Университетни битириб, ижодий амалиёт ўтаган жойим — телевидениеда иш бошлаганимдан сўнг, отам яхши кўрган, ўзим ҳурмат қилган моҳир диктор Ўктам Жобиров билан қадрдон бўлиб қолдим. Ишга келганимдан кўп ўтмай бошловчи сифатида эфирга чиқа бошладим. Бу ўта нозик ва мураккаб соҳанинг сир-асрорларини устоз Ўктам акадан астойдил ўрганишга киришдим. У киши камчилигимни ҳам, ютуғимни ҳам шундай тушунтирардики, бирон-бир сўзлари кўнгилга ботмас, маслаҳатлари изланиш ва интилишга илҳомлантирар, кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшарди.

Ўктам ака ниҳоятда камтар ва камсуқум, дикторларга хос маданияту маънавият соҳиби, шогирд­ларию касбдошларига меҳрибон, кекка­йиш­нинг кўчасидан ўтмаган оқибатли инсон эди. Машҳур бўлишига қарамай, барча ижодкорлар сингари оддийгина умргузаронлик қилар, касбдошлари унинг инсоний фазилатларини қадрлар, ёшлар ибрат оларди. У кишининг етар-етмасликдан нолиганини, бировни бировга чаққанини, ҳасад қилганини эшитмаганман. Ўзига нимани раво кўрса, касбдошларига ҳам шуни истарди.

Аҳил, мустаҳкам, гўзал ва салоҳиятли оилани эслатувчи Насиба Иброҳимова, Насиба Қамбарова, Насиба Мақсудова, Даврон Зуннунов, Мирзоҳид Раҳимов, Фар­ҳод  Бобожонов, Раъно Жўраева, Дило­ром Умарова, Раҳматилла Мирзаев, Абдимўмин Ўтбосаров, Муслимбек Йўлдошев сингари забардаст ижодкорлардан иборат сухандонлар хал­қимизнинг меҳрини қозонгани, фахри ифтихорига айлангани, бунга уларнинг ҳар бири машаққатли меҳнати билан эришгани, томошабин қалбида нурли из қолдирганини катта авлод томошабинлари яхши билади. Ўктам ака ана шундай касбдошлари, шогирдлари борлигидан ғурурланар, “Булар менинг қайрилмас қанотларим”, дерди.

Ўктам Жобиров рўзғорининг кам-кўстини тўғрилаш учун шўролар замонида ҳар йили айни пахта йиғим-терим пайти меҳнат таътилига чиқар, кўнгилли бўлиб Сирдарё ёки Жиззах вилоятига бориб, “зангори кема” суворийлари билан теппа-тенг пахта терар, ҳориб-толиб қайтар, яна ўз ишига шўнғиб кетарди. У тўрт-беш сўм ишлайман деб, пахта-йиғим теримидан саломатлигини заифлаштириб келар, бировга бир нима дейишга ғурури йўл қўймас, ичдан емираётган дард­га таслим бўлишни хаёлига ҳам келтирмасди. Энг муҳими, Ўктам ака “зангори кема” билан тонна-тонна пахта териб, бой-бадавлат бўлгани йўқ. “Москвич”и ўрнига “Мерседес” минган эмас. Хориждаги машҳур санаторийларда дам олиб, соғ­лигини мустаҳкамлаганини эшитмаганмиз… Булардан қатъи назар, ўша даврда “Ахборот” кўрсатувининг нуфузи жуда баланд бўлиб, уни нафақат раҳбарлар, балки бутун республика аҳли кутар, бирон янгилик ёки жиддийроқ хабар эшитган одам борки, атрофидагиларга етказмай қолмас эди. Эътироф этиш жоизки, “Ахборот”нинг эфирга жаранглаб чиқишида дикторларнинг хизмати беқиёс бўлган. Ростини айт­ганда, Анвар Тожиев раҳбарлик қилган “Ахборот” Москванинг ўша пайтдаги “Время”сидан асло қолишмасди. Шу боисми, халқимизнинг телевидениега, унинг ижодкорларига ҳурмат-эҳтироми баланд эди. Ваҳоланки, у замонда техник имкониятлар бугунгидек эмасди. Шундай бўлса-да, ижод ва ижодкор қуёш янглиғ чарақлаб турарди.

Бугун давраларда ҳурмат ва эҳтиром ила хотирланадиган, ўзларининг олижаноблиги, фидойилигию меҳр-оқибати билан миллион-миллион телетомошабинлар қалбидан муносиб жой олган Д.Зуннунов, М.Раҳимов, Н.Мақсудова, Р.Мирзаев, А.Ўтбосаров орамизда йўқ. Аммо улар ўзларидан қолдирган ёрқин ва унутилмас таассуротлари, ибрат бўладиган чин одамийлик фазилатлари билан ҳамиша ёдимизда яшайдилар. Агар Тошкент телевидение ватани эканлиги билан фахр­ланадиган бўлсак, унинг оёққа туриб, гуллаб-яшнаши йўлида куну тун меҳнат қилган, ўзларидан яхши ном қолдириб кетган бундай азиз инсонлар ҳақидаги хотиралар унинг тарихи учун бебаҳо хазинадир. Бу хазинадан хал­қимизни баҳраманд этиш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз.

Ўзбекистон телевидениесининг сафимиздан эрта кетган машҳур сухандони Ўктам Жобиров ва у кишининг касбдош шогирдларини ёдга олаётганимиз бежиз эмас. Улар билан ҳамфикр, ҳамнафас бўлган кадр ортидаги ижодкорлар — сценарий муаллифлари, режиссёрлар, тасвирчилару муҳандисларнинг исм-фамилиялари гоҳ-гоҳида кўрсатув сўнгида кўриниб қолади, аслида, энг асосий иш айнан ана шуларнинг зиммасида. Ижодий ҳамкорликда яратилган ва Ўзбекистон телевидениеси хазинасидан муносиб жой олган кўплаб спектакллар, кўрсатув ва фильмларнинг вақти-вақти билан намойиш этиб турилиши хайрли иш бўлиб, ўтганларнинг ибратли ишларини хотирамиз кўзгусида намоён этиши шубҳасиз. Шу нуқтаи назардан “Телевизион миниатюралар театри”нинг энг сара асарлари асосида яратилган ҳажвий-сатирик фильм ижодкорлари — Эргаш Каримов, Ҳусан Шарипов, Ҳасан Йўлдошев, Садир Зиёвуддинов, Абдураҳмон Аҳмедов, ўайрат Убайдуллаевлар хонадонларимиз меҳмони бўлиб, дилларимизни яйратаётганликлари уларнинг халқимиз билан руҳан бирга яшаётганларидан далолат, десак хато бўлмас. Бу беназир санъаткорлар яратган ўлмас образларни қаламга олган Ўзбекистон халқ ёзувчилари Саид Аҳмад, Неъмат Аминов, Ўткир Ҳошимов, телеминиатюра усталари Элбек Мусаев, Алп Жамол, Фарҳод Мусажонов, ўани Расуловларнинг таҳририят хонасида даврани кенг олиб, гоҳ ўйланиб, гоҳ баҳслашиб, гоҳ хандон отиб кулганча яратган қатор-қатор телеасарлари хал­қимиз маънавиятини юксалтиришга муносиб ҳисса бўлиб қўшилаётганининг ўзи улар бугун ҳам ижод билан банд­дек таассурот қолдирмайдими?!

Албатта, ҳаётини телевидение билан чамбарчас боғлаган бундай улуғ инсонларнинг бутун бир даврни қамраган ижодий йўли катта сабоқ мактабидир. Уларнинг тажрибаю маҳоратларини, усулу услубларини биргина битикда жо этишнинг иложи йўқ. Улар қаторида телевидение ва радионинг ҳар томонлама ривожланишига муносиб ҳисса қўшган яна қанча улуғлар борки, ҳар бири ёрқин бир тарих. Бу тарих саҳифалари юртимиз маънавияти ва маърифатининг гуллаб-яшнаши йўлида бахшида этилган умр­ларнинг орзу-ўйлари, интилишу курашлари, эзгу ва хайр­ли ишлари, ташвиш ва қувонч­лари билан лиммо-лим. Улар бизни яшашга, яратишга, фақат олдинга чорлаб турадиган хотиралардир. Биз бор эканмиз, хотиралар ҳам тиллардан тилларга ўтиб яшайверади.

Нуриддин ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг