Устозларнинг устози (2019 йил, 21 сон)

287

Адабиёт, бадиий ижод ҳақида гапирганда, аввало, бу йўлда ёзувчиларга, шоирларга таълим берган, чинакам адабиёт нима эканини ўргатган устозлар эсга тушади. Шарқда Арас­туни эҳтиром билан Устози аввал, дея эъзозлашган, Абу Наср Фаробийни Муаллим-ус соний,  яъни Иккинчи муаллим дея эътироф этишган. Дунё аҳлига, одамларга илмни ўргатгани учун, ҳаётда яшашнинг маъни-­моҳиятини очиб бергани, кўнгилларга ҳикматли тафаккур ила нур таратгани учун.

Адабиётсевар халқимиз, миллатимиз учун Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов ана шундай улуғ устозлардан биридир.

Озод ака ўзидан аввал яшаган буюк маърифатпарвар адиблар халқ учун нима иш қилган бўлса, Озод ака ҳам ўша шарафли, масъулиятли ва ўта машаққатли вазифани бажарган.

Озод Шарафиддинов, деганда беихтиёр Чўлпон эсимизга тушади, Беҳбудий, Фитрат, Абдулла Қодирий, миллатимиз озодлиги учун ­курашган маърифатпарвар боболаримиз эсимизга тушади. Миллатимиз зиёлиларини қатағон қилган мустабид тузум даврида ­ҳукмрон мафкура томонидан тақиқланган Чўлпонни, унинг сафдошларини халқимиз ёдига солиб, эслатиб турган, керак бўлса, уларнинг эрксевар асарларини тарғиб этган домла Озод Шарафиддинов бўлади. Оғзидан ўт пуркаб турган мустабид тузум аждаҳосининг комида “Тирик сатрлар” китобини нашр этган Озод домла бўладилар. Бу жуда катта жасорат эди.

Ҳур фикрли маърифатпарварлар, буюк шахс­лар ўз ақлу закосининг машъаласи билан зулматда қолган одамларга тўғри йўл кўрсатиб туради. Озод Шарафиддинов ана шундай улуғ шахслардан бири эди.

 Ўтган асрнинг 70–80-йилларидаги адабий-ижтимоий ҳаётимизда Озод Шарафиддинов ўз илмий, ижодий, ижтимоий фаолияти билан маърифатимизнинг пешқадам карвонбошиси бўлган. Халқни уйғоқликка даъват этиш дейсизми, илғор фикрларни тарғиб этиш дейсизми, адабиётимиз келажагини тарбиялаб вояга етказиш ёки истеъдодсиз, саводсиз назм­бозликка қарши кураш дейсизми, Озод аканинг қизғин ва кўпқиррали фаолиятида ­буларнинг барчаси мужассам эди.

Ўша даврда бир янги асар ёзган ҳар бир ижодкор: “Бу асарга Озод ака нима деркин?” – дея домланинг оғзига қараб, фикрини ­кутар эди. Адабий ҳаётда бадиийлик мезонини белгилаб берувчи ҳалол, холис, талабчан, ­масъулиятли устознинг фикри биз учун ниҳоятда муҳим ва қадрли эди. Истеъдодсиз ижод намуналарига муросасиз, қобилиятли ижодкорларга меҳрибон ва айни пайтда талабчан устоз эди Озод ака.

Шу ўринда устоз Эркин Воҳидовнинг ­қуйидаги шеърини эслаш кифоя.

 

Шеър ёзганда юрак сўзидан

Бошқа сўзни уққан эмасмиз.

Нозирларнинг қаттол кўзидан,

ўазабидан қўрққан эмасмиз.

 

Фақат шеър ростмона тиниб

Етилмаса, хом чиқса бехос,

Устоз Озод Шарафиддинов

Қовоғидан қўрққанмиз, холос.

Шогирдларини, истеъдодли ижодкорларни ўша қаттол замонларнинг зуғумлари ва худбин ҳасадгўйларнинг ҳужумларидан ҳимоя қилувчи катта истеҳком, мустаҳкам қўрғон эди Озод ака. Устоз жуда кўп ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунос олимларни тарбиялаб вояга етказган.

Таъбир жоиз бўлса, ўтган асрнинг 70-80-йилларида адабиётга кириб келган жуда кўп ижодкорлар Озод Шарафиддиновнинг тафаккур қанотлари остидан чиққан, десак, муболаға бўлмайди. Ўзбекистон Қаҳрамонлари Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар Озод акани ўз устози, деб билган. Бу бежиз эмас. ­Устоз Абдулла Орипов Озод домланинг ­исмига бағишлаб “Мувашшах” ёзган эди.

 

Оҳ уриб ҳар ёнда изғийди шамол,

Замон макон бермай уни қистайди.

Орзуси фақат шул: у ҳам тоғ мисол

Дили ором олиб ётмоқ истайди.

Аросатда инграр тоғлар ҳам аммо,

Кўҳи замонадан тополмай илож.

Армон қилар у ҳам шамолдай гўё

Мовий кенгликларда ёзсин дер қулоч.

Мен ҳам Озод домланинг меҳридан баҳраманд бўлган шогирдлариданман. “Ўзбекис­тон адабиёти ва санъати” газетасининг 1982 йил 29 октябрь сонида Озод ака менинг туркум шеърларимга оқ йўл тилаб сўз ёзган эди.

Ана шу сўзлар ҳеч қачон юрагимдан ­чиқмайди.

“Шеърият оригинал поэтик образларсиз яланғоч ҳайкалдан ортиқ нарса эмас. ­Шеърни шеър қилиш учун, унга жон ато этмоқ учун поэтик образлар, деталлар билан бир ­қаторда теран фикр керак…

…Албатта, ижодда камолотнинг чеки бўлмайди. Ижодда ҳар бир эришилган маррадан кейин яна янги марралар келадики, уларни забт этиш янада қийинроқ ва машаққатлироқ бўлади. Ҳамма гап ижодкорнинг қандай маррага интилишида, ўз зиммасига нечоғлик оғир юк қўя билишида. Сирожиддиннинг ҳозирги шеърлари шундан далолат берадики, у ҳар қандай оғир юкни кўтара оладиган забардаст елкаларга эга…” Устознинг бу фикрлари бутун ҳаётим давомида менга дастуриламал бўлди.

Домла китобни ниҳоятда севувчи, ниҳоятда китобхон ижодкор эди. Жаҳон адабиёти дурдоналарини талабаларга, шогирдларига кўп тар­ғиб қилар, жаҳон адабиётини жуда чуқур билар эди. Халқимиз жаҳон адабиёти дурдоналаридан она тилимизда баҳраманд бўлишини, замонавий адабиётимиз жаҳон адабиё­ти миқёсида  юксалишини, энг яхши асарларимиз жаҳон тилларига таржима қилинишини орзу қиларди. Домланинг ўзи жаҳон адабиётининг энг нодир намуналарини она тилимизга маҳорат билан таржима қилар, шогирдларига жаҳон адабиёти таржимаси  юзасидан топшириқлар берар эди. Ниҳоят, мустақиллик шарофати билан Озод аканинг ташаббуси, тинимсиз саъйи ҳаракатлари ўз самарасини берди. Давлатимиз томонидан Ўзбекистонда илк бора “Жаҳон адабиёти” журнали таъсис этилди. Домланинг орзулари рўёбга чиқа бошлади.

Адабиётнинг машаққатли йўлида шафиқ ва меҳрибон устоз, қўрғондай бўлиб турган муҳтарам домла оламдан ўтганида, назаримда, ҳаётимнинг бир томони ўпирилиб кетгандай бўлган:

Букун нолаларим ноламдан ўтди,

Умр қоғоз билан қаламдан ўтди.

Кетди айтилмаган қанчалар калом,

Қанча шеъру баёт оламдан ўтди.

 

Ажал ов қиларми якка-яккалаб?1 

Тўра Сулаймону

Шукур акалар…

Озод домла янглиғ сўз қўрғонлари

Кетдилар.

Дилларда ёд, армонлари.

Қанча сабру сабот оламдан ўтди.

Гўё адабиёт оламдан ўтди.         

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз ижтимоий ҳаётига бешта ташаббус, айниқса, китобхонлик жорий қилинаётган бугунги кунда Озод Шарафиддиновнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, асарлари нақадар муҳим аҳамият касб этаётганини барчамиз чуқур ҳис этиб турибмиз. Озод ака бутун ҳаёти давомида китобхонликни тарғиб қилди, умрининг охиригача миллий адабиётимизнинг ривожи учун ижод қилди, таълим берди, маърифат тарқатди. Ўзининг забардаст елкаларида маънавиятнинг ниҳоятда оғир ва шарафли юкини кўтарди. Ўз ҳаёти, ижоди, фаолияти мисолида маънавий жасорат намунасини кўрсатди.

Муҳтарам Президентимиз Фармони билан бир қатор адибларимиз, жумладан, Озод домланинг умр йўлдоши Шарофат аянинг шу йил “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланиши замирида нафақат Шарафиддиновлар оиласига, балки миллий адабиётимизга нисбатан юксак қадрият, эҳтиром ва ҳурмат-эътибор мужассам. Бу мукофот Президентимизнинг, халқимизнинг, Она Ватанимизнинг Озод Шарафиддинов сиймосига бўлган юксак эҳтироми тимсолидир.

Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов сабоқлари давом этади. Устознинг ижодини ўрганиш, тар­ғиб этиш, адабий-бадиий ғояларини, ижодий мақсадларини рўёбга чиқариш учун бугунги янги даврда барча имкониятлар мавжуд.

Озод Шарафиддинов Чўлпон ижодини тар­ғиб этиш, ҳимоя қилиш ва адабий ҳаётимизда ўзининг муносиб ўрнини топиши учун матонат билан хизмат қилган эди. Шу ўринда Чўлпоннинг “Адабиёт яшаса, миллат яшайди” деган сўзи мисолида токи миллат яшар экан, адабиёт яшар экан, Озод Шарафиддинов ҳам барҳаёт яшайди, дегим келади. Чунки, Озод ака ўз ҳаёти ва умрини миллат ҳаёти, Ватан адабиётига бахшида этган улуғ устоз эди.

 

Ўзбекистон Қаҳрамони, фан арбоби, адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов таваллудининг 90 йиллигига

Сирожиддин САЙЙИД,

                  Ўзбекистон халқ шоири

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг