Йиллар оралаб. Достон (2019 йил, 18 сон)

320

Мен ўзимни ёздим,
Баҳорим, кузим,
Ёзиму қиш дами –
Қайларда – тўзим.
Ҳеч ким тўхтатмади,
Йўловчи каби
Ойлару тунлардан
Бирма-бир ўтдим.
Ҳеч қандай тасалли
Бермас кунлардан –
Сени соғиндим мен,
Шеър битиб кутдим…

Неларни кўрмадим,
Не дуч келмади,
Бу баланд-паст йўлда
Осон бўлмади.
Мардларни учратдим,
Чекиб заҳматлар.
Нокаслар пинҳона
Қилди туҳматлар.
Гулларни дўст тутдим,
Ифор – хушрўй ёр.
Руҳимни чулғади,
Кетди ихтиёр.

Қадамда дов-дарахт,
Ям-яшил дунё,
Япроқлар бағрини
Айлаган Ватан.
Уларга қарасам,
Бирлашган гўё,
Бир-бирин ёмонлаб
Сира сотмаган.
Гуллаган, барқ урган
Тани бир жондир.
Тақдирда не бўлса
Мангу макондир.

Шамоллар увиллаб
Ёнимдан ўтди,
Гоҳида чанг-тўзон
Олди қаҳрига.
Йўлимни пойлаган
Ташвишлар кутди,
Хайрият ботмадим
ўаним заҳрига.
Сабрнинг қўлидан
Маҳкамроқ тутдим.
Чорлади, эзгулик
Йўлига ўтдим.

Хаёлимни гоҳи
Болалик тортар,
Ёдга тушиб мудҳиш
Воқеа ўртар.
Оловлар ичида
Қолмади укам,
Ён берди бас келмай
Ёнғин муттаҳам.
Ногаҳон ёғилган
Бу қандай қаҳр,
Мурғаклар раҳмини
Еган не сеҳр?!

Ўйлайман етмайман
Ўйим сўнггига,
У кунлар кетмайди
Кўзим ўнгидан.
Аланга ажалдай
Эди бир қадам,
Унга писанд эмас
На уй, на одам.
Мурғак дил умримиз
Сўраганмиди,
Бизларни сақлаган
Яратганмиди?!

Кунлар ҳам бирма-бир
Учиб кетган қуш,
Гоҳида қувноғу
Гоҳида хомуш.
Гўдаклик чоғларим
Йўлидан юрсам,
Овоз ҳам бермайди
Қанча чақирсам.
Ўтган лаҳзаларни
Бир-бир тўшайман,
Мен унга ўралиб,
Қайта яшайман…

Бу олам сир эди,
Синоат эди,
Мурғак куртакчалар,
Қаноат эди.
Алифбо ҳарфларнинг
Тилло ошёни,
Йўл очди танишга
Кўҳна дунёни.
Отаю онадай
Бўлолмас ҳеч ким,
Ва яна азиздир
Устоз муаллим!

Китобни танидик,
Хазина топдик,
Тафаккур мағзининг
Ўзини топдик.
Танқису ва тансиқ
Эди бу неъмат,
Қўлма-қўл ўқирдик,
Навбатма-навбат.
Бир истак туғилди –
Бўлсайди хона,
Қишлоқда очсайдик
Зўр кутубхона.

Китоблар тўпладик,
Жой топилмади,
Орзумиз қийналиб
Тоқат қолмади.
Охири тўхталдик
Бир лойхонага,
Мос дедик шу ерни
Кутубхонага.
Афсуски, эрталаб
Қолдик кўз ёшлаб,
Ҳандақни тўлдирган
Кимдир сув ташлаб.

Китоблар ғарқ бўлган
Кемага ўхшар,
Китобхон дўстларим
Юраги қақшар.
Ёрдамга чақирган
“Алпомиш”миди,
Қўл чўзган биз томон
“Кунтуғмиш” эди.
Хотирдан чиқмайди
Ҳеч “Ўткан кунлар”,
Тонгларга етказган
“Юлдузли тунлар”…

СамДУ “қопқасида”*
Қўлимда дафтар,
Қанча китоблар-ла,
Қилдим мен сафар.
Устозлар меҳридан
Қалбга тушди қўр.
Кўнгилда тобланди,
Ақл берган дур.
Беқиёс куч эди,
Олди шитоблар,
Ҳайратдан руҳимда
Минг бир хитоблар.

Илм шароридин
Яралган тилсим,
Ҳаёт иморати
Абадий бўлсин.
Воҳид Абдуллодан
Калом бир тараф,
Устоз Ботирхондан
Ёғилган шараф.
Илм маҳзанини
Дилимга тугиб,
Аларнинг сабоғин
Олдим бош эгиб.

Ҳаёт – дорилфунун,
Бошим силади,
Адабий гурунглар
Завқ-шавқ улади.
“Шалола” қўйнида
Шеърий ҳаяжон,
Унда “қалдирғоч”лар
Ва Омон Матчон.
Мукаррама издоши
Уллибибилар,
Жонибеку Асаддай
Ёшлар эдилар.

Жўра Аҳмаджонсиз
Суҳбат бўлмасди,
Нуриддин домласиз
Давра тўлмасди.
Миртемир устознинг
Сўзин тингладик,
Асқад Мухтор шеърин
Мағзин англадик…
“Шалола” биз учун
Эди бир китоб,
Унда ўқилмаган
Боблар беҳисоб…

Шеъримни Самарқанд
Бағридан топдим,
Япроқдай бўялиб
Қалбимни ўпди.
Мирзо Улуғбекдай
Юлдузлар томон,
Хаёлан қўярдим
Тунлари нарвон.
Зуҳрога тикилиб
Етарман дердим.
Бир кун ҳузурига
Кетарман дердим…

Билмайсан не бўлар
Эртага ахир,
Атиргул сингилдан
Айирди тақдир.
Унинг қиёсини
Излайман ҳануз,
Бошқача эди-да
У берган нон-туз.
Ўтли нигоҳида
Сеҳр бор эди,
Менинг акам деган
Меҳр бор эди.

Не қилай бу дунё
Экан бевафо,
Яхшини йўқотсанг
Йўқ экан даво.
Ёмондан Худонинг
Ўзи асрасин,
Боболар дуоси,
Сўзи асрасин.
Ёд олиб дўст-ёрни
Ёришгай кўнглим,
Ҳамон кўз ўнгимда
Атиргул синглим…

Маликчўл шамолин
Тутдим беором,
Тентирар кундузи,
Ухламас оқшом.
Гўёки ҳали ҳам
Ўтар карвонлар,
Ортидан эргашиб
Борар армонлар.
Уларни чиқариб
Бўлмас ҳеч ёддан,
Шеър ўқиб бобомиз
Келар Ҳиротдан…

Дашту далаларда
Хаёлан кездим,
Саман от мисоли
Умидлар чопди.
Кўнглим осмонидан
Қувончлар уздим,
Соғинган туйғуни
Юрагим топди.
Навоий бобомдан
Мадад истадим,
Бу буюк сиймога
Беҳад ҳайратим…

Тилимни тишладим
Йўқ эди нажот,
Дўппимни кийишга
Йўл бермас ҳаёт.
Қўлимни кўксимга
Қўйсам мен агар,
Устимдан куларди
Десантчи раҳбар.
Урф-одат, удумлар
Жуда хор бўлди,
Қадримиз ғурурга
Илҳақ, зор бўлди…

Ботқоқлар устида
Қурилган шаҳар,
Тақдир улоқтирди
Чағалай – саҳар.
Кўзимга ёш келди,
Ўртаб жонимни,
Соғиниб эслардим
Хонумонимни.
Узоқ-узоқларда
Она тупроғим,
Нигоҳларим маъюс,
Кучли титроғим.

Совуқ ўрмонларнинг
Қаҳри юлқади,
Эсласам дарёдай
Таним қалқади.
Қаҳратон тиллари
Узундан-узун,
Эшитмас на қилай
Дил айтар сўзин.
Шунда армонимнинг
Ваҳшатин кўрдим,
ўазабим, нафратим
Кўтариб юрдим…

Ватаним чорлади:
– Келсанг-чи болам,
Кишанларни ечдим,
Кўтардим қаддим.
Бизларни қайтадан
Тан олди олам,
Озод яшамоққа
Етажак ҳаддинг.
Бу катта иморат,
Бир ғишт қўярсан,
Она юрт меҳридан
Сен ҳам тўярсан…

ўуруру ифтихор
Бағрида учдим,
Ўзликнинг байроғин
Юракдан қучдим.
Бундан-да ортиқ бахт
Ахир, йўқ эди,
Эртани ўйласам
Кўнглим тўқ эди.
Инсоннинг қувончи
Озодлик, ҳурлик…
Азобдан азоби –
Қарамлик – хўрлик…
Катта йўл бошида
Энди зўр карвон,
Кўзлади бирма-бир
Ошмоқ кўп довон.
Бу кунни бир умр
Кутган халқ эди,
Қадрини тиклашга
Ахир ҳақ эди.
Муроду мақсадга
Энди етмоқдир,
Эртасин нурафшон
Бунёд этмоқдир.

Боболар, момолар
Руҳи шодланди,
Буюклар эсланиб,
Улар ёдланди.
Қайтди-ку бирма-бир
Қадим наволар,
Ўзликнинг осмони,
Тоза ҳаволар.
Маърифат, илм-фан
Ёзди палаклар,
Бўй бериб гуллади
Эзгу тилаклар…

Абдулло Орифнинг
Этагин тутдим,
Беназир суҳбатин
Синчидан ўтдим.
Эркин Воҳидовга
Елкадош бўлиб,
Сабоғин тингладим
Ҳаприқиб, тўлиб.
Дилимда дарёдай
Оқарди ният,
Боғига йўл берди
Ўлмас шеърият…

Чингиз оға билан
Тунни тонг қилдик,
Қадим бу осмоннинг
Остида юрдик.
“Сарвқомат дилбарим”
Этганди асир,
“Оқ кема” тақдири
Тўлқин саросар…
Адабий дўстликка
Абадий кўприк,
Буюклар руҳи шод,
Буюклар тирик…

Ниятлар ортидан
Чарчамай юрдим,
Дўстликка не етсин,
Ростини кўрдим.
Мовароуннаҳрдир –
Тугамас оҳанг,
Янграса қўшиқлар,
Ёришар чеҳранг.
Бу макон қўйнида
Ҳар бири чаман,
Энг азиз, мўътабар
Ватаним экан…

Тўсатдан отамни
Йўқотиб қўйдим,
Онадан айрилдим,
Тақдирга йўйдим.
Бир етим қўзидай,
Сарсон кезиндим,
Бу оғир қайғудан
Жуда эзилдим.
Бу кўҳна дунё-ку
Она бор – тирик,
Отанг дуо қилса,
Қаддинг доим тик.

Отам боғбон эди,
Миришкор эди,
Қўлида яна кўп
Ҳунар бор эди.
Ошно тутар эди
Доим кетмонни,
Косиблик дўст тутди
Яхши, ёмонни.
Рост сўзни, покликни
У алқаб ўтди.
Тўғри йўл жиловин
Бизларга тутди.

Дунёда меҳрибон,
Камсуқум, онам,
Бошида беланчак,
Ташвиш бир олам,
Дала-дашт бағридан
Ризқ терди йиллаб,
Қизиму ўғлим деб
Ўтди чирқиллаб.
Соғиниб қўмсайман
Унинг сеҳрини,
Беқиёс, беминнат
Онам меҳрини…

Муҳаббат умрни
Айлайди обод,
Кўнглим сайхонлари
Бўлди гулобод.
Нигоҳи ташлаган
Илк бор чўғ эди,
Дунёда мафтункор
Ўзга йўқ эди.
Топиниб, талпиниб
Соғинган дийдор,
Менинг у ғазалим,
Мен истар ашъор.

Тоғдайин суянчим
Паноҳим, жоним,
Икки ён елкадош,
Сўнгсиз дармоним.
Ўғлонлар бор бўлса,
Қўрғонинг обод,
Чироғи ўчмагай,
Тўхтамас ҳаёт.
Нурафшон кунларга
Тунни улайсан,
Уларга бахт-саодат,
Умр тилайсан.

Ойдайин қизларнинг
Қиёси йўқдир,
Меҳрни соғинсанг
Кўнглинг ҳам тўқдир.
Онамни кўраман
Улар кўзида,
Опадай, сингилдай
Бўй-баст ўзида.
Толеим бахш этган
Мунис, меҳрибон,
Сўрарлар ҳолингни
Фариштасимон…

Дашту далалардан,
Тоғлардан ўтдим,
Саралаб гулларни
Бир ўпиб, тутдим,
Баҳорнинг оҳори,
Ёзнинг озини,
Қишнинг қорларини,
Кузнинг розини.
Қалбимдан ўтказдим,
Лабда тамшандим.
Баъзида учдиму
Баъзан ғашландим.

Қарасам мўрилар
Қораяр тамом,
Қозонлар қоп-қора
Бўлади ёмон.
Бирининг тафтидан
Қишда ҳаловат,
Бириси бахш этар
Ризқу фароғат.
Ич-ичи қоралар
Бунинг аксидир,
Булардан узоқроқ
Юрмоқ яхшидир.

Акани укага
Тезлар бир онда,
Дўстингни кўрасан
Душман томонда.
Отани фарзанддан
Айирган улар,
Эзгулик қанотин
Қайирган улар.
Чаёну илондай
Пинҳон оралар,
Заҳрини тўкади
Ичи қоралар.

Фисқу фасодларнинг
Уяси улар,
Соф дилни егувчи
Куяси улар.
Юришар пашшадан
Гоҳи фил ясаб,
Зўрға дош беради
Бечора асаб.
Ёлғон-яшиқларни
Ўйлаб тўқишар,
Йўл топса, қузғундай
Зимдан чўқишар.

Ўзингдан чиқмасин,
Давоси мушкул,
Вужудинг жизғанак,
Дил ёнар буткул.
Балки у роҳатда,
Унга ўйиндир,
Пок виждон, пок имон
Учун қийиндир.
Кун келиб барибир
Битар яралар,
Бор бўлса ёнингда
Дўсту жўралар…

Беш кунлик дунёда
Шартми ёмонлик,
Яшашга не етсин
Тилаб омонлик.
Ҳар бир кун Аллоҳдан
Берилган инъом,
Яхшидир яхшилик
Ила қолса ном.
Унга муҳаббатим,
Эъзоз, эҳтиром,
Эзгулик дунёда
Бўлсин бардавом.

Йилларнинг бағрида,
Кўрдим борини,
Яхшию ёмонни,
Пок, баттарини.
Хиёнат панд берди,
Бордир ҳалоллик,
Дуч келди ҳурмату
Гоҳи малоллик.
Ўйимга етолмай
Қоламан ҳануз,
Баҳор руҳлантирса,
Кутиб олар куз…

Тинч юрмай кундузни,
Тунни тонг қилдим,
Илҳомни руҳимга
Туғдайин илдим.
Бирма-бир териб сўз –
Гавҳар изладим,
Шомларни ухлатиб,
Саҳар изладим.
Юрагим тўлқини
Тинчимас ахир,
Замон одимлайди,
Умр бесабр.

Бойчечак рухсори
Тинчимни олди,
Ялпизда умидим
Шодланиб қолди.
Япроқлар варақлар
Ўйнаб шаббода,
Бир китоб ўқийди
Кўҳна дунёда.
Ўткинчи кунларда
Бу ҳам бир айём,
Қалбимда булбулдай
Сайрайди калом.

Димоғим қитиқлар
Гуллар – атирлар,
ўаройиб, ифорли,
Ўтли сатрлар.
Қўярга жой топмас
Маҳзун тийнатим,
Қувончим елкалар
Умидли отим.
Чорлайди юртимнинг
Яқин-йироғи.
Ўчмагай боболар
Ёққан чироғи.

Баҳоли қудрат мен
Қаламлар сурдим,
Аламлар ичимда,
Сурурлар кўрдим.
Умрим нисор этдим
Назмий оламда,
Оралаб чаманзор,
Боғу даламда.
Ҳануз сўз ишқида
Ёнади кўнглим,
Тақдирим, бисотим,
Абад илинжим…

Кун келар соғиниб
Қай бир ўқувчим,
Ҳаётим лавҳасин
Уқиб олиб жим,
Юракка тўлдириб
Бахтнинг шавқини,
Мабодо китобдан
Олса завқини,
Демак, у бахш этиб
Қатра ҳимматни,
Англашни истасин
Ўткир Раҳматни.

Ўшанда ногаҳон
Юрак урар бонг,
Самовий маконда
Яна битта тонг.
Осмони феруза,
Атроф лолазор,
Қиқирлар ирмоқлар,
Етаклар баҳор.
Туташиб кетгудек
Осмон ила ер,
Фасллар айланар,
Тугамайди шеър…

Ўткир РАҲМАТ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг