…Ёзувчи оппоқ қоғоз билан ёлғиз қолдими, бас, ўша заҳоти унинг ёзишига шунчалар кўп нарсалар халақит бера бошлайдики, буни тасаввур қилолмайсан. У дахлсиз, фақат ўзига тегишли тасаввур оламида яшамоғи лозим ва алланечук номаълум, ҳеч ким ҳеч қачон кўрмаган, ўзи учунгина тирик одамлар ҳақида, гўё ўз хешу ақраболаридек ўйлашга мажбур; бу ёқда – ташқарида эса ҳар бир гиёҳ, ҳар бир нарса ўзининг мавжудлигини кўз-кўзлайди, қошига чорлайди, уни чалғитади. Ёзувчи деразадан аллақаёқларга кўз ташлаб ўтиради-ю, бироқ барибир ҳеч нарсани кўрмайди, кўролмайди; унинг кўзига шу кунгача ёзган саҳифалари, ўтган ва ўтаётган кунлар ҳамда эртанги ҳаёт, омадсизлик ва умидсизлик кўринади, холос.

Бундай пайтларда у жудаям қийналади; ўзини беҳол, ночор ва ожиз сезади. Ҳолбуки, у ўзига ҳеч ким ёрдам бера олмаслигини яхши билади. Чунки бу оламда у танҳо қолишга маҳкум.

Ҳамма бало шундаки, ҳеч ким ҳеч қачон унга ёрдам бера олмайди, қаламини қўлидан олиб ёки ёзув машинкаси олдига ўтириб, оғирини енгил қилолмайди, қандай ёзиш кераклигини ўргата олмайди. Бинобарин, буни ёлғиз ўзи эплаши шарт. Агар, ўзи эплолмаса, тамом, у ҳеч қачон ёзувчи бўлмайди. Сенинг соғ ё касаллигинг, ёзишни эплайсанми-йўқми, бардошинг етадими-йўқми, бунинг ҳеч кимга қизиғи йўқ. Мана шуни била туриб ёзиш, ишонсанг, ҳақиқий жасоратдир. Агарда ёмон ёзсанг, унутма, на унвон, на мукофот, на ўтмишдаги шон-шуҳратинг жонингга ора киради. Тўғри, баъзан бўш асарингни эълон қилиш учун амалинг ­асқотиб қолади, дўстларинг оғзини кўпиртириб мақташга ошиқади, сен қалам ҳақини оларсан ҳам, аммо  сен энди барибир ёзувчи эмассан.

Ҳаммасини ибтидодан бошлаш учун эса матонатли, мард бўлиш керак. Узоқ вақт ёзолмай қийналиб, ўз ёғинг­га ўзинг қовурилиб юрганинг ёки умуман ёзишдан безиб кетганингда кутмоқ ва чидамоқ учун ҳам катта матонат керак. Агар ироданг кучли бўлса, тоқат-шижоатинг етса, бас, яна бир кун келиб истеъдод билан ёзасан.

Ҳақиқий ёзувчи бир кунда кам деганда ўн соат ишлайди. Кўпинча у ёзолмай қолади, орадан кунлар, ҳафталар ўтиб кетади, ёзаётган асарини давом эттиролмай ёки барчасидан воз кечолмай, қийналиб юрганда олтиндан қиммат вақт бесамар учиб ўтаётганини телбаларча, йиғлагудек ҳис қилади.

Ва ниҳоят асар тугайди. Ажабо… Ўша лаҳзадан сўнг юраги шунчалар ҳувиллаб қоладики, назарида энди бир мисра ҳам ёзолмайдигандек туюлади.

“Хўш, нима бўпти, мен ахир ўз вазифамни адо этдим, – деб ўйлаши ҳам мумкин у. – Бундай асарни шу пайтгача ҳеч ким ёзмаган. Мендан аввал Толстой ва Чеховлар ёзса ёзгандир, аммо буни мен ёздим. Бу ўзига хос асар. Менинг асарим уларникидан ёмондир. Аммо меники ҳам барибир маъқул асар-ку! Ҳарқалай, ҳали яхши-ёмонлиги ҳам маълум эмас, қани, бирорта ёзувчи менчалик ёзиб кўрсин-чи!”

Хаёлини узоқ банд этган асарини тугатгач, ёзувчи худди шундай деб ўйлашга тамомила ҳақли. У, ахир, сўнгги нуқтани қўйди, бу ўзини енгди, дегани эмасми?! Оҳ, шодликнинг умри бунчалар қисқа!… У ҳориган бўлса ҳам, айни чоғда зудлик билан янги асар ёзишга ўтиради; ҳозир эса кўнгли қувонч тусаяпти. Хушбахтлик қанчалар оний…

Дарвоқе, у баҳор ўтганини, айтайлик, ўша апрелнинг илк кунлари – тунда, осмоннинг ғарбида йиғилган қора булутлар қаҳридан бетиним ва кучли илиқ шамол эсиб, қор эрий бошлагандан бери анча вақт ўтганини бирдан пайқаб қолади. Орадан шунча вақт ўтибди. Музлар кўчиб, ирмоқлар жилдираб оқибди; илк майсалар кўз уқалаб, қушлар қайтибди, бошоқлар тўлиб, сарғайиб пишибди – сезмабди ҳам. Ҳолбуки, у куну тун ёзишдан бош кўтармай, хаёлан ўз қаҳрамонлари оламида яшаган кезлар ер юзида нималар содир бўлмади, халқлар, мамлакатлар ҳаётида қандай воқеа-ҳодисалар юз бермади дейсиз. Бу кунлар энди сира қайтмайди. Умрнинг бу фаслини ҳеч ким ҳеч қачон унга қайтиб беролмайди.

Кейин у асарини журналга элтиб беради.

Иши ўнгидан келиб, масалан, асарни қувонч билан қабул қилишди, дейлик. Ёзувчига зудлик билан сим қоқадилар ёки телеграмма жўнатадилар; уни табриклайдилар. Бу асар бошқа журналда эмас, ўзларида эълон қилинажагидан фахр­ланадилар ҳам. Ёзувчи таҳририятга ташриф буюрганда ўзини эркин ва хуррам тутади. Ҳамма одамлар уни кўрганидан, у бўлса, одамларнинг бунчалар хушмуомала эканидан қувонади. “Азизим, албатта, эълон қиламиз, албатта, – дейишади, – уни 12-сонга киритдик”. Бу декабрда чиқади деган гап. Декабрь – қиш. Ҳозир эса айни ёз…

Ҳамма ёзувчига жилмайиб, очиқ юз билан қарайди. Унинг қўлини қисиб, елкасига дўстона қоқиб қўядилар. Уларнинг ҳаммаси гўё ёзувчи яна эллик йил яшайдигандек муомала қиладилар. Гўё олти ой унга олти кундек гап.

Ёзувчи учун эса, ғалати, машаққатли давр бошланади. У кунларнинг тезроқ ўтишини истайди. Ёз тезроқ ўтсайди. Кейин куз келади. Жин урсин, унга декабрь керак! Мана нима! Қишни кутавериб унинг  тоқати тоқ бўлади.

Ҳолбуки, у яна боши билан ишга шўнғиб кетади. Ёзганлари яна ўзига гоҳ ёқиб, гоҳ ёқмайди. Йил ўтади, яна апрель – баҳор сабил қолади. Ниҳоят, навбат танқидчиларга етади ва эски асар учун таъзирини берадилар.

Ёзувчилар ўз асарлари ҳақидаги мулоҳазаларни ўқиб боришади. Баъзилар ўз асари хусусида айтилган гапга қизиқишмасмиш. Бу нотўғри. Турли миш-мишлар, адолатсиз танқидларга ортиқча куюнмаслик, ғазабланмаслик учун, қаттиқ танқид қилсалар ёзишдан кўнгилни совутмаслик, мақтовга маҳлиё бўлмаслик учун, айниқса, мана шу лаҳзаларда жасорат сув билан ҳаводек зарур. Мақтов ёзувчи учун бамисли заҳар. Оқибатда у ўзига ортиқча баҳо бериб юборади. Пировардида ёзувчининг ўзи ўрганиш, изланиш ўрнига бош­қаларга насиҳат қила бошлайди. Ахир, бу асарини ҳар қанча яхши ёзган бўлмасин, ундан-да гўзалроқ ёзиши мумкин эмасмиди?! Бунинг учун мардона эътирофдан, ўқиб-ўрганишдан қочмаслик керак, холос.

Аммо мақтов ёки миш-мишлар ҳолва. Энг ёмони сени тилга олмаганлари. Мана бу – даҳшат! Ёзувчи яхши асар ёзганига қарамай, ҳеч ким эътибор бермаётган пайтда, айниқса, матонатли бўлиши керак.

Адабий ҳақиқат, ҳамиша ҳаёт ҳақиқатидан туғилади, модомики шундай экан, ёзувчилар ижодий жасорат билан қаламга олган шахслар – замин қиёфасини пешона тери билан ўзгартираётган ишчилар, учувчилар, денгизчилар шижоати асарга сингиши лозим. Ҳар бир ёзувчи имкон борича турли-туман одамлар, бир-бирига мутлақо ўхшамаган тақдирлар ҳақида ёзади, модомики шундай экан, у ўша одамларнинг ҳаёт тарзини билиши, ҳис қилиши учун улар орасида яшаши, жиллақурса уларнинг турмушини ўз кўзи билан кўриши керак. Зарур бўлса, улар қаторида геолог, ўрмончи, деҳқон, овчи, ҳатто тракторчи бўлиб ишласин.

Ёзувчи ҳали дунёда зулм барҳам топмаганини, қаердадир оддий инсоний ҳуқуқлардан маҳрум одамлар яшаётганлигини, зўравонлик ва очлик, жаҳолат, уруш ҳамда фашизм ҳукм сураётганини унутмасин. У имкони борича бу иллатларга қарши исён кўтарсин, одамларни курашга даъват этсин. Бўҳтон, риё ҳамда жиноятларга қарши бонг урсин. Бундай жасорат алоҳида таҳсинга лойиқ.

Ниҳоят, зарурият туғилса, аскар бўлиши, жангчидай жанг­га кирмоғи, омон қолса янги ҳақиқатни ёзишга ўзида куч, бардош топмоғи керак.

Буни у ҳеч қачон унутмаслиги лозим. Негаки, у бир, икки кун эмас, умрбод ижод қилади. У ҳар сафар янгитдан бошлаш зарурлигини, эндиги гал  қийинроқ бўлажагини яхши билади.

Агар ёзувчи шижоатли бўлмас экан – тамом, ҳар қанча истеъдодли бўлса-да, бефойда, иқтидори уни сақлаб қололмайди. У ҳасадгўйга айланади, ўз биродарлари – қаламкаш дўстларига хиёнат қила бошлайди. Аллақайси бир мақола ёки маърузада ўз номи тилга олмагани, мукофот берилмагани ҳақида ўйлаб ғазабдан кўкариб юради. Пировард натижада ёзувчилик бахти нимадан иборат эканини бир умр билмай ўтади… Ваҳоланки, ижоднинг завқ-шавқи бор.

Зеро, бундай дақиқалар ёзувчининг ҳаётида, албатта, содир бўлади. Ҳар нечук, унинг манглайига ҳам яхши кунлар ёзилган. Бу, айниқса, кеча ёки аввалги кунлар кўнглига умидсизлик сол­ган асарини бугун мароқ билан ёзаётган ёзув машинкасида тўхтовсиз чиқиллатаётган ва битган саҳифалари бирин-сирин кўпайиб бораётган маҳалда кўпроқ билинади. Бу, айниқса, ёзувчи ўзини ҳалол, ҳар нарсага қодир эканини ҳис этганда сезилади.

Асарнинг энг кучли бобини ёзаётган чоғида у ҳаммаси бир сўздан бошланганини ёки пайдо бўлгани ва бу сўз – илоҳий эканини бирдан англаганда аён бўлади. Бундай ажо­йиб сониялар буюкларга ҳам насиб этмаслиги мумкин. Аммо шижоатли ёзувчиларга уларнинг барча қийинчиликлари – машаққатли меҳнати, умидсизлик ва қониқмасликлари эвазига мукофот тариқасида илоҳий лаҳзалар ато этилган бўлади. Ёзувчи ёзиб тугатгач, мана шу саҳифалар асарнинг бошқа боблари ва қисмларидан кучлироқ эканлигини, бундан ташқари ана шу саҳифалар адабиёт оламида қолажагини ҳис қилади.

У фақат ҳақиқатни ёзиши кераклигини, унинг учун нажот ёлғиз мана шунда эканлигини тушуниб қолганда ўзини бахтиёр сезади. Фақат сен кашф қилган ҳақиқатни ўша заҳоти сўзсиз қабул қиладилар, деб ўйлаш ярамайди. Сен ўша сон-саноқсиз нотаниш одамлар учун ёзаверишинг, ҳеч қачон иккиланмаслигинг, юрагингдаги ҳақиқатларни ўша одамлар учун тўкиб солаверишинг керак. Ахир, сен муҳаррир ва тан­қидчи учун эмас, ёки эл қатори эҳтиёжларинг бўлишига қарамай, жин урсин, пул учун ёзмайсан. Дарвоқе, пул топиш учун ёзувчилик қилиш шарт эмас. Пул топишнинг бундан ҳам осон йўллари кўп. Сен эса, авваламбор, сўз ва ҳақиқатнинг муқаддаслигига имон келтириб сўнгра қалам тебратасан. Демак, ёзиш жараёнида адабиёт инсониятнинг ўзлигини англаш воситаси ёки ўзини макон ва замонда устувор, қойим ифодалаши ҳақида фикр юритасан. Буни эса ҳеч қачон унутмаслик керак ҳамда зиммангга яратишдек шарафли бурч тушганидан фахрланиб юриш лозим.

Энг катта бахт эса, бу зим-зиё тун қўйнида бедор ўтирган фақат бир ўзинг эмаслигингни ҳис қилишда. Сенга ўхшаб ҳамқадам биродарларинг – бошқа ёзувчилар ҳам уйғоқ. Зотан, барчангизнинг мақсадингиз битта – у ҳам бўлса олам чароғон, одам янаям инсоний бўлишидадир.

Дунёни янгитдан қуриш ёки ўзгартириш ҳуқуқинг йўқ. Аммо бу ҳаётда сенинг ўз ҳақиқат ва ўз сўзинг бор. Ва сен ўз бахтсизлигинг, муваффақиятсизлигинг ҳамда омад­сизлигинг­га қарамай одамларга қувонч улашиш ва  ҳаёт бундан кўра гўзалроқ бўлиши керак, деб муттасил равишда бонг урмоғинг учун яна минг чандон жасурроқ бўлмоғинг зарур!

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг