Адабий тур муаммоси (2019 йил, 21 сон)

413

Фаннинг барча соҳаларидаги каби бадиий сўз оламида ҳам янгиланишларга эҳтиёж туғилади. Муайян қонунлар, фикр ва кашфиётлар ўрнини вақт ўтиши билан янгилари эгаллайди. Адабиётшуносликнинг ўзак масалаларидан ҳисобланган адабий тур ва жанрлар таснифига доир қарашлар ҳозир ҳам долзарб муаммо ҳисобланади.

Адабий турлар таснифи масаласи узоқ тарихга бориб боғланади. Даст­лабки тасниф бундан йигирма беш аср бурун буюк юнон файласуфи Аристотель томонидан яратилган ва ҳозиргача ўша тасниф амалда қўлланмоқда. Аристотель тасниф қилган уч адабий тур доирасига кирмаган тўртинчи адабий тур мавжудлиги ҳақидаги қараш дунё адабиётшунослигида янгилик эмас. Жаҳон адабиётшунослари бу ҳақда анча олдин хабар топганлар. Йигирма биринчи аср бошларига келиб ўзбек адабиётшунолигида таниқли олим Баҳодир Саримсоқовнинг “Адабий турлар ҳақида мулоҳазалар” мақоласи эълон қилинди.

Ушбу мақолада адабий турлар таснифининг жаҳон адабиётшунослигидаги ҳолати, ўрганилиш тарихи, тад­қиқотчиларнинг бу борадаги изланишлари батафсил баён қилинган. Олим адабиётшуносликдаги мавжуд уч адабий тур ҳақида тўхталиб, улар доирасига сиғмайдиган тўртинчи адабий тур борлиги ҳақидаги илк фикрни айнан шу мақоласида илгари сурган. Бу турни “паремия” деб номлаб, унинг асоси, ўзига хос хусусиятлари ва жанр­лар таркиби хусусида фикр юритган.

Аслида Б.Саримсоқовнинг мақоласи ушбу мавзу бўйича баҳс қўзғаш мақсадида ўртага ташланган, унга жавобан турли муносабатлар, фикр ва мулоҳазалар билдирилиши кутилган эди. Аммо илмий жамоатчилик мақолада кўтарилган масала юзасидан ўз вақтида фикр билдирмади. Фақат  2002 йили адабиётшунос Узоқ Жўрақулов  ушбу тадқиқот юзасидан жиддий мулоҳазаларни  ўртага ташлади. Олим  тадқиқотида Аристотелнинг адабий турлар таснифи асосини ташкил этувчи мимесис назарияси мутлоқ назария эмаслиги, Шарқ поэтик тафаккури ўарбникидан фарқ қилиши ва унга ўарб поэтика илмини тўғридан-тўғри татбиқ этиб бўлмаслиги, шунингдек, тўртинчи адабий тур – паремия мимесис орқали яратилмаслигини асосли тадқиқ этган.

Б.Саримсоқовнинг “Паремик кечинма табиати” сарлавҳали кейинги мақоласида дастлабки мақоладаги фикрлари янада қатъийлашганини кўрамиз. Кейинги мақоласида у адабий турларни учта эмас, тўртта деб кўрсатади ва паремик кечинма табиати хусусида тўхталиб, бадиий кечинманинг бу шакли юқоридаги уч адабий турга хос кечинмадан ўзининг барқарор табиати ва таркибида ҳиссий нисбатга қараганда ақлий нисбатнинг устунлиги билан фарқланиб туришини таъкидлаган. Зеро, мақол ва матал, топишмоқ ва афоризмлар воқеа-ҳодисаларнинг ўзини эмас, балки улар ҳақидаги фикр ва хулосаларни ихчам шаклда яхлит, лўнда ифодалайди.

Дунё халқлари оғзаки ижоди ва ёзма адабиётида паремик тур қадимдан мавжуд бўлган. Паремик турни табиатга тақлид қилиш орқали эмас, балки воқеликни кузатиш орқали тажриба тўплаш ва уни образли ифодалаш ҳамда у ҳақда хулоса чиқариш натижасида яратилган жанр­лар ташкил этади. Паремик тур доирасига кирувчи жанрлар турли халқ­ларда турлича бўлиши мумкин. Ўзбек адабиётида мақол, матал ва топишмоқ билан бир қаторда ёзма адабиётдаги афоризмлар, образли ифодалар, қанотли сўзлар, аниқ ифодалар, мантиқий ва ғайримантиқий иборалар, таърих, муаммо ва фардлар паремияга киради.

Шунингдек, олим “Адабий турлар ҳақида мулоҳазалар” мақоласида паремиянинг ўзига хос хусусиятларини иккита деб кўрсатганди. Булар: а) ифодаланган ғоя халқнинг кундалик турмушида йиллар мобайнида тажрибада синовдан ўтганлиги сабабли ҳеч бир шахсда шуб­ҳа уйғотмайди; б) ҳеч кимда шубҳа, эътироз туғдирмайдиган ғояни ифодаловчи асар халқнинг барча вакиллари томонидан бир хилда, тенг истифода этилади. “Тўртинчи адабий тур” сарлавҳали мақолада эса, бу хусусиятлар учта деб кўрсатилган. Яъни паремиянинг ўзига хос биринчи хусусияти сифатида улар кўпчиликнинг ҳаётий тажрибалари асосида яратилган доно фикрдан иборатлиги ҳамда бундай асарларни қабул қилишда ҳам эстетик дид ва донолик талаб қилиниши айтилади.

Иккинчидан, паремияда умуминсоний аҳамиятга эга бўлган фавқулодда доно фикрлар образли ифода этилиши лозимлиги ва шу сабабли паремик асарнинг хронотоп қамрови уч замон ва тўрт макон доираси каби кенглиги таъкидланади. Учинчидан, паремик асар ихчам, нисбатан барқарор кристал шаклга эга бўлиши шарт, дейилади. Булардан келиб чиқиб, олимнинг сўнгги мақоласи паремиянинг шакл томонига хос жиҳатларни ҳам қамраб олган, дейишимиз мумкин.

Айрим  тадқиқотчилар паремия фақат халқ оғзаки  ижодида учрайди, деган қарашга эга. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, паремия ёзма адабиётда ҳам кенг тарқалган. Хусусан, ўзбек ёзма адабиётидаги образли иборалар, парадокслар, муаммо, таърих, фард, афоризм каби жанрларда паремияга хос  барча хусусиятлар мавжуд.

Зарина РАҲМОНОВА,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети катта илмий ходими-изланувчиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг