Тил миллатнинг руҳи бўлса… (2019 йил, 20 сон)

267

Шу кунларда жамоатчилик орасида, ижтимоий тармоқларда давлат тили, уни амалда қўллашдаги нуқсонлар, рус тилининг мақоми ҳақида турли баҳс ва мунозаралар бўлиб турибди. Истиҳоласиз айтганда, бу жиддий муаммога эҳтирос билан ёндашиб бўлмайди. Масаланинг моҳияти жуда чуқур.

Бундан бир неча ой муқаддам таниқли ёзувчиларимиздан бири “Давлат тили тўғрисида”ги амалдаги Қонун “…бошқа тиллардан кечирим сўраш қонуни” бўлиб қолган, деган фикрни айтганди. Албатта, бундай ҳолатлар кишини мушоҳадага чорлайди. Демак, бу мавзунинг қайта кўтарилиши бежиз эмас экан-да, деган фикр шуурингда жонланади.

Очиғини айтганда, узоқ йиллар рус истилоси таъсирида қолиб келган тилни бир қонун ёки муҳокамалар билан тезда софлаштириш қийин. Бунинг устига она тилимиз қоришиқ ҳолатга келиб қолган ҳозирги пайтда.

Тилларнинг ўзаро алоқаси ва маълум тил лексик қатламининг ўзлашма тиллар ҳисобига бойиши табиий бир ҳол бўлишига қарамай, тилимиз луғатидаги ўзбекча сўзлар ҳозирги инглиз тилидаги соф инглизча, рус тилидаги соф русча сўзларга нисбатан катта фоизда эканини илмий маълумотлар тасдиқлайди. Бироқ тилимизда маълум, барҳаёт сўзларнинг бир неча хил гўзал шакллари бўла туриб, тобора ажнабий сўзларни қўллашга одатланиб бораётганимиз бугунги аҳволга замин яратмаяптими, деб бирортамиз ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Талаффузимиздан тушиб қолаётган ва ўз-ўзидан адабиётимизда ҳам қўлланмаётган сўз ва иборалари озмунчами? 90 ёшли онахон – Равзажон Эргашеванинг ўкиниб, кўзида ёш билан айтган сўзларига эътибор қилинг: “Бир маҳаллар картошкани ҳеч ким бунақа атамас эди, “баранг” дердик. Эҳ-ҳе, бир бошқача сўзларимиз, ажаб-ажаб мақолларимизнинг қанчаси йўқ бўлиб кетди. Одамлар ишлатмаса, кўникмаса, тилни соф сақламаса, худди ҳеч қачон бўлмагандек йўқолиб кетавераркан-да”.

Хўш, фақат жонли тил туфайлигина ўзбек тили йўқотишларга юз тутяптими? Ўзбек тили амал қилиш доирасининг кенгайишига пайдо бўлаётган монеликларга оммагина айбдорми? Қолаверса, таълимнинг бош бўғини – мактабларимиздаги она тили фанларини ўқитишнинг аҳволи қониқарлими? Бугун етти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган барча фарзандларимиз “Она тили” номли мустақил ва миллат учун бирламчи бўлган фанни савияси қандай дарсликлар асосида ўрганмоқдалар?! Дарсликларнинг ҳар уч йилда янгиланишидан аслида уларни такомиллаштириб бориш ва шиддатли замон талабларига ўз вақтида жавоб бера олиши кўзда тутилмаганмиди?

Келинг, барча муаммоларни келтириб чиқараётган ана шундай масалалар хусусида сўз юритайлик.

Хўш, муаллифлар дарсликдан дарс­ликкача уч йил давомида меҳнат қилиб, уни мукаммаллаштиряптиларми, давлат тили мақомини олган тилимизнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, қачонлардир қолиплашган қоидаларга янгиликлар киритяптиларми? Ёки эски чопонга эски ямоқлар солиб, яна бутун республика бўйлаб ўқувчиларга, ўқитувчиларга узатяптиларми?

Айрим соҳа ўқитувчилари билан суҳбат жараёнида шу нарса маълум бўляптики, дарслар бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда ўзбек тили дарс­ликларидаги таълимот ўзбек тилли мактаблардаги она тили дарслиги  қонун-қоидаларига тўғри келмаслиги туфайли она тили ва ўзбек тили икки хил фандек бўлиб қолаётир. Қолаверса, “Исм­лар туркуми”, “Сўз ясалиши” каби бир неча мавзуларда ноаниқликлар кўп. Қўшма гапларда тартибсиз таснифлар илм сифатида ҳавола қилинган. Урғулар ўрни, урғули ва урғусиз бўғинлар, қўшимчалар ҳақида маълумотлар турлича келтирилган.

Масалан, дарслик яратувчи 6-синф она тили дарсликларида морфология бўлимида “нима қилди” қўшма сўзининг феъл туркумига киритиб юборилиши ҳам ҳамма тушунадиган бир мисол бўла олади. Аслида, феъл ҳаракатни анг­латади, бу қўшма сўз эса ҳаракатни англата олмайди, ҳаракат англатувчи сўзларга ишора қилади. Агар ҳозирги  қонун-қоидаларга олимларнинг ўзлари амал қилсалар, яхши тушуниб етсалар эди, бу сўз олмош вазифасини бажар­а­ёт­­га­ни­ни англашарди. Қайсидир олимнинг қачондир “Ўзбек тилида феълдан феъл ясалмайди” деган ҳукмини тилшуносларимиз унута олмаяптилар. Ҳолбуки, тилимизда элликка яқин феълдан сўз ясовчи қўшимча қўшиш усули билан яп-янги феъллар ясалади. Тарихий лексикамиз ўрганилса, бу сон яна аллақанчага ошиши мумкин. Оддий мисоллар: кўнмоқ – кўникмоқ, келмоқ – келишмоқ, букмоқ – букчаймоқ.  Бу каби мисолларни юзлаб келтириш мумкин.

Наманган муҳандислик-педагогика институти қошидаги 2-сонли академик лицей ўқитувчиси Нозима Сайфуллаева бундай дейди: “Дарс­ликларимизда чалкашликлар, қўпол хатолар шунақа кўпки, ўқитувчи сифатида уялиб кетаман. Мана, қаранг, “-ман, -сан, -миз, -сиз” қўшимчалари. Буларни 6-синф она тили дарслигида ҳам, академик лицейлар ўқувчилари учун “Ҳозирги ўзбек адабий тили” номли дарс­ликда ҳам ҳозирги замон феълларига қўшиладиган шахс-сон қўшимчалари дейдилар. Наҳотки, шундай юрт ишонган олимлар III шахс­да “-ти” қўшимчаси ҳам шахс-сон ифодалашини билмайдилар. “Кет­япти” феълига қаранг. Лекин “-ти”ни ҳамма жойда замон қўшимчаси деб ўтиб кетаверадилар. У эса сира замонни анг­латмайди”.

Мактаб дарсликлари аста-секин бўлса ҳам хатолардан тозаланяпти. Олий ва ўрта махсус таълимдаги дарс­ликлар-чи? Уларда аҳвол яхшими? Биргина академик лицей ўқувчилари учун “Ҳозирги ўзбек адабий тили” дарс­лиги 1- 2-, 3- курс ўқувчилари учун мўлжалланган. Ўн беш йиллар давомида қўлланиб келган дарс­ликда 350та хатоликнинг аниқланганига нима дейсиз? (Қизиққанлар учун электрон шакл­ни ҳавола этишимиз мумкин).

Касб-ҳунар коллежлари учун (муаллифлар: А. Рафиев, Н. ўуломова) “Она тили ва адабиёт” китоби  тўғрисида бир мунча яхши фикрларни айтиш мумкин. Бу китоб академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун “Ҳозирги ўзбек адабий тили” китобига қараганда мукаммалроқ, хатолари камроқ. Лекин унда ҳам қўпол камчиликлар мавжуд. Масалан, қайта-қайта чоп этилишига қарамай 21-бетида имлога оид нотўғри маълумот узоқ йиллар давомида ўқувчиларга синг­дириб келинди: диск, банк, танк каби рус тили орқали ўзлашган сўзлар охирида а товуши қўшиб айтилади ва ёзилади(?).

Яна нима дейиш мумкин? Имло қоидаларига она тили китобларининг ўзида амал қилинмаса…

Эҳҳе, академик лицейлар учун “Ҳозирги ўзбек адабий тили” дарслиги бир неча ўн йиллар давомида ўта қўпол хатолар билан ёш авлодни чал­ғитиб келди. Ўқитувчини ҳайрон қолдирди. Бу – она тилимизни таълим бўғинларидаёқ майиб-мажруҳ қилиб қўймаяптими? Бундай муносабат ўзини амалда нечоғли оқлаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Эзгуликнинг кечи йўқ. Ҳеч биримизнинг бутун бир халқ, қадим тарих, муаззам келажак олдида ўз “мен”имизни юқори қўйишга, хатоларимизни тан олмасликка маънавий ҳаққимиз йўқ!

Дунёнинг исталган чети билан исталган сонияда алоқа боғлаш, фан-техника оламидаги ёки ижтимоий ҳаётдаги янгиликлардан тезда хабар топиш, уларни ўзлаштириш ҳеч қийин бўлмай қолди. Эндиликда фарзандларга миллий руҳни сингдиришнинг ноодатий усуллари ва йўналишларини ҳам қўллаш зарур кўринади. Бундай усул ва йўналишларни кашф этишда бугунги кун дарғаларининг обрўси, билимигагина эмас, ёш олимларнинг илмий ва интеллектуал салоҳиятига ҳам таянилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Мурғак қалб­га она тилимизнинг сир-синоатларини ўргатар эканмиз, миллий руҳ масаласи барчамизнинг диққат марказимизда туриши керак. Бу эзгу ишда энг муҳим ўринни она тили ва адабиёт дарс­лари эгаллашини унутмайлик.

Шу ўринда бир фактни таъкидлаш жоиз: мактаб дарсликларидаги бу каби нуқсонларни, аҳволни олдиндан сезган ота-оналар ўз фарзандларини бир қадар масъулият билан дарс ўтадиган рус тилли мактабларга беришига сабаб бўляпти. Қип-қизил саводсиз бўл­гандан кўра, бирор тилда соф­роқ гапирсин, дейишса керак-да.

Она тили дарслари нафақат ўқитувчилар ва ўқувчиларга, балки барчамизга тегишли. Ахир, она тили – айнан миллат дегани-ку. Ҳар бир одам сўзлаган тили доирасида тафаккур қилади, инсон сифатида шу тил руҳида шаклланади.

Нега миллатдошларимиз йил сайин болаларини рус мактабларига кўпроқ етаклайдилар, деган саволга қайтайлик. Уларни нима мажбур қиляпти? Бу муаммонинг ечимини топиш лозим. Одамлар: “Фарзандим жамиятда ўз ўрнига эга бўлсин, қанча кўп тилни билса, келажакда қийналмайди”, дейди. Оддий мисол: Бир шифокор 1991-1993 йиллар давомида Тошкентдаги Марказий ҳарбий госпиталда ишлагани, беморларга бир кунда ўн еттитагача қандайдир тиббий мосламани моҳирлик билан улагани, шундай мосламадан бир кунда тўрттагина улаганлар “пятминутка” деган йи­ғилишлар­да ҳамманинг олдида ўз салоҳияти, маҳорати борасида маъруза қилгани, у эса ўзбек тилида ҳам, рус тилида ҳам шунча илмий китобларни ўқиб билимини оширгани билан нут­­қи шаклланмагани боис ўртага чиқиб гапиролмагани, натижада ўзи севган ишидан кетганини ўкиниб сўзлайди. Ҳозир ҳам тиббиёт муассасаларида “бешдақиқа­лик”­лар ўзбек тилида ўтказиляпти, деб айта оламизми? Қолаверса, айрим идораларда йиғилишлар, бухгалтерия ҳужжатлари ҳам шундай “ҳаммага тушунарли” тилда олиб борилаяпти. Гапирса гап кўп.

Ишни мактаблардан, ўқитувчилардан бошлаш керак, деб кўп бонг урамиз. Бироқ… Бир неча кун аввал Тошкентдаги филологияга ихтисослашган мактабда “Тилимиз нуфузи: муаммо ва ечимлар” деган мавзудаги брифингга таклиф қилишди. Ўқитувчилардан шундай таклифлар чиққанига севиниб, иштирок этдим. Мактабнинг эришган ютуқларини то Халқ таълими вазирлигининг вакили келгунича роса тинг­ладик. Вакил бир-икки оғиз доимий ҳасратлардан гапирди. Кейин Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети вакили ҳам шу оҳангда маъруза қилди: кўчалардаги ёзувлар, улар, булар. Навбат юраги ўртаниб турган ўқитувчиларнинг дарду ҳолини тингл­ашга келганда эса, шошиб турган мулозимлар тезда чиқиб кетишди. Шу билан ҳаммаси бўлиб тилимиз  муаммосига 25 дақиқа вақт ажратилди. Брифинг номи қандайлигидан қатъи назар, тил муаммосига астойдил ёндашилмади. Биз эса мактаб ўқувчиларининг 15дан ортиқ рақс-қў­шиқ­дан иборат чиқишларини томоша қилдик. Майли, лекин қўшиқ-рақс­нинг ҳам ўз жойи, ўрни бор. Бирор ўқувчи тил ҳақида шеър айт­са ё ҳазрат Навоийдан ғазал ўқиса ҳам майли эди. Назаримда, ўша ерда тилимизнинг нуфузини сақлашдаги камчиликларимизни байрам қилдик. Баралла айтиш керак, бизга ло­қайд­лик қимматга тушмоқда.

Агар мамлакатимизда давлат тилининг нуфузи ошса, одамларда мукаммалроқ мактабни излашга эҳтиёж қолмасди. Бола бечоранинг ўз тилида ўқиёлмай қийналиши, мулзам бўла-бўла, кам гапирадиган бўлиб қолиши, ҳар икки тилни ҳам яхши билмай ора йўлда қолиши,  қалбида маънавий бўшлиқ пайдо бўлиши, бадиий асар ўқишдан кўп ҳолларда узоқлашиши қалбимиздаги санчиқли оғриқлардир. Таълим рус тилида олиб бориладиган мактаблар сони кўпайиб бораётганига сабаблар шулар эмасми?

Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда “Ўзбек адабиёти” ўқитилиши шарт экани тўғрисидаги таклифларимизни юқори ташкилотларга киритганмиз. Энди бу жараённи имкон қадар тезлаштириш керак. Чунки маънавий йўқотишларимизнинг илдизлари ҳам мактабдадир. Таълим рус тилида олиб бориладиган синфларда 90 фоизгача ўзбек болалари ўқиётгани, уларнинг ўзбек адабиётидан мутлақо бехабарлиги йиғлашга арзигулик ҳолат эмасми?

Бизнинг давлатдагина олий ўқув муассасаларида “Таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда ўзбек тили ўқитувчиси”ни тайёрлайдиган факультетлар бор. Нега ўқитувчини шу тарзда тоифаларга ажратишимиз керак?! Республикамизнинг ҳамма ерида ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси дипломига эга бўлган ҳар бир мутахассис, таълим қайси тилда олиб борилишидан қатъи назар, ўзбек тили ва адабиётидан ўқувчиларга таълим беришини жорий этсак, тилимизнинг нуфузини оширишда катта қадам ташлаган бўламиз-ку!.

Бизнинг тилимиз, таълимимиз, маънавият ва маърифатимизга оид таклифларимиз шундай бўлди:

  1. Кейинги вақтда ҳар уч йилда янгиланаётган мактаб дарсликлари муаллифлари олдига нашр­дан нашргача дарслик устида ишлаш вазифасини қатъий белгилаш, дарсликларнинг маълум қисмларини тегишли мутахассислар ёзишлари ва дарслик Республика таълим марказида мувофиқлаштирилишини жиддий назорат қилиш. Дарсликларда аниқланган ҳар бир хато учун муаллифларга жарималар белгилаш.
  2. Ёш олимлар, тадқиқотчи, мутахассис, тилшунослардан ўз тилимизга муносиб тилшунослик илмини яратиш бўйича илмий ишлар танловларини ташкил этиш, янгича тилшунослик илми яратилиши учун чоралар топиш.
  3. Имло ва изоҳли луғатларни яратиш мақсадида яна аввалгидек хатолар кузатилмаслиги, шошма-шошарликка йўл қўймаслик учун то янги алифбо тасдиқлангунига ҳамда ундан ке­йин маълум бир муддатга қадар, луғатлар устида ишлаш вазифаларини белгилаш.
  4. Ўзбек тилининг изоҳли луғатидаги хатолар, киритилмай қолган сўзлар бўйича изланишлар олиб бориш учун тегишли мутахассисларга кўрсатмалар бериш, муддатлар белгилаш. Луғатлар, дарсликларнинг масъул ташкилотлар томонидан кўриб чиқилишига етарли вақтлар ажратиш.
  5. Нашриётларда чоп этилаётган китоблар, луғатларнинг тўғрилигига наш­риётнинг жавобгарлигини ошириш. Нашр этилаётган китоблар учун муаллифлар, тақризчилар, муҳаррирлар ҳамкорликдаги ишлари самарадорлигини яхшилаш, жавобгар масъулияти бўйича қатъий талаблар белгилаш.
  6. Интернетдаги Ziyonet тармоғига жойлаштирилаётган адабий ва илмий меросимиз намуналари матнининг тўғрилигини текширадиган махсус гуруҳ фаолиятини йўлга қўйиш. Тармоқнинг нафақат республикамизда, балки хорижда ҳам ўрни борлигини назарда тутган ҳолда, унинг нуфузини ошириш.
  7. Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда, (айниқса, таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда, асосан, ўзбек фар­занд­лари ўқиётганини кўзда тутган ҳолда) “Ўзбек адабиёти” фанини киритиш.
  8. Она тили дарсликларида тақдим этиладиган маълумотлар, қоидаларнинг соддалаштирилган кўринишлари “Ўзбек тили” дарслигидан жой олиши, она тили ва ўзбек тили дарсликларидаги қоидалар мутаносиблиги таъминланиши бўйича Республика таълим маркази олдига талаблар қўйиш.
  9. Ижод мактабларида 5-синфдан бошлаб “Адабиёт қоидалари” ҳамда тилимиз жилолари, қуввати баланд шеваларимиз, ўзбек фольклорини ўрганишга йўналтирилган дарсларни киритиш.
  10. Республикамизда чоп этилаётган барча дарсликлардан Республикадан таш­қаридаги ўзбек мактабларида фойдаланилиши бўйича ҳамкорликдаги ишларни назоратга олиш.

Хайрли ишнинг эрта-кечи йўқ.

Маъмура ЗОҲИДОВА,

филолог, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг