монтаж, пардозлаш-жиҳозлаш иш­лари бажарилди. Иситиш тизимларини ўрнатишда янги инновацион усулдан фойдаландик: хоналар юқоридан ўтган – мунтазам равишда иссиқ сув айланадиган қувурларга ҳаво оқимини йўналтириш орқали иситилади. Энергияни кўп тежайдиган бу тизим тоғ шароитида қўл келади. Совутиш ускуналари ҳам шу усулда ишлайди.

Суҳбатдошимизнинг гувоҳлик беришича, иш айни тиғиз пайтларда уч юзга яқин навоийлик бинокорлар вагон-уйларда яшаб меҳнат қилишибди. Қўлигул қурувчилар лойиҳадагидан ҳам кўркам қилиб барпо этган санаториянинг турли қаватлари, тефаль, гулдор чойнак-пиёлалар қў­йил­ган бир ва икки ўринли ҳамда люкс хоналар, уларда яратилган қулайликлар, хоналар ва қаватлардаги умумий дам олиш жойларини безаган юмшоқ гиламлар, чиройли мебелларни кўздан кечириш янада завқли. Ижодкорлар учун мўлжалланган хоналарга эса қўшимча тарзда компьютер, Интернет алоқа воситалари ҳам қўйилган.

— Мен Зоминнинг сўлим гўшасида ажойиб сиҳатгоҳ очилиш маросимида иштирок этарканман, сўз ва амал бирлиги ҳақида хаёлга толдим, — деди Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова. — Президентимиз барча соҳаларда улкан ташаббуслар билан чиқмоқда ва бу ташаббуслар кўз ўнгимизда амалга ошаётганига бутун мамлакат гувоҳ бўлиб турибди. Албатта, ният қилиш яхши, аммо уни рўёбга чиқариш учун заҳмат чекиш керак. Мамлакатимиз ижодкорлари учун ҳам барча шароитлар яратиб берилмоқда. Бу ташаббуслар нафа­қат бугун учун, балки келажакни ўйлаб амалга оширилмоқда. Биргина Ижод мактаблари очилишининг ўзи ҳам адабиётимизнинг буюк келажагига қўйилган пишиқ пойдевор бўлди. Мана, бугун Зомин бағрида бунёд этилган янги ижод мас­кани барчамизга муборак бўлсин.

Бинонинг юқори қаватларига чи­қиб-тушишда ойнаванд лифтлар қўл келади. Атрофдаги манзарани тўсмайдиган бу лифтлар Хитойда ишлаб чиқарилган. Санаториянинг тиббий муолажа ҳамда спорт билан шуғулланиш хоналари эса алоҳида бўлмада жойлашган. Бу ерда даволанувчилар замонавий диагностика ускуналари, ультратовуш, ингаляция хоналари, фитобар, шунингдек, теннис, вело-тренажёр, ҳаракатланувчи йўлак каби қурилмалардан фойдаланишлари мумкин. Бундан ташқари, ҳар бир қаватда навбатчи шифокорни чақириб, қон босимини аниқлаш, зарур бўлганда муолажа олиш хоналари мавжуд. Муҳими, санаторияда бой кутубхона ҳам фаолият олиб боради. Тантанали очилиш маросимидан сўнг ушбу кутубхонага Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси томонидан китоблар тақдим этилди. Тантанада иштирок этган шоир ва ёзувчилар ҳам ўз асарларини совға қилдилар.

— Зомин тоғларининг орасида, энг манзарали, баҳаво жойда ижодкорлар учун замонавий сиҳатгоҳ қурилгани барчамиз учун қувончли, унутилмас воқеа бўлди, — деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. — Хоналари шинам, осойишта, ижод учун қулай, тинч макон бўлибди. Бу ерга ижодкор ўз олдига бир ижодий мақсад қўйиб келса, албатта, эзгу ниятига етади. Президентимизнинг илтифоти билан қисқа вақт ичида бунёд этилган бу бинода ҳали кўп улуғ асарлар ёзилишига ишонаман. Таъкидлаш жоизки, ижодкорларга яна бир катта имконият яратилди.  Тошкент шаҳрининг марказида, Алишер Навоий номидаги Миллий боғда Ёзувчилар уюшмасининг биноси қуриб битказилганда ҳам, унинг ёнида Адиблар хиёбони бунёд этилганда ҳам мана шундай ҳайратга тушгандик. Мисли кўрилмаган ҳодисалар бўляпти. Айни пайтда Тошкент вилояти Паркент туманида яна бир шундай бино қад ростлаяпти. Давлатимизнинг шунча ғамхўрлиги, меҳрибончилигининг қадрига етиб, муносиб жавоб бериш керак.

Бино фойеси деворидаги улкан картина диққатингизни тортиши та­йин. Унда атоқли ёзувчи ва давлат арбоби Шароф Рашидовнинг бир гуруҳ ижодкорлар билан суҳбатлашаётгани тасвирланган. Бу тарихий асар 1977 йили рассом Ренан Емельянович Вико томонидан яратилган бўлиб, асл нусхаси пойтахтимиздаги Санъат музейида сақланади. 2017 йили рассом Б.Чориев томонидан аслидагидек қилиб кўчирилган ушбу нусха эса Ўриклисойдаги ижод мас­канига тақдим этилгунга қадар Навоий шаҳридаги “Фарҳод” Маданият саройи залларини безаган эди.

Бинонинг орқа томонида ландшафт меъморлиги асосида қурилган 180 ўринли амфитеатр ёз оқшомлари ижодкорлар билан янада файзли бўлиши шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбари: “Мамлакатимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга, бу йўлда бор билим ва салоҳиятини сафарбар этишга қодир бўлган азму шижоатли ёшларни тарбиялаб вояга етказиш биз учун энг муҳим масаладир”, деб таъкидларкан, миллий тараққиётимизнинг янги даврида маънавий ҳаётнинг барча жабҳаларида халқ манфаатлари учун жон куйдириш, барқарор соғлом муҳит яратиш вазифасини назарда тутган. Ўриклисойда қад кўтарган муҳташам маж­муа ҳам ана шу соғлом муҳитнинг шарофатидир.

Бошидан қори кетмаган мағрур тоғлар, ям-яшил арчазорлар билан қопланган тик қоялар, шарқираган сой бўйида қарийб 4 гектар майдонда ястанган мазкур саломатлик мас­канида ушбу маҳобатли бинони барпо этишда иштирок этган қурувчилар, Ёзувчилар уюшмасининг кексаю ёш аъзолари, Жиззах вилоят адабий жамоатчилиги, зоминлик пиру бадавлат нуронийлар, динимиз пешволари, сенатор ва Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси масъ­ул ходимлари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қувондиқ Санақулов маросимни очар экан, давлатимиз раҳбари ташаббуси, бевосита меъморий ечимлар борасида берган кўрсатмаларига кўра қисқа муддатда қад ростлаган бу бинони қуриш жараёнлари ҳам ижодкорларнинг илҳоми жўшгандаги каби завқу шавқ билан кечганини фахрланиб таъкидлади.

Қолаверса, кончиларимизнинг юрт тупроғини гард-гардигача кўздан кечириб, ноёб маъданларни ажратиб олиш жараёнлари ва ижод аҳлининг­ игна билан қудуқ қазиган каби машаққатли изланишларида узвий уйғунлик мужассам. Сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари бежиз бу икки муҳим қутбни бирлаштирмагани хусусида бот-бот тўхталиб ўтдилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, унинг фаол аъзолари ҳам Президентимизнинг ижод аҳлига кўрсатаётган ғамхўрликларига кейинги икки йилда ўзларининг қатор ҳозиржавоб ижод маҳсулларини тақдим қилди. Чунончи, Уюшма муассислигидаги нашрларда “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан”, “Адиб ва жамият”, “Адабиётлар дўстлиги — халқлар дўстлиги”, “Адабий дўстлик — абадий дўстлик” каби ўнлаб рукнлар ташкил этилди ва уларда туркум-туркум бадиий-публицистик, шеърий ва насрий асарлар эълон қилинди. Президент қабулхоналари фаолияти акс эттирилган “Халқ қалбига йўл”, НКМКнинг 60 йиллигига бағиш­ланган “Тупроғи олтин диёр”, “Мен Ўзбекистон фуқаросиман” жамоавий тўпламлар, Ўзбекистон халқ шоирлари Анвар Обиджон қаламига мансуб “Фарғоналиклар”, Сирожиддин Саййиднинг “Сув келтирган элда азиз”, Маҳмуд Тоирнинг “Янгиланаётган Ўзбекистон” китобларини мисол тариқасида келтириш мумкин. Бу борада, айниқса, Ижод мактаблари фаолиятининг мустаҳкам йўлга қўйилгани, халқ орасидан ёш истеъдодларни излаб топиш, уларда адабиётга, китобга меҳр уйғотиш, салоҳиятларини тўла намоён этишлари учун шароитлар яратишда эътироф этишга арзирли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, унинг ҳудудий бўлимлари томонидан бу каби эзгу ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Саломатлик масканининг очилиш маросимида сўлим “Ўриклисой” бағ­рида “Ёш ижодкорларнинг Зомин семинари”нинг очилиш тарихи қайта-қайта тилга олинди. Эндиликда унинг фаолияти мунтазам давом эттирилаётгани ҳамда яқин келажакда бу семинар фаолиятини халқаро кўринишда ташкил этиш, унга ён қўшни мамлакатлар ёш ижодкорларини ҳам таклиф қилиш, адабий дўстликни том маънода абадий дўстликка айлантириш лойиҳалари устида изланишлар олиб борилаётгани ва бу муҳташам бино келгусида ана шундай эзгу мақсадларга ҳам хизмат қилажаги қувонч билан таъкидланди.

Очилиш маросимида Президент мас­­ла­ҳатчиси Х.Султонов, Жиззах вилоят ҳокими Э.Солиев, Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид сўзга чиқдилар.

Тадбир Навоий кон-металлургия комбинати қо­шидаги “Фарҳод” маданият саройи ижодий жамоаларининг катта концерт дас­турлари ва уюшма аъзоларининг шеърхонлиги билан якунланди. Тантанали очилиш маросимидан сўнг тадбир иштирокчилари ва жамоатчиликка Рамазон туҳфаси — ифторлик дастурхони ёзилди.

Ўктам МИРЗАЁРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг