20 миллион 30миллион 100 миллион (2019 йил, 19 сон)

225

(Уинстон Черчилл. Иосиф Сталин. Андрей Вознесенский. Режиссёр Стивен Спилберг. Оддий аскар Жеймс Раян. Ўзбек оналари ва устоз Абдулла Орипов)

(“Отам ва Иккинчи жаҳон уруши” китобидан)

Буюк Британия Бош вазири Уинстон Черчилл ҳукумати гитлерчилар Германиясига қарши биргаликда курашиш тўғрисидаги 1941 йилнинг июлида ва иттифоқчилик тўғрисидаги 1942 йилнинг май ойида СССР билан имзоланган битим ва шартномага қарамасдан, СССРни менсимай ва кучсизлантириш мақсадида Иккинчи фронтни белгиланган муддатда очишни жўрттага пайсалга солиб келган. Черчилл СССР, АҚШ, Буюк Британия давлат бошлиқларининг 1943 йилда ўтказилган Теҳрон, 1945 йилда ўтказилган Ялта ва Потсдам конференцияларининг қатнашчиси сифатида ўз мавқеи ва қарашларида қаттиқ турган.

Бир қанча қизиқарли тарихий-мемуар асарлар муаллифи, 1953 йилда таниқли Америка ёзувчиси Эрнест Хемингуэй билан бир пайтда Адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган Черчилл ҳазратлари наинки буюк давлат арбоби, балки сиёсий зарофати ва донишмандлиги билан ҳам ном қозонган зукко ва билимдон шахс бўлган. Сталин ҳақида у, жумладан шундай гапларни айтган:

“Сталин Россияни чўлтоқ ҳасса билан қабул қилиб олиб, атом бомбаси билан қолдириб кетди.”

“…СССРнинг қурбонларию йўқотишлари улардан туғилмаган болаларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда Сталин ҳукмронлигининг охирига келиб 100 миллион кишига етди.”

* * *

Рус шоири Андрей Вознесенский “Шеърият инсон онги-тафаккурида қаердан пайдо бўлади?” деган саволга жавоб изларкан, шундай руҳий ҳолатга тушганини баён қилади:

Мен йўлда кетарканман Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган миллионлаб ватандошларимиз ҳақида ўйладим. Ногаҳон нима учундир ўз-ўзидан миямда 30 миллион рақами чарх ура бошлади. Бир йилни лаҳзаларга бўлиб чиққанда 30 миллион сония келиб чиқаркан. Ҳар бир сония жувонмарг кетган бир инсон умридай нидо бериб турибди. Таҳририятда “Шу пайтгача қурбонлар сони 15-20 миллион дейиларди-ку, бу рақамларни қаердан олдингиз?” деб сўрашганида менинг “Бу бор-йўғи бир образ” деган жавобимга дарров кўна қолишди.

Ярим йилдан кейин тарихчи Рой Медведев урушда қурбон бўлганлар сони ҳақиқатан ҳам ўттиз миллион кишини ташкил этиши хусусида ўзининг қатъий, инкор этиб бўлмас хулосаларини эълон қилди. Афсуски, ғойибдан менинг хаёлимга келган, мен йўл-йўлакай шунчаки ўйлаб келган рақамлар тўғри бўлиб чиқди.

* * *

Америкалик таниқли кинорежиссёр   Стивен Спилбергнинг “Оддий аскар Раянни қутқариш” номли бадиий фильми Иккинчи жаҳон     уруши воқеаларига бағишланган. Унда фашизмга қарши Иккинчи фронт­ни очиш бўйича иттифоқчилик шартномасини тузган давлатларнинг, жумладан америкалик, франциялик жангчиларнинг  немис-фашистлар билан бўлган аёвсиз муҳорабалари жонли, ҳаётий лавҳаларда ҳаққоний акс эттирилган.

Ҳақиқатан ҳам, фильмда тасвирланган жанг манзаралари бутун даҳшатию қабоҳати билан кишини ларзага солади. Мисол учун, ногаҳоний снаряд портлашидан бир жангчининг чап оёғи тос косаси билан бутунлайига узилиб кетади. Бошқа бир жангчи бўлса тит-пити чиқиб кетган қуролдош дўстининг снаряд узиб ташлаган, суяклари чиқиб ётган бир қўлини кўтариб юрибди. Портлаш пайти қорни тиккасига ёрилиб кетган, ичак-чавоқларию қурсоғи чиқиб лиқиллаб ётган яна бир жангчи “Она! Онажон!” деб дод-фарёд солиб ётибди. Иккала оёғидан ярадор бўлган бошқа бир жангчини қуролдош дўсти гимнастёркасининг елка тасмасидан маҳкам ушлаганча тортқилаб-судраб бораяпти. Шу маҳал яна бир снаряд порт­лаб, ҳалиги ярадор жангчини қоқ белидан узиб ташлайди. Жанг майдонидаги тўс-тўполон, ўқ-снаряд ёмғири остида уни бир азобда тортиб бораётган оғайниси “нега бу енгиллашиб қолди” дегандай қайрилиб қараса, ярадор дўстининг ярим жонсиз танасигина қолибди…

Фильм воқеалари бир оиланинг урушга кетган тўрт фарзанди атрофида қурилган. Фарзандлардан икки нафари – тўнғичи билан кейингиси сал аввалроқ жанг майдонида қурбон бўлган эди. Энди эса ҳеч қанча ўтмай учинчи фарзанднинг урушда ҳалок бўлганлиги тўғрисида у туғилган штатнинг ҳарбий маҳкамасига “қора хат” келади. Хатларни сараловчи ҳарбий хизматчи аёлни бу шум хабар кутилмаганда ларзага солиб, бу ҳақда дарров Бош ҳарбий штабнинг раҳбари генерал Жорж Маршални хабардор қиларкан, хатни кўрсатади. Генерални ҳам бу оғир ҳолат қаттиқ ташвишга солади. Хатни ўқиб ўйланиб қоларкан, бирдан бу оиланинг бор-йўғи икки фарзанди қолганлиги, энди учинчиси ҳам нобуд бўлиб, тўртинчи ўғил ҳам урушда эканлиги, мабодо буниси билан ҳам бирор кори­ҳол рўй бериб қолса, уларнинг шўрлик онасига нақадар оғир бўлишини ўйлаб, бу ҳақда ўзидан юқорироқ бошлиқларга кириб ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиради. Масала шу даражада жиддий тус оладики, маҳаллий ҳокимият, ундан давлат миқёсидаги ҳарбий идораларгача боради. Катта-катта генераллар, улкан мавқега эга бўлган ҳарбий арбобларгача шу муаммо устида бош қотиришади. Охири бир қарорга келолмай, бу ҳақда мамлакат президентига мурожаат қилишни лозим деб топишади. Президент рўй берган ҳолатдан ниҳоятда таъсирланиб, дарров урушда юрган кенжа Раянни зудлик билан чақириб олишни, шу билан тирик юрган яккаю ягона ўғилни жангда содир бўлиши мумкин бўлган муқаррар ўлимдан қутқариб қолишга топшириқ беради. Бунинг учун капитан Жон Миллер бошчилигида саккиз жангчидан иборат махсус ҳарбий қутқарув гуруҳи тузилиб, ўша куннинг ўзидаёқ фронтга жўнатилади. Бир ой-бир ярим ой давомида кечаю кундуз бутун бошли мамлакатнинг ҳарбий маҳкамаларию мана-ман деган генераллару арбобларигача оддий аскар Жеймс Раянни қутқариб қолиш масаласи билан шуғулланади. Президент ҳам “Топилдими?” “Чақириб олиндими?” дея бот-бот сўраб-суриштириб туради.

Бу орада қутқарув гуруҳи фронтда жанг қилиб юрган ўнлаб, юзлаб Раян отлиқ аскарлар билан танишади. Ҳар гал бу Раянларнинг номи ҳам, ўзи ҳам бошқа-бошқа бўлиб чиқади. Кенжа ўғилни топиб уйига қайтарамиз деб гуруҳдаги бир-икки ёш-ёш йигитлар жангда ўлиб ҳам кетади. Бошқа жангчиларнинг фиғони фалакка чиқади, тинка-мадори қуриб, баъзилар “Бу арзанда Раяндан бошқа ишимиз йўқми?” дейишгача боради.

Ва ниҳоят оддий аскар, ўз Ватани ва мамлакати армиясининг содиқ ва ўтюрак жангчиси, туғишган акаларининг жангда ҳалок бўлганидан ҳали бехабар ука, муштипар бир онаизорнинг нуридийдаси бўлмиш кенжа ўғил топилади!.. Аммо у… “Мен ҳеч қаёққа кетмайман!” дейди. Айниқса, бир қориндан талашиб тушган қадр­дон туғишган акаларининг ўлимини эшитгандан кейин аҳди баттар қатъийлашади. Акаларининг қасдини олиш учун, уларнинг хуни ҳақи жангни давом эттиришини, ҳатто “Бу Президентнинг топшириғи!” дейишса ҳам “Ҳеч қаёққа кетмайман!” дея оёқ     тираб туриб олади… Ва… Шу лаҳзаларда немисларнинг кутилмаган ҳужуми бошланадию барча тасир-тусур жангга отилади. Тўқнашув жуда оғир ва қаттиқ кечади. Душманлар тиш-тирноғигача қуролланган бу қирғинбарот жангда кўп аскарлар нобуд бўлади. Қутқарув гуруҳининг командири  капитан Жон Миллер ҳам оғир жароҳат олади. Ўлими олдидан сўнгги нафасларини оларкан, ярадор бўлган, аммо тирик қолган тетик-бардам Раянни кўриб “Раян тирик!” деган нидо билан ўз мамлакати ва Президенти  олдидаги бурчини ҳалол бажарганига чин дилдан ишониб иқрор бўлгандан кейингина жон беради. Кенжа ўғил Жеймс Раян    соғ-омон ўз онасининг бағрига қайтади…

* * *

Бизда, Ўзбекистонда у машъум урушда биратўла беш нафар гулдай-гулдай фарзандлари  қурбон бўлган оилалар бор. Тошкент вилоятидаги Хонобод қишлоғида яшаган онаизор Зулфия ая Зокирова шу дилбандларини кутиб, шуларнинг доғи-фироғида адойи тамом бўлиб оламдан ўтиб кетди.

Сариосиёнинг тоғли Зевар қишлоғилик Давлат момонинг ҳам икки эгизак ўғли урушдан қайтмади. Бедому дарак, беном-бенишон кетди. Момо бир умр: “Худойим Давлат деган ном берди, беҳисоб давлат берди, Ўзига шукр, узундан узоқ умр берди, Ўзи билгич, Ўзи берган икки баламниям Ўзи олди”, дея бир умр деворга осиғлиқ, ўғилларининг тиш излари қолган икки кемтик нонга тикилавериб, йиғлайвериб кўзларининг нури адо бўлди. Момонинг жон риштаси ҳам сўнгги дамда шу нонларга  тикилиб қолган ҳолда узилди.

Кундажувозлик Равзо момонинг Эшон­қул, Авлиёқул исмли ўн гулидан бир гули очилмаган ўғилларини ҳам қаттол уруш ўз комига тортди. Онамнинг яқин қариндоши ва тенгдоши бўлмиш Дурбиби опа ўша жувонмарг кетган ака-уканинг туғишган синглиси умр бўйи нуқул бир гапни такрорларди: “Онам узоқ яшарди, акаларимнинг доғида ўлиб кетди…”.

Бу дардли, армонли рўйхатни юз минг, икки юз, уч юз, тўрт юз минггача давом эттириш мумкин. Бу дарду алам, армон ва изтироб рўйхати номлардан узлуксиз бонгларга, бонглардан туганмас ном ва ёдларга айланиб таралиб бораверади.

Шу боисдан Тошкентдаги Хотира майдонида ўрнатилган “Мотамсаро она” ҳайкали қошига бефарқ бориб, шунчаки бефарқ қараб  туриб бўлмайди. Бу майдонда қадам босмоқ, юриб бормоқ жуда оғир. Қадамингиз, олаётган нафасингиз ҳам буюк сукунатга, улуғ ва табаррук Хотирага захм етказадигандай. Номларга, ёдларга дахл қиладигандай. Бунда қалб титроққа тушади, жисму жон беихтиёр жимирлай бошлайди…

Истиқлол адолати билан ғоя ва лойиҳа муаллифи биринчи Президент Ислом   Каримовнинг, ўзбек халқининг минг-минглаб ўз жабрдийда оналари матонатига, жангларда қурбон бўлган фарзандлари  хотирасига кўрсатган юксак қадр ва эҳтироми, дардли ва изтиробли ёдгорлиги…

Бош эгамиз, ёд этамиз.

Қалбларимиз жимирлайди, жисму жон титроққа тушади. Кўзларимизда ёш қалқийди. Номлар ва бонглар. Бонглар ва номлар.

Бош эгамиз, ёд этамиз.

“450 минг” рақами устида мулоҳаза юритаркан, машҳур “Аёл” шеъри муаллифи, “Шундайлар бўлмаса агар дунёда, Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл” сатрларини битган устоз Абдулла Орипов жумладан, шундай армонли сўзларни айтган эди: “Уруш бўлмаганида, бу йигитлар ҳаёт юрганида эди, ҳозир ўзбек халқи ҳам олт­миш миллиондан ошиб кетган бўларди”.

Бош эгамиз, ёд этамиз. Ёд этамиз ва бош эгамиз.

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг