Қорасоч момо

Егани арпа-ю тариқ бўлса ҳам,
Меҳнатдан кафтлари ёриқ бўлса ҳам,
Қадди дол, жуссаси ориқ бўлса ҳам,
Тундай қора эди унинг сочлари.

Жанггоҳда жон кечган жасурлар хуни,
Ҳатто урушларга ундарди уни.
Ўғлини фронтга кузатган куни,
Тундай қора эди унинг сочлари.

Умиди кўп эди, кўнгли тўқ эди,
Кўксида қўрқув ва ҳадик йўқ эди.
“Болам, албат, тирик қайтади” дерди,
Тундай қора эди унинг сочлари…

“Ҳаммаси фронтга, ғалаба учун!”
На кундузи тин бор, ором бор на тун.
Тотгани бурда нон, кийими юпун,
Бироқ қора эди унинг сочлари.

Жанг қурбонсиз бўлмас, дерлар, беомон
Ёмғирдек ёғилиб турса дайди ўқ.
Кўксини чангаллаб йиқилди ўғлон.
Она кутар эди, ҳамон кўнгли тўқ.

Дунёнинг тўрт бурчи ёнарди буткул,
Ўчира олмади кўзин ёшлари:
Қирқ олти ёшида, қирқ олтинчи йил,
Лаҳзада оқарди унинг сочлари…

Почтачи бемаврид келтирган асно,
Урушнинг энг сўнгги қора хатини.
…Сенинг тимсолингда кўраман, момо,
Ўзбек аёлининг матонатини!

Руслан САБУРОВ


 

Нигоҳ

Сен турасан нарги қирғоқда,
Ҳижрон солар мени қийноққа.
Ўртамизда тезоқар дарё,
Сенда хоҳиш борми ўтмоққа.

Нигоҳларим юзларинг силар,
Нигоҳингга қадалиб синар.
Тингунича дарё шовқини,
Юраккинам уришдан тинар.

Қалбим каби ҳапқирар тўлқин,
Сочларингдек баъзан елпинар.
Ифорингни туяман баъзан,
Олиб келар майин эпкинлар.
Иложи йўқ умид узишнинг,
Ўртанади кўнгил қўймайди.
Билмайман-да қандай сузишни,
Сен томонга ўтиб бўлмайди.

Сен томонда қайиқ тебранар,
Менинг эса қўлимда эшкак.
Тақдир бизни ўйнарми, синар?!
Бунча бизни қилмаса эрмак.

Бўлди, етар, паймонам тўлди,
Ҳажр тунин улайман кунга.
Сен қайиққа ўтирсанг бўлди,
Мен ўзимни отаман сувга.

Шоир

Қишлоқларда туғилиб шоир,
Шаҳарларда жон бермоғи рост.
Унинг ўзи дарс берар, койир,
Она қишлоқ, пойтахтдир устоз.

Бу ерларда шовқин-у сурон,
Етишмайди жимлик, ёлғизлик.
Бағрикенг-у бешафқат уммон,
Фақат тезлик, фақат тиғизлик.

Шаҳарларда юрса ҳам ўзи,
Сўзларида қишлоқ нафаси.
Унутилмас ул дардсиз дамлар,
Илк севгиси, шўхлик ҳаваси.

Ҳар қишлоқдан бошланган йўллар,
Шаҳарларга бориб тугайди.
Шаҳарларда юрса ҳам улар,
Қишлоғини қўмсаб йиғлайди.

Санжар ЭШМУРОДОВ


 

Гулижон

Тарновдан чак-чак томиб,
Гоҳо юракдай ёниб.
Сен менга ялинмайсан,
Мендай сенга ёлвориб
Дардини этиб достон,
Ёмғир ёғди, Гулижон.

Соябон йўқ, сочинг ҳўл,
Сувга шўнғиб олган йўл.
Дунё ғуборларидан
Қутулиш билан машғул.
Бутун табиат сарсон,
Ёмғир ёғди, Гулижон.

Бу борлиқми?.. Бир танга!
Тўн ярашмас салламга.
Гоҳ бўзлатса битта нон,
Меҳр қайда санамга.
Кўз ёшим топмай макон,
Ёмғир ёғди, Гулижон.

Ялпизга сиғинайми,
Ёлғизга сиғинайми.
Юрагим тўкилди деб
Ё қизга сиғинайми?!
Оҳимга тўлиб осмон,
Ёмғир ёғди, Гулижон.

Ёмғир катта шаҳарни,
Бир лаҳзада этди забт.
Гоҳо оқшом толиққан,
Кўзларингдай мўлтираб
Сўнг жимгина, безабон,
Ёмғир ёғди, Гулижон.

Бек АЛИ


 

Онегин

Сиздан айрилганман!
Ҳар галги иқрор.
Яна қанча хатга мавзу бўлар у.
ўурурдан сўнг яна битта илинж бор —
Кибр ва маломат йўғрилган туйғу…

Хат ташувчи бола сизга меҳрибон,
Юмуши пинҳона ва завқли гўё.
Сиёҳи қуримай хатни бегумон
Тафтингизни қўшиб келтирган асно,

Ўқийман, таънангиз тиғ каби, аммо
Енгил хўрсинасиз, сукунат оғир.
Сизни чулғаб олмиш ҳаяжон гўё,
Ёзасиз:
— Ҳаммаси тугади, ахир…

Бу азоблар ширин, о, нақадар хуш,
Ўзимни ҳижронга этганман дучор.
Сизни олисларда соғинмоқ учун
Бош олиб кетишни этдим ихтиёр.

Қалбимда сақладим, асрадим узоқ
ўуруримни босиб келган хитобни.
Сиз ва мен бу ишқни яшадик, бироқ
Буюк Пушкин ёзиб кетган китобни.

Сокинман, юрагим келар ларзага,
Ошкора тан олмоқ нақадар қийин.
Аланга чулғаган оташ лаҳзада
Сизни севишимни ёзаман
Кейин…

Хат ташувчи бола кетар, ҳар сафар
— Тўхта, — дейман,
— Ёлғон! Севмайди, — дегин.
Қайта-қайта ёзай, то тонгга қадар,
Сўнг сўз сиғмай қолар.
Нуқта.
Онегин.

Вокзалда
Чиптага термулиб ўтирибман жим,
Вокзал ютай дейди, хаёллар дайди.
Қанийди озгина кечикса поезд,
Мени кузатгани ўзи келсайди…

Одамлар ичидан излайман сени,
Гулюз, чеҳраларга қарайман бир-бир.
Ахир, кузатгани келсанг-чи мени,
Поезд бизни кутиб турмайди, ахир.

Поезд тақдиримни ҳал қилди шу пайт,
У келмайди, дедим умидим узиб.
Бас, энди кетамиз, деган шаҳд билан
Паравоз чинқирди юракни эзиб.

Ҳаммаси тугади. Билдим, келмайсан,
Кетиш қўрқитади сония қадар.
Чиптани йиртаман… ва келар бирдан:
— Поезд жўнаб кетди! — деган хушхабар…

Дадахон МУҲАММАДИЕВ


Вақт

Улкан дарахт остида
Кўкармоқда ниҳоллар.
Қаддини аста-аста
Кўтармоқда ниҳоллар.
Қуёш чиқса, нурини
Қониб ичар, тўйинар.
Улкан дарахт уларнинг
Зўр шаштидан суюнар.
Бўронлардан тўсади
Ниҳолларни авайлаб:
Кундан-кунга ўсади
Шоҳлари тарвақайлаб.
Ниҳоллар дарахт бўлди,
Бўронларни енгувчи.
Лекин улкан дарахтни
Кесиб кетди ўтинчи.
Дарахтларнинг остида
Ниҳоллар келар ўсиб.
Вақт аталмиш ўтинчи
Мудом кетади кесиб.

Чексизлик

Ҳар нарсанинг чеки бор,
Деганлар адашарми?
Сабрнинг интиҳосин
Чегара аташарми?

Чеки йўқдир осмоннинг
Йўқ ҳислар поёни ҳам.
Ҳисоб билмас инсоннинг
Дунёда имкони ҳам.

Ахир, ўйланг, бормикин
Билимнинг чегараси.
Кашф этади бобоси,
Ўрганар чевараси.

Чексизликдир тарихнинг
Ибтидоси — илк куни.
Олға бошлар дунёни
Шу чексизлик қонуни.

Нуржаҳон УБАЙДУЛЛАЕВА


 

Ташриф

Бир куни тўсатдан, қайдам, баногоҳ…
Юрак зулфин қоқиб, кириб келди Бахт.
У олис-олисда яшар эди, оҳ,
Умид узган эдим, кутиб қанча вақт.

Қуёшнинг нуридан, тонгги нафасдан
Қўлида бир даста гули бор эди.
Кўнглим қушдай учиб чиқди қафасдан,
Гарчи хазон фасли, дил баҳор эди.

Апил-тапил кийиб заррин либосин,
Ўзига зеб бериб, дил бўлди масрур.
Кутишдан чарчаган маъюс ва маҳзун
Руҳимни ёритиб таралганди нур.

Энди ёлғизмасман соғинч юртида
Ёришиб кетганди ўнгу сўлларим.
Энди у яшашга берарди умид…
Ахир, Бахт тутганди маҳкам қўлларим.

— Мен келдим! — деди у, — кечикдим бир оз,
Адашдим кафтдаги чизиқлар аро, —
Сўнгра жилмайди ва хижолатомуз
Деди: — Ушбу манзил ёзилмиш хато…

Дўстимга

Қисмат чопонини елкага ташлаб,
Олисни кўзладик, дўст, куч топ, чида.
Гоҳ мағрур, гоҳ масрур, гоҳ кўзни ёшлаб
Дунёда яшаймиз нур илинжида.

Чархнинг ҳар кўйига кўнар одамзод,
Сийланар, синалар, аммо синмаскан.
Минг бир ишвасида турланар ҳаёт,
Дунёнинг бир ками тўлиб, тинмаскан.

Ҳар лаҳза томоша, алмашар ниқоб,
Фалак тегирмони айланар токи,
Бу олам саҳнасин муқаддас атаб,
Билсак, оғир экан турмушнинг юки.

Нечун кўнгил маҳзун, туйғулар хаста?
Кўзлаган йўлимиз юлдузга қадар.
Қорли чўққиларни қолдириб пастда,
Манзилга етгаймиз ҳали музаффар!

Оппоқ орзуларга қалбда муҳаббат,
Ёруғ ниятларни жо этиб дилга.
Ишонгин, бир куни етамиз, албат,
Бизни очиқ чеҳра кутган манзилга!

Зилола ХЎЖАНИЁЗОВА


Ишқ – тақдир

Жайрон кўзларингга узоқ термулдим,
Ундан мен ўзимни излаётгандим.
Зериктириб қўйди бу сукунатим,
Мен шундай нигоҳ-ла сўзлаётгандим.

Ишқ — тақдир.
Билардим минг йиллар аввал,
Барини олдиндан сезаётгандим.
Гулим, пешонамга ёзилганмидинг?
Мен тақдир сўқмоғин кезаётгандим.

Ҳижрон кўкка туташ денгиз, дедилар,
Шу денгизни кечиб ўтаётгандим.
Олис-олисларда қирғоқ кўринса,
Демак, сенга қараб кетаётгандим.

Бир маъно топайин, деган илинжда
Дунёни девона кезаётгандим.
Тўлқиндек мавжланган сунбул сочингни
Поёнсиз уммонга менгзаётгандим.

***

Тун бағрида ётган қиз,
Тунга шамсдай ботган қиз.
Кўзида кунлар ботиб,
Кўзида тонг отган қиз.

Хаёллари кўнглининг
Кўчасидан ҳам узун.
Бу кўчада бегона
Хаёлга йўқдир изн.

Мен сойга юрак ёрдим:
Армоним бўлиб қолдинг.
Бағрим минг пора пайти
Сен ойга нигоҳ солдинг.

Оймомо менга сирдош,
Бошимга нур сочади.
Чунки унинг ўзи ҳам
Юрагимга ботади.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ


Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг