Устоз дейдиларки… (2019 йил, 20 сон)

99

Озод Шарафиддинов таваллудининг 90 йиллиги

Бахтимизга ўтган авлод-аждодларимиз бизга Ватанни мерос қилибгина қолдирган эмаслар, балки бу Ватанни чин юракдан севишни, унга фидокорлик билан хизмат қилишни, унинг ҳуснига ҳусн, бойлигига бойлик қўшишни ҳам мерос қолдиришган. Ватанни севмоқ иймондандир, деб таълим беришган улар. Демак, ҳар бир инсон учун Ватанни севиш ҳам фарз, ҳам қарз. Авлод-аждодларимиз Ватанни севиш бобида ҳам бизга сон-саноқсиз ўрнаклар ва ибратлар қолдиришган. Улар ҳар бир инсон учун Ватан тушунчаси ҳар нарсадан улуғ, ҳар нарсадан муқаддас деган эътиқодни мерос қолдиришган. Улар Ватанни кўз қорачиғидай авайлаб-асраш, зарур бўлганда, бу йўлда жонини ҳам фидо қилиш борасида ўлмас сабоқлар бериб кетишган.

*  * *

Ватанга муҳаббат Онага муҳаббат каби муқаддас ва юксак туйғу. Онага муҳаббатнинг шундай бир ўзига хослиги борки, одам бу туйғуси ҳақида оламга жар солиб, ҳаммани ундан воқиф қилавермайди, ҳатто онасининг ўзига ҳам ҳар куни “Онажон, мен сизни жонимдан ортиқ яхши кўраман” деявермайди. Лекин ҳар куни онасига ғам­хўрлиги, меҳрибонлиги, саховати, шафқатини иши билан, гап-сўзлари, хатти-ҳаракати билан амалда намоён қилади. Ватан муҳаббати ҳам шундай: у ҳаммага кўз-кўз қилинмайди, у тўғрисида тантанавор эълонлар чоп этилмайди, ҳар муюлишда одам кўкрагига уриб, Ватанга ошиқлигини писанда қилмайди. Маданият юқори поғоналарга кўтарилган жамиятларда одамлар ўз Ватанларига муҳаббатни шовқин-сурон кўтармай, айюҳаннос солмай, таъмагирликсиз, беписанда, мақтанчоқликсиз амалга оширадилар. Ватанга муҳаббат бозорга солинадиган матоҳ эмас, балки инсон қалбининг тўрида гард юқтирмай покиза сақланадиган энг нафис, энг инжа бир туйғудир.

* * *

Биз ўзбеклар жуда болажон халқмиз. Ўғил-қизларимизни, невараларимизни жондан ортиқ яхши кўрамиз, уларнинг баданига кирадиган тиканга ўзимизни тутиб беришга тайёрмиз. Бу яхши, албатта, лекин ҳаётда кўпинча шундай бўладики, фарзандларга бўлган меҳру муҳаббатимиз ҳар қандай чегаралардан чиқиб кетади. Биз уларнинг боши узра гирдикапалак бўлиб, уларни катта ҳаётнинг ҳар бир эпкинидан, ҳар бир шабадасидан эҳтиёт қилишга, қўлини совуқ сувга урдирмасликка ҳаракат қиламиз. Болаликда ҳовлига чиқиб, қўшни болалар билан ўйнашига йўл қўймаймиз, калтак емасин, “ёмон” таъсирга берилмасин, деймиз. Бирон оғир иш чиқиб қолса, “Бу ҳали ёш, уриниб қолмасин” деймиз-да, бу юмушни ўзимиз бажариб қўяқоламиз. Мактабдаги ишларига ҳам қарашиб юборамиз, институтга киришида боладан ўн чандон ортиқроқ ташвиш чекамиз. Ниҳоят, келин топиб, уйлантирамиз, қийналиб қолмасин деб, рўзғорини капгиригача бутлаб берамиз. Иложи бўлса, квартиранинг ҳам, машинанинг ҳам калитини қўлига тутқазамиз. Буларнинг ҳаммаси яхши ниятлар билан қилинади. Аммо охирида нима бўлади? Бир вақт қарасангиз, кўзингизнинг оқу қораси, севган жигарбандингиз ўзингиз ўйлаганингиздек эпчил, топқир, зиррак эмас, ўта ношуд, тўғри йўлда ўзини-ўзи эплаб юролмайдиган, рўзғор тебратишдан ожиз, “берсанг ейман, урсанг ўламан” қабилидаги тайёр ошга баковул бир ношуд бўлиб етишибди. На илож? Ўзингиз пиширган ош, ўргилиб ҳам ичасиз, айланиб ҳам. Чор-ночор кучдан қолгунингизча сўлақмондай ўғлингизни елкангизда опичлаб юришга мажбурсиз. Албатта, бунақа “парникда ўсган”, турмуш қозонида қайнамаган бола орзуларингизнинг ушалишига йўл бермайди. Фарзанднинг мустақил бўлгани, ўзини ўзи эплаб юргани, ўз аравасини ўзи торта билгани яхши. Бунинг учун эса у болалигиданоқ ҳаёт йўлларида юра бошлагани, унинг оддий ҳақиқатларини ўзи кашф этгани маъқул.

* * *

Менинг бир неварам бошқа ҳар қандай бола каби шеърга ҳавас қўйди. Кейин у Чўлпон шеър­ларига рўпара келди. Буни қарангки, ўн яшар қизалоқ учун бу шеърлар том маънода кашфиёт бўлди — у ўзи учун бутунлай нотаниш бўлган, лекин бағоят латиф, қалбга кундай оқиб кирадиган ранглар ва оҳанглар дунёсини кашф этди. Эҳтимол, у буларни ҳали ақли билан тўла англаб етгани йўқдир, лекин қалби билан ҳис қилгани аниқ. Негаки, ўшандан бери у кўпинча ўзи учун беихтиёр Чўлпоннинг мўъжизакор сатрларини гоҳида шивирлаб, гоҳида баланд овозда такрорлаб юради:

Қоронғи кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўрайман.
У юлдуз уялиб, бошини эгиб,
Дейдики, мен уни тушда кўрганман.
Тушимда кўрганда шунчалар гўзал,
Кундан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!

Мен бугун ана шундай сеҳрли гўзалликлардан, бетакрор жозибага эга бўлган сўз хазинасидан бехабар, уларнинг ёнидан бепарво ўтиб кетаётган одамларни кўрсам, ич-ичимдан ачиниб кетаман. Ахир, бу хазинани очиб, унинг бойликларидан фойдаланмоқ учун қандайдир машаққат чекиш, катта куч сарфлаб, меҳнат қилиш, молу дунё харжлаш талаб қилинмайди-ку? Бор-йўғи қунт билан, сабр билан ўқиш керак, холос!

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг