Рақс маъбудасининг тантанаси (2019 йил, 18 сон)

141

Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида салкам бир ярим асрдан буён жаҳон театрлари саҳнасини безаб, томошабинларни мафтун қилиб келаётган “Баядерка” (“Раққоса”) спектакли саҳналаштирилди. Асарни композитор Л.Минкус, сценарий муаллифи С.Худеков ва балетмейстер М.Петипа ўз вақтида маш­ҳур ҳинд классик шоири Калидасанинг (V аср) “Шакунтала” драматик достонига таяниб, ундан илҳомланиб яратган эдилар.

“Баядерка” балетида бешта қаҳрамон қатнашади. Булар баядерка (раққоса) Никия, ҳарбий жангчи Солор, муқаддас сарой хизматчиси Улуғ брахман (уламо), шоҳ Дугманта ва унинг қизи Гамзатти. Қизиқарли ва шоирона-фалсафий спектаклга асос бўлган асарнинг мазмуни унчалик мураккаб эмас.

Бош қаҳрамон Никия (раққоса) спектаклнинг фалсафий йўналишини белгилаб, шу йўналишни изчил тутиб туради. Асар марказидаги бу образ спектаклдаги драматик-психологик воқеани боғлайдиган асосий занжирдир. Айни пайтда Никия мураккаб образ. У Ватани, муҳаббати учун мардонавор курашишга қодир жасур ва мутафаккир аёл. Айни пайтда нафосат ва гўзаллик тимсоли ҳамдир.

Никия тажрибали актриса-раққоса Нодира Ҳамроева ижросида ақлли ва иродали шахс сифатида гавдаланади. Томошабин Н.Ҳамроевани саҳнага илк чиқишидаёқ ёқтириб қолади. Ушбу партия гўё ипга тизилган марварид доналаридек ҳинд, ўзбек ва европа балет санъатларининг нозик рақс ҳаракатларидан таркиб топган. Биринчи саҳнадаёқ Никия-Н.Ҳам­роева таниқли адиб Ш.Рашидовнинг “Кашмир афсонаси”даги Наргиз — гуллар бўстони маликасини эслатади. Айни чоғда, табиат қўйнида гуллар билан рақсга тушаётган саҳнада томошабин бу қаҳрамон характерининг яна бир қирраси — эрксевар шахслигини кашф этади. Табиат қўйнида, “Оловга сиғиниш” саҳнасида Никия-Н.Ҳамроева Натраж (Шива) — рақс санъати маъбудини юксак маҳорат билан жонлантирган. Афсонанинг ҳақиқатга айланаётгани томошабинни ҳайратга солади.

Улуғ брахман (уламо) — Андрей Немировский Никия-Ҳамроевани узоқ вақт зимдан кузатиб, сўнгра муҳаббат изҳор этади. Икки қаҳрамоннинг хореографик-пластик мулоқоти ниҳоятда мураккаб. Асабий-руҳий ҳолатда кечадиган бу мулоқотда Никия Ҳамроева суҳбатдошига кескин рад жавобини беради. Ҳинд пантомима ва имо-ишоралар санъати асосида, замонавий тарзда моҳирона ижро этилган пластик мулоқот бир зумда ўтади-кетади. Лекин ана шу бир-икки дақиқали тортишув асар қаҳрамонларининг тақдирини ҳал қилиб қўяди…

Ўз юртининг ҳимоячиси, ҳарбий жангчи Солор-Улуғбек Олимов саҳнага, маҳбубаси томон камондан отилган ўқдай шитоб билан чиқади. Бу жараёнда томошабин икки севишганнинг гўё Ганга ва Жамна дарёлари бир-бирига туташиб кетгандек ҳолатининг гувоҳи бўлади. Севишганларнинг “муҳаббат тантанаси” адажиосида замонавий балет санъати ютуқлари билан боғлиқ ҳолда қадимги халқ­лар маданиятининг узвийлиги рамзий маънода на­мо­йиш этилади. Бу сўзсиз қўшиқни кутилмаганда кўриб қолган Улуғ брахман-А.Немировский Никиядан ўч олишга киришади. Муқаддас сарой хизматчиси тўсатдан ваҳший бургутга айланади. Унинг ҳар бир рақс ҳаракатидан “заҳар томади” ва шоҳ Дугманта-З.Фазлутовга қизи Гамзаттини Солорга унаштириш фикрини беради.

Балетнинг иккинчи ва учинчи кўринишларидаги  чуқур драматик, қарама-қарши эпизодлар асарнинг фалсафий-ғоявий юкини ечишга йўналтирилган. Дугманта-З.Фазлутов қизи Гамзатти-М.Юсуповага уни жасур ва паҳлавон жангчи Солорга турмушга беришини маълум қилади. Бу хабар асар қаҳрамонларининг руҳий ҳолатини таранглаштиради. Солор-У.Олимов учун бу шараф, лекин у Никияни севади. Ахир, у муқаддас олов олдида маҳбубасига қасам ичган… Гамзатти-М.Юсупова мағрур ва бахтиёр. Қаҳрамонларнинг хореографик монологлари ривожланади, ички ҳолатлари кескинлашади. Саҳна уч-тўрт қисм­га бўлиниб, томошабин олдида яхлит жонли портрет-образлар пайдо бўлади. Эпизодлар рамзийлик ва метафора асосида ташкил этилган. Томошабин олдида гўё “Маҳобҳорат”нинг буюк ва ўлмас қаҳрамонлари жонланади.

Латофатли сарой раққосаси Никия-Н.Ҳамроева ғазабга тўлади. Унинг хореографик “тили” қатъийлашади. Ҳар бир ҳаракати катта жисмоний ва маънавий кучга эга бўлиб боради. Н.Ҳамроева ҳинд ва замонавий балет воситалари орқали қаҳрамонининг ички дарди, қиёфасини тўла-тўкис очиб беради. Томошабиннинг эътибори фақат бош қаҳрамонга қаратилади. Н.Ҳамроеванинг аниқ ва ёрқин ҳаракатлари, ишонарли қатъий пластик монологи Никия образини муҳаббат ва севги маъбудаси даражасига олиб чиқади. Гамзатти-Юсупова эса Никиядан ўз қароридан чекинишни гоҳ талаб қилади, гоҳ унга  ялиниб-ёлворади. Қаҳрамонлар орасидаги жиддий кураш ва рақобат Никия-Ҳамроеванинг кучига куч қўшади. Нодиранинг ижро воситалари рақибини ўткир найзадек яралайди. Рақиби ҳолдан тояди… Икки қаҳрамоннинг очиқ ва аччиқ пластик мулоқоти адабий манба бўлмиш Калидасанинг ўлмас поэтикаси билан уйғунлашиб, бугунги балет санъатида янги саҳнавий услуб яралгандек бўлади. Бу услуб Никия-Ҳамроевани ғолиблик даражасига кўтаради. Лекин Гамзатти-М.Юсупова ҳийла йўлига ўтади. Раққоса Юсупованинг хореографик монологи аста-секин ўчаётган, лекин ҳали “нафас олаётган” вулқонни эслатади… Учинчи кўринишда М.Юсупованинг оҳиста ва тантанавор қадам ташлашлари ўчаётган вулқон даҳшатли аждаҳодек яна бош кўтараётганини эслатади. М.Юсупованинг пластик монологи айёр Гамзатти портретига янги — рангсиз, лекин кўп маъноли тус беради. Шоҳ Дугманта-З.Фазлутов дабдабали шароитда қизи Гамзатти ва Солорнинг никоҳ тўйини бошлаб беради. Сарой раққос ва раққосалари меҳмонлар учун қадимий ҳинд классик ва халқ ўйинларини намойиш этадилар. Саҳнада мафтункор ва латофатли Никия-Н.Ҳамроева Шива-рақс маъбудаси қиёфасида пайдо бўлади. Н.Ҳамроева бу саҳнада моҳир актриса ва раққоса сифатида нозик жилваю хиромлари билан меҳмонларни асир қилиб олади.

Рақс композицияси юксак чўққига чиққанда Гамзатти-Юсупова ҳийласини ишга солади. Никия-Ҳамроевага гулдаста тақдим этади. Тўсатдан бош қаҳрамон ҳаяжонга туша бошлайди. Унинг рақсларига дарз кетгандек, ҳаракатлари сусайгандек таассурот уйғонади. Никия-Ҳамроева талвасага тушади, гўзал ва хушбўй гуллар уни беҳуш қилади. У гулдастани улоқтирмоқчи бўлади, лекин энди кеч. Гулдастага яширинган заҳарли илон ёвуз мақсадини амалга оширади. Заҳарланган Никия-Ҳамроеванинг сўнгги рақс ҳаракатлари бизга яна рақс маъбудасини эслатади. Ҳа, рақс маъбудаси ўлмайди, лекин Никия-Ҳамроева Солор-У.Олимов қўлида жон беради. Сўнгги саҳнада моҳир актриса ва раққоса Н.Ҳамроева маҳоратига тан бермай илож йўқ. Рақс маъбудаси ва Никия-Ҳамроева ушбу саҳнада гўё иккига бўлиниб, рақс маъбудасини асраб қолади. Шу тариқа томошабин кўз ўнгида Н.Ҳамроева ғоят ақлли актриса ва ижодкор шахс сифатида гавдаланади.

Балетнинг якуний кўринишида Солор-У.Олимов маҳбубаси ўлимидан сўнг руҳий азоблар оқибатида ҳушини йўқотади. Гўё булутлар орасида Никияни излаб руҳлар дунёсига шўнғиб кетади ва ўша оламда паноҳ топади.

Алишер Навоий номидаги театрнинг 90 йиллигига бағишлаб саҳналаштирилган “Баядерка” спектаклининг энг катта ютуғи шундаки, асарни афсонавий раққос Марис Лиепанинг ўғли, таниқли балет­мейс­тер, Россия халқ артисти Андрис Лиепа саҳнага қўйган. У Калидасанинг асарини, ҳинд эпослари “Рамаяна” ва “Маҳоб­ҳо­рат”­ни моҳирона ўқий билган ижодкор. Шунинг учун ҳам ҳар бир саҳна ва рақс ҳаракатлари меъёрида. Ҳинд классик ва халқ рақслари замонавий балет санъати билан узвий боғланиб кетган. Спектаклнинг яна бир ютуғи шундаки, А.Лиепа ўзбек театри саҳнасида ўзи ўйлаган ижрочини — Нодира Ҳамроевани топган. Театр санъати тарихида режиссёр айнан ўз ижрочисини, ижрочи эса режиссёрини топиши камдан-кам учрайдиган ҳодиса. “Баядерка” спектаклида эса уларнинг юлдузи юлдузига мос келди, десак янглишмаймиз.

Албатта, ҳар бир янги саҳна асарида камчилик ва нуқсонлар бўлади. Бу спектаклда ҳам шундай ҳолатлар учради. Лекин машғулот жараёнида ва премьерадан сўнг ижрочилар билан бу ҳақда фикрлашиб, бир тўхтамга келиб олдик.

Ушбу асарга бағишланган матбуот анжуманида таниқли санъаткор, режиссёр-балетмейстер Андрис Лиепа шундай деди: “Ижодий фаолиятим давомида ўзбек санъаткорлари билан учрашиб, улар билан бирга ижод қилиб, маҳоратимнинг янги қирраларини очдим. Ушбу спектакль билан жаҳон балет санъати ривожига ҳисса қўшганимиздан бахтиёрмиз”.

Аҳмаджон РАҲИМОВ,

санъатшунос

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг