Фақирнинг ҳаққи (2019 йил, 20 сон)

139

Эгил тезроқ Худонинг тоатиға,
Кейин қўйма бу дамни соатиға.
Сўфи ОЛЛОЁР

Бир бадавий Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилгани келибди. У бир қишлоқдан, қабиладан, чўлдан келган одам. Жуда ҳам чиройли қўйларни ўтлатиб юрганларини кўрибди ва:
“Ё Расулуллоҳ! Булар қандай чиройли қўйлар-а!” — дебди.
“Сенга жуда ёқдими?” — деб сўрабдилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам.
“Жуда ҳам чиройли экан! Жуда ёқди, ё Расулуллоҳ!”
“Ундай бўлса, ол ҳаммасини” — деб айтган эканлар.
Биз нима қиламиз? Биз бир донасини сўямиз ёки берамиз, ёки “Шу сонини кесиб, унга бериб юборинг!” деймиз. Кўпинча, каллани пишириш уйда хотинларга мушкуллиги учун: “Бошини, шу нарсаларини бериб юборинг!” деймиз. Аммо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам нима демоқдалар:
“Ол ҳаммасини!”
“Ҳаммасиними, ё Расулуллоҳ?”
“Ҳа, ҳаммасини!”
Ҳаммасини олибди, жимгина уларни олиб, кечга яқин қабиласига кириб борибди.
“Аллоҳу Акбар! Бу нима? Сен эрталаб бир ўзинг чиқиб кетгандинг. Нима, талончилик қилдингми ёки ўғирлик қилдингми?” — деб таажжубланиб сўрабдилар. Шунда у:
“Муҳаммад берди. Фақирликдан қўрқмайдиган Муҳаммад берди”, — деб айтибди.
Бизнинг эса фақирликдан қўрққанимиздан қўлларимиз титрайди: “Ҳой, ҳой, бола-чақангга нима қолади?” — деймиз.
Пайғамбаримиз фақирлиқдан қўрқмасдан бутун борини берибдилар. Одамлар ҳайрон қолишибди, ҳаммалари мафтун бўлиб, мусулмончиликни қабул қилибдилар. Бир пода қўй яхшими ёки бир гуруҳ мусулмонлар яхшими? Шу қадар мусулмонга эга бўлдилар. Қўйни бердилар, мусулмонни — мўминни олдилар Пай¬ғам¬баримиз саллаллоху алайҳи васаллам. Бу билан зарар иш қилмадилар. Янада кўпроқ фойда кўрдилар, чунки холис мусулмонлар кўпайди.
Яъни беришдан қўрқмай берар эдилар. Абу Бакр Сиддиқ ҳам бермоқчи бўлганларида қўрқ¬масдан ҳаммасини берар эдилар.
“Мискинларга молларингиздан бердингизми?” Берамиз. Нима учун берамиз? Чунки уларнинг ҳақлари бор. Бизнинг молларимизда уларнинг ҳам ҳақлари бор. Уни берган вақтимизда молимиз маънан тозаланади, покланади. Шунинг учун ҳам арабчада закотнинг маъноси тозалаш дегани. Закот беришинг билан молинг покланади. Закот бу — инсоннинг Аллоҳга итоаткорлигини кўрсатадиган белги. Бахил билан сахий мусулмоннинг фар¬қи закот беришда билинади. Закот берган инсонни бахил деб айтолмайсан. Аммо закот бу — сахийликнинг энг қуйи қисми, энг юқори чўққиси бу сиддиқиятдир. Ниманг бўлса, Аллоҳ йўлида ҳаммасини берасан.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳадиси шарифларида рамазоннинг сифатларидан бири ҳақида нима деган эдилар:
“Мувасот — мол билан бировга яхшилик қилиш, молдан бирор нарса бериш дегани”. Рамазонда биласиз, Қуръони карим ўқилади, таровиҳ намозлари адо этилади, рўза тутилади. Яна нима қилинади? Хазиналар эшиги очилиб, фақирларга ҳам улуш берилади. Улар севинтирилади. Шунда Аллоҳ рози бўлади. Нега? Чунки, кўнгил олиш — Каъба қуришдек савоб. Қалбни бузиш — Каъбани бузишдек гуноҳ.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг олдига бориб:
“Қандай чиройлисан, қандай мубораксан, эй Каъба! Нақадар муҳтарамсан, лекин Аллоҳга қасам бўлсинки, мўъмин қулнинг қалби Аллоҳ наздида сендан кўра қийматлироқдир”, — дейдилар.
Мўъмин қулнинг қалби Каъбадан кўра ҳурматлироқ. Намозхон, ниёзманд бир фақирга бирор нарса бериб кўнглини олсангиз, қанчалик савоб топган бўласиз!

Шайх Маҳмуд Асъад ЖЎШОН,
“Рамазон ва тақво” китобидан

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг