Буюк шажара пайвандиман (2019 йил, 17 сон)

156

Ҳазрати Бобур

Бошимни олиб, эй Бобур, аёқ етганча кетгаймен.
Заҳириддин Муҳаммад БОБУР

Кимга дунё, кимга кўнгил шоҳ экан,
Дунё деганлари алам, оҳ экан,
Одамга умиди дўст, ҳамроҳ экан,
Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Иймонни дилида туғдай тутган зот,
Орини тоғлардан баланд этган зот,
Отнинг устида ҳам ашъор битган зот,
Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Ҳаёт бошдан оёқ бепоён тилсим,
Гоҳ оға сотишин ким ўйлаб билсин,
Қалби қулф касларга Худо бас келсин,
Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Шу чоғ ёлғиз қўйгин ҳабиби ҳамдам,
Кўнгил зор қақшаса ким қилгай мотам,
Гоҳида ўзидан безаркан одам,
Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Сиз бирлан бир мумтоз маҳаллар кетди,
Ишқ бунёд этган Тожмаҳаллар кетди,
Ҳумоюн, Комрону Акбарлар кетди,
Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Етар бас, кўнглимга кетгайман мен ҳам,
Бир гўзал оламга етгайман мен ҳам,
Шу юрт деб, шу эл дея ўтгайман мен ҳам,
Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Ватанга кетамиз…

Оҳ,
Қандай шириндир
Бу бўй, бу ифор,
Она, она тупроқ, онажон тупроқ.
Одамман дейишга қандай ҳаққим бор,
Сенда туриб,
Сендан яшабман йироқ.

Мана Ҳумоюннинг мармар саройи,
Келиб кетаверар минглаб сайёҳлар.
Уларнинг дилимга йўқдир парвойи,
Недандир кўнглимда муқаддас оҳлар.

Мана икки ошиқ,
Кўз тушди ногоҳ,
Гўё туюб борар энг тоза бахтни.
Асл ҳақиқатдан бўлмасдан огоҳ.
Суратга муҳрлаб борарлар вақтни.

Масрур бораётган бу чол, бу кампир,
Дунёнинг ярмини кезган, эҳтимол.
Саройда кимлар бор, кимлар бор, ахир
Биламан, бехабар бу кампир, бу чол.

Эй, гўё ҳаётин кўмганлар болга,
Наҳот кўрмаяпсиз, мен ёндим, куйдим.
Йўқ, чидаб бўлмайди бундай аҳволга,
Шундоқ ёнингизда Мирзо Ҳумоюн.

Ошиб неча довон, кўп асрлардан,
Ўйламанг, Ҳинд сори шунчаки елдим.
Бу тош саройлардан, тош қасрлардан,
Сизни, сизни олиб кетгани келдим.

Туринг ўрнингиздан, Мирзо Ҳумоюн,
Ватанга кетамиз, юртга кетамиз…

Яшамоқ курашдир

Тонг саҳар.
Деҳлида кўриб қолдим мен,
Баҳайбат тошсанам қаршисида қиз.
Кўрдиму кўп ғамгин ўйга толдим мен,
Санамга йиғларди чўкканича тиз.

Таассуф, тилини билмайман унинг,
Билмайман, не учун чекмоқда фиғон.
Тошларни парчалаб юборгудек мунг –
Шундоқ кипригида тургандайин жон.

Балки жон талашиб шифохонда,
Меҳрибон онаси ётгандир бемор.
Муқаддас, мунис зот – она, она-да,
Шифолар тилайман, кўзлари хумор.

Ахир, бор нарса-ку қазои қадар,
Ҳаммаси ўткинчи, саробдир дунё.
Оламда муборак зот эрур падар,
У ҳам отасидан айрилганми ё?

Эҳтимол, ёрга дил бериб, надомат,
Кўрмаганмикин ё садоқат, вафо.
Барибир, муҳаббат покиза неъмат,
Бахтиёр қай дилда берса у садо.

Минг афсус, тилини билмайман унинг,
Нима у қалбини ўртаган армон?
Тошларни парчалаб юборгудек мунг –
Шундоқ кипригида тургандайин жон.

Аллоҳ бор,
Мададкор,
Йиғини бас қил,
Кўксим ёриб чиқди фиғону дудлар.
Яшамоқ курашдир,
Бўл бардам, дадил,
Ҳеч нега қодирмас бу тош маъбудлар.

Қизиқ ҳангомалар кўради одам…

Қизиқ ҳангомалар кўради одам,
Агар дунё бўйлаб қилса саёҳат.
Қаерда бўлсанг ҳам, айтарди отам,
Топганларинг бўлсин ҳикмат-насиҳат.

Катта дўкон кўрдим Мўғилсаройда,
Кимдир мева сотар, кимдир гул сотар.
Нимани истасанг бари шул жойда,
Пулини тўласанг, ҳатто пул сотар.

Боқдим, бир растада харидор гавжум,
Молин мақтаб-мақтаб сотар улгуржи.
Менга-ку, керакмас, сўрадим секин,
Неча рупий турар ҳайкалчалар, жи*.

Булар тангрим, деди жилмайиб аста,
Олинг уйингизга келтирар иқбол.
Жонсиз ўйинчоқни оҳ ақли хаста,
Худо деб турса-я, ё Раб, бу не ҳол.

Ажаб, сотаётган моли – худога,
Бир-бир юкуниб ҳам қўяр эди ул.
Шул дам кўнглимдаги маҳзун нидога,
Қулоқ соладиган борми айт, эй гул.

Ким англар, ким англар юракни алам,
Кўкка ўрлаб кетган нидоларини.
Ачинаман жуда бу ночор одам,
Кун кўради сотиб худоларини.

Қизиқ ҳангомалар кўради одам,
Агар дунё бўйлаб қилса саёҳат…

Мавлоно Бедил

Ошиқ юрагимнинг шарҳи не бўлгай,
Қанча ҳисларимга ўзимман қотил.
Яшаб бўлмайди-ку зулматда токай,
Келдим қошингизга, Мавлоно Бедил.

Кўнгилда бўйидан бўлмаса баҳра,
Гулнинг ҳузурида бўлгайми ёд дил.
Кўкда йўлчи юлдуз бўлгандек Зуҳра,
Келдим қошингизга, Мавлоно Бедил.

Нима дей, нима дей, айт кўнгил санга,
Шу дамда сокинман, шу дамда бетил.
Ичимда ҳайқириб минг Жамна, Ганга,
Келдим қошингизга, Мавлоно Бедил.

Бу Шаҳрисабздан покиза нигор,
Боболар ҳақида ўйлайман шомил.
Тузсиз хаёлларим бариси бекор,
Келдим қошингизга, Мавлоно Бедил.

Кўз кўриб гар ибрат олмаса кўрдир,
Сиздан мангу мерос пок ҳикмат комил.
Тиловат бағишлар юракларга нур,
Келдим қошингизга, Мавлоно Бедил.

Раҳмон бор, Расул хақ, мен ошиқ Машраб,
Шиша каби чил-чил бўлгайдир ботил.
Кўнглимдан зиёлар чиқмоқда сачраб,
Келдим қошингизга, Мавлоно Бедил.

Бобурнинг фарзандиман
Зокиржон Машрабовга

Отам ўтди, падарим покиза дилбандиман,
Буюк шажарада бир ҳалқаман – пайвандиман.
Кўнглимдаги ўйимни айтмоғим керак сизга,
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг фарзандиман.

Боболарим изи бор йўллардан юриб келдим,
Йўллар эмас, неча юз йиллардан юриб келдим,
Дўллардан ҳам юрдим мен, селлардан юриб келдим,
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг фарзандиман.

Қуриб кетсин дунёнинг йиртиқ, жулдур жомаси,
Ёзмиш кўнгил қони-ла ошуфта дил хомаси,
Шундан Хатти Бобурий, неъмат Бобур номаси,
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг фарзандиман.

Етти кўкни тутмасми, ё Аллоҳ, овоз деган,
Ҳақдан садо бермаса ўтиндай гап соз деган,
Ўжар, қайсар юрагим шундайин бир сўз деган —
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг фарзандиман.

Ёлғон пойи патакдир, ҳақ калом кайвонидир,
Дилга нурдир Тожмаҳал, муҳаббат айвонидир,
Асли баҳор айёми йигитлик овонидир,
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг фарзандиман.

Олов ошно бўлгайдир киборга, билганим шул,
Зафар насиб, қўл берса Аҳрорга, билганим шул,
Келди Бобур, минг шукр, диёрга, билганим шул,
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг фарзандиман.

На топгум ва на бергум, тентираб, дайдиб, эй дил,
Англагил, бу давронга келганмиз қайтиб, эй дил,
Мусаввиди авроқ* ҳам турибди айтиб, эй дил,
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг фарзандиман.

Зиёрат

Шайх Саъдий шоир Хусрав Деҳлавий ҳақида гапириб: “Ҳар кимса у дунёда бир нарса билан фахрланиши керак. Мен ана шу туркнинг кўксидаги куюги билан фахрланаман”, деган экан… Мирзо ўолибга замондош бўлган шоир Наййар ёзади: “Ҳиндистонда форс шеърияти лочин уруғидан бўлган турк (Амир Хусрав Деҳлавий)дан бошланиб, ойбек уруғидан бўлган турк(Мирзо ўолиб)да ниҳоясига етди”. Юксак эътирофга мушарраф бўлмиш ҳазрат боболарнинг зиёратида кўнглимдан кечирганларим.

Қанча созу нағмаларга саҳна Деҳли,
Маним куйим, най навоси, кўҳна Деҳли,
Дилсизларнинг кўнглига сол раҳна, Деҳли,
Амир Хусрав, Мирзо ўолиб зотлар каби.

Зор-интизор, мудом илҳақ хаста кўнгил,
Манзил сари бораётган аста, кўнгил,
Баланд бўлгил, ҳеч вақо йўқ пастда, кўнгил,
Амир Хусрав, Мирзо ўолиб зотлар каби.

Сизга айтсам, маним кўнглим шаҳри ишқдир,
Самарқанду Кешдан етган баҳри ишқдир,
Чашми гирёнларим асли наҳри ишқдир,
Амир Хусрав, Мирзо ўолиб зотлар каби.

Илдизи йўқ, тоғ бўлса ҳам нураб кетгай,
Ҳорунмисан, бир кун айшу тараб кетгай,
Нур кўрдими, кўнглим унга қараб кетгай,
Амир Хусрав, Мирзо ўолиб зотлар каби.

Мусибат ҳам, саодат ҳам тақдир асли,
Қисматда бор, Яратгандан тақдир асли,
Тақдир деган, англаганга ҳақдир асли,
Амир Хусрав, Мирзо ўолиб зотлар каби.

Ёлғонлардан кечди юрак, чинда қолмиш,
Боболардан мерос нафис унда қолмиш,
Ўзим унда, кўнглим эса бунда қолмиш,
Амир Хусрав, Мирзо ўолиб зотлар каби.

Илтижо

Бошимнинг манзили аслида ул остон,
Асил манзил – малозимга мени етказ.
Абдураҳмон ЖОМИЙ

Дема асти шайдоликлар қайдан асли,
Гоҳи рубоб, гоҳи танбур, найдан асли,
Барча қисмат, бор тақдирот Ҳақдан асли,
Шул изҳорим, шул розимга мени етказ.

Савсан-савсан бўй келмоқда гул ёқлардан,
Тоза умид-ўй келмоқда гул ёқлардан,
Муҳаббатдан тўй келмоқда гул ёқлардан,
Шул баҳорим, шул ёзимга мени етказ.

Қуёш нима, тафт олсин дил ўчоғимдан,
Қўйвормайман, осмон, сени қучоғимдан,
Селлар каби оқсин олам Ушшоғимдан,
Шул наво, шул овозимга мени етказ.

Мавлоною Ҳазратимдек сўзлар айтсам,
Баҳор айтсам, тинмай ёзу кузлар айтсам,
Пок муҳаббат махзанидан юзлаб айтсам,
Шул достон, шул баёзимга мени етказ.

Парвойим йўқ, маним тошдил ожизларга,
Қанот бўлса учиб кетсам олисларга,
Сўнг қўл берсам, муддаоси холисларга,
Шул қанот, шул парвозимга мени етказ.

Дилсиз яшаш ўлимдан ҳам қаттиқ эрур,
Чаман сари юрмоқ улуғ тортиқ эрур,
Сенга қуллик султонликдан ортиқ эрур,
Шул давлат, шул лавозимга мени етказ.


*Жи (ҳиндча сўз) – жаноб, муҳтарам
*Мусаввиди авроқ – вароққа ёзувчи, муаллиф маъносида

Ғайрат МАЖИД

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг