Ҳар доим яхши сўз ахтариб яша. Шеърлар (2019 йил, 21 сон)

122

 

Ҳар доим яхши сўз ахтариб яша

Ҳар доим яхши сўз ахтариб яша,
Райҳонлар гулласин ҳар бир сўзингдан.
Дўстларнинг йўлига майсадай тўша,
Чечаклар эркалаб қувсин изингдан.

Сўзларинг лоладай тўлдирсин даштни,
Қумрилар, булбуллар шўх куйлар чалсин.
Юлдузлар ёғдуни, чақмоқ оташни,
Қуёш ҳароратни сўзингдан олсин.

Сўзларинг сабодек сочларин ўйнаб,
Суйсин, эркаласин шаддод қизларни.
Севгига тўлдирсин булоқдек қайнаб,
Ошиқ юракларни — шайдо кўзларни.
Тоғлардай елкадош, боғлардай сирдош,
Дарёдай қон бўлсин сўзингга сўзинг.
Алдоқчи сўзларга асло эгма бош,
Ултон бўл, султон бўл ўзингга ўзинг.

Баҳор ёмғиридай, қишнинг қоридай,
Оламни яйратсин қаймоқ сўзларинг.
Баайни муродбахш эртакдаги най,
Тилларни сайратсин қайноқ сўзларинг.

Дўстларни кулдирсин, ёвни ўлдирсин,
Ўлдирсин ғаламус ибораларни.
Жаҳонни муаттар нурга тўлдирсин,
Қувончга тўлдирсин шалоларни —
Ҳар доим яхши сўз ахтариб яша.


 

Кузги осмон

Ғаройиб ранги бор, кузги осмоннинг:
Фалакда ярадор туйғулар жанги.
Димоққа урилар чарчоқ карвоннинг,
Ожиз мезонларга осилган чанги.

Уфқлар қонталаш, қуёш ботар чоғ,
Кўксингда нимадир сўна бошлайди.
Ичингга сап-сариқ, хазонрез япроқ
Каби маҳзун ҳислар қўна бошлайди.

Тоғлар ёнбошида хўрсинар толғин,
Эски, куя тушган пўстакдай булут.
Маҳзун хаёлларга ботганча ҳорғин,
Ненидир кутади серажин сукут.

Қанча ёз, баҳорни кўрди бу макон,
Кўрди қанча чақин — чақмоқни кўрди.
Гоҳ сомон йўлига тикилди гирён,
Синган ой қошида гоҳ хомуш турди.

Сонсиз юлдузларнинг кўркам ошёни,
Миллиён сайёрага муҳташам қўрғон.
Бугун тушунолмай тубсиз дунёни,
Самовот қошида турибди ҳайрон.

Менинг кўзларимга эриётган шам
Сингари кўринар куз каҳкашони.
Хаёлчан кўнглимга ҳамоҳанг — ҳамдам,
Бу осмон, бу қўрғон — менинг осмоним.


 

ЙЎҚЛИГИНГИЗ БИЛИНДИ, АКА
Абдували акамни хотирлаб…

Бугун йўқлигингиз билинди, ака:
Ташвишли кундамас, ғамли кундамас,
Кўзга қум тиқилган чангли кундамас,
Ё ночор, ноилож, тангли кундамас,
Айни тўй кунида билинди, ака,
Кўксим тилим-тилим тилинди, ака.

Оллоҳга шукрки, кам жойимиз йўқ,
Иймонимиз бутун, наргайимиз тўқ,
Ҳаммамиз бир муштмиз, ҳаммамиз бир ўқ,
Аммо йўқлигингиз билинди, ака,
Кўксим тилим-тилим тилинди, ака.

Сизсиз тўй-маърака қилмасди овул,
Жами юмушларга Сиз бош — баковул,
Мен-чи, мен… Бир ношуд, уқувсиз ва гўл…
Уятдан юзларим шилинди, ака,
Бугун йўқлигингиз билинди, ака.

Мен… Чала шаҳарлик, сипо, олифта,
Сизга орқа қилиб, сиғмай қолипга,
Юрган эканман-ку, эрка толибдай,
Илкис тожу тахтим “қарс!” синди, ака,
Бугун йўқлигингиз билинди, ака.

Меҳмонлар келмоқда саф-саф, ҳол сўраб,
Мен нодон турибман унсиз, довдираб,
Сизни қидираман, қушдай жовдираб,
Бошим гир айланди, кўз тинди, ака,
Бугун йўқлигингиз билинди, ака.

Ахир, ўрнингизда қолган эдим-ку,
Шу ишни бўйнимга олган эдим-ку,
Тўйда-чи, дунёга бўлдим-ку кулгу…
Дилимга залворли дард инди, ака,
Бугун йўқлигингиз билинди, ака.

Яхшики, тўй эди, андуҳдан йироқ,
ўамбода кун эса… Нетардим, бироқ,
Бошимда юз хил ўй, юз битта сўроқ,
Қалбим бўлак-бўлак — бўлинди, ака,
Бугун йўқлигингиз билинди, ака.

Ота эдингиз-да, отамиздан сўнг,
Отамиздай кенг феъл, бағри тоғдай чўнг,
Ҳаммага меҳрибон, доим кўзи ўнг,
Наҳотки, ҳаммаси туш энди, ака,
Э-воҳ! Йўқлигингиз билинди, ака.

Руҳи-пойингизга қилганча таъзим,
Мана, ўлтирибман ёлғиз, маъюс, жим,
Энди ўрнингизни ким босади, ким?
Кўксим тилим-тилим тилинди, ака.
Бугун…
Бугун йўқлигингиз….
Ёмо-он билинди, ака…


 

Тонг

Ҳар тонг туриб, тонгга салом бер,
Ҳар тонг, тонгга айтгин қасида.
“Ассалом!”, деб мардона ҳайқир,
Шодликларинг ўтли сасидан;

Чинни каби жарангласин ой,
Жарангласин сомон йўллари.
Жарангласин самовий чирой —
Соҳир саҳар камалаклари.

Титраб кетсин, тоғлар тожи-ю
Кавкабистон юлдузигача.
Шамолларнинг чилвир сочи-ю
Уммонларнинг илдизигача.

Қаҳрабо тун кўмилсин куйга,
Куйга тўлсин нилий фалаклар.
Рақс тушсин илоҳий уйда,
Оқ булутлар — саркаш малаклар.

Кўм-кўк гумбаз мавжлансин, маъсум
Шабнамларнинг мунчоқ кўзида.
Чучмомалар қилсинлар таъзим,
Қизғалдоғу бўтакўзига.

Зуҳро юлдуз — мунаввар туғён,
Насимларга ёр-ёрлар айтсин.
Шалолалар куйласин достон,
Қирлар яшил алёрлар айтсин.

Бошга кўтар париваш сиймо,
Мунаввар тонг — субҳи санамни.
Шундай сирли дамларда, аммо
Ухлаб ётган одам, одамми?

Ҳей, уйқучи зотлар, туринг, де,
Уйғот, мудроқ кўзларни уйғот!
Туринг, туринг, чаппар уринг, деб,
Сокин саҳар қучоғига от!

Бошга кўтар мунаввар тонгни,
Ҳар тонг шеър айт, айтгин қасида.
Маҳкам қучиб оппоқ оламни,
Ўпиб қўйгин пешонасидан.


 

Қайсар

Дунёда одамлар шу қадар мўлки,
Санаб, саноғига етишинг гумон.
Бири оқил, ўктам, бириси тулки,
Ва лекин ҳаммаси ҳазрати инсон.
Турфадан турфадир фикру ўйи ҳам,
Бири гунг, бошқаси бетиним вайсар.
Аммо бир қавм бор, баридан тажанг,
Ушбу терс қавмнинг мақоми – Қайсар.
Мумкиндир, мамонтни солмоқлик йўлга,
Динозаврни ҳам кўндирмоқ мумкин.
Маймун гориллани ўргатиб қўлга
Гапирсанг, гапингга тушунар… Лекин,
Булар-чи, кўнмайди на сўз, на дўққа,
Симёғоч ютгандай ғўдайган, қўпол.
Ўзидан бошқани чиқарар йўққа,
Ўзидан бошқанинг имлоси бекор.
Панду насиҳатга солмайди қулоқ,
Қандай махлуқот бу, бу қандай банда.
ўазабдан танангни тилса ҳам титроқ,
Терсу тихирлигин қилмайди канда.
Айбу хатосини тан олмас мутлақ,
Айтгани айтгану, дегани деган.
Ҳамма масалада фақат ўзи ҳақ,
Бу касдан улуғдир, эсини еган.
Қошингда ҳайкалдай турганда бехос,
ўалати ўй-ташвиш келар хаёлга.
Аёли…
Бечора…
Ҳар кун…
Ҳар нафас…
Ичинг ачиб кетар шўрлик аёлга.
…Гуноҳим шунчалар кўпми, эй, Тангрим!
Нечун дучор қилдинг бундай қайсарга?
Рўбарў қилсанг ҳам ўтирардим жим,
Қаллобга, каззобга, ҳатто, овсарга.
Художон, охирги илтижом булдир:
Ноилож қулингга нажот қил, наф қил.
Қасдинг бўлса, майли, розиман, ўлдир,
Фақат бу кимсангни кўзимдан даф қил.


 

Сиз чорлаган дам
Синфдошларга

Ҳаётда турфа хил зотни кўп кўрдим,
Яхшилар — шам бўлди, муттаҳамлар — ғам.
Гоҳида султонлар ёнида турдим,
Гоҳо ултонларга бўлдим ҳамқадам.
Гоҳида иқболим лоладай кулиб,
Минг-минг жамоага ҳамнафас бўлдим.
Базида бир ширин сўзга зор бўлиб,
Оёқлар остида хору хас бўлдим.
Шукр, шоён кунлар бўлди беадад,
Сочимдан мўл бўлди “дўстман” деганлар.
Нонкўрлик ҳам қилди баъзи беадаб
Имонни нафсига булғаб еганлар.
Асло қайғурмадим, бўлмадим ҳайрон,
Дунёнинг ёмғиру қуюнларига;
Йўлимга гоҳ тузоқ, гоҳ қўйган қопқон
Номард жўраларнинг ўйинларига.
Хуллас, бир кун чангли, бир куним нурли
Ўтди неча баҳор, ўтди неча куз.
Аммо, синфдошлар, сиз каби қўрли
Дўстлар тополмадим дилтортар, дилсўз.
Хусумат, хиёнат сизга бегона,
Манфаат, маломат рақибдир сизга.
Шул боис, қуёшдек бўлиб парвона,
Таъзим қилгим келар ҳар бирингизга.
Шул боис, ҳар сафар сиз чорлаган дам,
Бўрондай кўпириб кўчиб бораман;
Эсимдан чиқади барча ташвиш, ғам,
Бургутдай гупириб учиб бораман.
Дунёда “Содиқ дўст” ниқобига жо
Кўп экан беимон, беҳаё кўзлар.
Энг сўнгги нафасим чиққунича то
Сизга сиғинаман, синфдош дўстлар.


Бу дўст

Во дариғ! Дўстман, дебон, беморлигим истар, бу дўст,
Ки бемор ўлсам, бу ҳол, такрорлигин истар, бу дўст.
Ногаҳон тиғдек оёғимни қонатса тош, тикон,
Йўлларимда тош, тикон бисёрлигин истар, бу дўст.
Хў-ўп хато қилсам, хатолар домига тортса беун,
Доми гирдоб қаҳрида абгорлигим истар, бу дўст.
Бошима кун чиқмаса, нур сочмаса ой қошима —
Туҳфаю тўёнага тайёрлигин истар, бу дўст.
Куйдирар бўғзин оловдек, мен нафас олган ҳаво,
Мен учун дунёю дун мозорлигин истар, бу дўст.
Во дариғ! Дўстман, дебон, беморлигим истар, бу дўст…


Омон бўлсинлар

Бўҳтонлар янчилиб, сомон бўлсинлар,
Ҳар кимки, адолат томон бўлсинлар.
Бизни билмай туриб, бизга тош отган,
Азизларимиз ҳам омон бўлсинлар.


 

Аёлларга ҳазил

Аёллар-ей, сизни гулдек нозик, деймиз,
Толемизга Оллоҳимдан ёзиқ, деймиз.
Ҳар кун гир-гир айланамиз гирдингизда,
Сизлар бизни боғлаб олган қозиқ, деймиз.

Нега бизни йўнилмаган таёқ, дейсиз,
Тўғри, саркаш, озроқ Мажнунсиёқдирмиз.
Аслан эса ширин сўзга гадо — қул-у,
Аёлларга ҳамиша қўл-оёқдирмиз.

Хушрўй калом эшитганда шер бўламиз,
Баҳор гуллар сочиб қўйган қир бўламиз.
Фидо қилиб сизга жисму жонимизни,
Пойингизда чангу тупроқ, ер бўламиз.

Ахир, сиз бор, ҳаётимиз обод, гулсум,
Сизсиз дунё кўрқудуқдай сим-сим тилсим.
Устимизга қулагандек бўлгай осмон,
Табассумни қизғансангиз биздан бир зум.

Эй, гўзаллар, сиз ҳам таянч — тиргакларни,
Сизлар учун жони қушдай сергакларни,
Гоҳо ердан чиққандайин қилмай абгор,
Суюб, мундоқ авайланг-да, эркакларни.


Элликдан сўнг…
ҳазил

Элликкача эркак – чақмоқ, дўл бўлади,
Ҳар нафаси дарё, денгиз, кўл бўлади.
Аёлларга ўтар шонли тахти равон,
Элликдан сўнг аёлига жўр бўлади.

Уйда қолсак…
Уйда қолсак, дарров ишга киришамиз,
Уни-буни тўғрилашга тиришамиз.
Ярим кунни ўтказамиз бир амаллаб,
Тушдан кейин хотин билан уришамиз.

Омадсизлар
Омадсиз касларнинг аён қилмиши:
Улар ярим тунда топишадилар.
Ўғри, каззобларга ўтмайин тиши,
Омадли зотларга ёпишадилар.

Бу ҳолга сабаб не, бу ғурбат нечун,
Нечун фисқу фасод — етмайди фаҳмим.
Топа олмасам-да бу сирга ечим,
Омадсиз тўдага келади раҳмим.

Тозалаб бўлмайди
Бекорга бўлмагин саргардон,
Беҳуда сарфлама кучингни.
Тозалаб бўлмайди ҳеч қачон,
Ичи кир одамнинг ичини.

Савол
Мевали дарахтга отадилар тош,
Зарра мавҳумот йўқ ушбу ҳикматда.
Мевалар турганда, на соғ, на бебош,
Қисир дарахтларга боқмас, албатта.

Шохларин синдириб, тўкиб баргларин,
Кесак отаверса, ўткинчи ҳар кас.
Шўрлик она дарахт, юрак дардларин,
Бировга айтолмай, ингранса бесас;
Саноқсиз саволлар босар хаёлни,
Нима деб атамоқ керак бу ҳолни?!


 

Рафиқамга

Муҳаббат борлигин, меҳр борлигин,
Меҳру муҳаббатнинг барқарорлигин,
Меҳрибон дилларнинг бахтга ёрлигин,
Кўрдингми десалар, кўпириб қоним,
Сени кўрсатардим, азизим, жоним.

Қанча сувлар оқди, шамоллар эсди,
Гоҳ қора мушуклар йўлимни кесди,
Кўп кўрдим таъмагир, талончи дўстни,
Сичқонлар талади гоҳ ушоқ ноним —
Нетардим агар сен бўлмасанг, жоним.

Манзилим бир куни боғ, бир куни саҳро,
Гоҳо омад кулди, кулмади гоҳо,
Яқиним деганлар қочдилар, аммо
Фақат сен ёнимда бўлдинг доимо,
Фақат сен кўзимга сажда қилдинг жим,
Фақат сен суядинг, азизим, жоним.

Оч куним оч қолдинг, тўқ кунларим тўқ,
Зарра армонинг йўқ, зарра арзинг йўқ,
Садоқат! Садоқат, сенга минг қуллуқ,
Сен борсан осмоним юлдузга тўлиқ,
Сен борсан беғубор, ёруғ жаҳоним —
Дорбоним, сарбоним, азизим, жоним.

Мўъжиза рўй бериб дунёда агар,
Қирқ гўзал сеники, олгин десалар,
Шамолдек югуриб, елиб саросар,
Боқиб тўймагандек Зуҳрога Зуҳал,
Пойингга тўкардим дунёда борим
Суюгим, буюгим, азизим, жоним.


 

Тўйда

Дўстларим узукдай олдилар қуршаб,
Кўксим тоғ, қувончим осмонга етди!
Аммо бир танишнинг юз-афти шу тоб,
Хазондай бужмайиб, гезариб кетди.
Айбим шул эдики, ҳамиша унга,
Энг афиф тилаклар тилаган эдим.
Устида тегирмон айланган кунда,
Боимкон, бошини силаган эдим.
Во ажаб!
Нафимиз тегмай қолган кун,
Билакни шимариб, жангга шайланди.
Илон кўзларида адоват ва кин,
Ҳадемай тап-тайёр ёвга айланди.
ўийбат қузғунлари тўзғиди бебош,
Кўзимни ачитди туҳмат тутуни.
Валекин, кин — чинга беролмади дош,
Мардуми ношукр қолди ўкиниб.
…Ҳануз хатолардан олмайди сабоқ,
Ҳануз ич-этини ҳасад ёқади.
Дўстларим кетма-кет очмоқда қучоқ,
Унинг башараси бўздай оқарди…


Япон тили

Яна чиқди ҳақиқат ғолиб,
Суд ўқиди аччиқ ҳукмни.
Икки соқчи олдига солиб,
Ҳайдаб кетди қари маҳкумни.
Бир жумбоққа ахтариб ечим,
Битта сўзни қўллаб ножўя;
Она тилин бузгани учун
Икки йилга “кетди” қария…
Келтирилди бошқа гуноҳкор,
“Қулф” урилган икки қўлига.
Мажлис чоғи ушбу мансабдор,
Гапирмабди она тилида…
Қотилликка тенгдир бу ҳолат,
Тазарруга зарра йўқ ўрин.
Бир кимсасиз оролга бу зот
Узоқ йилга қилинди сургун…
Кам эса-да бу нохуш иллат,
Эзар ҳар бир япон дилини.
Лафзин жондек суйган бу миллат,
Жондек асрар она тилини.


 

Боқий хилқат

Дарёлар қурийди, қурийди боғлар,
Денгизлар ўрнида, саҳролар пайдо.
Булутга санчилиб тургувчи тоғлар,
Талқонга айланиб кетгайдир гоҳо.

Замонлар ўзгарар, ўзгарар дунё,
Янги сайёралар кўрсатур жамол.
Қуёшдан таралган муқаддас зиё,
Заминни иситмай қўяр, эҳтимол.

Балки ойга кўчар ердаги ҳаёт,
Бағридан жой берар ё ўзга юлдуз.
Балки инсонлар ҳам чиқариб қанот,
Осмон фарзандига айланар, у кез.

Қайда яшамасин, аммо одамзод,
Бир туйғу боқийдир — бир ҳис барҳаёт;
Қуёшдек муҳташам, бу сирли хилқат —
Муҳаббат,
Муҳаббат,
Муҳаббат.

Абдусаид КЎЧИМОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг