Ўзбек йигити — Олесь Гончар асари қаҳрамони (2019 йил, 19 сон)

148

Полковник Ҳошим Хўжаевнинг таърифини дастлаб мактабда сабоқ берган устозим Раҳимжон Ёқубжоновдан эшитиб, оиласи, фарзандлари билан танишганман.  1972 йилда  бу мард инсон   ҳақида “Тошкент оқшоми” газетасида “Ўзбек полкининг командири” номли мақолам чоп этилганди. Кейинчалик  полковникнинг қуролдошларидан ҳам кўплаб қимматли маълумотлар  тўпладим. Эътиборингизга ҳавола этилаётган мазкур мақола ўша маълумотлар асосида дунёга келди.

Иван Меркурьевич Дубинин урушни 1945 йил май ойида Прага яқинида  якунлади. Бу пайтда у 2-Украина фронти таркибига кирган 7-армиянинг 72-дивизиясидаги 222-ўқчи полк штаби бошлиғининг ёрдамчиси лавозимида  хизмат қиларди.

Иван Меркурьевичга 1945 йил ноябрда уйига қайтишга рухсат беришди. У жонажон Хоразмига келиб, урушгача ишлаган жойида — Урганч темирйўл станциясида меҳнат қила бошлади. 1948 йил эди. Бир куни у Урганчдаги китоб дўконига кирганида, жавондаги “Байроқдорлар” номли китобга кўзи тушади. Уни олиб варақларкан, бирдан муаллифининг исм-фамилияси кўзига оловдай кўринди. Беихтиёр: “Ия, бу полкдошим, миномётчи сержант Александр Гончар эмасмикан?!” деб юборади. О.Гончар билан Дубинин нафақат бир полкда — Ҳ.Хўжаев полкида, ҳатто бир батальонда хизмат қилган, у билан учрашган, суҳбатлашганди. Дивизия газетасида ора-сира унинг шеър­лари, полкдошлари ҳақидаги очерклари чиқиб турарди. Иван Меркурьевич Олесь Гончарнинг полтавалик эканлигини, урушгача журналистлар тайёрланадиган техникумда ўқиганини, газетада ишлаганини ҳам биларди.

Иван Меркурьевич дўконда тик турганича китобнинг бирнеча саҳифасини  ўқиб кўриб, унда ўзининг қадрдон 222-полки, собиқ сафдошлари ҳақида гап бораётганини билди. Ёзувчи ўткир қалами билан полк командири, полковник Ҳошим Хўжаев (китобда Самиев деб берилган) полк командирининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари, қаҳрамон, майор Михеев (китобда Воронцов деб берилган) сиймоларини жонлантирганди… Хуллас, “Байроқдорлар” романидаги образларга асос бўлган жангчилар унга қадрдон инсонлар эди.

Иван Меркурьевич китобни дарров сотиб олиб, уйида боши кўтармай ўқиб чиқади. Сўнг “Литературная газета”га хат ёзади. Хатда Дубининнинг уруш йиллари тутган ”Хотира дафтари”даги қарийб ҳамма гап бор эди. Газета таҳририяти Олесь Гончарни бу хат билан таништиради. Ёзувчи дарҳол жавоб мактуби ёзади:

“Мен Сизнинг хатингизни ҳаяжон билан ўқиб чиқдим. Унда полкимизнинг жанговар йўли ҳақида ва менинг трилогиямдаги образларга у ёки бу даражада асос бўлиб хизмат қилган одамлар ҳақида қизиқарли маълумотлар қайд этилган…. Сизнинг материалингизни батафсил таҳлил қилмоқчи эмасман, лекин шуни айтаманки, ундаги  фикрлар ва мулоҳазалар жуда тўғри, энг муҳими эса, бизнинг шонли гвардиячиларимизга муҳаббат бор. Яна бир полкдошимизнинг овозини эшитганимдан беҳад хурсандман. Сизга қизғин саломим  ва энг эзгу истакларимни йўллайман.

О.Гончар”.

Шундай қилиб Дубининнинг  маш­ҳур украин ёзувчиси О.Гончар билан дўстона алоқаси, қизғин ёзишмалари бошланади. Ёзувчи хоразмлик полкдошига янги китобларидан юборади. Иван Меркурьевич бошқа полкдошларига ҳам хат ёзиб, улар билан боғланади. Меҳнат таътилида Тошкентга келиб, сўраб-суриштириб, полк командири Ҳошим Хўжаевнинг оиласини топади. Фарзандлари билан учрашиб, уларга оталари  қаҳрамонларча ҳалок бўлганини  гапириб беради. Тўрт фарзанд отасининг полк­доши бўлган инсон ҳикоясини кўзда ёш билан тинглашади. Иван Меркурьевич ке­йинги йилларда ҳам Ҳошим Хўжаевнинг Ишчилар шаҳарчасидаги хонадонига келиб турадиган бўлди.

Хўш, Ҳошим Хўжаев ким эди? У қандай қилиб 1943 йил бошида фельдмаршал Паулюс бошлиқ 90 минг­дан ортиқ фашист бос­қинчиларини Сталин­градда  асир олган армия генерали М.С.Шумилов қўмондонлигидаги 64-армиянинг (кейинроқ бу армия 2-Украина фронти таркибига кириб, 7-армия деб аталган) 72-дивизиясидаги 222-ўқчи полк командири даражасига етди? Қандай қилиб кўпларнинг ҳурмати ва меҳр-муҳаббатига сазовор бўлди?

Николай подшо вақтида уни Ўрда сувининг сўл томонидаги кўчаларда отасининг ортида терга ботиб, елкасида обкаш билан керосин ташиб юрганини кўришганди, сал вақт ўтгач, китоб қўлтиқлаб Ўрдада очилган янги мактабга қатнаб юрганини кўришди. Унинг болалик йиллари меҳнат ва машаққат билан ўтганди. Шу боис у ёшликдан оддий кишиларга чуқур ҳурмат ва  муҳаббат руҳида тарбияланди.  Ҳошимжон 1928 йилда Тошкент  ҳарбий билим юртини тамомлаб чиққанида йигирма икки ёшли  йигит эди. Уни аввал Самарқанддаги ўзбек батальонига взвод командири этиб жўнатишди. Кейинчалик эса Тошкентда ҳарбий билим юртида ўқитувчи бўлиб ишлай бошлади.

Уруш бошланганда Ҳ.Хўжаев мамлакатимиз жанубидаги ҳарбий қисм­лардан бирида хизмат қилаётганди. 1941 йил  охирида Хўжаев САВО (Ўрта Осиё ҳарбий округи) ихтиёрига қайтди. Бу пайтда бутун мамлакатда бўлгани сингари республикамизда ҳам халқ хўжалиги ҳарбий изга солина бошланган, ҳамма нарса фронт учун сафарбар этилаётганди.1941-1942 йилларда майор Ҳ.Хўжаев бошчилигида Керки, Шаҳрисабз, Когон, Қўқон  ва Фарғонада полк ва бригадалар  тузилди.

1943 йилда у Москвадаги Олий ҳарбий академиянинг  қисқа курсини тамомлади ва 2-Украина фронтидаги 7-армиянинг 72-дивизиясидаги 222-ўқчи полкка командирлик қила бошлади. 1943 йил 11 декабр­да Кировград яқинидаги Вербмож қишлоғида ўнг оёғидан яраланиб, Харьков шаҳридаги госпиталда даволанди. Сўнг яна ўзининг қадрдон полкида  командирлик қила бошлади. Полк Днепрни кечиб ўтишда, Украина шаҳарларини озод қилишда, Руминия, Венгрия, Чехословакия учун  жангларда қатнашди.

1944 йил 17 сентябрда Совинформбюро қуйидаги ахборотни берганди: “Шимолий Трансильванияда  бўлинмаларимиз тоғларда душманнинг парчаланган қисмларини қувиб бориб, бир неча аҳоли пунктини озод қилди… Катта ўлжалар қўлга киритилди. Қаттиқ жанглар натижасида  жангчиларимиз Тиргу-Муреш шаҳридан 6 километр олисда бўлган Красуншеть аҳоли пунктини озод қилди”.

 Тиргу-Муреш шаҳрини ҳам Ҳошим Хўжаев полк командири бўлган дивизия озод қилганди. 1944 йил 5 ноябрда Хўжаевнинг полки Тисса дарёсини жанг билан кечиб ўтди.  Иккинчи куни қўшинлар Доба қишлоғига етиб боришди. Фашистлар бу ерда кучли мудофаа ташкил этиб, ўзиюрар техникани ишга солганди. Олға ҳаракат қилиш учун душманнинг кучли ҳимояси халақит берарди. Қўшинлар олға силжишмаётганини билиб, Хўжаев Дубинин  ротасининг команда пунктига — энг олдинги линияга келди. Вазият билан танишиб, миномёт ротаси  ҳимоя­сида ҳужум бошлашга қарор қилди. Ҳадемай миналар портлай бошлади. Аскарлар ҳужумга ўтди. Ҳамманинг олдида телогрейка кийган бир  одам тўппончасини силкиб югуриб борарди. Бу Ҳошим Саидович Хўжаев эди.

1945 йил қишда полк Грон дарёсига етди. Январь, февраль бу ерда ҳаво совуқ, қорли бўлди. Аскарлар хандақларда ўтириб қийналишди. Ҳошим Саидович аскарларнинг аҳволини кўриб, оталарча мулойимлик билан гапириб насиҳат қилди:

— Биродарлар, яқинда душманни тор-мор қилиб юртимизга қайтамиз. ўалабагача яшаш керак… Уйда бизни бола-чақамиз, ота-онамиз, севикли ёримиз тўрт кўз бўлиб кутиб ўтиришибди… Ўзингизни, ўртоқларингизни авайланг. Одамларимизни эҳтиёт қилинг. Булар бизнинг буюк бойлигимиз. Бўлар-бўлмасга ўзингизни душман ўқига урманг. Лекин қўрқоқ ҳам бўлманглар. Қўрқоқларнинг таъзирини ўзим бераман.

Ҳ.Хўжаев ҳалок бўлишидан аввалроқ рафиқасига йўллаган мактубида шундай ёзган эди:

“Салом, азизам Ойшахон!

Мактубимнинг биринчи сатрларида мен тирик ва соғлом эканлигимни маълум қиламан, сен ва тўрт фарзандим тирик ва соғ-саломат бўлишларингни исташимни изҳор этаман.

Ойшахон! Мен сизларни кўриб келиш учун юборган одам қайтиб келди ва менга ҳамманглар ҳақида гапириб берди. Кўнглим хотиржам бўлди.

Ойшахон! Қаттиқ жанглар бўлаяпти. Менинг кўп ажойиб ўртоқларим Ватан учун жанг қилиб ҳалок бўлишди. Биз душман билан она еримиздан олисда жанг қилаяпмиз, биз бир-биримиздан олисдамиз, менинг катта орзуим сизлар билан учрашиш. Фақат мен тирик ва соғ-саломат бўлсам бўлгани.

Учрашсак — бизнинг барча кечинмаларимиз бир соатда унутилади. Агар менга бирон кор-ҳол бўлса, халқимиз сизларни кулфатга ташлаб қўймайди.

Ойшахон! Барча қариндошларимизга саломимни етказгин, болаларни ўпиб қўй.

Учрашгунимизча хайр!

Сенинг Ҳошимжонинг”.

17 феврал эрталабдан душман артиллерия ҳужумини бошлаб юборди, танк ва бронетранспортёрлар ҳам артиллерия  панасида ҳужумга ўтди. Бу пайтда  Хўжаев команда пунктида эди. Унга бир неча кун аввал полковник унвони берилганди. У вазминлик билан ҳаракат қиларди.

Пиёдаларимиз бир неч­та танкни сафдан чиқарди. Гитлерчилар эса катта талофат кўраётганларига қарамай янгидан-янги бўлинмаларни ҳужумга ташлай бошладилар.

Хўжаев блиндажнинг иккинчи бўлинмасига ўтиб, амбразура орқали жангнинг боришини кузата бошлади. Блиндаж устига ва унинг атрофига тушаётган снарядлар атрофни кузатишни  қийинлаштириб қўяётганди. Шунда  кузатувчи душман танклари мудофаа чизиғини ёриб ўтиб, команда пункти томон келаётганини кўриб қолди. Команда пунктидаги ҳамма жангчилар блиндаждан чиқиб, алоқа йўли орқали танкларнинг ён томонига эмаклаб ўтдилар.

Кимдир куч билан отган граната олдинда келаётган танкни тўхтатиб қўйди. Фашист шошиб машинани орқага бурди. Шунда унинг мотор қисмига иккинчи граната бориб тушиб, машинани қора тутун қоплади. Далада “ура” садоси янгради. Хўжаев ва унинг гуруҳи руҳланиб кетиб, иккинчи танк­ка ташландилар. Ундаги ҳайдовчи машинани орқага бурмоқчи бўлиб, бир ғилдирагини алоқа йўлига тушириб юборди ва танк секин ёнига оға бошлади. Шунда Хўжаев отган граната иккинчи танкни ҳам сафдан чиқарди.

Жангчилар хотиржам бўлиб, блиндажга қайтаётганларида пулемёт тариллаб қолди, ҳамма бирдан яна ерга ётди. Сафдан чиққан  икки танк панасида учинчиси пайдо бўлиб қолганлигини ҳеч ким сезмаганди.

Солдатлардан бири илгари сурилиб, қўлидаги гранатанинг илгагини суғурди. Аммо отишга улгуролмади. Кўкрагидан ўқ еб, инграб ерга йиқилди. “Портлайди!” — полковникнинг миясига шу фикр ўқдай урилди. У жангчи томон эмаклаб бориб, унинг панжасидаги гранатани авайлаб олиб, танкка ирғитди. Ана шунда алоқа йўлида қийшайиб ётган танк қопқоғи очилиб, ундаги фашист Хўжаев томон граната улоқтиришга улгурганди. Кучли портлаш натижасида рўй берган тўлқин полковникни анча нарига ирғитиб юборди.

Жангчилар учинчи танкни ҳам унутиб, командирлари томон югурдилар. Полковник Хўжаев сўнгги кучини тўплаб, жон-жаҳди билан сакраб туриб кетди, лекин ўзини тутолмай ўртоқлари оёғи остига йиқилди. Командирларининг ҳалок бўлганини кўрган жангчилар алам билан учинчи танкка ташланиб уни яксон қилдилар.

Эртаси куни полкдошлар командирларининг жасадини Чехословакиянинг Шахи шаҳрига келтириб, шаҳар майдонига украин фарзанди, қаҳрамон, майор Воронцов билан ёнма-ён дафн этдилар. 1945 йилнинг март ойида Х.Хўжаевнинг ординареци А.А.Отаев Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми Раиси номига дивизия командири, генерал-майор А.Лосевнинг имзоси билан ёзилган  мактубни олиб келди. Бу мактубда шундай дейилганди: “1945 йилнинг 17 февралида фашист бос­қинчиларга қарши курашда ўзбек халқининг содиқ фарзанди, Қизил Байроқли гвардиячи ўқчи полк  командири, тошкентлик гвардиячи полковник Хўжаев Ҳошим Саидович қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Ҳ.Хўжев жанговар операциялар учун   Қизил Юлдуз, III даражали Суворов ордени, I даражали Ватан уруши ордени ва Қизил Байроқ ордени билан мукофотланганди. Дивизия қўмондонлиги ўртоқ Хўжаев қиёфасида командирларнинг энг сарасидан айрилди. Ўртоқ Хўжаев мардлик ва жасорат кўрсатишда барчага намуна эди”.

Эртаси   куни А.А.Отаевни, Ҳошим Саидовичнинг рафиқаси Ойшахон опани, амакиси Маҳамат акани Усмон Юсупов бошчилигида Ўзбекистон  раҳбарлари қабул қилишди. Улар Ҳошим Саидовичнинг рафиқаси Ойшахон опага, амакиси Маҳамат акага чуқур таъзия изҳор қилишди.  Мар­ҳум­нинг тўрт  боласига нафақа белгиланиб, оиласи учун  Ишчилар шаҳарчасидан   коттеж берилди. Шаҳардаги кўчалардан бири марҳум номи билан аталадиган бўлди.

1985 йилда Белая Церковь шаҳрида 72-дивизия ветеранларининг ғалабанинг 40 йиллигига бағишланган навбатдаги учрашувига Ҳошим Хўжаевнинг катта қизи Дилбар Ҳошимовна Пўлатовани ҳам таклиф этишди. Дилбар Ҳошимовна бу учрашувга   бориб, катта таассуротлар билан қайтди. Мемориал  комплексдаги  музейда отасининг расмларини кўрганда кўзларига ёш келди. Бу учрашувда Дилбар Ҳошимовна Украинада Ҳошим Хўжаевни биладиганлар Ўзбекистондагидан кам эмаслигини билди.  У отасининг бутун собиқ иттифоқдаги қуролдош дўстлари, қолаверса, Украинадаги полк­дошлари билан анча йиллар хат-хабар ёзишиб турди. Ўзбекистондаги қуролдош дўстлари эса яқин-яқин йилларгача Ишчилар шаҳарчасидаги ҳовлига келиб, Ҳошим Хўжаев билан ўтган йилларни хотирлаб  кетишарди.

Алиназар ЭГАМНАЗАРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг