Фурқатнинг ноёб ташрифи (2019 йил, 18 сон)

304

Кунларнинг бирида ҳузуримга нуроний бир отахон келди. Саломлашдик. Ўзини Абдурашид Абдуллаев деб таништирди. Сўзлари самимият билан йўғрилган, тилидан дур тўкилади. Асли пойтахтнинг Катта Қаъни даҳасидан бўлган бу кишининг айтишича, буваси Мулла Раҳим Тошкентнинг ўтган аср аввалидаги ўқимишли, зиёли кишиларидан бўлган. Атоқли шоир Зокиржон Фурқат Тошкентда яшаган даврида улар ўзаро мулоқот қилишган. Пойтахтдан Самар­қанд ва Бухоро орқали хорижга йўл олиш олдидан шоир Фурқат Мулла Раҳимнинг уйида меҳмон бўлган. Ана шу мулоқотлар ва ўрталаридаги илиқ муносабат натижаси ўлароқ Фурқат “Келинг, Мулло Раҳим, ёр ахтарайлук” деб бошланувчи машҳур ғазалини унга бағишлаган.

Мулла Раҳим бобо асосан қўйчилик, йилқичилик, ёғочфурушлик билан шуғулланган. Ҳалол тижоратдан топган бойликларини эл-юрт манфаати, илм-маърифат йўлида сарф­лаган. Фурқат иштирокида ўтказилган мушоираларда мунтазам иштирок этган. Қуйида эътиборингизга А.Абдуллаевнинг шоир Фурқат ҳамда буваси Мулла Раҳим ўртасида самимий муносабат акс этган мўъжаз мақоласини ҳавола қиляпмиз.

Нурбой ЖАББОРОВ,

филология фанлари доктори, профессорУлуғ маърифатпарвар Зокиржон Фур­қат ҳаётининг Тошкент даври шоир ижодий тақдирида алоҳида ўрин тутади. Шоир шаҳарнинг фозил кишилари билан ўзаро суҳбатларда, мушоираларда мунтазам иштирок этган. Жумладан, бувам Мулла Раҳим билан яқин муносабатда бўлган. Фурқат Тошкентдан кетиши олдидан  1891 йил 13 майда бувам ички ҳовлида шоирни меҳмон қилган.  Зиёфат у кишининг уйланганидан ўн йил ўтиб, ўғил фарзанд кўргани муносабати билан ташкил этилган. Меҳмондорчиликда Фурқатнинг маслакдошлари Ҳакимбой, Қудобой қози, Қўчқорбек ака, Шер ака, Кўкалдош мадрасаси мударриси Сайфиддин Аълам, қўни-қўшнилар қатнашган.

Зиёфат якунида ташриф буюрганлар номидан Сайфиддин Аълам уй эгасига ва азиз меҳмон Фурқатга ташаккур айтиб, бувамнинг ишораси билан шоирга тўн кийдирган. Фурқат эса меҳмондўст, инсонпарвар тош­кент­лик дўстлари, жумладан, Мулла Раҳимбойдан беҳад мамнун эканини айт­ган. Хайрихоҳлиги, илм бергани учун Сайфиддин Аъламга миннатдорлик изҳор этган. Шоир шу меҳмондорчиликдан  бироз ўтиб,  туғилиб ўсган шаҳри Қў­қонга эмас, Самарқанд томонга жўнаб кетади. Кетиш олдидан бувамнинг оиласида фарзанд дунёга келгач, аёллари қазо қилганини, чақалоқни энага эмизиб қараётганини эшитиб, шу мавзуга мос  шеър ҳам ёзган. Орадан  бир асрдан кўпроқ муддат ўтган бўлса-да, бу шеър кўнглимизга жуда-жуда яқин. Мумтоз адабиётимизнинг йирик намояндаларидан бўлган Фурқат ҳаётидаги оиламиз кечмишига бевосита алоқадор воқеа ҳақида ёзиш, қалам аҳлидан бўлмаганим учунми, осон кечмади. Абдуғани акамдан эшитишим бўйича, улуғ шоирнинг  бувамга атаб ёзган шеъри  қўлёзмаси Чорсудаги матбуот дўконида ишлайдиган узоқ қариндошимиз ўафур Абдуазимов қўлига фурқатшунос олим  Шариф Юсупов томонидан етказилган. Қаъни қишлоғимиз шаҳардан узоқ бўлгани учун даст­хат бизгача етиб келмаган. Ўша давр­даги баёзлар асосида мазкур шеър матни Фур­қатнинг “Танланган асар­лар”и­га киритилган. Бобомнинг исмларини шеър сарлавҳасида  қайд этиб, тарихга муҳр­лаган Фурқатдан жуда-жуда миннатдормиз. Мана, қалбимиздан чуқур жой олган ўша шеър матни:

Келинг, Мулло Раҳим…

Келинг, Мулло Раҳим, ёр ахтарайлук,

Кўнгул марғуби дилдор ахтарайлук.

Агарчи топмасак, бир яхши дилбар,

Ёмондур гар ситамкор ахтарайлук.

Йўлуқтурди фалак якбора ғамни,

Демасдук ранжу озор ахтарайлук.

Юракда дарди йўқларни нетармиз,

Ўзимиздек дилафгор ахтарайлук.

Жаҳон боғини маҳзун булбулимиз,

Гулеки бўлса бехор, ахтарайлук.

Вафолик ёрни аҳволи шулму,

Қўйунг эмди, жафокор ахтарайлук.

Бўлуб ҳайрон бу ерда турмасак хўб,

Кезиб эл неча миқдор ахтарайлук.

Неча кундур иковлон Фурқатиймиз,

Висолини бўлуб зор, ахтарайлук.

Шеърда шоирнинг ва бувамнинг ўша кездаги ҳолати (иккаласи ҳам жуфти ҳалолидан айрилган) таъсирчан акс этган. Абдурашид Абдуғафуров “Зокиржон Фурқат” китобида ёзишича, Фур­қат Қўқонда ота-она қошида оила қуради, уйланади. Аммо шоирнинг биринчи турмуши бахтли бўлмаган. “Хотун” радифли шеъри ана шундай вазият ва кайфиятда туғилган, деб тахмин этиш мумкин. Шоирнинг Қўқонда ортиқ тура олмаслигининг ҳам бош сабабларидан бири шахсий ҳаётидаги нотинчлик бўлган.

Фурқат билан Мулла Раҳим бувамни Сайфиддин Аълам таништирган. Кўкалдош мадрасасининг машҳур мударрисларидан бўлган Сайфиддин Аълам бувам билан яқин муносабатда бўлиб, Кўкалдош мадрасасида унга сабоқ берган. 1889 йили у Фурқатни бувам билан учраштириб: “Сизга мос зиёли киши”, дея таништирган. Сайфиддин Аълам 1855 йили Тошкентнинг Эшонгузар маҳалласида таваллуд топиб, шу ерда улғайган. Аввал Кўкалдошда, 1877-1887 йилларда Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил кўрган. Араб ва форс тилларини мукаммал билган. Ислом дини арконларига доир уч жилдли  китоб тасниф этган. Китоб­лари Бухорои шарифдаги етук уламолар ҳайъати томонидан юқори баҳоланиб, у кишига “аълам” унвони берилган. 1887 йили Тошкент­га қайтиб, Кўкалдош мадрасасида мударрислик қилиш баробарида оиласи билан Катта Қаънида деҳқончилик қилиб рўзғор тебратган. 1938 йил кўкламида қаттиқ хасталаниб, 83 ёшида Эшонгузардаги ҳовлида (Камолон) вафот этган.  Хўжа Аъламбардор мақбарасининг ўнг томонига дафн этилган.

Мулла Раҳим бувамнинг ҳаёт йиллари тахминан 1859-1929 йилларга тўғри келади. Бой табақадан бўлгани учун анча оғир кунларни бошдан кечирганидан хабардормиз. Бутун бойликлари, уй-жойлари шўролар томонидан тортиб олинган, таъқиб ва тазйиқ шароитида яшаган. Афсуски, бувамнинг улуғ шоир Фурқат меҳмон бўлган табаррук уйи ҳам шўролар ихтиёрига ўтиб кетган. Акамлар Катта Қаънидаги бош­қа ҳовлида, биз эса кўпқаватли уйларда яшаймиз. Бироқ шеъриятимизнинг улкан намояндаси Фурқатнинг  Мулла Раҳим бувамиз хонадонида  меҳмон бўлгани, унга бағишлаб шеър ёзгани қалбимизга бир умр қувонч бағишлаб келади. Авлодларимиздан ана шундай маърифатли инсонлар  етишмоғини умид қиламиз.

Абдурашид АБДУЛЛАЕВ

Тошкент шаҳри

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг