Дўстлик меҳри (2019 йил, 19 сон)

151

10 май – Ғафур Ғулом таваллуд топган кун

Дадам билан Собир Абдулланинг дўстлиги дадам Қўқон, Андижон ва ­Наманганда бўлиб,  “Муштум” журнали ва “Камбағал деҳқон” газеталарига очерк, ҳикоя, фельетонлар ёзиб юрган  вақтларда бошланган.

Собир Абдулла Қўқон шаҳридан Фарғонага кўчади. Шоирнинг   ҳужраси водийлик ижодкорларнинг дийдорхонасига айланади. Дадам бу гурунгларда кўп қатнашгани ҳақида ўша ерлик адиблар эсдаликларида ёзишган. Дадам ва Собир Абдулла,  водийлик Боқий, Маҳжурий, Анисий, Ҳабибий ва бошқа ижодкорлар билан 30-йиллар охири ва 40-йиллар бошларида Алишер Навоий юбилейи муносабати билан ташкил этилган қўмитада бирга ишлашгани пайтда бу дўстлик  янада  мустаҳкамланган.

Собир Абдулла Тошкентга кўчиб келганидан кейин уларнинг оғайнигарчилиги оилавий дўстликка айланган. Саодат хола (Собир Абдулланинг аёли) хушфеъл, димоғида гапирганигами, худди эркаланаётганга ўхшарди. Хушбичимликлари учун ҳам пардоз-андоз, кийимлари жуда ярашарди.

Собир ака камсуқум, камтар, кўнгилга тегмайдиган тарзда гапирарди. Ҳазил, қизиқчилик  қилганида иймангандек бўлиб турарди.

Собир аканинг  “Тоҳир ва Зуҳра “пьесаси  ёки “Мавлоно Муқимий” асарларига ёзилган шеърларини  бизникида Юнус Ражабий, Комилжон ғижжакчи, Ҳабибий домла, дадам ўзларича куйга солиб  хиргойи ҳам қилиб кўришарди. Баъзан Шайхзода домла озарбайжонча ашулаларни айтадиган хушовоз қўшиқчини уди билан олиб келар эди. Шунда Ятим Бобожоновни ҳам театрдан айтиб чиқар эдим. Дадамнинг Собир Абдуллага ёзган “қорхат”ларини ўқимаган одам йўқдир. Дадамнинг вафотларидан сўнг Собир Абдулла хотирлаб “Навқирон йиллар, олтин сатрлар…” мақоласида шундай  ёзган: “1945 йилнинг ноябри, биринчи қор, қор ёққан кун ўз ижодий хонамда ёзув-чизув билан машғул эдим, эшик қоқиб, ёш адиб, шоирлардан Туроб Тўла ва Саид Аҳмад ҳамда яна икки йигит келиб қолишди, бошим кўкка етди.    Аммо йигитлар узоқ ўтирмай  қўзғалдилар ва орамизга андак узоқлик тушиб, кўпдан бери кўришмаган ўафур акадан “элчи” бўлиб келганларини, эртага уникига боришимни илтимос қилиб, чиқиб кетди. Орадан бир соат чамаси фурсат ўтар-ўтмас ўафур ўулом телефон қилиб, жиддий оҳангда мени биринчи қор билан қутлаб, орқасидан шу сўзни илова қилди: “Жуда соддасан, дўстим! Сенинг шу самимийлигингни яхши кўраман! Китоб жавонингдаги Фузулий баёзининг орасидан қорхатни олиб ўқи!

Фузулий қўлёзма баёзини очсам, орасидан шу қорхат топилди:

ҚОРХАТ

Қўлингизда ярқираб турган бу хат — қорхат, укам,
Қўлга тушдингиз, иложсиз, белни боғлайсиз маҳкам.

Бисти панжум йиғилурмиз улфати чор, ўргилай,
Ҳарнаки топган — таянган бўлса ночор, ўргилай.

Ўн қадоқ гўшт, бир қази — тошкентча “норин”, дейдилар,
Қўлга тушгач, хоҳ ранжи, хоҳ оғрин, дейдилар.

Иссиқ уйда сиз мулозим, биз таралло қилгумиз,
Мияни қўлга қоқиб бергунча ялло қилғумиз.

Воқеан, ёддан чиқай дебдир талабнинг тантиси,
Яхна гўшт, япроқ қази — закускамизнинг мантиси.

Ким келур эркан десангиз: сақлабон эски удум,
Мен бўлурман, мавлавий Шайх, мулла Уйғуни фўрум.

Ёз ҳам ўтди, куз ҳам ўтди, қорга чўмди боғлар,
Боғингиздан бир ғужум ҳам тотмади ўртоғлар.

Собиро, тан бер ўзинг ҳам, биз каби меҳмон қани,
Борми инсофинг, оромизда ушлаган нон қани?

Балки бу суҳбат аросида ечилгуси тугун…
Хулласи, ман ярғабу бўлсин зиёфатлар тўкун,

деб ўафур ўулом.
Қўлга тушсам жавобгарман, даб қўлим қўйдим.
1364 муқобил рўзи жумъа биринчи қурбон

(1945 йил 16 ноябрь)

Қоидага мувофиқ шу билан камина қўлга тушди ҳисобланиб, шу куниёқ таклифнома ёзишга киришдим.

“Бадри Шоший соний, замон адабиётининг ширин лисони, суҳбатнинг жони, дўстларнинг меҳрибони, “Машраблар қиссаси”нинг қаҳрамони  латифагўйларнинг хазинаю кони, яъни биродарим ўафур ўуломий қорхатига мувофиқ

ТАКЛИФНОМА

Ассалом эй дўсту қадрдон ўафур,
Файласуф ҳозиқу Луқмон ўафур!
Ҳафталар ўтди, ўзим чиқмадим.
Сиғмаганим жойга бошим тиқмадим.
Мақсад ўлиб, дўстларимни бир кўриш.
Бир чақириб бошларидан ўргилиш.
Ўйлаганинг бўлсаки: ”Қилган ароз!…”
Мен киму мен сизга қилиб бунда ноз!
Ёлғиз ўтиб ҳар куниму ҳар кечам,
Аҳли аёл ила мунаввар кечам.
Гулшан ила бўлса гулистон чаман,
Равшан этиб равшани ширин зақан.
Сув каби бир умр ўтар шу қиёс,
Қисқа қилиб сўзни, қилай илтимос.
Истасангиз кулбага меҳмон бўлиш,
Дўсту қадрдон танига жон бўлиш:
Қази, узум, мантию, ёғлиқ патир
Йўқласа ким-кимни қадр ўрнатар!
Соқиё суҳбат майига, қачон бир қонаман
Улфатий ҳамжинс истаб ҳар кеча тўлғонаман.

 Ҳурмат билан мезбон: Собир Абдулла

 1945 йил 17 ноябрь”.

Айтиш керакки, бу икки қадрдон бир-бирларига кўплаб хатлар ёзган, шеърлар бағишлаган. Кўплаб дўстлар билан ёзишган мушоиралари, шеърлари ажойиб ўхшатишлар,  самимий дўстлик ҳазилларига тўлиб-тошган.  Дадам вафотидан кейин ҳам  Собир ака дўстини қўмсаб уйимизга  келиб, аям билан узоқ суҳбатлашиб, дадамнинг хислатларидан гапирар, “Дўстимдек одам энди йўқ, мен учун олам бўшаб қолгандек, синглим бизга чидам берсин”, дерди  ҳар келганларида.

ОЛМОС,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг