Беркитилмаган уят (2019 йил, 21 сон)

100

Яқинда Алишер Навоий номидаги киносарой афишалари қаторида “Қайсаргинам — 2” бадиий фильми рекламасига кўзим тушиб қолди. “Номига қараганда, бу фильм­нинг биринчи қисми ҳам бор, кино муваффақиятли чиққани боис иккинчи қисмини ишлашган”, дея чипта сотиб олдим. Тўғриси, фильмни кўрганимга пушаймон бўлдим. Ундаги айрим воқеаларни сўзлаб беришга уяласан киши. Умуман, “Қайсаргинам — 2” фильми ижодкорлари нимани тарғиб қилмоқчи бўлишганини тушунмадим.

Фильмнинг аввалидаёқ қаҳрамонларнинг, яъни яқиндагина турмуш қурган ёшларнинг фарзандли бўлиш ёки бўлмаслик тўғрисидаги тортишувларини кузата туриб, беихтиёр, “Тавба!” дейсиз. Эҳтимол, ижодкорлар бу саҳнада қаҳрамонларнинг тантиқлигини ёки ҳали турмуш қуришга тайёр эмаслигини, ёшлигини кўрсатмоқчи бўлишгандир. Лекин… Айнан фарзанд кўриш устидаги тортишувдан бир парчани эътиборингизга ҳавола этамиз:

“Аёл: — Нима қиламиз буни?

Эр: — Нимани нима қиламиз?

Аёл: — Буни нима қиламиз (қорнини кўрсатиб)?

Эр: — Ман қаттан биламан буни нима қиламиз? Биринчидан, бу сани қорнингда, иккинчидан, буни манга умуман алоқаси йўқ.

Аёл: — Тушунмадим. Нима, буни лайлак ташлаб кетдими бизга?

Эр: — Нима, ман лайлакка ўхшиманми?”.

Бу тортишувнинг давомини ёзиб бўлмайди. Диалогнинг бошдан охир шевага қурилгани ҳақида гапирмай қўя қолайлик. Ижодкорлар фильмга комик тус бериш мақсадида кўча гаплари, беҳаё жумлаларни ишлатган. Эр-хотин тортиша-тортиша болани олдиришга келишишади. Гарчи кейинчалик бу қарордан қайтишса ҳам, айни вазиятнинг ўзи одамга эриш туйилади. Яна бир тушунарсиз жиҳати, ҳеч қайси ўзбек оиласида фарзанди оилали бўлганидан сўнг отанинг улар ётоғига кириб келиш одати йўқ. Фильмда эса ўнлаб бу каби ҳолатларни кузатасиз. Она билан ўғил ўртасидаги диалогга эътибор беринг:

“Она: — Ҳа, нимага тиржайяпсиз, куйдирган калладек, бир нарсани қойиллатиб қўйгандек.

Ўғил: — Қойиллатиб қўйдим.

Она: — Вой, нимани қойиллатиб қўйдингиз?

Ўғил: — Сизга совғамиз бор (аёлини кўрсатиб).

Она: — Силарда манга совғами (кулиб), келинпошша, эрингиз ўзимдан пул олиб, кейин ўзимга совға қилиб қайтаради (кулади).

Ўғил: — Сюрприз бор, ойи… (шу дамда келин уялиб кетиб қолади).

Она: — Қанақа приз?

Ўғил: — Сюрприз (қорнини кўрсатиб), результат, айт­дингизу результат деб.

Она:  — Қанақа результат?…”.

Шундан сўнг тоқати тоқ бўлганиданми ёки хижолат чекибми, “Эй ойи, ҳомиладормиз”, деб ўғил кетиб қолади. Турмушда она билан ўғилнинг бундай муомаласи кузатилмаган деб ишонч билан айта оламан. Нима бўлганда ҳам бу каби ҳолатга фильм ижодкорлари томонидан бош­қачароқ ёндашув керак эди. Умуман, фильмда кўп ҳолат, вазиятларда, ахлоқ-одоб меъёрларидан четга чиқилган ўринлар бор. Хотиннинг эрга ҳурматсизлиги дейсизми, эрнинг хотинига хиёнати дейсизми… Сценарий муаллифи Аҳрор Нурмуҳаммад. Бугунги кунда енгил-елпи юмор орқали одамларга кулги улашаётган “Миллион”, “Дизайн” каби жамоаларнинг концерт дастурларини кўпчилик кўрган бўлса керак. Фильмдаги энг ачинарли жиҳат унинг беўхшов, миллий қадриятларимизга мос келмайдиган диалогларга қурилганлигидир.

Афсуски, кейинги йиллар ичида бу каби фильмлар кетма-кет экранга чиқиб турибди. Наҳотки, комедия ахлоқсизликни, одобсизликни тарғиб қилувчи жанр бўлса! Кино мутахассислари, шундай фильмларни қўйишга рухсат бераётган мутасаддилар нима дейди бу ҳақда? Умуман, бу каби фильмлардан маънавият ва маърифат ходимларининг, Ёшлар иттифоқи фаолларининг, ёшларнинг тарбиясига дахлдор ташкилотлар ва шахсларнинг хабари борми?!

Жасурбек ТОЖИБОЕВ,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг