Бу йил баҳор Бойсун қирларидан бошланди, гўё. Бу ўлканинг ўзига хос гўзал табиати, бетакрор манзараси, виқорли тоғлари-ю жил­ғалари, ям-яшил қир-адирлари киши қалбига баҳорий кайфият улашади.

Воҳа ҳақида сўз кетганда, аввало, чан­қовуз чалаётган, лапар айтаётган момолар, қир-адирларда дўмбира чертиб достон куйлаётган бахшилар кўз олдимизга келади. Минг йиллардан бери яшаб келаётган халқ қўшиқлари, уларга ҳамоҳанг рақс­лар ва ўзига хос либослар нафақат вилоят, балки мамлакатимиздаги кўплаб санъат ихлос­манд­ларининг  қалбидан  жой  олиб  улгурган.

Тилсимотлар маскани Бойсун маданий муҳити илк бор  2001 йили ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси” сифатида эътироф этилиб, 2008 йили ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Ана шу тарихий воқеа сабаб “Бойсун баҳори” фестивали ташкил этилиб, бугунги кунда ушбу тадбир бутун дунёга юз тутди.

Қарийб ўн йилдан буён ўтказилмай тўхтаб қолган “Бойсун баҳори” фестивали давлатимиз раҳбарининг юксак эътибори билан қайта тикланди. Фес­тиваль нафақат Ўзбекистон маданиятида балки дунё маданиятида, ҳам катта тарихий воқеа бўлди. Дўмбира садолари Ўзбекис­тон бўйлаб янграб, бутун Ер юзига ёйилди.

Қарийб 10 кун давом этган фестивалда дунё ҳамжамияти Сурхондарё воҳаси ва Термиз шаҳрининг бой маданий мероси ва унинг тарихидан хабардор бўлди. Хуллас, сурхондарёликларни ғурурлантирадиган Халқаро бахшичилик фестивалининг байрамона кайфияти аримасдан, Сурхон воҳаси яна бир байрам — фольклор санъати ижрочиларининг “Бойсун баҳори”  фольклор фестивалига мезбонлик қилди. Фольклор жамоалари фаолиятини янада жонлантириш, қадимий қўшиқларимизни тиклаш, миллий қадриятларимизни дунё­га намойиш этиш, шунингдек, энг яхши фольк­лор жамоаларини аниқлаш ва уларнинг ижодларини рағбатлантириш мазкур фестивалнинг асосий мақсади бўлди.

Тадбирда Қорақалпоғистоннинг “Афсона”, Андижоннинг “Сайқал”, Бухоронинг “Гулёр”, Жиззахнинг “Гаштак”, Навоийнинг “Ёр-ёр”, Наманганнинг “Яллама ёрим”, Самарқанднинг “Чинор”, Сирдарёнинг “Сайхун йигитлари”, Оққўрғоннинг “Тўрғай”, Фар­ғонанинг “Шодиёна”, Хоразм­нинг “Машъал”, Қашқадарёнинг “Занжирсарой”, Тошкент шаҳрининг “Бувижонлар”, Сурхондарё вилоятининг “Дашнобод”, “Бадаш” ва “Бойсун” жамоалари қатнашди. Шунинг­дек, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизис­тон, Аф­ғонистон ва бош­қа мамлакатлардан ижодкорлар ташриф буюрди.

Фестивални юқори савияда ташкил этиш мақсадида Маданият вазирлиги томонидан тузилган Ишчи гуруҳи қатнашчиларни муайян мезонлар асосида республикамизнинг ҳар бир ҳудудидан танлаб олди. Асосий эътибор фольклор жамоаларининг ижро маҳорати, дастурининг мазмун-моҳияти, қадимий урф-одат ва маросимларни қамраб олганлиги, миллий либослари, саҳна маданияти каби жиҳатларига ҳамда олдин ушбу фестивалда иштирок этмаганига қаратилди. Шунингдек, 2019 йил 19 март куни ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига бағишланган йиғилишда Президент Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг биринчиси – ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бош­­қа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш борасида белгилаб берган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида жамоа­ларнинг нисбатан ёшроқ таркиби танлаб олинди. Фестивалга ўн тўртта ҳудуддан ташриф буюрган фольклор жамоалари аъзоларининг етмиш фоизини ёш фольк­лорчилар ташкил қилди.

Анжуманнинг илк куни фольклор жамоа­ларининг ижодий беллашуви билан бошланди. Унда халқ ансамбллари ва бадиий жамоа­лар ўз ҳудудларига хос қадимий урф-одат ва анъаналар акс этган қизиқарли чиқишлари билан томошабинларни мамнун этди. Уларнинг чиқишлари нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Бошқа саҳналарда бахши-шоир, оқин ва жировлар беллашуви, кураш мусобақаси, варрак учириш, тош кўтариш, арқон тортиш каби халқ ўйинлари ташкил этилди. Дорбозлар ўйинлари, театрлаштирилган томошалар, ёшларнинг шоу дастурлари уюштирилди. Ҳар бир ҳудуд учун ажратилган майдонларга ўрнатилган ўтов атрофида ноёб миллий ҳунармандлик маҳсулотлари ва турли осори-атиқалар намойиш этилди. Тасвирий ва амалий санъат, миллий таомлар, либослар кўргазмалари ҳам ташкил этилди. Кун бўйи ёмғир ёққан бўлса-да, фестиваль иштирокчиларининг кайфиятига таъсир қилгани йўқ. Саҳнадаги томошалар ва уларни кўриш учун келаётган меҳмонлар изи бир лаҳза ҳам узилмади. Тадбирнинг биринчи куни истеъдодли фольк­лор жамоалари ҳамда таниқли эстрада хонандалари иштирокида фестивалнинг тантанали очилиш маросимига бағишланган гала-концерт ва кўзни қамаштирувчи ранг-баранг мушаклар оғушида якунланди. Иккинчи куни ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Умумий натижалар ва ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра биринчи ўринни Сурхондарё вилоятининг “Бойсун”, Хоразм вилоятининг “Машъал” фольклор-этнографик жамоалари эгаллади. Иккинчи ўрин Жиззах вилоятининг “Гаштак” ва Сирдарё вилоятининг “Сайхун йигитлари” жамоаларига насиб этди. Учинчи ўринни Тошкент вилоятининг “Тўрғай”, Қорақалпоғистон Республикасининг “Афсона” ҳамда Навоий вилоятининг “Ёр-ёр” фольклор-этнографик жамоалари қўлга киритди. ўолиблар Маданият вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг диплом ва эсдалик сов­ғалари билан тақдирланди.

— Бу йилги фестиваль жуда бошқача бўлди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси “Афсона” фольклор жамоаси аъзоси Севара Аллаярова. — Аввалгиларини телевидение орқали кўргандим. Бу галгисини ўз кўзим билан кўрдим. Узоқ йўл босиб келгандим, чарчоқларим чиқиб кетди. Бойсуннинг тоза ҳавоси, суви, виқорли тоғлари, одамларининг санъатсеварлиги ҳаммамизни ҳайратга солди. Халқ оғзаки ижоди даврга ҳамоҳанг яшариб бораётганининг гувоҳи бўлдик. Бу, шубҳасиз, давлатимиз раҳбарининг шу соҳага эътибори натижаси.

— Дастурларнинг ранг-баранглиги, бадиий композициянинг пишиқлиги, фольклор қўшиқларининг қадимийлиги, саҳна либосларининг ўзига хослиги, айниқса, фольклор жамоалари таркибида ёш иштирокчиларнинг кўпайганлиги ҳаммамизни қувонтирди, — дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият инс­­титути профессори Ўразали Тошматов. — Самарқанддан 6 ёшли Давлатбек Ихтиёров, Хоразмдан 7 ёшли Зулхумор Бекдурдиева, Қорақалпоғистондан 7 ёшли Айдос Абдигапуров, Сурхондарёдан 9 ёшли Севара Исматова, 11 ёшли Азиз Баҳрамов ижросидаги фольклор қўшиқлар мутахассисларнинг ҳам, мухлисларнинг ҳам таҳсинига сазовор бўлди.

Фестиваль доирасида Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольк­лори институти ҳамда Термиз давлат университети билан ҳамкорликда “Жаҳон цивилизацияси: Бойсун моддий ва маънавий маданияти” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда фольклор йўналишида илмий изланишлар ва тадқиқотлар олиб бораётган ўзбекистонлик ва тожикистонлик олимлар ҳамда ёш мутахассисларнинг Бойсун маданий мероси, фольк­лор санъатига доир долзарб маърузалари тингланди.

“Бойсун баҳори” фольклор фестивали бундан буён ҳам янги-янги истеъдод эгаларини, шу соҳада илмий изланишлар олиб бораётган ёш олимлар, тадқиқотчиларни кашф этиб, ёшларимизнинг қадимий санъатимизга қизиқишларини янада кучайтиришга хизмат қилаверади.

Ваҳобжон ЎРАЗМАТОВ,

Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази директор ўринбосари

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг