Яхши одамлар (2019 йил, 21 сон)

314

Академик Матёқуб Қўшжонов адабиётимиз хазинасини элликдан ортиқ китоблар, катта илмий-адабий мероси билан бойитган атоқли адабиётшунос олим. Уларнинг орасида “Ўзбекнинг ўзлиги” (Абдулла Қодирий ижод маҳорати хусусида), “Ойбек маҳорати”, “Абдулла Қаҳҳор маҳорати”, “Ҳаёт ва маҳорат”, “Ижод сабоқлари”, “Жайҳун жилолари” сингари бебаҳо асарлар бор. Устоз умрининг охирги йилларида сермазмун ҳаёт йўли, бевосита ўзи гувоҳ бўлган воқеалар, ҳамсуҳбат бўлган ажойиб инсонлар, халқимизнинг узоқ ўтмиши, кейинги қарийб бир асрли ҳаёт йўли ҳақида бой тасаввур берувчи, ёшлар учун ҳар жиҳатдан ибратли бўлган “Дагиш”, “Алам”, “Дийдор”, “Армон” каби хотира китоблар ҳам ёзиб қолдирган. Жумладан, “Юрак дарди” асари ҳам қизиқарли бўлиб, унда муаллиф Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида бевосита ўз кўзи билан кўриб, бошидан кечирган воқеаларни қаламга олган. Маълумки, Матёқуб Қўшжонов урушда снайперчи бўлган, бу эса, табиий равишда фронтнинг илғор жабҳасида ёки энг хавфли жойларида жанг қилишни, махсус топшириқларни бажаришни тақозо этган. Адабиётшунослик илмида ҳам юксак синчковлик даражасига етишган устознинг қирғин-барот жангларда ҳам китобдан айрилмаганига гувоҳ бўламиз.

Эътиборингизга адибнинг ўғли Қудрат Қўшжонов томонидан тақдим этилган ушбу асардан парча ҳавола этилмоқда.

 

Уруш йилларини хотирлар эканман, менинг маънавий камолотимда икки кишининг қанчалик катта хизматлари бўлганини унута олмайман. Бири – шифокор аёл, иккинчиси – оддий аскар.

Жанубликлар учун шимол табиатига, унинг оғир об-ҳавосига чидам бериш катта ташвиш. Мен иложи борича ўзимни душман ўқига қанчалик чап беришга чоғласам, шу даражада ёт табиат хуружларидан сақлашга ҳам уринар эдим. Арзимаган сабаб билан сафдан чиқиб кетиш ёки бир умрлик оғир касалликка чалиниб қолишни бемаънилик деб билардим. Армия сафида, фронт миқёсида бир неча бор йўл босиб, у жойдан  бу жойга кўчиб юрган пайтларимиз кўп бўлган. Булардан энг оғири қирқ тўртинчи йилнинг сер­ёғин кеч кузида Волховдан Новгородга, кейин у ердан Финляндия томонга ўтиш бўлди.

Юришлар полкма-полк амалга оширилар эди. Одатда, полк командири олдинда, кейин штаб, улар кетидан эса батальонлар борарди. Қорми-бўронми, ёмғирми-чақмоқми, аскар учун бунинг ҳеч аҳамияти бўлмаслиги керак эди. Бир кунлик юриш меъёримиз ўттиз беш-қирқ чақирим. Бунинг устига тўйиб ухлаб олиш деган тасаввурнинг ўзи йўқ. Бу ҳақиқий азоб эди. Фараз қилинг: саф тортиб кетаяпмиз. Шу даражада уйқу келадики, кўзлар ўз-ўзидан юмилиб кетаверади,  лекин чидаш керак. Гоҳи-гоҳида чопиб сафдан четга чиқиб, юз-кўзни қор билан ишқалаб оламиз. Бу вақтинча уйқуни ҳайдагандай бўлади. Яна сафга туриб, йўлимизни давом эттирамиз. Бундай ҳолат бир неча мароталаб такрорланади. Бироқ шундай пайтлар ҳам бўладики, кўзларни қорга ишқалашга ҳам мадор қолмайди ёхуд бунинг фойдаси бўлмайди. Сафда кўз юмилганича, яъни мудроқ ҳолда кетилаверади. Қандайдир бир ички туйғулар туфайлигина олдингизда кетаётган жангчини ҳис қилиб борасиз. Орқадаги қадам шарпаси ҳам эшитилиб туради. Вақти-вақти билан ич-ичингда қай бир сезги ишламай, сафдан орқада қола бошлайсан. Гўё қандайдир кўринмас куч сени бир чеккага тортаётгандек. Буни олдинда бораётганлар ҳам, орқада келаётганлар ҳам пайқашмайди, чунки ўзлари ҳам шундай телбагезаклик ҳолатида қадам ташлаётган бўлади. Бир неча дақиқа ўтиб, йўл чеккасида бўлиб қоласан ва тўсатдан ўзингни белинггача қорга кўмилиб, бир чуқурда ётган тарзда топасан ёхуд бирданига қулаб тушасан. Шунда сал ҳушинг­га келиб, сафга етиб олиб, ўз ўрнинг­да қадам ташлашда давом этасан. Бироз вақт ўтиб, то манзилга етиб олгунча шундай ҳолат яна ва яна такрорланаверади…

Юриш узоқ давом этса, ҳар соатда ўн дақиқалик дам бериш таомилга кирган. Бунинг “привал” деган ўзига хос атамаси ҳам бор.

– “При-ва-ал!” – кимдир эълон қилиб қолади.

Саф бошидан жар солинган бу хушхабар бирпасда унинг охирига етиб боради.

Жангчилар шу заҳоти йўлнинг икки четига ёпирилишиб, ёз бўлса ўт-ўлан устига, қиш бўлса, қор устига ўзларини таппа-таппа ташлайдилар. Таналари ерга тегди дегунча, кўзлари уйқуга кетади. Ҳаммалари бирданига тош қотиб қолишади. Четдан қараганда, қимир этмасдан ухлаётган жанг­чилар  жонсиз латта қўғирчоқлар тўдасига ўхшаб кўринади. Ўн дақиқа худди бир сония­дек, ундан ҳам қисқароқдек ўтиб кетади. Бирданига:

– По-хо-од! – деган буйруқ янграйди.

Буйруқни жангчиларнинг ҳаммаси баравар эшитишади. Ҳамма бирданига ўрнидан сапчиб туради. Елкага илинаётган қуролларнинг шақир-шуқури эшитилади. Ҳар бир жангчи ўрнини эгаллаб, саф олға интилади.

Жуда зарур пайтларда кечалари ҳам йўл юришда давом этилади. Аммо кўпинча оқшом пайтлари дам олинади. Ҳордиқ чиқариш ҳам шароитга қараб бўлади. Юриш жанг майдонига яқин бўлса, ўт ёқишга рухсат берилмайди. Бундай ҳолларда катта қарағай ёки арча дарахтининг таги бошпана вазифасини ўтайди. Бу дарахтларнинг қойил қоладиган хусусиятлари бор.  Оғирлигидан бўлса керак, тарвақайлаб кетган шохлари пастга қараб ўсади.

Жанг майдонидан узоқроқ жойларда ўт ёқишга рухсат этилади. Беш-олтитадан давра қуриб, арча ё қарағай тагида гуриллатиб олов ёқилади. Гулхан атрофида арча шохчалари қалин қилиб тўшалади. Йўл ошхонаси тарқатган кечки овқатдан кейин гулхан атрофида доира бўлиб ётилади. Бундай пайтларда қор-ёмғирнинг жангчилар учун хавфли жойи йўқ. Фақат баъзан дарахтлар орасидан изиллаб ўтиб турган изғирин азоб бериши мумкин, холос. Ундан ҳимояланиш учун шинел этагига, плаш-палаткага яхшилаб ўраниб, бош остига буюмхалта қўйиб олинади. Яланғоч қиш ўрмонига барибир кириб келадиган изғирин шамол йўналишига тўсиқ сифатида ўқ-дори қутиларидан фойдаланиб, дарҳол “ҳимоя девори” ҳам ясаб олинади. Шу тариқа “роҳат” қилиб эрта тонггача ухланади. Эрталаб уйғониб, шинелларимиз ва палаткаларимизда танга катталигидаги тешикчаларни кўрардик. Бу шу яқинда ёқиб қўйилган гулхандан сачраган ўт оқибати бўларди.

 Шу орада кўчма ошхонада тайёрланган овқат ҳам етиб келади. Уни тановул қилиб, салгина нимранг сув чой ҳисоблаб ичилади-да, сўнгра кечаси бошимизда паналик қилган арча билан хайрлашилади.

Эҳтиёткор жангчиларнинг камарида доим фляга – оғзи маҳкам ёпиладиган ғилофли алюмин идиш бўлади. Йўл юрганда кўп терлашдан тез-тез чанқаб турилади. Россияда нима кўп – сув кўп. Йўл чеккаларида, ўрмон этакларида тошлар орасидан сизиб, ўзига йўл очиб оқиб ётган булоқларни учратасиз.

Жуда ёшлигимда отам берган бир насиҳат сира эсимдан чиқмайди:

– Ишласанг, ё узоқ йўл юрсанг, баданинг қизийди. Шунда танинг совумасдан туриб совуқ сув ичиш мумкин эмас, – дерди у киши.

Шунга қарамасдан, йўлимизда учраётган бу беҳисоб булоқлардан шарқираб оқиб ётган тиниқ, зилол сувлардан ичмасдан ўтиб кетолмасдик. Сафдан отилиб чиқиб, кўксимизни ерга берганча, булоқ сувларидан симириб-симириб ичиб оламиз, танамиз яйраб кетади. Албатта, Россия сувлари бизнинг юрт сувларидан фарқ қилади, уларда арча ёки қарағай баргларининг ҳиди анқиб туради. Ранги ҳам сарғимтил. Сувдан роса тўйиб ичиб олгач, яна сафдан ўз ўрнимизни эгаллаймиз. Урушга кетаётиб она юртимдаги Амударёда тўлқинланиб оқаётган малларанг ширин сувдан тўйиб ичиб олганим кўз олдимда турибди.

Новгороддан Карел-фин бўғозигача қанчадан-қанча қишлоқлару шаҳарларни босиб ўтганмиз. Дивизия-ку мўлжалланган жойга етиб бориб, ҳатто Финландия ерида жангга ҳам киришиб кетгандир. Бироқ мен ўшанда мўлжалга ета олмадим.

Ленинграддан ўтиб, анча юрганимиздан кейин қандайдир қўрғонсифат жойда бир неча кунлик дам олиш эълон қилинди. Бўшаб ётган иморатларга жойлашдик. Бу ерда қаттиқ жанглар олиб борилганлиги шундоққина сезилиб турарди. Иморатларнинг баъзилари қаттиқ емирилган, айримларининг ойна-эшиклари йўқ, деворларида ўқ ва снар­яд парчаларининг изи. Нима бўлганда ҳам, бу ҳар ҳолда бошимиздан ўтказганимиз арча тагида, гулхан атрофида тунашдан яхшигина  фарқ қиларди…

Баҳор кунларининг бири. Кутилмаганда чарақлаб чиққан қуёш илиқ нурларини борлиққа сочаркан, қолган-қутган қорни ҳам эритиб, нимжонгина кўкатларга йўл очиб беришга уринарди. Шунчалик узоқ йўл босиб келганларига қарамасдан, жангчиларнинг кайфияти ҳам яхши эди. Буни ҳақиқий дам олиш деса бўларди.

Бироқ менга ҳордиқ татимади. Тўсатдан лоҳас бўлиб, ҳолсизлана бошладим. Ҳовлига чиқиб, тоза ҳаводан нафас олиб бирор иш билан шуғулланиш ўрнига, ҳолдан то­­йиб, ўзимни ерга таппа ташлаганимча ўрнимдан туролмадим. Дўстларим чор-атрофни ўрганиб, ҳаммаёқни бир-бир кўздан кечириб чиқишибди. Мен эса ҳушимдан кетиб қолибман, улар бинога қайтиб киришса, шу аҳвол, дарҳол докторни чақиришибди. Мен ўрта ёшлардаги шифокор кўкрагимга бир қарич келадиган ёғоч карнайини қўйиб:

– Нафас ол! Нафас олсанг-чи! – дея қайта-қайта эшитиб кўраётгандагина сал ўзимга келгандай бўлдим.

Доктор бир зум ўйланиб қолди. Ётган жо­йим­ни бир сидра кўздан кечирган бўлди. Сўнгра менга қараб:

– Оғайни, ишларинг яхши эмас, – деди.

– Илгари ҳам бир марта шундай бўлган эдим, икки кунда тузалиб кетаман, – деб, Каттақўрғонда ўқиб юрганимда безгак бўлганимни айтиб бердим.

– Йўқ, йўқ, оғайни, бу сафар дард сен ўйлаганчалик эмас, – деди-да, штаб қошидаги разведкачилар командирига қараб қатъий оҳангда:

– Госпиталга! – деди.

Эртасига мени Ленинграднинг Суворов шоҳ кўчасидаги кўпқаватли ҳарбий госпиталга олиб боришди. Биринчи гал ярадор бўлганимда жарроҳ хонимнинг “ғалабани ярадорлар келтиради”, деган сўзларини яна бир марта  эсладим. Чунки ҳали уруш тугаганича йўқ, соғайгач, буюмхалтамни елкага ташлаб, бошдан-оёқ шинелга ўралиб олганча, яна қайсидир фронтга йўл оламан. Лекин ишларим мен ўйлаганчалик юришиб кетавермади. Госпиталда аҳволим анча оғирлашди. Узоқ вақт иссиғим тушмади. Озиб ҳам қолдим. Тобора ҳолсизланиб, кўзларимдан нуру танамдан қувват кетаётгандек бўлди. Госпиталдан чиқсам, кейин қаерга боришимнинг ҳам аҳамияти қолмади.

Икки марта ярадор бўлиб, кўрмаган госпиталу даволанмаган докторим қолмади. Уларнинг ҳар бири ҳақидаги таассуротларим ҳам ҳар хил. Бироқ бу галги шифокорлар бутунлай бошқача эдилар.

Палата доктори Мария Яковлевнани ҳалигача унутолмайман. Унинг жуссаси нозик ва хушқомат, қошлари худди териб қўйилгандек ингичка, кўзлари мулойим боқувчи, нигоҳи жозибали ва маъноли эди. Бу меҳрибон шифокор ҳар бир беморнинг хулқ-атворига яраша эркаловчи сўзларни топиб гапирар, ўта хушмуомала эди. Менинг каравотим олдига келганида:

– Азизим, бу қора кўзларни қаердан олгансиз? – деб хаста кўнглимни кўтариб қўяр эди. Ёки бўлмасам: – Ухлайвер, азизим, қанчалик кўп ухласанг, шунчалик тез тузаласан, – дерди.

Ниҳоят, иссиғим туша бошлади. Кўп ўтмай оёққа турдим. Мария Яковлевна мени сира эътибордан четда қолдирмади. Шу тахлит кунлар ўтаверди. Соғлигим анча яхшиланди. Энди палатага сиғмай қолдим. Кейинчалик госпитал ҳовлиси ҳам менга торлик қила бошлади. Даволаниб, чиқиб кетган палатадош дўстларим кийим-кечак олиб келишди. Касалхона кийимларини яшириб, шаҳарга чиқиб кетдим. Кечқурун анча кеч қайтдим. Доктор аллақачон уйига кетиб қолган бўлса керак, деб бемалол палатага кириб келдим. Не кўз билан кўрайки, Мария Яковлевна палатада кутиб ўтирарди. Навбатчи бўлса керак, деган фикр хаёлимдан ўтди. Докторнинг юзига табассум қалқиди. Табассуми ясама, зўраки, яна ҳам тўғрироғи, бир қадар аразли эди. Сал бўлмаса, киприклари тагидан шашқатор ёш қуйиладигандек кўринди менга. Лаблари нималардир дейишга чоғлангандай бўлди-ю, лекин керакли сўзларни тополмади, чамамда. Ниҳоят, у шошиб ўрнидан турди-да:

– Хайр, яхши ётиб туринглар, – деганича, тез-тез қадам ташлаб палатадан чиқиб кетди.

Палатага сукунат чўкди. Дераза олдида ётган йигит жимликни бузиб:

– Мария Яковлевна сендан жуда хафа. Ундан кечирим сўрасанг яхши бўларди, – деди қатъий оҳангда.

Узр сўраш учун эса менда журъат етмади. Бўлиб ўтган воқеадан жуда пушаймон бўлдим ва қилмишим учун ўзимни  қаттиқ койидим…

Мен билан ёнма-ён Игнатьев деган жангчи ётар эди. Ўзи бирор ҳожат билан ташқарига чиқиб кетганида, палатадаги беморлар уни “инженер” нисбаси билан аташларидан уни сапёр-инженер бўлса керак, деган ўйга бордим. Унинг нима касал билан ётганини ҳам, қайси фронту қайси қисмдан келганини ҳам билмасдик. Инженер қирқ-эллик ёшлардаги киши бўлиб, бизнинг назаримизда, ундан ҳам қарироқ кўринарди. Сочлари сийраклашиб, оқ оралаган, анча озғин, жағ суяклари бўртиб чиққан. Орамизда тенгдоши бўлмаганиданми ёки бошқа сабабданми, у деярли ҳеч ким билан гаплашмасди, бирор нарса сўрашганда ҳам, қисқагина жавоб бериб қўя қоларди. Доктор бирор сабаб билан ўз бўлмасига чақириб қолган ҳолларда ҳам, кўп ўтмай қайтиб келарди. ўалати туюлиши мумкин, лекин бирор киши Игнатьевнинг исмини билмасди, шу боис унга яна “Сирли одам” деб лақаб қўйиб олишганди.

Игнатьевнинг битта машғулоти бор эди – китоб ўқиш. Бир кунда битта қалин китобни бемалол ўқиб улгурарди.

Кунларнинг бирида госпитал кутубхонасини излаб топдим. Нималарни ўқиш кераклигига ақлим етса-да, кутубхоначидан нималарни ўқисам бўлади, деб сўрадим. Кутубхоначи инқилобдан олдинги босмахоналарда нашр қилинган бир китобни келтириб берди. Бу китоб кўринишидан худди Игнатьев ўқиётган китобларга ўхшаб кетар, муқоваси тўқ сариқ матоҳдан. Туб қисмига икки энлик чарм ёпиштирилган. Китобни палатага олиб келиб, Игнатьевнинг китоблари қалашиб ётган жавончанинг бир бурчагига қўйдим. Игнатьев китобга кўз қирини ташлади-да, мийиғида кулимсирагандек бўлди. Кейин орқасини ўгириб китоб ўқишда давом этди.

  Мен ҳам китоб варақлашга қарор қилдим. Бу ёзувчи Гаршиннинг онаси билан ёзишмалари бўлиб, китобни биринчи кўришим эди. Аслида, китобга болалигимдан ихлос кўйганман. Бувим катта китобхон эдилар. У кишини кўпроқ Ўғилжон халфа дейишарди. Йигирманчи-ўттизинчи йилларда хирмон-хирмон китоблар ёқилиб, кўмилиб, қабристонларда чириб кетган бўлса-да, бизнинг уйимизда даста-даста китоблар бўларди. Уларнинг кўпи достон-қиссалар, орасида “Каломуллоҳ” ҳам бор эди. Бувимни сира тинч қўйишмасди. Чунки қишлоғимиздаги тўйу маъракаларда хотин-халаж орасида китоб ўқийдиган бошқа халфа йўқ эди. Эсимни таниганимдан бошлабоқ бувим қаерга борса, у кишини етаклаб юрардим. Ўша вақт­лари ёшлари саксонга яқинлашиб, кўзлари хиралашгани боис ёнида махсус чироқ тутиб турувчи бўлмаса, китоб ўқий олмасди. Мен  бу ишга жуда ишқибоз эдим.

Тўйларда “Баҳром ва Гуландом”, “Юсуф ва Зулайҳо” каби ишқий китоблар, маъракаларда эса анбиёю авлиёлар ҳақидаги қиссалар ўқиларди. Уларда тасвирланган ҳамма воқеаларга мен сидқидилдан ишонардим, кўп эшитаверганимдан кўплари ёд бўлиб кетганди.

Мана энди госпиталда Гаршин мактубларини ўқий бошладим. Аскар учун хат ёзиб, унга жавоб олишдан севимлироқ машғулот йўқ. Баъзан яқин одамингдан келган икки энликкина хат ҳам  бир неча кун руҳингга тетиклик бағишлайди. Кутубхоначи ҳам худди билгандек менга шу китобни топиб берибди-да, деб ўйладим ўзимча.

Уч кун ичида китобни ўқиб тугатдим. Она ва ўғил мактубларининг ҳар бир сатридан уфуриб турган ўзаро ҳурмат, меҳр-муҳаббат менга қаттиқ таъсир қилди. Китобни роса берилиб ўқиётганимдан буни Игнатьев ҳам сезди, шекилли:

– Китоб қалай экан? – деб сўраб қолди.

Аввало, бу “сирли одам”нинг менга мурожаат қилганидан ажабландим. Иккинчидан, унинг гапириш оҳангида қандайдир синчковлик борлигини сездим.

– Яхши экан, – деб қисқагина жавоб бердим. Игнатьев мен томонга буриларкан, бир оз чеҳраси очилгандек бўлиб деди:

– Чехов, Горький деган ёзувчилар бор. Лев Толстойни ўқиш мумкин…

Бу гапларни ҳам у илгаригидек совуққонлик билан айтиб, яна китоб ўқишга тутина бошлаганида мен:

– Лев Толстой ниҳоятда сертафсилот, Чеховда эса менга нотаниш, тушунишим қийин бўлган сўзлар кўп, – дедим ҳозиржавоблик билан.

У менга бироз тикилиб турди-да:

– Ундай бўлса, сенга қайси ёзувчилар кўпроқ ёқади? – деб сўради.

Каминага нисбатан унда қандайдир қизиқиш пайдо бўлгандай эди. Мен бепарволик билан:

– Лермонтов, Тургеневни ёқтираман, – дедим.

– А-ҳа!.. Шундай дегин! – деди-да, нариги ёнбошига ўгирилиб, тағин китоб ўқишда давом этди.

Ҳақиқатан ҳам, мен Лермонтовни жуда яхши кўрардим. Унинг “Замонамиз қаҳрамони” романи буюмхалтамнинг асосий юки эди. Бу ажойиб китобни қайта-қайта ўқиб чиққанман. Бир пайтлар, урушдан анча олдин гуржи адиби Шота Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” китобини бутунлай ёд олган эдим. Ўша вақтларда нашр қилинган “Сиёсий луғат” ҳам мен учун қимматли китоблардан ҳисобланарди. Энди эсласам, ўша пайтларда ҳамма нарсага қизиқувчан бўлган эканман. Ертўлаларда, қўним жойларида “Мабодо биров ўқиб бўлиб ёки эсдан чиқариб қолдирмадимикан”, деб биринчи излайдиган нарсам китоб бўларди. Бирини ўқиб тугатмасимданоқ иккинчисини олган пайтларим кўп бўлган. Доимо китоб билан банд бўлганимдан жангчи дўстларим, командирларимдан кўп танбеҳлар эшитардим. Менга ҳатто “Китобхон” деб ном қўйиб олишганди.

Бу тафсилотлардан, албатта, Игнатьев бехабар эди, лекин китобга ихлосим баланд эканини сезган кўринди. Кунларнинг бирида у қаерда ўқиганимни сўраб қолди. Мен ўқитувчилар институтининг иккинчи курсидан урушга сафарбар қилинганимни гапириб бердим. Шундан кейин у мен билан илиқ гаплашадиган бўлиб қолди, лекин камгаплиги ўзгармади. Шунинг учун унинг билан апоқ-чапоқ дўст бўлиб кетолмаслигимизга ишонч ҳосил қилдим.

Соғайиб, шифохонадан чиқиб кетиш олдидан иккита воқеа юз берди. Биринчи ҳолатда жуда ноқулайлик сезган бўлсам, иккинчисида хурсанд бўлдим.

Мария Яковлевна ҳужжатларимни тартибга солиш учун ўз хонасига таклиф қиларкан, энди соғлом эканимни билдириб, бошқа шамолламасликка ҳаракат қилишим кераклигини  уқтирди. Ўзбошимчалик билан шаҳарга чиқиб кетганимни унутмаганлигини айтиб:

– Шуни эсдан чиқарманг, менинг дайди дўстим, – деб танбеҳ бериб қўйди.

Хижолатда докторнинг юзига айбдорларча назар ташладим. Лекин у менга бошқа бирор таънали сўз айтмади, бундай одоб ва меҳрибонликдан чексиз миннатдор бўлдим.

 Доктор ҳузуридан чиқиб, палатага келганимда бу ерда ҳам мен қизиқ бир ҳолатга дуч келдим. “Сирли одам” менга кутилмаганда илиқ муомала қилиб қолди. Назаримда, доимо қовоғи чимирилган Игнатьев бирданига ўзгаргандай эди. У тимирскиланиб, ён дафтарини топди-да, ичидан битта варағани авайлаб йиртиб олиб:

– Мана бу Ленинград университетини топиш йўллари. У ерда шарқшунослик факультети бор. Сен ўшанда ўқишинг керак, – деди жиддий оҳангда.

Мен бу таклифдан чексиз қувондим. Бу одамнинг дилимдаги ниятимни англаганига қойил қолдим. “Демак, у менга ишонади”, деб ҳаяжонландим ичимда.

Кўп ўтмасдан, елкамда буюмхалта, бошимга қия ўрнатилган пилотка, бўйним оша ўралган шинелу оёғимда кирза этик билан бир гуруҳ соғайган ярадорлар сафида яна жанг майдонига йўл олдим. Энди ўзим ўрганиб қолган дивизияни топиб, унга қўшилишнинг иложи йўқлигини ҳам яхши билардим. Бу гал жангчи қисмати мени 1-Болтиқбўйи фронтининг олдинги маррадаги  46-мотоўқчи бригадасига бошлаб келган эди.

Матёқуб ҚЎШЖОНОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг