Урушдан қолган иморат (2019 йил, 19 сон)

213

Маҳалла идорасининг янги биноси ёнида сигарета тутатиб турган икки қурувчи шундай рўпарадаги эски, паст­қамгина, отамзамондан қолган бир  уйга тез-тез ижирғаниб қараб қўярди.

– Ана, момой яна чиқди, – деди кулранг шапка кийиб олган киши шеригига имлаб. Иккови ҳам ўша ҳовлида кўринган кампирни кузатиб туришди.

Момо мункиллаганча уйидан чиқиб, туси ўчиб кетган калишини оёғига илди. Ўчоқбошида кир ювиб ўтирган эвараси мағзава қўлини этагига арта-арта югуриб келиб бувисининг қўлидан тутиб ёрдамлашмоқчи бўлди. Момо “Қўявер, ўзим юраман” деган ишорани қилиб уни изига қайтарди. Кейин деворга суяб қўйган ҳассасини олиб кўча девори томонга юрди. Момо хастадек ҳорғин қадам босса-да, одатда, қўлидаги асога суянмай, ҳар эҳтимолга қарши олиб юрарди. Терак шохидан синдириб олган, ёмғир-қорда туравериб, ҳатто қурт еб адо бўлаёзган шу пўк таёқ қачон қўлига тушганини эслолмаса ҳам керак. Аслида кампир таёққа суянадими ёки таёқ кампиргами, зимдан кузатган одамнинг ичини шайтон қитиқлайди. Аммо бугун момо қўлидаги таёққа эҳтиёт бўлиб суянар эди.

– Ашраф, қара, момой биз томонга қараб келяпти, – деди боя­ги кулранг шапкали киши шеригига. – Тағин бир гаплашиб кўр­сак­микин-а? Ётиғи билан тушунтирсак рози бўлар?

– Икки дунёда ҳам рози бўлмайди. Оқсоқолнинг ҳам, ҳоким бованинг ҳам тиши ўтмади, сен билан менга йўл бўлсин, – деди Ашраф сигарета қолдиғини четга чертиб.

– Э, уларинг осмондан келиб гапиришган-да. Қарияларга одамга ўхшаб муомала қилиш керак. Ўзи бу кампир неччига кирган экан-а?

– Юзни уриб қўйганига ҳам аллақанча бўлган дейишади.

– Оҳ, қандай бахт.

– Бахтми, йўқми, билмадиму, лекин менинг бобом тўқсонга кирганида: “Эй, ҳалиям юрибман-да кетолмай, Худонинг ҳам эсидан чиқиб кетдимми”, деб ёзғирганди, – деди Ашраф.

Момо деворга яқинроқ борди. Ёмғирларда ювилиб адо бўлаёзган пахса девор оша кўчага назар ташлади. Девор орасига эшик ҳам ўрнатилмаган, ўрнига бир жуфт хода тираб қўйилган. Ана шу ходалар ҳам кампирнинг қўлидаги таёқдек чириган бўлса-да, ҳамон ғов вазифасини бажариб турарди. Деворнинг бир парча қулаган жойига териб қўйилган кесакларни шамол қурғур тез-тез пастга тушириб кетади. Кампир ўзи билан ўчакишаётган шамолга қасдма-қасд кесак териб, қайта қалаб қўйишдан эринмайди.

Аслида деворнинг қулашига ана шу қурувчилар сабабчи. Ҳали баҳор юз кўрсатмай, қишлоққа ёпирилиб келишди. Ҳаммаёқни машина-тракторларнинг шовқини тутиб кетди. Эски-туски иморатлар текисланиб, ўрнига бирпасда янги уйлар қурилди. Фақат Зайнаб кампирнинг уйи шу пайтгача бузилмасдан турарди. Аввал қурилиш идорасининг бошлиғи келиб, момога нималарнидир тушунтирмоқчи бўлиб кўрди.

– Бу чолдеворни энди бузамиз, эна, – деди бошлиқ, кампирнинг қулоғи яхши эшитмаса керак деб ўйлаб энгашиб. – Ўзи атрофингиздаги қўни-қўшниларнинг кўпчилиги эски кулбаларини ташлаб, бошқа жойга кўчиб чиқишган экан-ку. Бу ердан қаторасига янги уйлар қурамиз. Янги қишлоқ бўлади бу ерда.

Момо ҳамишалик одатига кўра уйнинг кунчувоқ томонидаги тош устига ўтириб дам олаётган эди. У букчайган гавдасини бироз кўтариб бошлиққа қаради. Бошлиқ ҳам кампир нима деркан, деб кулимсираб қараб тураверди.

– Одам яшаётган уйниям бузар эканми, – деди момо ҳайрон бўлиб. – Биз қаерда қоламиз?

– Янги уй қурамиз, деяпман-ку. Мана бу чолдеворингизнинг ўрнигаям янги уй қурилади, невараларингиз билан маза қилиб яшайсиз.

Момо, бу боланинг эси пастми, дегандай унинг ёнидагиларга ҳам бир-бир қараб қўйди.

– Уйни бузсанг, Ҳимматжоним келса қаерга боради? Уйини тополмай овора бўлсинми? – дея момо хафа бўлиб уйига кириб кетди.

Шундан сўнг қурувчиларнинг бошлиғи қанча уринмасин, кампирнинг кўнглига йўл топа олмади. Бир куни қишлоқ оқсоқолини бошлаб келди. У ҳам кўндиролмади. Қурилиш авжига чиққанда туман ҳокими Норимовнинг ўзи кампирнинг томи лойсувоқ, девори нураган, эшик-деразаси омонат – ғарибгина уйига қадам ранжида қилди. Барибир натижа бўлмади. Ке­йин момонинг қизлари, куёвларини авраб кўришди.

– Кампир бечорани шу чолдеворда қолдириб кетгунча, уйларингга олиб бориб қарасанглар бўлмайдими, – деб койиган ҳам бўлишди.

– Энамиз бу уйни ташлаб ҳеч қаёққа кетмайди, – деди кенжа куёв гапнинг индаллосини айтиб. – Эна, хоҳланг қизларингизникида, хоҳланг невараларингизникида яшанг, қайси уйни танласангиз сизга ҳамма шароитни қилиб берамиз, деб кўп айтганмиз, унамади. Бўлмаса мана бу деворларни, уйингизни башқатдан қуриб берайлик, дедик. Ҳатто уйнинг томини томчи ўтмайдиган қилиб ёпиб беришимизга ҳам кўнмади. Тўғрисини айт­ганда, кўзининг оқу қораси – ўғлини шу уйдан урушга кузатган. Ҳали ҳам қайтиб келади деб кутгани-кутган.

– Э, шу пайтгача қайтмаган одам энди қайтармиди. Уруш тугаганига ярим асрдан ошиб кетди-ку. Уруш ўз номи билан уруш-да, – деди бошлиқ.

– Шу гапни энамнинг ўзларига айтиб кўринг-чи. У кишининг ўлгани ҳақида қорахат келмаган.

– Қора хат келмагани тирик дегани эмас-ку.

– Ўлди дегани ҳам эмас-да.

– Тирик бўлганда ҳозир неча ёшга кирган бўларди?..

Тортишув қанча давом этмасин, бу гапни момога уқтирадиган валломат топилмади.

Уч қизнинг орасидаги яккаю ёлғиз ўғил Ҳимматжонни уруш бошлангандаёқ ҳарбий хизматга олиб кетишган. Мўйлаби эндигина сабза урган йигит қишлоқдаги урушга чақирилган катта-кичик эркаклар қаторига қўшилганидан бир қулоч ўсди. Буни кўриб Зайнабнинг ҳам кўнглига илиқлик югурди. Аммо бу қувонч қўрқув ва изтироб билан қоришган қувонч эди. Йигитлар юк машинасига чиққач, машина йўлни чангитиб жўнаб кетди. Ҳаммалари қўлини баланд кўтариб силкитганча хайр­лашишди. Ҳимматжон уларни кузатган одамлар кўринмай қолгунча қўл силкитди. У гўё урушга эмас, байрамга кетаётгандай кулиб хайрлашди. Балки йигитча қаёққа йўл олганини ҳали бутунлай англаб етмагандир ҳам. Унинг ана шу беғубор жилмайган чеҳраси онанинг кўзларида қолди.

Ҳаммаёқда уруш ташвиши, бир-биридан ваҳимали хабарлар. Зайнабнинг кўзларига уйқу келмади. Ҳар бир нафасини хавотир билан олди. Боламдан нохуш хабар келмасин, деб туну кун Худога илтижо қилиб чиқди. Ҳимматжон билан бирга кетган йигитларнинг кўпчилигидан қора хат келди. Бир ҳовуч одам яшайдиган қишлоқда бир олам аза бўлди. Зайнаб ҳам аза тутганлардан кам йиғламади. Уруш тугаганини эшитганда, қилган илтижолари бесамар кетмаганидан кечаю кундуз Тангрига шукроналар айтиб, ўғлини кўзлари муштоқ бўлиб кута бошлади. Аммо…

Ойлар кетидан йиллар ўтса ҳамки, Ҳимматжондан дарак бўлмади. Ўтаётган йилларга қўшилиб эр-хотиннинг умидлари ҳам сўниб борарди.

– Зайнаб, – деди бир куни эри хўрсиниб, – Ҳимматжоннинг боши омон бўлса, бир куни остонамизни босиб келар. Келмаса, Яратганнинг иродаси.

Зайнаб нима деб жавоб қилишини билмади. Бироқ орадан ўн йилча ўтган ўша кунларда Тоштемир қассобнинг уруш вақтида қорахат келган ўғли ўз оёғи билан қишлоққа кириб келганидан кейин Зайнабнинг умидлари бодроқдай очилган бодом гулларидек уйғонди.

– Менинг Ҳимматжоним ҳам келади. Мана мен, деб кириб келади, – дея ўғлининг йўлига ишонч билан қарай бошлади.

Ҳар куни ҳовлини супур-сидир қилади. Эри эрта саҳарлаб темирчилик устахонасига кириб кетади, қоронғи тушганда қайтади. Зайнаб уруш даврида далада қанчалик енг шимариб ишлаган бўлса, энди яна шунча куч-ғайрат қўшилиб, тер тўкди. Ҳали турмушга чиқмаган кенжасини уйда қолдириб:

– Ҳаммаёқни супуриб, чойнак-пиёлаларни ювиб қўй. Уй ивирсиб ётмасин. Аканг келиб қолса дарров менга хабар бер, – деб қайта-қайта тайинлаб кетарди.

Далада кун бўйи қизининг ана шу хушхабар билан чақириб қолишини вужуди қулоқ бўлиб кутарди. Мабодо эшитмай қолмадиммикан, деган хавотирда ҳар замонда буғдойзордан бошини кўтариб атрофга қараб-қараб қўяди. Лекин қанийди ўша ҳаяжонли ҳайқириқ эшитила қолса. Бунинг ўрнига шамолда ғарқ пишган буғдой бошоқлари денгиздай тўлқинланади. Гала-гала чумчуқлар гоҳ булутдай осмонга кўтарилади, гоҳ шиддат билан пастлаб, буғдойзорга сингиб кетади. Қуёш қиздиргандан-қиздиради. Зайнаб иссиқдан куйиб, томоғи қақраб кетса ҳам буни сезмайди. Бутун хаёли уйда, йўлда, машинада қўлини силкитиб хайрлашиб кетган ўғлининг жилмайиб турган чеҳрасида. Ярим тунда кўкда бал­қиб турган тўлин ойнинг ёруғида мискин тандирига нон ёпганда ҳам, ҳар гал ўғли учун алоҳида кулча пиширар ва шу кулчани кўзларига сурта-сурта олам-жаҳон ниятлар қилиб, то бошқа ҳамма нонларни еб бўлмагунларича уни дастурхонга қўймай сақларди.

Эри эса бир неча ой бетоб бўлиб ётгач, охири омонатини топ­ширди. Кўз юмар чоғи Зайнабга ачингандек узоқ термилиб турди. Кейин сўнгги васиятга чоғлангандек чуқур нафас олди-да, унга тасалли берди:

– Зайнаб, – деди у аёлининг қўлини жонсизгина ушлаб, – умидингни узма. Ҳимматжон ўғлимиз келади, албатта, келади. Кўксига нишонлар тақилган аскар кийимида кириб келишини кўриш менга насиб этмади-да, аттанг…

Уруш алангасини ёққанлар бу аланга ўчоғидан неча ўн минглаб чақирим узоқларда ҳам одамлар шу олов заҳрининг қурбони бўлажагини ҳеч қачон хаёлларига ҳам келтирмаган бўлсалар керак. Ҳар бир портлаган бомбанинг осмону фалакка ўрлаган қуюқ тутуни олис-олисларда минг бир хавотирда яшаб юрган одамларнинг ҳам юрагига қўрқинчли соя ташлашини улар мутлақо тасаввур пучмоқларидан ўтказмайдилар. Зайнабнинг эри армон билан кетди. Аёл тақдирнинг ушбу синовига ҳам чидашга ўзида куч топди. “Ҳали Ҳимматжоним келсин, ҳамма азоблар унутилади”, деб ўзига таскин берарди.

Момо қариган чоғида ҳам ҳар куни йўлга қарашни канда қилмади. Уйнинг кунгай томонидаги харсанг тош устига ўтириб, ўғли қўл силкитиб жўнаб кетган йўлга кўз тикади. Нега эри кўпинча шу харсанг устида хаёл суриб ўтирганини энди пайқади. Бу ердан ўша йўл тўппа-тўғри кўриниб тураркан. Мабодо Танг­рининг инояти билан Ҳимматжон қайтиб келса ҳам бу ердан унинг келаётгани ҳов узоқларданоқ яққол кўринади ва она оёғини қўлига олиб жигарбандининг истиқболига чопади. Бу кўҳна йўлга неча бор қумлар тўкилиб, болаларни урушга олиб кетгувчи ҳалиги машина чангитиб кетган тупроқлар қум остига беркинди. Мана, энди қумлар устини теп-текис асфальт ҳам қилишяпти. Лекин йўл йўллигича қолди, хайрият. Ҳимматжон қайтса шу йўлдан тўғри уйни топиб келади. Момо шундан умидвор. Аммо анави ҳеч нарсани тушунмайдиган шоввозларнинг “бошқа уйга кўчинг” деяверишлари юрагини ғаш қилади-да.

Қурилишлар охирига яқинлашиб, бу ер бутунлай янги қишлоққа айланди. Бир-биридан чиройли уйлар, мактаб, боғча, шифохона, эҳ-ҳе, алламбало бинолар қурилди. Ҳаммаси гўзал, ҳаммаси рисоладагидек. Бироқ ўрталиқда фақат биргина ҳовли яп-янги шо­йи­га ямалган бўз ямоқдек хунук кўриниб турарди. Норимовнинг таъбини тирриқ қилаётган ягона нарса мана шу эди. Ҳадемай вилоят ҳокими Тоҳировнинг шахсан ўзи келиб, қилинган жамики ишларни бирма-бир қабул қилиб олади. Мана бу алмисоқдан қолган чолдеворни кўрса тепа сочи тикка бўлмайдими? Дунёга қачон келганини ҳам ҳеч ким билмайдиган бир кампирга тушунтиролмаган қанақа раҳбарсиз, деб Норимовни ер билан битта қилмайдими? Ўтган сафар келганида ҳали қурилишлар авжи палласида давом этаётган, ҳаммаёқ тўс-тўполон бўлиб ётгани учун бу уй кўзга ташланмаган эди.

Норимов оёғи куйган товуқдай типирчилаб, кампирни кўндиришга чора ахтарарди. “Ахир, қанақа тушунмайдиган, ўзининг фойдасини билмайдиган кампир экан-а бу. Товуқхонага ҳам ярамайдиган вайронасини бузиб, яп-янги уй қуриб берамиз деяпмиз-ку”, дея жиғибийрон бўларди у. Таваккал қилиб буздириб юборай деса, аввал бошида нима бўлганини билади, кампирнинг қарғиши ёмон. Устига-устак бутун қишлоқнинг гап-сўзига қолади. Ўшанда қурувчиларнинг бошлиғи момони ҳеч кўндиролмагач, жаҳл устида тракторчига: “Кампирдан сўраб ўтирадиган ахмоқ борми, буз мана бу деворларни”, деб буйруқ берди. Тракторчи ҳам тап тортмасдан ишга киришди. Тракторнинг кураги билан кўча томондаги деворни бир урган эди, деворнинг бир қисми қулаб тушди. Момо жон ҳайбатида тракторнинг олдига кўндаланг бўлди. “Ҳаҳ, уйим­ни бузганнинг қўллари синсин илойим”, деб қарғади. Кейин шундай ғазаб билан қарадики, тракторчи йигит умри бино бўлиб ҳали аёл зотининг бундай нафратомуз нигоҳини кўрмаган эди. У оёқ-қўли қалтираб, тракторининг овозини ўчирди. Шошиб кабинадан тушаётган эди, оёғи бир темирга илашиб, паст­га қўли билан йиқилиб тушди. Чап қўлини уқалаганча вой-войлаб ётиб қолди. Момо унга юраги ачиб, ёнига бориб ўтирди-да, қўлини ушлаб кўрди.

– Ҳай, аттанг, ёмон тушдингми, болажоним? Энанг ўргилсин, мен сени қарғамадим, мана бу тракти­ринг­ни қарғадим. Қўлинг қонаяпти-ку, болам, кел, мана буни боғлаб қўяй, – дея момо бошидаги рўмолини ечиб, тракторчининг қўлини боғламоқчи бўлди.

– Э, олинг чириган латтангизни, қўлни едингиз-ку, – деб йигит тракторига ҳам қарамасдан, афти буришиб нари кетди.

Момо йигитга ачина-ачина ўзига ўзи гапириб, деворнинг бўлакланиб кетган кесакларини ёрдамлашгани чопиб келган эвараси билан бирга ўрнига қайтадан омонатгина қилиб қалаб қўйди. Шундан бери бу ҳовлининг деворини бузишга ҳеч ким жазм этмайди.

Тоҳиров бажарилган ишлар билан танишиш учун келган куни қурилишлар охирига етай деб қолган, фақат йўлакларни текислаш, кўча чироқларини ўрнатиш, йўл четларига кўчатлар экиш каби ишлар қолган эди. Қурувчилар яна бир зўр бериб ишлашса, бу юмушларни ҳам яқин орада якунлай олишади. Тоҳиров шуларни кузатаркан, кўнгли анча кўтарилди. Бир пайт янги қурилган иморатларнинг ўртасида сўппайиб турган эски уйга кўзи тушиб, атрофидагиларга савол назари билан қаради. Норимов аввалига нима дейишни билмай каловланиб қолди. Кейин бор гапни тушунтирди. Тоҳиров авзойи бузилиб, ўша уй томонга юрди. Уй ичкарисига, қулаб кетмасмикан, дегандай ҳадиксираб қадам қў­йишди. Норимов момога, балки таъсир қилар деган умидда Тоҳировнинг рутбаю обрўйини айтиб обдон таништирди. Момо бу каттаконларнинг қай мақсадда келганларини сезиб турганидан ожизлигини тан олгандек бир сиқим бўлиб ўтираверди. Тоҳиров момога синчиклаб разм солгач, ёнидагиларга маъноли кўз ташлаган эди, ҳаммалари уни ёлғиз қолдириб, ташқарига чиқиб кетишди.

– Оҳ, бу кампир ҳаммамизни пичоқсиз сўяди-да, – деди қурувчиларнинг бошлиғи бошини чайқаб. – Ҳозир хўжайиннинг кайфиятини бузиб чиқарса борми, шунча қилган меҳнатимиз асфаласофинга кетади.

Тоҳиров вақтини ҳам аямай момо билан узоқ суҳбатлашиб ўтирди. Кейин уйдан фаромуш қиёфада чиқди. Фақат у чиқаётганда ортидан момонинг: “Ҳеч бўлмаса Ҳимматжоним келганча турсин, болам”, деган илтижоли ғамзада овози эшитилди.

Тоҳиров индамай эшикдан чиқди. То машинага ўтиргунча ҳам ҳеч кимга бир оғиз гапирмасдан жўнаб кетди. Норимовдан бошлаб ҳамманинг юрагига ғулғула тушди.

– Тамом, кампир битта ўқ билан ҳаммамизни ўлдирди, – деди қурилиш бошлиғи тарвузи қўлтиғидан тушиб.

* * *

Момо шамол қулатган кесакларни жойига териб қўйди. Ке­йин кўчага қараб узоқ термилиб қолди. Энди бу кўча аввалги кўча эмас. Бир-биридан гўзал иморатлар қурилибди. Ҳар кунги машинаю тракторларнинг ҳам шов­қини деярли тинибди. Йўл четларига дарахт кўчатларини экаётган одамлар кўринади. Бир қаторга тизилган устунларга ранг-баранг ленталар илинибди. Байрам бошланади шекилли? Момо аста уйи томон юрди. Кунчувоқдаги қадрдон харсанг устига ҳорғин ўтириб, йўлга қаради. Аввалги тупроқ йўлдан асар ҳам қолмаган, яп-янги йўл кўриниб турибди. Бироқ шу янги йўл устида биронта одамнинг қораси кўринмайди. Момо эшик томон ожиз қадам ташлади. Деворга эски таёғини суяб, ичкарига кириб кетди. Момонинг ана шу ҳаракатларини кузатиб ўтирган иккала қурувчи мум тишлаб қолаверди.

Эрталаб момонинг уйидан йиғи товуши эшитилди. Бутун қишлоқ ўша эски уйга қараб шошилди. Ҳар ким момо тўғрисида билганича гапириб келарди.

– Кампирнинг ўлгани тўй бўлса, бунча уввос солиб йиғлашмаса, – деди кимдир.

– Одам ўладию тўй бўлар эканми?

– Э, бу момой у эшикдан бу эшикка етгунча бутун бошли бир аср ўтиб кетди-ку…

Бу хабарни эшитган Норимов энди қурилишда қандай бурилиш қилиш кераклигини яшин тезлигида чамалаб чиқди. Лекин аввал раҳбариятнинг фикрини сўраш керак. Фурсатни бой бермай Тоҳировга қўнғироқ қилди. Кампирнинг вафот этганини айтиши билан Тоҳиров афсус билан: “Эҳ, – деб юбордию сўнг чуқур хўрсиниб, – майли, Яратганнинг иродаси, жойлари жаннатда  бўлсин. Кутиб туринглар, етиб бораман”, – дея гўшакни қўйди.

Одатда ҳар бир дақиқани қадрлайдиган раҳбар­лар оғзидан чиққан гапни оғишмай бажарадилар. Тоҳиров айтган вақтига етиб келди. Кўча бошида уни кўпчилик бўлиб кутиб олишди. У ғамгин қиёфада эди. Шундай бўлса ҳам Норимов қачондан бери ичида сақлаб турган бир гапни айтиб олмоқчи бўлди.

– Режадаги ишларнинг ҳаммаси битди, қишлоқ тап-тайёр. Биттагина шу ҳовли бошоғриқ бўлиб турган эди. Бунга ҳам, мана, йўл очилиб турибди. Энди қурувчиларга яна бир-икки ҳафта жавоб бермай турсак, бу уйни ҳам бошқатдан қуриб, чиройли қилиб топширишади-да. Ёки бу жойни текислаб, бундайроқ стадион қуриб юборсак ҳам ёмон бўлмайди назаримда, – деди у жўяли таклиф айтгандай салмоқлаб.

Тоҳиров унга ёвқараш қилди-да, халойиқ йиғилган ҳовлига қараб тез-тез юриб кетди. Жанозадан олдин қишлоқ оқсоқоли одамларга юзланиб хитоб қилди:

– Азиз биродарлар, – деди у кўзида ёш билан, – Зайнаб она фақатгина ўз фарзандларининг эмас, ҳаммамизнинг онамиз эди. У киши билан бугун видолашяпмиз. Ҳализамон мана бу уйлари бузилиб, ўрни ҳам билинмай кетар. Лекин Зайнаб онамизни асло унутмайлик.

– Йўқ, ҳеч қачон бузилмайди,  – деди Тоҳиров қатъий оҳангда бу мавзуга сўнгги нуқтани қўйиб. – Бу уй шу муҳтарам онахоннинг садоқатию матонатидан ёдгорлик бўлиб қолади.

Қурувчилар кимсасиз мунға­йиб қолган уйнинг бир дона кесагига ҳам тегмадилар. Фақат кўча томондан бош­қа янги иморатларга мос қилиб нақ­шинкор темир эшикли баланд девор кўтаришди. Гўё мана шу девор икки асрни, икки замонни ўртасидан ажратиб турувчи мўъжизага ўхшайди. Деворнинг бир тарафида изтиробга тўла уруш даврларини ёдга солувчи ғариб сукунат, иккинчи тарафида эса инсон ақлу заковати ва тинчликнинг куч-қудратини анг­латувчи саодатли ҳаёт манзараси. Бир-биридан хушсурат биноларнинг ўртасидан янги, равон йўл қурилган. Шу йўлдан байрам куни гул кўтарган ўқувчилар саф тортиб тепаликдаги кўп йиллар аввал қурилган хотира майдонига боришади ва урушда шаҳид бўлган аскарларни ёд этиш учун ўрнатилган рамзий қабр тошлари устига гуллар қўйишади. Бу қабр тошларига урушда бедарак кетган Ҳимматжоннинг ҳам исми ўйиб ёзилган. Бироқ бу хабарни неча йиллардан бери ҳеч ким Зайнаб момога айт­мади… айта олмади.

Уйғун РЎЗИЕВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг